Ўз вақтида «Марсель» билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан, кейинчалик «Монако» сафида Франция ҳамда «Манчестер Юнайтед» билан Англия чемпиони бўлган таниқли дарвозабон Фабьен Бартез айни пайтда автопойгаларда иштирок этмоқда. Ўзингизга маълум, у Франция терма жамоаси билан жаҳон ва Европа чемпионатларида ҳам зафар қучган. Зафарли одимини автоспортда ҳам давом эттирмоқда. Масалан, 2013 йили FFSA GT пойгаларида чемпионликни қўлга киритди. Бундан ташқари машҳур Ле-Ман пойгаларининг доимий иштирокчиси ҳисобланади.
Яқинда FIFA.com сайти собиқ дарвозабон билан суҳбатлашди. У Зайниддин Зайниддин ва Роналдо дўстлари жамоаси сафида «Қашшоқликка қарши» ўйинда иштирок этди.
- Сўнгги йилларда дарвозабонларнинг маҳорати ошди, деб ҳисоблайсизми?
- Балки бундай эмасдир. Масалан, бир қатор етакчи жамоаларнинг дарвозабонлари оёқ билан ўйнашда оқсамоқда. Мануэл Нойер, Тибо Куртуа ва Уго Льорислар анча кучли. Лекин кўплаб дарвозабонларда камчиликлар етарли. Биз ортга қараб кетяпмиз. Ҳозирги голкиперлар худди ўтган асрнинг 80-йилларидаги посбонларга ўхшаб кетишмоқда.
- Мануэль Нойер Германия термаси жаҳон чемпиони бўлишида муҳим рол ўйнади. Унинг «Олтин тўп»ни қўлга кирита олмаганидан ажабландингизми?
- Бу нарса мени ҳайрон қолдирмайди. Гап шундаки, дарвозабонлар ҳамиша сояда қолиб кетишади. Улар барчанинг диққат марказида бўлишмайди. Мураббийлар «Олдин битта яхши дарвозабон ва ҳужумчи топсам, қолган футболчиларни ўшаларга мослаб жамлайман» дейишганини кўп эшитганман. Одамлар футбол ўйнашни бошлашганидан буён дарвозабонларга юқори баҳо берилмаган. Голларни қўйиб юборадиган ўйинчилар ҳамиша охирги планда бўлишади.
- Балки ундаймасдир?
- Болалигимда майдонда ёмон ҳаракат қилмасдим. Ҳозир умумий тарзда гапиряпман. 1980-90- йилларда ҳозиргидек дарвозабонлар мураббийлари бўлмаган. Шу боис ҳам бу чизиқ ҳамиша оқсаб келган. Одамлар голни тўсадиган эмас, балки урадиган футболчиларга кўпроқ эътибор қаратишади.
- Ҳозирги дарвозабонлардан кимни ўйини кўпроқ ёқади?
- Менга Уго Льориснинг ўйини кўпроқ ёқади. У нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам ёқади. Яна Тибо Куртуа бор. Унинг келажаги порлоқ деб ҳисоблайман. У ҳозирги даражасини кўп йиллар сақлаб қолса керак.
- Ёшлигингизда кимга ҳавас қилгансиз?
- Жоел (Франция терма жамоасининг 1983-1989 йиллардаги дарвозабони)нинг ўйинлари ёқарди. У ҳам менга ўхшаш чапақай эди. Шунингдек, бошқалар билан ҳазиллашишни яхши кўрарди. Ривожланишимда ундан ўрнак олганман дея оламан.
- Фаолиятингиздаги қайси учрашув сиз учун алоҳида аҳамият касб этади?
- Евро-2000нинг ярим финалидаги Португалияга қарши учрашувни кўп эслайман. Ўйин жуда ажойиб кечганди. Босим ҳам юқори даражада бўлган. Учрашув тақдири қўшимча вақтда ҳал қилишган. Зайниддин Зидан олтин гол муаллифига айланганди. Ке-йин ЖЧ-1998нинг финали. Бундан таш-қари, «Марсель» билан 1993 йилги Чемпионлар Лигасининг финалида ўйнаганимиз. Умуман олганда, эсдан чиқмайдиган ўйинлар кўп бўлган.
- Лоран Блан, Марсель Десайи, Лилиан Тюрам ва Биксент Лизаразюларни енгилмаслар деб ҳисоблаганмисиз?
- Бир тарафдан шундай. Биз ҳақиқатан ҳам бирга яхши ишлаганмиз. Бу бизнинг кучимиз эди. Бир-биримизни сўзсиз ҳам тушунардик.
- Қайси ҳужумчилар сизга кўпроқ муаммо туғдирган?
- Паулета ва Роналду. «Манчестер Юнайтед» сафида «Реал»га қарши иккита учрашувимизни жуда кўп эслайман. 2003 йилги ЕЧЛнинг чорак финалида тўқнаш келгандик. Айнан ўша учрашувларда Роналду менга жуда кўп муаммолар туғдирган.
- Айни пайтда автопойгачи ҳисобланасиз. Футболда ўрганганларингиз бу спорт турида қўл кел-яптими?
- Албатта.
- Ўзингизни адреналин ишқибози деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ.
- Дарвозабон Бартез билан ҳайдовчи Бартезнинг ўхшаш жиҳатлари нимада?
- Уларнинг иккиси ҳам таваккални хуш кўради. Ҳеч қачон хурсандчилик учун иш қилмаганман. Автопойгада ҳам шундай.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).