Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси бугун қитъамизнинг энг улкан аренаси – “Озодий” стадионида расмий машғулотини ўтказди.
“Қалдирғочлар” Эронга бир қатор жиддий йўқотишлар билан ташриф буюрган. Жумладан, 10 нафар футболчимиз Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига эалб этилган. Дарвозабон Акбар Тўраев ва ҳужумчи Анвар Бердиев жароҳат туфайли Тошкентда қолишган бўлса, ҳимоячилар Хайрулла Каримов ва Анвар Ғофуров карточкалар муаммоси туфайли баҳсни ўтказиб юборишади. Шу боисдан ҳам Сергей Лушчан таркиб борасида етарли муаммоларга йўлиқди.
“Озодий” стадионида таҳминин бир соат давом этган машғулотда 16 нафар футболчи иштирок этди. Булар: дарвозабонлар – Муроджон Зухуров, Павел Бугало, ҳимоячилар – Акмал Шораҳмедов, Иван Милошевич, Артём Филипосян, Обид Жўрабоев, ярим ҳимоячилар – Шакер Зуаги, Жовлон Иброхимов, Сардор Собирхўжаев, Самир Бекрич, Минори Сато, Нуриддин Ҳасанов, ҳужумчилар – Мирзохид Ғофуров, Сардор Рашидов, Вохид Шодиев, Темур Аюпов. Сербиялик ҳимоячи Иван Милошевич ҳали жароҳатидан тўлиқ қутилиб улгурмагани боис умумий гуруҳ билан шуғулланмади. Аксинча, у майдон четида югуриш билан чекланди.
Айтиш керакки, афсонавий стадион майсалари жуда ҳам аъло даражада сақланган. Бироқ мухлислар учун яратилган шароитлар борасида бундай дея олмаймиз. Аксар трибуналар таъмир талаб эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Қолаверса, футболчиларни кийим алмаштириш хонаси ҳам эскириб қолган.
“Бунёдкор” машғулот ўтказаётган пайтда “Озодий” стадиони осмони узра енгил ёмғир ҳам ёғиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Персеполис” – “Бунёдкор” учрашуви 6 май куни Тошкент вақти билан соат 21:05да бошланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).