Дунё футболида муваффақиятга эришган мураббийлар бисёр. Уларнинг иш услуби ҳам ўзига хос. Соврин ютиш ҳадисини олган мутахассислар одатда, икки тоифага бўлинишади: мураббийлик соҳаси билан шуғулланадиганлар ва барча масъу-лиятни ўз зиммасига оладиганлар. Жумладан, Хосеп Гвардиола ёки Карло Анчелотти учун ташкилий ишлар, маркетинг ва менежмент масалалари ортиқча даҳмаза. Шу сабабли, бевосита ўзларига тегишли иш билан кифояланишади.
Бугунги мақоламиз қаҳрамонлари эса миллионлар ўйинининг ажралмас қисмига айланган менежер-мураббийлардир. Қизиғи, улар орасида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам бор. Хўш, уларни боғловчи ва ажратувчи қандай жиҳатлар бор? Қуйида шу саволга жавоб топишга уринамиз.
Алекс ФЕРГЮСОН
Бу мураббий ҳақида эшитмаганлар ўзини футбол мухлиси деб атамаса ҳам бўлаверади. Ахир «Манчестер Юнайтед»дек клубни 26 йил мобайнида бошқарган мутахассисни танимай бўладими? Фаолияти давомида 13 марта Англия чемпионлигини тантана қилгани унга бўлган ҳурматни янада ошириши табиий.
Сэр Алекс «МЮ»га келганида ҳали танилишга улгурмаганди. Тўғри, «Абердин» унинг бошқарувида Шотландия чемпионатида жуда муваффақиятли иштирок этган. Аммо Фергюсоннинг юлдузи айнан 1986 йили - «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилиб олган кезлари порлай бошлади. Ушбу мутахассис «МЮ»да нафақат мураббий, балки том маънода раҳбар эди. Клуб тақдири билан боғлиқ ҳар қандай масала фақат унинг розилиги билан ҳал қилинар, натижа ҳам шунга яраша бўларди. Билсангиз, Фергюсоннинг Манчестерда қўлга киритган сов-ринлари у келгунига қадар «қизил иблислар» музейида сақланган кубоклардан ҳам кўпроқ. Мураббий 1999 йилда қиролича Елизавета томонидан рицарлик унвони билан тақдирлангани ҳам кўп нарсадан далолат.
Терма жамоадаги фаолияти: Фергюсон «Абердин» билан муваффақиятга эришгач, 1986 йилда Шотландия терма жамоаси бошқарувига таклиф этилди. Аммо бу лавозимда узоқ ишламади ва бир неча ойдан сўнг «МЮ»дан таклиф олди.
Қурбон БЕРДИЕВ
Бу мураббийни юқори савиялилар қаторига қўшмайдиганлар кўп эди. Гарчи у «Рубин»ни аутсайдерлар сафидан олиб чиқиб, 2 марта Россия чемпиони қилган бўлса-да, танқидчилардан холи юрмасди. Аммо 2010 йилга келиб ҳаммаси ўзгарди. Ўша йили қозонликлар Қурбон Бердиев бошчилигида кимсан «Барселона»ни мағлуб этишди. Оламшумул ғалабанинг «Камп Ноу»да қўлга киритилганига нима дейсиз?
Ваҳоланки, каталонияликлар ўшанда ҳам гегемон саналишарди. Боз устига, «Реал»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этилганига ҳеч қанча вақт бўлмаганди. Қурбон Бердиев шогирдлари эса Чемпионлар Лигасида ўтказилган учрашувда номдор рақибдан мутлақо чўчимадилар ва сафарда 2:1 ҳисобида ғолиб чиқишди. Шу тариқа ким аслида ким экани маълум бўлди: Бердиев дунёнинг энг сара мураббийлари йиғинига таклиф этилди.
