Сешанба куни Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларида кутилган ҳамда шу билан бирга ҳайратланарли ўзгаришлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда газетамизнинг олд саҳифаларида ҳам тўхталинди. Кутилган ўзгариш сифатида Миржалол Қосимовнинг миллий терма жамоа бош мураббийлигидан истеъфо берганлигини қайд этиш жоиз. Унинг ўрнини Самвел Бабаян эгаллаганлигини ҳам қайсидир маънода тўғри қарор дейиш мумкин. Хорижлик мутахассис номзоди кун тартибида бўлмаган бир пайтда олий лиганинг энг кучли жамоаси устози миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун энг муносиб номзодга айланади. Ўтган мавсум якунларига кўра, 2014 йилнинг энг яхши мураббийи, деб топилган Самвел Бабаян ҳозиргача ўтказилган 13та турнинг аксариятида ҳам тур мураббийи бўлди. Унинг бошчилигидаги «Пахтакор» турнир жадвалида якка пешқадамликни давом эттиряпти.
Лекин миллий терма жамоа билан клубни бир-бири билан умуман таққослаб бўлмайди. Терма жамоада ҳар бир чизиқнинг энг кучли футболчилари тўп тепади. Қолаверса, кучли мутахассислар қўл остида ўйнаётган легионерларимиз ҳам бор. Уларни ягона мақсад сари етаклаб, ўйнатиш осон иш эмас. Футболга бевосита «авторитет» деган сўзни қўллаш мумкин. Айнан шундай мақомдаги мураббий ҳар қандай машҳурликдаги футболчини ўзи чизган чизиқдан чиқмаслигини таъминлай олади. Бабаян шу тоифадаги мураббийми? Бу саволга Баҳрайн, КХДР ёки Фаластинга қарши кечадиган ўйинлардан сўнг жавоб олишимиз мумкин. 3 сентябрь куни Тошкентда Яман билан бўлиб ўтадиган учрашувда Самвел Вячеславловичнинг терма жамоадаги ишига тўлақонли баҳо бериб бўлмайди. Сиёсий нотинч вазият ҳамда уруш исканжасида қолган мамлакат терма жамоасининг ЖЧ-2018 ҳамда Осиё кубоги-2019 саралаш босқичида иштирок этаётганининг ўзи катта жасорат.
Миржалол Қосимов авторитети юқори мураббий эди. Лекин ҳамма нарса ҳам бош мураббийга боғлиқ эмас. Бизнинг Терма жамоалар марказимиз унчалик ҳам кучли эмас. Замон билан ҳамнафас ишлайдиган, янгиликка интиладиганлар марказ раҳбарияти ва уларнинг қўл остида ишлайдиганлар орасида кам. Уларнинг бахтига олимпия терма жамоамиз Баҳрайн ва Қирғизистоннинг ёрдами билан Осиё чемпионати финал босқичига чиқиб олди. Акс ҳолда Мираброр Усмонов ўз ваъдасини бажаришига тўғри келарди. Қолаверса, ёшларимизнинг ЖЧ-2015 финал босқичида кучли саккизталикдан жой олгани ҳам Мираброр Зуфаровичнинг кўнглини бироз юмшатди. Лекин бу ТЖМдагиларни хотиржамликка берилишига ва аввалгидек ишлашда давом этишига кафолат бермайди. Миржалол Қосимов ишламайдиган ТЖМ ва масъулиятсизлик билан ўйнаган футболчилар учун бир ўзи жавоб бериб, истеъфога чиқди. Тўғри, натижа учун бош мураббий жавобгар. Лекин бу ўйинчилар ва бошқалар ушбу жараёнда оппоқ дегани эмас. Қолгани ҳар бир футболчи ва ЎФФда терма жамоа ишига масъул бўлган мутахассисларнинг виждонига ҳавола. Энг қизиғи, Самвел Бабаян ҳам аввалгидек тартибда ишлайдиган бўлса, натижа бўлиши қийин. Лекин «Пахтакор» устози ташкилотчилик бобида анча пишган. Унга ТЖМнинг ёрдами керак бўлмаслиги ҳам мумкин. Вадим Абрамовда ҳам худди шундай хислат бор эди.
Хуллас, миллий терма жамоага янги бош мураббий тайинланди. Биринчи даврадан кейин «Пахтакор»даги ишини тўхтатадиган Бабаянга мураббийлар штабида Равшан Ҳайдаров ёрдам беради. Ўз вақтида ҳам миллий терма жамоа, ҳам «Пахтакор»да бош мураббий бўлиб ишлаган Равшан Акмалович куни кеча Янги Зеландияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ёшларимизни чорак финалга қадар олиб чиқди. Ҳали Бабаян яна ўзи билан бирга ишлайдиган мураббийларни терма жамоа штабига жалб қилади.
