Сўнгги 3-4 кун ичида сайтимиз орқали қўқонлик мухлис Собиржон Ниёзовнинг иккита мақоласи чоп этилди. Ушбу куюнчак мухлис "Қўқон-1912" клуби расмий сайтининг ишламаётгани, "Нефтчи" - "Навбаҳор" ўйинида эса меҳмонлар матбуот хизмати вакилларига етарлича илтифот кўрсатилмагани ҳақида ёзган.
Тиниб-тинчимас мухлис бу билан чекланиб қолгани йўқ. Ўзининг шубҳали шахс эмаслигини исботлашга ҳаракат қилиш баҳонасида дилидаги бир қанча гапларни айтиб олишга уринди. Иккинчи мақола Stadion.uz сайтида бир неча соат турди ва кейинчалик олиб ташланди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Биз мақола муаллифини аниқлашга, ҳақиқатан ҳам бундай шахс бор-йўқлигини аниқлик киритишга ҳаракат қилдик.
Қўқон Ички ишлар бошқармаси Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими Қўқонда 1990 йилда туғилган ҳеч қандай Ниёзов Собиржон Содиржонович исм-фамилияли шахс йўқлигини, бундай шахс номига фуқаролик паспорти расмийлаштирилмаганини маълум қилди.
Шунингдек, Собиржон Ниёзов ўз хатларини Қўқон шаҳар ҳокимлигига юборганини маълум қилганди. Бу борада шаҳар ҳокимлиги иш юритиш бўлимининг жавоби қуйидагича бўлди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, биз Ниёзов Собиржон Содиржоновични аноним шахс деб ҳисоблаймиз ҳамда "Қўқон-1912" клубидан узр сўраймиз.
Stadion.uz таҳририяти.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).