Ушбу мутахассис 2001 йилдан то 2013 йилга қадар «Рубин»да ишлади. Бу вақт ичида мукаммал тизим яратди, футбол академияси ташкил этилишига сабабчи бўлди. Мураббий ўтган мавсум ўртасида «Ростов»ни қабул қилиб олди ва сўнгги ўринда бораётган жамоани премьер-лигада олиб қолишнинг уддасидан чиқди. Нима ҳам дердик, энди юксалиш навбати «Ростов»га келган кўринади. Эҳтиёт бўл, «Барселона»!
Терма жамоадаги фаолияти: 1999 йилда Туркманистон термасини бошқарган. Бир неча ой ўтмай, мамлакат жамоасини ташлаб, Смоленскнинг «Кристалл» клубига ўтишни маъқул кўрди.
Арсен ВЕНГЕР
«Арсенал» устозининг мураббийлик соҳасида қўлга киритган ютуқлари камроқ бўлиши мумкин. Аммо Венгер менежер сифатида манаман деган мутахассисларни ортда қолдириши тайин. Бу мураббий Англияда тахаллус орттиришга ҳам улгурган - «Профессор»! Венгернинг бундай аталишига сабаб, у ёш иқтидорларни тез илғайди. Сўнгра уларни юлдузга айлантириб, қиммат нархда пуллашда устаси фаранглардан.
Арсен Венгер «Арсенал» бошқарувида 1996 йилдан буён ишлаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида премьер-лигада 3 марта ғолиб чиқиб, 6 марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Бундан ташқари, «тўпчилар» унинг қўл остида 5 марта Англия суперкубоги соҳибига айланишган. Арсен Венгернинг менежерлик соҳасидаги энг катта ютуғи - «Эмирейтс» стадиони қурилиши даврида тўпланиб қолган катта ҳажмдаги қарзни узгани. Айнан шу стадион туфайли «Арсенал» узоқ йиллар мобайнида кучли футболчиларни харид қилишдан тийилди. Аксинча, етакчи ўйинчиларини сотиб юборишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, клуб премьер-лига турнир жадвалининг кучли тўртлигидаги ўрнини сақлаб қолди. Чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этиб келаётган клубга Арсен Венгернинг кўп меҳнатлари сингган.
Терма жамоадаги фаолияти: Арсен Венгернинг «Арсенал»га бўлган садоқати шу қадар кучлики, бир неча бор Мадриднинг «Реал» клубидан келган таклифни рад этди. Қолаверса, 2001 йили Франция терма жамоасини қабул қилишга ҳам рози бўлмаганди.
Жозе МОУРИНЬО
«Челси» бош мураббийини бошқа даҳо менежер-мураббийлардан ажратиб турувчи жиҳатлар бисёр. Жиззаки Моуриньонинг феъл-атворидаги нуқсонлар «Челси» хўжайини Роман Абрамович билан ўрталарига нифоқ солди. Натижада, португалиялик мутахассис Лондонни тарк этиб, маълум муддат «Интер» ва «Реал»да фаолият юритди. Айтиш жоиз, тақдир тақозоси билан Италия ва Испанияда ишлашга мажбур бўлган Жозе ушбу мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Моуриньо жамоани якка ўзи бошқаришни хуш кўради, Абрамович билан келишмовчилик юзага келишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлган. Қайси клубда ишламасин, ўзини худди жамоа раҳбаридек тутишга интилади. «Реал»да фаолият юритган кезлари бошқарув масаласида клуб директори Хорхе Вальдано билан тортишиб қолганди.
Жозе қайси чемпионатда ишламасин, қатъият ва матонати эвазига улкан ғалабаларни қўлга киритиб келмоқда. У Португалия, Англия, Италия ва Испания чемпиони. Боз устига, яна бир кўрсаткич бўйича мутлақ рекордчи саналади. Моуриньо 3та клуб билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш вазифасини уддалади. «Порту», «Интер» ва «Реал»га Европанинг энг кучли клуби номини тортиқ этган мутахассиснинг «Челси» билан ЕЧЛда ғалаба қозонишига нимадир тўсқинлик қилаётгандек. Футбол жамоатчилигининг аксар қисми Жозени дунёнинг энг кучли мураббийи, деб билади. Қи-зиғи, Моуриньонинг ўзи ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Терма жамоадаги фаолияти: Жозе Моуриньо 2007 йилда Англия, 2010 йилда эса Португалия терма жамоасидан келиб тушган таклифларни рад этган. Моуриньонинг айтишича, терма жамоани бошқаришга ҳали ёшлик қилармиш...