Энди сешанба куни рўй берган яна бир катта янгилик ҳақида. Виктор Жалилов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Виктор Романович бу постда Бахтиёр Ашурматовнинг ўрнини эгаллади. Унга терма жамоаларимиз орасида биринчи бўлиб Осиё чемпиони бўлган ўсмирларимиз устози Дилшод Нуралиев ёрдам беради. Ҳа, Жалилов ўз вақтида «Навбаҳор» ва «Пахтакор»ни чемпионга айлантирган. Лекин бу ўтган асрда рўй берганди. Ўтган вақт мобайнида Виктор Романович мураббий сифатида ишлагани йўқ. Қандай асосларга таяниб, уни бош мураббий лавозимига тайинлашди? Бундан бизнинг хабаримиз йўқ. Январь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида олимпиячиларимиз Рио-2016 чиптаси учун курашга киришишади. Унгача анча вақт бор. Лекин тайёргарлик кўриш учун вақт бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Ноябргача олий лига ва кубок баҳсларининг давом этишини инобатга олсак, футболчилар бир ҳафта ҳам дам олмай, терма жамоа ихтиёрига қўшилишади, шекилли. Қолаверса, миллий терма жамоамизнинг кузда ўтказадиган ўйинлари ҳам бор. Хуллас, ўзи ҳам кутмаган ҳолда бош мураббийга айланган Виктор Жалиловга осон бўлмайди. Биз терма жамоамизнинг омадсиз учрашуви, бош мураббийнинг ўзгариши ҳақида Азамат Абдураимов ҳамда спорт йўналишида фаолият юритаётган ҳамкасбимиз Байрам Айтмуродовнинг фикрлари билан қизиқдик.
Азамат АБДУРАИМОВ, мураббий:
- Миллий терма жамоамизда бош мураббийнинг алмашганидан ортиқча ҳайратланганим йўқ. Воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганди. Лекин мени қизиқтирган нарса миллий терма жамоадаги ички муҳитнинг қай аҳволда эканлиги. Шу савол мени қийнаяпти. Агар ички муҳит яхши бўлмаса, янги бош мураббийга ҳам ишлаш осон бўлмайди. Миржалолга шу нарса панд берган бўлиши мумкин. Кейин доимий ташқи босим ҳам Жалолни охир-оқибат истеъфога чиқишига сабаб бўлди. У бундан жуда чарчади. Ўзининг ҳам охири бундай ҳолатда ишлагиси келмади. Шундай бўлсада, ЎФФ раҳбарияти, хусусан, Мираброр Усмонов Миржалол билан жуда илиқ хайрлашишди. Қосимовга терма жамоадаги уч йиллик фаолияти учун миннатдорчилик билдирилди. Бу мураббий учун жуда муҳим омил. Қолаверса, Самвел Бабаяннинг бош мураббийлик лавозимига тайинланганини ҳам ижобий қабул қилдим. Унинг «Пахтакор» клубидаги муваффақиятли фаолияти, олиб бораётган ишлари миллий терма жамоада ишлаши учун ҳам етарли сабаб бўлса керак. Бошқа томондан, Бабаян ақлли ва тажрибали менежер. Бу унинг миллий терма жамоадаги фаолиятида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Энди энг муҳими, кучли мураббийлар штабини шакллантириш даркор. Агар Самвел Вячеславович бу ишнинг уддасидан чиқса, ўйлайманки, миллий терма жамоадаги фаолияти ҳам ёмон чиқмайди. Бош мураббийликка бемалол даъвогарлик қиладиган мутахассисларни терма жамоалар штабига жалб этиш керак. Фурсатдан фойдаланиб, Самвел Бабаянга миллий терма жамоадаги фаолиятида ҳам омад тилайман. Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги ўзгаришларга эса ортиқча тўхталишни истамайман. Жамоанинг Бангладешдаги омадсиз иштирокидан сўнг бу ёшдаги терма жамоамизга ишонч кескин пасайиб кетди. Бу янгилик билан Бразилиядаги Олимпиадага бориш мушкул. Янги тайинланган мураббий биринчи галда менгача қаерда хатоликка йўл қўйилди, нималар устида кўпроқ ишлаш керак, деган саволларга жавоб топиб олиши лозим. Бу ёшдаги терма жамоамиз жуда истеъдодли футболчилардан таркиб топган. Улар бир жамоа қилиб ўйнатиш эса энг муҳим масала. Агар Виктор Романович шунга эриша олса, ижобий натижага кўз тикса бўлади.
