Ўзбек футболига янгича об-ҳаво ва том маънода, янгича қараш олиб кира олган «Бунёдкор» жамоаси ташкил этилганига ҳам 10 йил бўлибди. 2005 йилнинг 6 июль куни «Қурувчи» номи остида фаолиятини бошлаган жамоа ҳаваскорлар ўртасидаги Тошкент шаҳар чемпионатидан то ОЧЛнинг ярим финалигача бўлган шонли йўлни босиб ўтди. «Қурувчи» 2006 йили 1-лига баҳслари якунига кўра (27 ғалаба, 5 дуранг ва 6 мағлубият билан) олий лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Эътиборлиси , жамоа элитада ҳам йўқолиб қолгани йўқ. Бир неча йил гегемонликни сақлаб келган «Пахтакор»га ҳақиқий бошоғриқ бўлди, «шерлар»нинг ороми бузилди. Бу жамоа сабаб юртимизга дунёнинг кўзга кўринган юлдузлари бирин-кетин ташриф буюра бошлашди. Ривалдо икки мавсум ўйнади ҳам. Телевизор орқали томоша қилиб, ўйинларидан завқ олган футболчининг ҳаракатларини нафақат стадиондан туриб кузатдик, балки эксклюзив интервью олиш ҳам насиб қилди. Ривалдо, Зико, Сколари сабаб стадионларга яна мухлислар қайта бошлади. Жамоа ОЧЛда ярим финалга қадар етиб борди. Албатта, қисқа муддат ичида бу каби оламшумул ютуқларнинг қўлга киритилиши эътирофга лойиқ. 6 июль куни «Шўртан»га қарши кечган учрашув билан «Бунёдкор»нинг олий лигада ўтказган ўйинлари сони 235тага етди. Уларнинг 175тасида «қалдирғочлар» ғалаба қозонишган. Яна 37та дуранг, 23та мағлубият қайд этилган. Тўплар нисбати; 484га 124, табиийки, «Бунёдкор» фойдасига. Умуман олганда, статистика ёмон эмас.
Биз жамоа ташкил топганига 10 йил тўлган куни «Бунёдкор» ПФК бош директори Бахтиёр Бобоев билан учрашиб, унданInterFutbol газетаси учун эксклюзив интервью олдик.
- Бахтиёр Мелиевич, мана, «Бунёдкор» жамоаси ташкил топганига ҳам 10 йил бўлибди. Шу қисқа фурсат ичида айрим жамоалар учун орзу бўлиб қолаётган ютуқлар қўлга киритилди. Буни ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин. Жамоанинг бир бўлаги сифатида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган йўл ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Авваламбор, табрик учун раҳмат. Ҳақиқатан ҳам, «Бунёдкор» жамоаси ўзбек футболига чақмоқ каби кириб келди. Олий лигадаги дебют мавсумдаёқ «Қурувчи» номи остида ҳаракат қилган клуб ички мусобақалардаги бир нечта янги рекордларни қайд этди. Мамлакат грандлари билан учрашувларда энг кўп гол уриш, энг кам гол ўтказиш, энг кўп очко жамғариш каби кўрсаткичларда янги саҳифалар очилди. Қолаверса, дебютант жамоа вакили Илҳом Мўминжонов мавсум якунига кўра чемпионатнинг энг яхши тўпурари номига сазовор бўлди. 2008 йилнинг 3 августидан бошлаб жамоа номи «Қурувчи»дан «Бунёдкор»га ўзгартирилди. Қисқа фурсат ичида «Бунёдкор» беш карра мамлакат чемпиони, икки карра вице-чемпион, мамлакат кубогининг тўрт карра соҳиби, Ўзбекистон суперкубоги эгасига айланди. Жамоамиз қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси - Осиё Чемпионлар Лигасида икки марта ярим финалга қадар етиб борди. 2008 йилда «Бунёдкор» футболчиси Сервер Жепаров Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб тан олинди. Ўтган вақт мобайнида «Бунёдкор» бренди нафақат Осиё, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарқалди. Ҳудудимизда ягона, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ва барча қулайликларга эга бўлган «Бунёдкор» стадиони барпо этилди. Клуб қошидаги футбол мактаби кун сайин янги-янги марраларни кўзлаган ҳолда фаолият юритмоқда. «Бунёдкор» тарбияланувчилари Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларида ҳаракат қилишмоқда.
