Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Бошқа касбдагилар сингари футболчилар ҳам тақдир тақозосига кўра чет элларда фаолият юритишларига тўғри келади. Қуйида хорижда тўп сурган ёки сураётган айрим таниқли ва у қадар машҳур бўлмаган россиялик футболчилар фаолиятига назар ташлаймиз.
Мамлакат: Саудия Арабистони. Жаҳонгашталар - Олег Сергеев, Владимир Татарчук
ЦСКА таркибидаги бу икки чемпион ҳе йўқ, бе йўқ тўсатдан 1996 йили Яқин Шарққа равона бўлдилар. «Яширишнинг ҳожати йўқ, очиғи, дастлаб бироз чўчигандик. Аммо Саудия Арабистонига бориб, ҳайратдан лол қолдик. Чунки на ўйин ва на турмуш тарзи масаласида муаммога дуч келдик»,-дея хотирлайди Олег Сергеев.
Дарвоқе, Россия футболидаги иқтисодий муаммолар бартараф бўлгач, улар тезда ўз ватанларига қайтишди.
Мамлакат: Тунис. Жаҳонгашталар - Олег Кужлев, Иван Пазёмов
Россиянинг футбол борасида Тунис билан ҳамкорлиги юқори даражага кўтарилган. Бир пайтлари Алексей Парамонов ҳам Африканинг мазкур мамлакатида фаолият кўрсатган. Кейинроқ у ерда Евгений Кучеревский ва Борис Игнатьев ҳам ўзларини синаб кўрдилар. Ва ниҳоят, юқорида номлари тилга олинган футболчилар маҳаллий «Этуаль дю Сахел»да тўп суришга киришдилар.
Мамлакат: Ливан. Жаҳонгашта - Сейран Осипов.
Бу ўйинчи Ставрополда миллионлар ўйини билан шуғулланиб, «Динамо»нинг (102та гол) энг яхши тўпурари сифатида танилган. Осипов 1990-йилларнинг бошида Болгарияга йўл олди, бир мавсум Ливан чемпионатида фаолият юритда ва 12та гол муаллифига айланди. Фаолиятини ниҳоясига етказиш мақсадида яна Ставрополга қайтди ва 2008 йилда бутсасини михга илгач, «Сейран» фахрийлари сафида севимли машғулоти билан шуғулланаётиб, юрак хуружидан вафот этди.
Мамлакат: Бангладеш. Жаҳонгашталар - Александр Дозморов, Собир Хамзин.
Собиқ иттифоқ тарқалиб кетгач, футболчилар мўмай даромад топиш орзусида кўплаб хорижий мамлакатларга тарқалиб кетишди. «Торпедо» ўйинчиси Александр Дозморов Грузия, Венгрия, Молдавияда тирикчилик қилди, кейин эса тақдир чархпалаги уни Бангладешга «улоқтирди». «Бу мамлакатда футбол учун молиявий масалада муаммолар бўлмасди», дея хотирлайди у.
2000-йилларнинг бошига келиб, Бангладешдаги «Абахани» жамоасида Собир Хамзин деган у қадар танилмаган ўйинчи ҳам фаолият кўрсатди.
Мамлакат: Гонконг. Жаҳонгашта - Олег Мехов.
«Динамо» тарбияланувчиси ҳисобланган Олег Мехов «Асмарал»да ўзини намоён этгач, олис Гонконгга қараб жўнади. Фаолиятини «Хэппи-Вэлли»да давом эттирган футболчи ёмон ўйнамаган эканми, 1990-йиллар ўрталарига келиб уни Гонконгга чақириб олишди ва ўша клуб таркибида маҳаллий кубокларни қўлга киритишга астойдил бел боғлади.
Мамлакат: Миср. Жаҳонгашта — Герман Андреев
Қизил-оқ ранглилар тарбияланувчиси бўлган Герман собиқ иттифоқ даврида бирор жиддийроқ клубдан жой ололмади. Кейинчалик Мисрдан омадини ахтариб, «Порт-Саид» жамоасида бир мавсум ўйнагач, Молдавияга кўчиб ўтди.
Мамлакат: Вьетнам. Жаҳонгашталар — Сергей Шмокин, Николай Ткаченко
У пайтлари Вьетнам бой мамлакат эмасди, шу боис, у ерда мўмай даромаддан умид қилинмасди. Шунингдек, футбол борасида ҳам мақташга арзигулик ҳеч вақо йўқ. Аммо Денилсондек шахс Веьтнамга назар ташлабдими, демак россияликлар ҳам шолипоялар диёрига боришса бўлаверади.
