Кўҳна қитъанинг 4та етакчи лигасида ҳақиқий юлдузлар етарлича топилади. Аммо шундайлар ҳам борки, исм-шарифлари диққат марказидан четда қолса-да, ўйинлари таҳсинга лойиқ. Қуйида шундай футболчилар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Дарвозабон: Херонимо Рулли («Реал Сосьедад»)
22 ёшли аргентиналик - ўз услубига эга дарвозабон ҳисобланади: дарвоза чизиғидаги чиройли «сейв»лардан кўра, тўпни уриб, ташқарига чиқариб юбориш фақат унгагина хос тактика. Рулли жамоани Дэвид Мойес бошқарган даврдаёқ асосий таркибдан жой олиб, чаққонлиги, дадиллиги ҳамда тажовузкорлиги билан эътиборга тушди. Кези келганида таъкидлаш жоизки, Рулли ҳамон Аргентинанинг «Эстудиантес» клубига тегишли. Демак, «Реал Сосьедад» уни харид қилишга шошилмаса, ҳал қилувчи баҳслар олдидан маҳоратли дарвозабонсиз қолиши аниқ. Руллига хос яна бир жиҳат шундан иборатки, у майдонга анъанавий шорт ўрнига шим кийиб тушади. Футбол тарихида бундай амалиёт фақатгина Габор Киройда учрайди.
Чап қанот ҳимоячиси: Патрик ван Анхольт («Сандерленд»)
Эйндховендан Лондоннинг «Челси» клуби таркибига қўшилиши голландиялик ҳимоячининг бутун футболчилик фаолиятига чек қўйишига оз қолди. Анхольтда «кўклар»нинг асосий таркибидан жой олиш имконияти бўлмаганлиги боис, жамоа раҳбарияти Патрикни ҳар йили бошқа клубларга ижарага берарди. Натижада, у эндигина бир клубнинг ўйин услубига мослашай деганида, бошқа жамоага жўнатиларди. Шундай бўлса-да, «Челси» ван Анхольтга Арнемдаги фарм-клубидан жой топди. У «Витесс»да ажойиб ўйин намойиш этиб, ҳаттоки Луи ван Галнинг эътиборига тушди. 2014 йилги ЖЧга борадиган номзодлар қаторида унинг ҳам номи бор эди. Гарчи ҳимоячи Бразилияга бормаган бўлса-да, у премьер-лигага қайтди - «Сандерленд» Анхольтни жуда арзон нархга харид қилди. Сўнгги 3 йил давомида Анхольт кам хато қиляпти. Ҳужумчиларга қарши кечадиган баҳсларда Патрикнинг қўли баланд келмоқда. Тезлиги ҳамда иштиёқи аъло даражада. Анхольт премьер-лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа сафида тўп суришга мос эмас. Зеро, унинг ўйинида анча ўсиш кузатилди.
Марказий ҳимоячи: Никола Максимович («Торино»)
Мураббий 3 нафар марказий ҳимоячини майдонга туширар экан, уларнинг ҳеч бўлмаса, биттаси аниқ тўп ошириш билан жамоа ҳужумини бошлашига умид қилади. Бу борада Никола Максимович устози Жампьеро Вентуренинг ишончини тўлиқ оқлайди. Ушбу ҳимоячи майдонни яхши кўра олади, вазиятни тез баҳолайди, жисмоний кўрсаткичлари эса бошқа ҳамкасблариникига қараганда анча юқори. Ўз терма жамоасидан чақирув ололмаётган ёш серб йигити ҳимоя чизиғидаги ажойиб ўйини, аниқ тўп узатишлари, тўпни рақиб жарима майдонига етказиб бериши орқали «Торино» етакчиси айланган.