- Жамоанинг 10 ёшга тўлиши муносабати билан йил бошидан бери турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу борада олдинда яна қандай режалар бор? Байрам маросимларининг умумий финал босқичи қачон ўтказилади?
- Тўғри, йил давомида «Бунёдкор» футбол клубининг 10 йиллик юбилейи муносабати билан турли тадбирлар ташкиллаштириляпти. Яқиндагина 10 ёшли футболчилар ўртасида «Бунёдкор» кубоги-2015» халқаро турнири ташкил этилди. Бундан ташқари, йил давомида футзал ва аёллар футболида ҳам мусобақалар ўтказилиши режага киритилган. Ҳозирги пайтда клубда юбилей байрамига атаб ташкил этиладиган махсус шоуга сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аслида, ушбу тадбирни июль ойида ўтказишни мақсад қилган эдик. Бу борада хорижий клублар билан музокаралар олиб бориб, айримларидан ижобий жавоблар ҳам олгандик. Лекин терма жамоаларимизнинг йиғинлари, расмий ўйинлари сабаб бу режамиз белгиланган вақтда амалга ошмай қолди. Насиб қилса, сентябрь ойида катта шоу тадбир ўтказилади. Ҳозир таниқли жамоалардан бирини таклиф қилиш масаласи кўриб чиқиляпти. Катта концерт дастури ҳам намойиш этилади. Ўн йил давомида жамоада тўп сурган футболчилар, ишлаган мутахассислар, мураббийлар ва бошқа ходимларни ушбу тадбирга таклиф қиламиз.
- Афсуски, 10 йиллик юбилей мавсумида жамоа қайд этаётган натижалар киши дилини бироз хира қиляпти. «Бунёдкор» биринчи даврани ўзига хос бўлмаган ўринда якунлади. Бу борада қандай фикрдасиз?
- Чиндан ҳам, 5-ўрин бизга ярашмайди. Лекин бундан катта фожиа ясамаяпмиз. Академиямиз тарбияланувчилари нафақат клуб, балки терма жамоаларимизда ҳам етакчи мақомга эга бўлиб боряпти. Айниқса, яқиндагина жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтган ёшлар терма жамоамизнинг ёрқин ўйинларида футболчиларимизнинг етакчи ролларда бўлгани бизни қувонтирди. Олий лигадаги натижамиз ҳозирча бироз паст бўлаётгандир, лекин бошқа томондан меҳнатларимиз ўз самарасини бера бошлади. Биз асосий урғуни айнан академияга қаратган эдик. Шу пайтгача инқилоб йўли билан келган бўлсак, энди тараққиёт босқичини бошладик. Ёш футболчиларимизнинг терма жамоа ютуғига қўшаётган ҳиссаси биз учун катта муваффақият.
- Сергей Лушаннинг ёшларга имконият бераётганини кўпчилик танқид ҳам қиляпти. Сўрамоқчи бўлганим - клуб раҳбариятининг бош мураббий юритаётган сиёсатдаги позицияси қандай?