Дастлаб у ерга Сергей Шмокин йўл олди ва хориждаги ҳаёти ёмон кечмади. Аммо унга билдирилган қаттиққўлликлар туфайли ортга қайтишга мажбур бўлди. Маълум муддат ўтгач, вьетнамликлар таклифига биноан у яна чет элга равона бўлди. Бу сафар унга Николай Ткаченко ҳамроҳлик қилди. «Аэропортда бизни жуда ҳам илиқ кутиб олишди. «90 километр йўл босгач, биз Намдинь шаҳрига етиб бордик. Мени иккита ўйинда синаб кўришди. Ярайсан, дейишди. 4 январда чемпионат бошланди. Мен асосий таркибда майдонга тушдим. Хуллас, янгича ҳаётга кўникиб кетдим. Аммо иссиқ иқлимга кўникиш ниҳоятда қийин кечди. Яхшиямки, Намдин Вьетнамнинг шимолий қисмида жойлашган. Жанубда қуёш янада кучлироқ қиздиради». Бу Ткаченконинг ўзга юрт ҳақидаги тасаввурлари эди.
Шмокин ва Ткаченко «Шонгда» жамоаси таркибида ўйнаб, маҳаллий чемпионатда кумуш медаль соҳиби бўлдилар.
Мамлакат: Мальта. Жаҳонгашталар - Ирек Фасхиев, Виктор Злидарев
Мальтада тўп сурган бу икки ўйинчи қадрдон мамлакатларида у қадар довруғ қозонишмаганди. Тўғри, Злидарев италиялик скаутлар назарига тушганди ва ҳаттоки, «Палермо»дан таклиф ҳам олганди. Аммо Сицилия клуби билан муносабатлари барибир юришмади ва ҳужумчи мини-футболга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Мамлакат: Таиланд. Жаҳонгашта - Родион Дьяченко
Родион болалик чоғидалигида ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетди ва у футболдаги профессионал фаолиятини MLSдан бошлади. «ДС Юнайтед» таркибида тўп сурган кезлари ўйинчи сифатида шакллана билмади. Шунинг учун Таиланддан тушган таклифга дарров рози бўла қолди. Осиёдаги фаолияти дастлаб жароҳат билан бошланди. Кейинроқ Дьяченко ўзга юрт футбол майдонига мослашиб кетди.
Мамлакат: Малайзия. Жаҳонгашталар - Вячеслав Мельников, Родион Дьяченко
Ўша йилнинг қишида Дьяченко Малайзияда, янада камсуқум чемпионатда фаолият юритди. У 2-дивизиондан ҳам «учиб кетиш» хавфи бўлган жамоада тўп сурди. Аммо Дьяченько ҳаётидан асло нолимади. Айтишича, Малайзия иқлими унга манзур бўлибди. Пул масаласида камтарона ишлашга ўрганган бу йигит ҳозир ҳам у қадар кўп маблағ топгани йўқ.
Аввалроқ Вячеслав Мельников ҳам мазкур мамлакатга ташриф буюрганди. 1990-йилларнинг аввалида ЦСКАнинг асосий таркибида атиги биттагина ўйинда иштирок этган футболчи омадини Исроил ва Туркияда ҳам синаб кўрди. У бегона мамлакатларнинг маҳаллий чемпионатларида медалларни қўлга киритди, ҳаттоки, энг яхши ҳужумчи сифатида ҳам эътироф этилди.
Мамлакат: Индонезия. Жаҳонгашта - Сергей Литвинов
Бу футболчининг «Луч»да омади келавермагач, агент уни Индонезиянинг «Соло» клубига жойлаштирди. Литвинов у ерда катта спортнинг таъмини татиб кўрди. Ахир минглаб томошабинлар олқишига сазовор бўлиш, дасхатлар бериш кимга ҳам ёқмайди дейсиз. У дастлаб Индонезиянинг норасмий лигасида тўп сургач, кейинчалик ҳақиқий чемпионатда қатнашди.
Мамлакат: Фарер ороллари. Жаҳонгашта - Марк Рютин
Бу спортчи Санкт-Петербург клубларининг бирортасида ҳам ўзини кўрсата олмагач, Молдавиянинг профессионал клубида фаолият олиб борди. Сўнгра Данияга йўл олган дарвозабон, кейинчалик Фарер оролларига кўчиб ўтди. Мўъжазгина мамлакатнинг иқлими қулай эмасди. Боз устига, футболчиларга у қадар йирик маош тўланмайди. Аммо Марк ҳаммасига сабр қилди ва фаолиятини Даниянинг «Веннсюссел» клубида давом эттирди.
Мамлакат: Сан-Марино. Жаҳонгашта — Владимир Михайловский
Сан-Марино миттигина мамлакат ҳисобланади. Одам камлиги учун бу ерда ҳатто ҳар бир фуқаро умри давомида бирор марта бўлса-да маҳаллий парламент депутати бўлиши имкониятига эга. Футбол борасида ҳам камтарона турмуш тарзи одат тусига кирган: биттагина стадион бор, холос.
Владимир Михайловский мана шундай шароитда «Тре Пенне» жамоасидан қўним топди. Россияда иши юришмагач, онасининг ватани - Сан-Маринога йўл олган ўйинчи футболдан ташқари, чарм маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконда ҳам ишлади. Шунингдек, мактабда жисмоний тарбиядан дарс берди. Бўш пайтлари маҳаллий вице-чемпион жамоасида севимли машғулоти билан шуғулланадиган Володя ҳаттоки, Европа лигаси баҳсларида ҳам иштирок этган.
Манба: Champiotam.com
М.МИРЗОКИРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).