Юрий САРКИСЯН
Ўзбек футболи тарихи ҳақида китоб ёзилса, Юрий Саркисянга алоҳида боб ажратилиши турган гап. Бу мураббий нафақат «Нефтчи», балки бутун ўзбек футболи манфаати учун астойдил меҳнат қилди. Саркисянни бежизга «ўзбек футболининг Фергюсони» дейилмаган. Юрий Вазгенович ҳам худди Сэр Алекс сингари жамоадаги барча ишни шахсан ўзи бошқарарди. У ҳам худди шотландиялик ҳамкасби сингари совринларни тўхтовсиз қўлга киритган. Фарғоналиклар ушбу мураббий қўл остида 5 марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, 9 марта кумуш медаль билан кифояланишган. Буни қарангки, Саркисян ва Фергюсоннинг клуб бошқарувига келган ва кетган йиллари ҳам деярли бир хил. Сэр Алекс «МЮ»ни 1986-2013 йиллар мавсумида бошқарган бўлса, Саркисян «Нефтчи»да 1987 йилдан то 2013 йилгача ишлаган.
Терма жамоадаги фаолияти: Юрий Саркисян «Нефтчи»да ҳар қанча улуғвор натижаларга эришмасин, мамлакатимиз бош жамоасидаги фаолияти «қора кун» лар билан ёдда қолган. Ўзбекистон термаси ўз тарихида энг шармандали мағлубиятни айнан Саркисян мураббийлиги остида қабул қилган (2000 йил, Ливан, Осиё кубоги, Япония - Ўзбекистон 8:1).
Самвел БАБАЯН
Самвел Бабаян қайси клубда ишламасин, аниқ бир фаолият тури билан чекланмаган. «Навбаҳор»да ҳам, «Пахтакор»да ҳам жамоа учун қайғуриб, бу йўлда бор куч-ғайратини ишга солган. Шундай экан, «Пахтакор» ғалабаларининг ярмини бемалол Самвел Бабаян ҳисобига ёзсак бўлаверади. Ўз навбатида, менежерлик вазифасини ҳам қойилмақом тарзда бажарди.
Бабаян 2002 йилда «Пахтакор»га вице-президент сифатида келган эди. Жамоа 2014 йилга қадар бўлган вақт оралиғида 7 марта чемпионликни тантана қилди. Ниҳоят, ўтган йили у жамоа бошқарувини ҳам ўз қўлига олди. Натижа ёмон эмас - «Пахтакор» яна чемпион! Самвел Бабаян эса «Йилнинг энг яхши мураббийи» совринига лойиқ кўрилди.
Терма жамоадаги фаолияти: Ўзбекистон миллий термасини яқиндагина қабул қилиб олган мутахассис 2001 йили мамлакат бош жамоаси менежери сифатида иш юритган. Терма жамоа ёмон натижа қайд этгач, бошқа мураббийлар қатори у ҳам истеъфога чиқарилганди.
хулоса
Мана шунақа гаплар. Биз дунё ва ўзбек футболининг топ-менежерлари ҳақида суҳбатлашдик. Кўриб турганингиздек, бу мутахассисларнинг иш фаолияти ва эришган ютуқлари турлича. Аммо уларни бирлаштириб турувчи ягона муштарак жиҳат - уларнинг терма жамоада муваффақият қозона олмагани. Фергюсон ва Бердиев тезда жуфтакни ростлаган бўлишса, Моуриньо ва Венгер терма жамоа таклифини рад этишган. Юрий Саркисян эса... У яхшиси хотирамизда «Нефтчи»нинг афсонавий мураббийи сифатида қолгани маъқул.
Мазкур масалада Самвел Бабаяннинг инқилоб ясашига умид билдирамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).