- Кўпчилик бу Сергей Лушаннинг сиёсати деяпти. Мен бунга бироз ўзгартириш киритмоқчиман. Аслида, бу Сергей Ивановичнинг эмас балки, «Бунёдкор» клубининг сиёсати. Лушанни бош мураббийликка тайинлаётган пайтда мақсадимиз, олиб борадиган сиёсатимиз нимадан иборат бўлишини унга айтгандик. Жамоамиз президенти ҳам бу сиёсатни қўллаб-қувватлайди. Бундан кейин ҳам академия фаолиятига катта эътибор қаратилади. Ҳали ўзига яраша камчиликларимиз бор. Эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Ҳозир асосий таркибда ўзимизнинг тарбияланувчилардан 4-5 нафари ўйнаётган бўлса, яқин вақт ичида уларнинг сонини 10 нафарга етказишни мураббий олдига вазифа қилиб қўйганмиз. Бунинг учун селекция ишларини яна ҳам кучайтиришимиз лозим. Болалар билан ишлаётган мураббийларга ўз вазифаларини юзаки, шунчаки «мендан кетгунча» қабилида эмас, сидқидилдан ишлашларини талаб қиляпмиз. Ҳар бир мураббий «Бунёдкор» учун танланган ягона услуб асосида машғулотларни ташкил қилади. Биз ҳеч қачон тайёрлов гуруҳларимизга шаҳар биринчилигида ғолиб чиқиш вазифасини қўймаймиз. Ҳар бир ёш гуруҳимиздан ҳар йили камида 6 нафар футболчини терма жамоа ва ўзимизнинг клубда ўйнашини таъминлашимиз керак. Дастуримиз узоқ муддатга мўлжалланган. Давлатимиз бизга яратиб бераётган шароитларга муносиб жавоб қайтармасак, нима қилиб юрибмиз.
- Легионерлар масаласида фикрингиз қандай? Мавсум аввалида «Бунёдкор»га таклиф этилган хорижлик футболчилар ўзларини оқлашяптими?
- Легионерлар масаласи жуда ҳам нозик. Вазиятга баҳо берсак, биз ҳозирги шароитда савияли легионерни олиб кела олмаймиз. Очиғини айтиш керак, ҳозир тайёр ҳам эмасмиз. Мана, яқинда Сардор Рашидовнинг трансфери масаласида Қатарга бориб келдим. У ерга келаётган легионерлар билан бизда ўйнаётган хорижлик футболчиларни таққослаб бўлмайди. Нафақат пул, балки яратилган шароитларда ҳам. Буни тан олиш керак. Мавсум бошидаги мақсадимиз ўзимизнинг тажрибали футболчиларга белгиланган лимит асосида легионерларни қўшиб, ёш ўйинчиларимизни юзага чиқариш эди. Ёшлар ҳамиша катталардан ўрнак олишган, ўрганишган. Лекин ҳозир шу нарсани тушуниб етяпманки, биз барибир, асосий урғуни ўз тарбияланувчиларимизга қаратишимиз керак экан. Бундан кўпроқ фойда келаркан. Шуларни инобатга олган ҳолда легионерлар масаласини кўриб чиқамиз. Балки уларнинг айримлари билан хайрлашармиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам легионер маҳаллий футболчидан ажралиб туриши керак. Агар ижобий тафовут сезилмаса, бундан нима наф?
- Сардор Рашидов ҳақида сўз очдингиз. У энди Қатар юлдузлар лигасида фаолиятини давом эттиради. Куни кеча ўзингиз ҳам ушбу трансфернинг амалга ошиши ва шартнома имзолаш маросимида иштирок этиб қайтдингиз. Рашидовга БАА ва Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб», БААнинг яна бир клуби «Банияс», Франциянинг «Нант» каби жамоалари ҳам жиддий қизиқиш билдирган экан. Лекин якунда «Ал-Жаиш» варианти танланди. Айтингчи, бу шахсан Рашидовнинг танлови бўлдими ёки...?