Марказий ҳимоячи: Себастьян де Майо («Женоа»)
Де Майо эса Максимовичнинг акси - мазкур ҳимоячи учун энг муҳими, яккакурашларда ғолиб чиқиш. Парижда туғилган ва «Осер» сафида улғайган ҳимоячи «ПСЖ» мухлиси саналади. Себастьян мана, 10 йилдирки, Италияда фаолият юритмоқда. Ҳаттоки, 2 мавсум 4-дивизионда ўйнашга ҳам мажбур бўлди. Қуйи лига Де Майони ҳар томонлама чиниқтирди, у яккакурашларда енгилмас футболчига айланди. Ҳимоячига хос яна бир жиҳати - у доимо бир сониядан сўнг тўп тушадиган жойда пайдо бўлади. Эҳтимол у чиройли ўйин кўрсатмас, аммо аксарият ҳолларда тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришга эътибор қаратиш унинг эҳтиёткорлигидан далолат. Рақиб томонидан юзага келтирилган хавфли вазиятлар сербиялик ҳимоячи томонидан мунтазам равишда бартараф этилади.
Сўнгги пайтларда Майода итальянлар қони борлиги тўғрисида кўп гапирилмоқда. Шу нуқтаи назардан, биз уни Италия терма жамоасида кўриб қолсак ҳам ажаб эмас.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Марио Гаспар («Вильярреал»)
Гаспар ўз қанотида рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмайди. У майдонда анча тажовузкор, ўйинни ўз вақтида ўқий олади ва рақиб жамоа ҳужумларини бартараф этади. Якунланган мавсумда Гаспар футболчилик фаолиятидаги энг ёрқин ўйинини намойиш этди.
Марказий ярим ҳимоячи: Владимир Дарида («Фрайбург»)
Чехиялик ярим ҳимоячи Владимир Даридани Suddeutsche Zeiting газетаси бежизга «бундеслига ўпкаси»деб атамаганди. Боиси, Дарида ҳар бир учрашув давомида «Фрайбург» етакчиси сифатида ўртача 12,7 км. масофани босиб ўтди. Баденликлар ҳужумларининг асосчиси Дарида бўлмаганида, клуб шубҳасиз, қуйи лигага йўл олишга асосий даъвогар жамоа бўларди. Даридадаги қобилият Кристиан Штайх бошчилигидаги жамоанинг ҳеч қайси вакилида йўқ. «Фрайбург» ўтган мавсум баҳсларининг сўнгги дақиқаларида ўтказиб юборилган тўплар оқибатида шунчалик кўп очко йўқотдики, ўша очколар жамоага ҳатто еврокубокларда қатнашиш имкониятини ҳам туҳфа этиши эҳтимолдан холи эмасди. Аммо Штрайхнинг ёш шогирдлари чарчаб қолишди ва Дарида томонидан урилган 6та гол бундеслигада жон сақлаб қолиш учун етарли бўлмади.
Марказий ярим ҳимоячи: Даниэль Байер («Аугсбург»)
Бутун учрашув давомида майдондалиги билинса-да, ҳаракатлари мазмунсиз бўлган футболчилар қатори, аренада бор-йўқлиги билинмайдиган, аммо жамоаси муваффақиятларида муҳим роль ўйнайдиган ўйинчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Даниэль Байер иккинчи тоифага мансуб футболчилар сирасидан. У майдонда ҳимоя ва ҳужум чизиғини бир-бирига боғловчи воситачи вазифасини ажойиб тарзда уддалайди.
Марказий ярим ҳимоячи: Морган ШнайдерЛЕН («Саутгемптон»)
Ёзги олди-сотдилар давомида Морган Шнайдерленга ҳеч ким харидор бўлмагани таажжубланарли ҳолат. Ахир айнан у «Саутгемптон»нинг майдон марказидаги ўйинларини тартибга солди-ку! 25 ёшли франциялик хавбек ўтган мавсумлар давомида бор-йўғи битта аниқ тўп узатишни амалга оширди. Лекин рақибларнинг кўплаб ҳужумларини бартараф этганлиги ҳам бор гап. Шнайдерлен жамоасига кўтаринки кайфият бағишлайди. Боиси, кўплаб инглиз клубларида бир нафар футболчи ҳужумни бошласа ва рақиб ҳужумига тўғаноқ бўлса, Шнайдерленнинг ёлғиз ўзи бу ишларнинг уддасидан чиқади.
