Эрик Абидалнинг футболдаги ажойиб тарихи барчага маълум. Франциялик ҳимоячи «Барселона»да фаолиятининг чўққисига чиққан 2011 йили нохуш хабар тарқалди: «Абидалда жигар ўсимтаси борлиги аниқланди. Энди у бутсаларини михга илиб, даволанишга мажбур». Кейин эса Эрик ҳақиқий жасорат кўрсатди. Яъни жигар алмаштириш операциясини бошидан ўтказган футболчи хасталик билан олиб борилган 402 кунлик курашдан сўнг 2013 йилнинг 6 апрелида яна майдонга қайтди. Табиийки, у бундай кучли иродаси билан нафақат «Барселона» мухлислари, балки бутун жаҳон футболи оммасининг якдил олқишига сазовор бўлди. Энг асосийси, Абидаль майдонга шунчаки, қайтган эмасди. Ўша мавсум якунида Каталония гранди сафида ЧЛ бош совринини боши узра баланд кўтарган ҳимоячи ке-йинчалик «Монако» сафига қўшилиб, клубнинг Франция чемпионати - 2013|2014да 2-ўринни олишига ёрдам берди. Қолаверса, ҳаттоки, Франция миллий жамоасига қайтиш режасини ҳам уддалади. Шундан қилиб, 35 ёшли футболчи сермаҳсул фаолиятига 2014 йилнинг охирида муносиб тарзда нуқта қўйди. У охирги 6 ойда «Олимпиакос» шарафини ҳимоя қилди ва чемпионлик унвонлари сонини яна биттага кўпайтирди. Абидаль бунгача «Лион» билан 3 марта Франция чемпиони бўлган, қолаверса, «Барса» вакили сифатида ЧЛда 2 марта ғалаба нашидасини сурганди. Терма жамоаси билан эса ЖЧ-2006 кумуш медалини ютган. FIFA.соm сайти ижодкорлари яқинда футбол тарихига энг иродали ўйинчилардан бири сифатида кирган француз билан ҳозирги ишлари ва сермазмун фаолияти хусусида суҳбатлашдилар.
- Эрик, нафақада ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Фаолиятингизни тугатганингиздан кейин ҳам майдонга тушиб турибсизми ёки бирор янги ишга қўл урдингиз?
- Аввало, айтишим жоиз, фаолиятимга шундай тарзда нуқта қўйиш имкониятига эга бўлганимдан бениҳоя хурсандман. Мана, барчаси хотима топди ва энди мен мутлақо эркинман. Ҳозир футболчилик пайтимдагидан фарқли ўлароқ, кундалик ҳаётда хотиржамман ва вақтимни бемалол оиламга бағишлашим мумкин. Қисқаси, ҳаётим бир маромда давом этяпти. Нафақага чиқишнинг энг катта плюси шу - оилангиз ва дўстларингизга кўпроқ вақт ажратиш имконияти. Умуман олганда, мен чиндан ҳам, футболдан кетиш вақти келганини тушунгандим. Зеро, узоқ вақт оиламга етарли эътибор қаратолмадим ва мана, буёғига ўша бўшлиқни тўлдириш имконияти бор.
- Айтингчи, айни пайт сизга нима етишмаяпти?
- Ҳаммаси жойида. Тўғри, баъзи нарсаларни қўмсаяпман, албатта. Мисол учун, бетакрор муҳитни. Футбол - жамоавий спорт тури ва табиийки, унда турли ҳамкасбларингиз билан мустаҳкам алоқалар ўрнатасиз. Бу оламдан бирданига узилиб қолиш қийин, барибир. Шахсан мен ҳозир ҳам клубга қайтиб, ўша аввалги муҳит ичида бўлиб қолишни истайман. Чунки ҳаётда дўстлик, бирдамликни биринчи ўринга қўяман. Бироқ ҳеч нарса абадий эмаслигидек, умрбод футбол ўйнаб бўлмаслигини ҳам яхши тушунаман.
- Янги касб билан шуғулланиш бўйича қандайдир режангиз борми?