- Биласизми, ҳар бир футболчи билан шартнома имзолаш пайтида келишувга шундай банд қўшамиз: агар таклиф бўлаётган клуб «Бунёдкор»дан кучли, келажаги бор жамоа бўлса, биз футболчини мажбуран ушлаб турмаймиз. Сардор Рашидов билан шартнома имзолаётган пайтимизда ҳам бу масалада келишиб олгандик. Мана Осиёнинг жуда кўп давлатларидан таклифлар бўлди. Сиз айтгандек, Франциянинг «Нант» клуби жиддий қизиқди. Лекин аксарият ҳолларда клублар эмас, аксинча, агентлар мурожаат қилишди. Биз барча агентларга, яъни ўртакашларга рад жавобини бердик. Уларга қайси клуб бизга расмий мурожаат билан чиқадиган бўлса, ўша жамоа билан музокара олиб борамиз, деб ҳам айтдик. Жуда катта сумма таклифи билан расмий мурожаат билан чиққан клублар бўлди. Бу нарсани яширишнинг ҳожати йўқ. Сардорнинг ўзи ҳаммасини тарозига қўйганда танлаган клуби бу - Қатарнинг «Ал Жаиш» жамоаси бўлди. «Нега айнан шу жамоа» деб сўраганимизда, у «2022 йилги жаҳон чемпионатига Қатар мезбонлик қилади. Ҳозир секин-аста кўпчилик юлдуз футболчилар шу ўлкада йиғиляпти. Қатар юлдузлар лигасида ўйнасам, Европага чиқиб кетишим осон кечади. Чунки, клубларида ҳам европалик мураббийлар ишлашяпти», деб жавоб берди. Ҳақиқатан ҳам, Қатар клубларида асосан Европа ва Жанубий Америкадан келган мутахассислар ишлашяпти. Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу мамлакат футболи тез орада дунёнинг кўзга кўринган чемпионатларидан бирига айланади. Бу мақсадда жуда катта сармоя киритиляпти. Шуларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, клубимиз раҳбарияти ҳам Сардор Рашидовнинг қарорини қўллаб-қувватлади. Қолаерса, бу трансфердан «Бунёдкор» жамоаси ҳам яхшигина пул ишлаб олди. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Трансфер барча қонун-қоидалар асосида амалга оширилди. Икки клуб ўртасида амалга оширилган трансфер деталларини ҳам яширмаймиз. Сардор «Ал-Жаиш» билан 3 йиллик шартнома имзолади. Унинг трансфери учун Қатар клуби 2 миллион 100 минг АҚШ доллари ўтказиб берди. Энг муҳими, шароитлар Рашидовнинг ўзига ёқди. Қолаверса, жамоа бош мураббийининг ўзи клуб раҳбарларидан Сардорни ҳарид қилишни сўраган. Айтмоқчи бўлганим, мураббий билан муаммо, тушунмовчилик бўлмайди. Яна бир жиҳат, биз маълум вақт мобайнида Сардор Рашидовга ҳамроҳлик қилиш учун таржимон берамиз. У футболчимиз билан бирга, бир жойда яшайди. Машғулотларда ҳамроҳлик қилади. Мослашиш жараёни муваффақиятли ўтгунига қадар ўша ерда футболчимиз билан бирга бўлади. Қатарга борган пайтимиз бу масалада «Ал-Жаиш» клуби раҳбарлари ва бош мураббийи билан ҳам келишиб олдик. Улар бунга розилик билдиришди. Сардорнинг ҳалол йигит эканлиги, фақат футбол ҳақида ўйлашини айтдик. Улар ҳам анчадан бери футболчини кузатиб юришган экан.
Ўйлаймизки, Сардор Рашидов барчамизнинг ишончимизни оқлайди. Бунга шахсан мен ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, фаолиятлари «Бунёдкор» билан боғлиқ бўлган барча инсонларни - мураббийлар, футболчилар, мухлислар, ишчи-ходимлар, ҳомийларни 10 йиллик юбилей билан чин дилдан муборакбод этаман. Ишонамизки, жамоамиз ҳали янгидан-янги марраларни забт этиб, мухлисларга ёрқин ғалабаларни тақдим қилади.
Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).