Байрам Айтмуродов, Ўзбекистон Ахборот Агентлиги спорт шарҳловчиси:
- Тан олишим керак, футболга қизиқишим жуда ҳам кучли эмас. Касбим тақозоси билан бу спорт тури ҳақида маълум тасаввурга эгаман, албатта. Лекин, менинг билганларим шу соҳада тинмай ижод қиладиган, статистика-ю маълумотларни йиғиб, уни таҳлил қилиб юрадиган ҳамкасб дўстларим ё ҳўв бир олис қишлоқнинг мактабида дарсдан сўнг футбол ўйнашни канда қилмайдиган ва дунёга машҳур футболчиларнинг исми-ю рақами туширилган футболкаларни ухлаганда ҳам ечмайдиган, миллионлар ўйинининг ашаддий мухлиси бўлган болакайларнинг билганлари олдида мисоли бир урвоқчалик бўлса керак. Неча кундан бери терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралаш босқичи илк учрашувида КХДРга 2:4 ҳисобида мағлубиятга учрагани қизғин муҳокама қилинмокда. Тўғрироғи, бу муваффақиятсизликнинг айбдори изланмоқда. Кўпчилик балиқ бошидан..., деган мақолга амал қилади шекилли, айбни дарров ЎФФга, Терма жамоалар маркази ё энди собиққа айланган бош мураббий Миржалол Қосимовнинг зиммасига юклаб қўйди. Футболчилар эса сувдан қуруқ чиқди. Аслидачи? Менимча, айб ўйинчиларнинг ўзида. Мен бу сўзларни кимнидир оқлаш ё қоралаш учун айтаётганим йўқ. Яъни, футболчилар бевосита айбдор эмасдирлар. Баъзи эътиборга олинмаган жиҳатлар, масалан, уларнинг руҳий тайёргарлигининг сустлиги бунинг бош сабабчиларидан бири бўлиши мумкин.
Футбол жамоавий ўйин эканини таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Буни биринчи синф боласи ҳам яхши билади. Қачонки жамоа аҳил бўлиб, бир мақсад йўлида, ғалаба қозонишдек эзгу ният йўлида бирлашсагина, енгилмас кучга айланади. Майдонда ҳар ким ўз ҳолича ҳаракат қилса, оёғига тўп тегиши билан шеригига узатиш ўрнига кел, шуни дарвозага ўзим тепай, деган хаёлда ўйнаса, ҳеч нарса чиқмайди. Чунки, яккама-якка жангда мушт билан уришасиз, бармоқ билан эмас. Бармоқларни жипслаштирсангизгина рақибингизга зарба бера оласиз.
Афсуски, гоҳида терма жамоамиз аъзоларининг ҳаракатларида юқорида айтаётганларимизнинг тамоман тескарисини кўрамиз. Ҳеч кузатганмисиз, терма жамоамиз иштирокидаги аксарият ўйинларда тўп ҳаводан пастлаб келаётган вазиятда рақиб жамоадагилар жон-жаҳди билан сакрамади, бизникилар (ҳаммаси демоқчи эмасман) эса бошини елкасига тортиб, рақиб билан тўқнашиб кетишдан чўчишади. Ёки бошқа вазиятларда ҳам футболчиларимиз рақибдан (аниқроғи, унинг ўзидан эмас, балки унга қарши борганда, тўпни олиб қўйиш чоғида олинадиган жароҳатлардан) ҳайиқиброқ ҳаракат қилишади. У ҳам мендай футболчи-ку, мендан қаери ортиқ, деб ўйлашмайди. Гўёки, рақибнинг бутсаси темирдан, мабодо оёғимга тегса синдиради, дегандай ўйлашади.
Ёки тўп ҳимоячининг оёғига тушиб қолса, ўзини гўёки Месси ё Роналду, деб ўйлаб қолади шекилли, рақибларини алдаб ўтишга тушиб кетади. Агарки, шериклари очиқ ерда турмаса ва бу ҳаракат ўзини оқласа, ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин, шериклари жуда қулай вазиятда турган бўлса ҳам, унга тўп узатишни ўйламайдиганлар ҳам бор. Футболчиларимизнинг майдондаги бу каби хурмача қилиқларининг сабаби эса сиз билан бизнинг федерация мутасаддилари, ОАВ вакиллари, мухлисларнинг уларни ҳаддан ортиқ эркалатиб юборганимизда. Чунки, уларни яхши кўрамиз, уларга ишонамиз. Барака топсин, юртимиз номини дунёга олиб чиқяпти, деб кериламиз.