- Расмий шартномасиз бўлсада, телевидениеда эксперт сифатида чиқиш қилишга улгурдим. Яна «Олимпиакос»га ҳомийлик ва маркетинг масалаларида ёрдам бердим. Шунингдек, УЕФАда ҳам оз-моз ишлаяпман. Энг асосий юмушим эса, ўз номим билан аталган шахсий жамғармамга дахлдор. У саратон хасталигига қарши курашишни янада яхшилаш мақсадида тузилган. Айни шу иш кўнглимга яқин. Чунки ўсимта балоси қандай бўлишини ўзимда синаб кўрдим ва энди бу хасталикка чалинган инсонларга имкон қадар ёрдам беришни истайман.
- Жамғармангизнинг иш фаолияти нималарга асосланган?
- Мақсад аниқ - саратон хасталигига қарши кураш ишларини молиявий томондан қўллаб-қувватлаш. Ахир ҳамма беморлар ҳам даволаниш имкониятига эга эмаслар - тиббий хизмат нархи жуда юқори. Биз асосан рак хавфидан азобланаётган болалар ва ўсмирлар, шунингдек, уларнинг оилаларига ёрдам берамиз. Айтайлик, уларнинг шифохонада талаб даражасида муолажа олишларини таъминлаймиз. Лекин ишимиз моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди. Яъни хасталикдан жабр чекаётганларни руҳий томондан ҳам имкон қадар қўллаб турамиз.
- Инсонлар касбий фаолиятларини якунлашгач, ортга назар солиб, уни сарҳисоб қилишади. Хўш, футболдаги ҳаётингизни олсак, сиз айнан нимадан кўпроқ ғурурланасиз?
- Муайян бир ҳолатни ажратиб кўрсатишим ножоиз. Энг асосийси, ота-онам берган тарбияга амал қилдим ва уларнинг ўгитларини ҳаётимга татбиқ эта олдим. Шу нарса турли мамлакатлар ва турли клубларга тезда мослашишимда қўл келди. Ота-онам мени ўзгаларга нисбатан ҳурмат сақлаш, меҳрибон бўлиш, ҳар қандай маънода яхши инсон сифатида камол топишга ўргатишган. Ўйлайманки, буларнинг уддасидан чиқдим.
- «Барселона»да муваффақиятли ўйнаган франциялик камсонли футболчилардан бирисиз. Ҳам-юртиниз Жереми Матьёнинг жорий мавсумдаги ўйинларидан ҳайратланяпсизми?
- Йўқ, асло. Чунки у аввало, яхши инсон ва шундай футболчи. Жеремини яқиндан биламан, «Барселона»га ўтганидан буён тез-тез кўришиб турибмиз. Мени хурсанд қиладиган томони, Матьё аста-секин, бир маромда юксаляпти. Мана, «Валенсия»дан «Барселона»га ўтиб, янги даражага чиқди. Унинг мақсади катта клубда ўйнаш, шунинг баробарида миллий жамоа таркибида муқим жой топиш эди. Ўйлайманки, ҳозир бунга жуда яқин. Биринчидан, Жереми ҳар қандай мураббийга қўл келадиган универсал футболчи. Иккинчидан, «Барса»даги етук ўйинчилар билан елкама-елка тўп суриб, тажрибаси анча ошди.
- Сиз ҳам «Барса»нинг ажойиб футболчилари билан бирга ўйнагансиз. Ўша вақтдаги юлдузларга таққосан ҳозирги ҳужумкор трио - Лионель Месси-Неймар-Луис Суарес боғламига қандай баҳо берасиз?
- Каталонияда 6 йил ўйнаган бўлсам, клуб ҳар доим юқори савияли ҳужум чизиғига эгалиги билан ажралиб турган. Умуман, «Барселона» ҳужумчилари ҳар бир мавсумни ажойиб статистика билан тугатишарди. Ҳозир ҳам шундай. Тўғри, 3 нафар юқори савияли ҳужумкор футболчини ўйнатиш ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Лекин айни воқеалар бўйича олсак, Месси, Неймар ва Суарес майдонда бирга ўйнаш масаласида ҳеч қандай муаммо сезишмаяпти. Аслида улар турли услубда тўп суришади. Шу ҳолатда жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйишаётгани ва Европадаги энг сара клублар ҳимоясини ҳам чўчитишаётгани таҳсинларга лойиқ.