Чап қанот ҳужумчиси: Фин Бартельс («Вердер»)
Франко ди Санто, Златко Юнузович ва Дэйви Зельне - Виктор Скрипник «Вердер»ининг ҳақиқий қаҳрамонлари. Лекин жамоа таркибида яна шундай футболчи ҳам борки, у ҳақда ҳар қанча илиқ сўзлар айтса арзийди. Аслида, доимо майдонда бўш ҳудудни ахтарадиган ҳужумчининг қисмати ҳам шу. Бош мураббийнинг ўйин олдидан берган аниқ кўрсатмасида Бартельс фақат ўнг қанот ҳужумчиси сифатида майдонга тушган бўлсада, у ҳимоячиларни ортидан эргаштирганча гоҳ марказда, гоҳ чап қанотда ҳам пайдо бўларди. «Санкт Паулу»да унга ўхшаган 2 нафар футболчи ҳаракатланади - Бартельс ва Макс Крузе. Улар 2011|2012 йиллар мавсумида фақатгина бир-бирларига тўп ошириш орқали 6та голга муаллифлик қилишганди. Бу билан Крузе «қадрланмаётган» футболчилар сирасига киришини кўрсата олган ва ҳаттоки, терма жамоага ҳам чақирилганди. Бу жиҳатдан Бартельснинг омади чопгандек, гўё. Зеро, у «Вердер»нинг соядаги етакчиси сифатида ҳам ўзини ёмон ҳис қилмаяпти. 4та гол ва яна шунча аниқ тўп узатмаси, ҳар бир баҳсда 1,4та ҳал қилувчи «пас».
Марказий ҳужумчи: Диафро Сахо («Вест Хэм»)
«Вест Хэм» томонидан арзимаган пул эвазига сотиб олинган сенегаллик ҳужумчи илк мавсумнинг ўзидаёқ премьер-лиганинг энг фойдали ҳужумчиларидан бирига айланди. Сахо «Саутгемптон» футболчиси Грациоло Пеллега нисбатан дарвоза томон 7 марта кам зарба берган бўлсада, урган голлари анчагина кўп. Ҳужумчи Францияда ҳам ёмон таассурот қолдирмаганди - 1та хавфли вазият ва гол. Сахо премьер-лига баҳсларида боши билан 5та гол урди (унинг бўйи 184 см.) «Манчестер Сити»нинг барча баланд бўйли футболчилари бор-йўғи 4та гол уришган бир пайтда, Сахонинг юқоридаги натижасига қойил қолмай илож йўқ.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Федерико Картебия («Кордоба»)
Картебия Европа Лигаси учрашувларида майдондаги энг яхши ўйинчилардан бирига айланди, бир неч-та голга муаллифлик қилди. «Ба-зел»га қарши кечган баҳсда ҳам аргентиналик ҳужумчи бор иқтидорини намойиш эта олди...
Ёзда эса «Валенсия» уни «Кордоба»га ижарага бериб юборди. Энг ажабланадиган жиҳат, Картебия «Кордоба»нинг ўнг қанотида ўйнаяпти ва буни қойилмақом тарзда уддаламоқда. Дриблинглар соҳиби нафақат ҳужумда, балки ҳимоячиларга ёрдам беришда ҳам фаол. Тўғрисини айтганда, иқтидорли аргентиналик футболчининг салоҳиятини «Валенсия»дагилар қанчалик тез англаб етсалар, «қадрланмаган футболчилар» сони шунчалик тез камайган бўлармиди?
Манба: Championat.com,
И.ОБИДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).