Руҳий тайёргарликка тил теккизманг, ана мутахассислар жуда яхши ишлаяпти, дейдиганлар бўлиши мумкин. Лекин, терма жамоа аъзоларига давлатимиз мадҳиясини тўлиқ ёд олдириш, телекамера қаршиси сизларни халқингиз кутмоқда, ғалаба биз томонда, олға йигитлар, деб руҳлантиришлар камлик қиляпти, назаримда. Биринчидан, мадҳияни ёд олиш ўзини ҳурмат қилган, юртини севадиган ҳар бир кишининг бурчи.
Иккинчидан, баландпарвоз ҳайқириқлар-у шиорлар, футболчиларимиз ғалаба қозонишса ортиқча мақташлар, мағлубиятга учрашса кечириб қўяқолишлар уларнинг нима бўлса ҳам мен айбдор эмасман, деган ўйга боришларига олиб келади. Балки, уларни гоҳида мақтаб, гоҳида эса жазолаб туриш, иқтидори унчалик ҳам юқори бўлмаган ўйинчи эканини айтиб, ичидаги ориятини қўзғатиш ҳам зарурга ўхшайди. Ёки майдонда қилинган ҳар бир хато учун жарима, жазо тайинлаш керакмикан? Масалан, ғалаба қозонса мана шунча мукофот, ютқазса шунча жарима...рози бўлса ўйнасин, бўлмаса ана, катта кўча дейилиши керакмикан? Шунда балки, ҳакам ҳуштаги чалиниши билан улар ўзини тўпга отар. Эртага қилган хатоси учун тагидаги Chevrolet Captivaси тортиб олинишини ўйлагани замон яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилар? Бошқа учрашувларни билмадим, лекин КХДР терма жамоаси билан ўйинда руҳий устунлик туфайли улар ютди. Нима демоқчилигимни тушундингиз, чоғи. Федерация, Терма жамоалар маркази ё бош мураббий билан боғлиқ муаммолар эса аввал ҳам бўлган, эртага ҳам бўлади. Ва бу битта бизда эмас, фақат дунёда шундай.
Энди, бугун (суҳбат 23 июнь куни уюштирилган, муаллиф) ЎФФ томонидан қабул қилинган янгилик хусусида фикрларимни айтсам. Федерациянинг расмий сайтида ёзилишича, Миржалол Қосимов терма жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқиб, унинг ўрнига «Пахтакор» клуби менежери Самвел Бабаян тайинланибди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийлиги эса Виктор Жалиловга берилибди. Ҳар иккисининг тажрибали мутахассис эканига ва уларнинг ўз услуби, тактикаси, билими борлигига шубҳа йўқ. Лекин, шундай қизғин паллада, яъни, миллий ва олимпия терма жамоаларимизнинг синовдан ўтиш муддати бошланган бир пайтда бу ўзгариш қанчалар ўзини оқлайди? Умуман, улар мамлакатнинг бош терма жамоаларига мураббийлик қилишга лойиқми? Бу ўзгаришлар терма жамоамизга қанчалик фойдали, деган саволни унутганимизга анча йил бўлди. Энди, фақат бир савол қийнаяпти: бу ўзгаришлар терма жамоамизга зарар келтирмасмикан? Умуман, тобора қизиқиш йўқолиб бораётган миллий чемпионатимиз доирасида фаолият олиб борган ва жамоасининг лига ўйинларидагина қозонган ғалабасини байроқ қилиб юрган мураббийларга терма жамоа бош мураббийидек масъулиятли вазифани юклаш тўғрими? Балки, тўғридир. Қачонки, уларнинг ёнига терма жамоа аъзолари билан ишлай оладиган яхши мутахассислар жалб этилса. Яъни, айтмоқчиманки, биргина мураббийнинг қўлидан бирон иш чиқиши қийин. Унинг ёнида кучли ассистенти, психологи (!) бўлиши керак ва айтганимдек, футболчиларимизнинг кўзларини очиб қўйиш, улар олдига аниқ мақсадни қўйиб, унга элтадиган йўлни кўрсатиш, эзгу мақсадга эриришишда жон-жаҳди билан ҳаракат қиладиган истеъдод эгаларини терма жамоаларга жалб этиш даркор.
"ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).