- Умуман, айрим фантастик ҳужумчилар билан жамоадош бўлгансиз. Ҳимоячи сифатида айтингчи, машғулотлар жараёнида ким кучлироқ таассурот уйғотган, яъни сизга кўпроқ қийинчилик туғдирган?
- Машғулот ўйинларида ҳар доим ҳам таркиб 11га 11 кўринишини олмайди. Шунга яраша, майдон ўлчами ҳам кичик бўлади. Бу борада мен учун энг яхшиси - Месси. Шунингдек, Зайниддин Зидан, Тьерри Анри ва Николя Анелька каби юлдузлар билан ҳам бирга машғулот ўтаганман. Уларнинг ҳар бири ўзига хос устун жиҳатларга эга эди. Лекин битта жиҳат - шиддаткорлик бобида бир хил ўйнашарди. Айни шу нарса ҳам ҳимоячи сифатида ўсишимда қўл келганини айтишим жоиз.
- Мессининг жорий мавсумдаги ўйинлари хусусида нима дейсиз?
- Лео - ўта ақлли футболчи. Факт шуки, у ҳар йили янги даражага кўтариляпти. Жорий мавсум ҳам бундан мустасно эмас. Мана, ҳамон тўпурарлик салоҳиятини намойиш этяпти. Шунинг баробарида майдондаги функциялари анча кенгайди. Ҳозирда ярим ҳимояга катта ёрдам бераётгани фикримга далил. Қисқасини айтганда, Месси бебаҳо футболчи ва янада кучаймоқда.
- Патрис Эвра яқинда Франция термасидаги фаолиятига тўхталиб, ҳали-вери чекинмоқчи эмаслигини айтди. Жамоанинг чап қанотида унга рақобатчи саналадиган Гаэль Клиши, Лукас Динь, Бенуа Тремулинас ва Лайвин Курзавага бирор-бир маслаҳат бера оласизми?
- Йўқ, қандайдир йўл-йўриқ кўрсатишим шарт эмас. Эртами-кеч Эвранинг ўрнини эгаллайдиган футболчи топилиши табиий. Унинг рақобатчиларга ён бермаслик ҳақидаги гаплари эса айни муддао. Ажабмас, Патрис бу билан ёшларга ўзига хос туртки берган бўлса.
- Замонавий футболда қанот ҳимоячилари олдига катта талаблар қўйилмоқда. Улар эндиликда ўз позицияларида бехато ўйнашдан таш-қари, ҳужумни фаол қўллаб-қувватлашлари керак. Бу ёқимсиз роль эмасми?
- Йўқ. Ҳар қандай ҳимоячидан сўранг, у масъулиятли позицияда тўп сураётганидан бахтиёр эканлигини айтади. Эҳтимол, бу позиция авваллари ёқимсиз бўлгандир, чунки ҳимоячининг ўз жойини тарк этишига рухсат берилмасди. Энди эса орқа чизиқ вакиллари ҳам олдинга ўтиш ва ҳаттоки, гол уриш имкониятига эгалар. Ахир ҳимоячи бўлиб туриб, айрим ярим ҳимоячилардан ҳам яхшироқ статистикага эришиш кимга ёқмайди? Албатта, ҳозирги пайт қанот ҳимоясида ўйнаш катта жисмоний куч олади. Зеро, футболчи олдинга ўтиш баробарида асосий иши - ҳимояланиш эканлигини асло унутмаслиги керак. Оддий айтганда, ҳаммасига улгуриши шарт.
- Охирги савол: бугунги жаҳон футболидан энг яхши ҳимоячи сифатида кимни эътироф этасиз?
- «Бавария»даги Филипп Ламни. У ақл бовар қилмас даражада кўпқиррали футболчи: хоҳ чап, хоҳ ўнг томонда, ҳаттоки, ярим ҳимояда ҳам эркин ҳаракатлана олади. Агар алоҳида олсак, Давид Алаба чап қанот ҳимоячиси сифатида жуда кучли, Хорди Альба ва Курзава ҳам. Лекин шахсан мен учун энг мукаммал ҳимоячи - бу Филипп Лам.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).