Ўтган ҳафта Ўзбекистон Биринчилигининг иккинчи босқич ўйинларига қуръа ташлаш маросими ташкил қилинди. Бизда одатда қуръа маросимлари деярли бир хил кўринишда ўтказилади. Дастлаб ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометов аччиқ ҳақиқатларни айтади, кейин “Спорт” бўлими мутахассислари камчиликлар ва қуръа ташлаш жараёни билан таништиради. Бу орада кимдир савол беради, кимдир жим ўтиради ва шу тариқа тадбир ўтиб кетаверади. Бунга ўрганиб ҳам қолганмиз. Ўтган ҳафта ўтказилган қуръа ташлаш маросими ҳам қайсидир маънода шу кўринишда ўтди. Газетамизнинг аввалги сонида қуръа ташлаш жараёнида ҳақида батафсил тўхталганимиз боис, бугун бу мавзуга қайтишимиз сал ноўрин бўлар, бироқ таассурот бошқа, расмийларнинг фикрлари бошқа. Биз бугун қуръа таассуротлари ва биринчи лига ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Қуръа ташлаш маросимида ҳам ОАВ ходими, ҳам клуб вакили сифатида иштирок этдим. ЎФФ биносига тадбир бошланишидан 15 дақиқа олдин борганимда залда атиги икки нафар клуб расмийси маросим бошланишини кутиб ўтиргани эътиборимни тортди. Ҳали вақт бор, ҳамма етиб келишга улгуради, деб тахмин қилгандим. Лекин тахминим ўзини оқламади. Сабаби, тадбир Фарҳод Магометовни кутиш туфайли бир неча дақиқаларга кечроқ бошланган бўлса-да, нақд 6та(!) клубдан расмийдан дарак бўлгани йўқ. Ҳар ҳолда биз юз кўзидан танимаганимиз учун ПФЛ расмийларининг гапига асосланиб айтамиз. Фарҳод Абдуалиевич гапни бошлаганида ПФЛ расмийси Алик Худайдотов Наманганнинг икки жамоаси – “Хотира-79”, “Косонсой”, “НБУ-Осиё”, “Хоразм”, “Орол” ва “Зомин”дан вакил йўқлигини таъкидлади. Нукус жамоаси расмийлари тадбирда қатнаша олмасликларини аввалдан айтиб ПФЛни огоҳлантирганини Роман Черенков эслатиб қўйди. Аммо қолганлар нима сабабдан ўзларига тегишли бўлган қуръа маросимида қатнашмаётгани ғалати эди. Айтганча, “банкирлар” устози Руфат Акрамхўжаев бироздан кейин қуръада кўриниш берди. Тадбирнинг маълум қисми ўтиб бўлганида яна бир вакилга кўзимиз тушди. Хуллас, барибир жамоа расмийлари тўлиқ кўриниш олмади. Энг қизиғи, ОАВдан бирор бир ходим қуръа ташлаш маросимида қатнашмади. Шунинг ўзиёқ биринчи лигамизнинг бугунги аҳволи ва унга бўлган эътибордан дарак беради. Мен журналист сифатида ҳамкасбларимдан хафа бўлмайман. Боиси, клубларга, савиясини кўтариш учун бирор бир жиддиқ қарор қабул қилмаётган ПФЛга қизиқ бўлмаган чемпионатга қачонгача журналистлар жон куйдиради? Қачонгача савияни кўтариш ҳақида фақат журналистлар гапиради? Очиғи, охирги йилларда барча қуръаларда узлуксиз қатнашаётган бўлсам-да, ОАВ ходими иштироқ этмаган бунақа тадбирни кўрмагандим! Ҳеч бўлмаса икки нафар журналист бўларди. Шу куни агар ўзимни ҳам клуб вакили сифатида оладиган бўлсам, матбуотдан ҳеч ким бўлгани йўқ.
Залга кириб келган Фарҳод Магометов ходимларидан тадбирда иштирок этмаётган клублар ҳақидаги маълумотларни ўзига топширишларини вазифа қилиб белгилади. Сўнг ҳазил тариқасида Валерий Лёткинга иккинчи босқични шу 10 жамоа иштирокида ўтказиб қўйиш таклифини берди. Ўз навбатида Валерий Николаевич бу муаммо эмаслигини, залда ўтирган клуб расмийлари бироз кутиб ўтиришса, ҳамма ташкилий ишларни жойига қўйишларини айтиб ўтди. Ҳазил гаплар айтиб бўлингач, Фарҳод Абдуалиевич сўзга чиқди. Аслида юқоридаги фикрни жиддийга айлантириб юборишса шахсан мен хурсанд бўлардим. “Орол”ни тушунамиз, узоқдан келади, клуб молиявий томондан қийналиб турган бир вақтда шу сафар ҳам ортиқчалик қилиш мумкин. Қолаверса, улар ПФЛни огоҳлантириб қўйишган. Қолганларчи? Ҳеч бир хат-хабарсиз тадбирда иштирок этмади. Аниқроғи, “Орол”дан бошқа ҳеч ким огоҳлантирмаганини ПФЛ расмийлари таъкидлашди. Одатда таълим даргоҳлари ва идораларда ҳам сабабсиз ўқиш ёки ишга келмаганлар жазоланади. ПФЛ ҳам йирик бир ташкилот. Улар нега ўзларига нисбатан ҳурматсизлик қилганларни жазоламайди? Фарҳод Магометов сўзга чиққанида клубларда тартиб-интизом бўшашиб кетгани, футболчиларда одоб йўқлигига алоҳида урғу берди. Бу гапларда жон бор, қўшилмасдан иложимиз йўқ. Айниқса, ўйинчиларни жиддий назоратда ушланмаса, улар керак бўлса клуб раҳбарларини ҳам оёқ ости қилишлари мумкин. Бугун бу оддий ҳаётий ҳақиқат бўлиб қолди. Оилада ота-онасига бемалол тик қарайдиган фарзанд турли алдовлар билан клубга олиб келадиган, тўп тептириб маоши-ю, мукофот пулини бермайдиган раҳбарга тик қарамайдими? Фарҳод Абдуалиевич таъкидлаганидек, бу каби ўйинчилар раҳбарининг елкасига чиқиб олади. Футболчиларимиз футболимизнинг, мамлакатимизнинг юзи саналади. Айниқса, халқаро майдонда улар юрт шарафини ҳимоя қилишади. Бундай ўзбошимчаликлар келажакда барибир бир кун панд бериб қўйиши мумкин, аммо бизни бошқа ҳолат ўйлантирди. Магометовнинг ўзи ҳам клубларга нисбатан, озгина ўхшатиш қиладиган бўлсак, ПФЛ фарзандлари бўлмиш жамоаларни қаттиққўллик билан тарбиялаганда бугун улар ташкилотнинг чақирувини беэътибор қолдирмасмиди? Сал қўполроқ қилиб айтганда отасининг юзига оёқ қўймасмиди? ПФЛ раҳбари клублардан талаб қилишдан олдин ўзи шунга амал қилса мақсадга мувофиқ бўларди. Жамоалар қуръа ташлаш маросимига ҳеч бўлмаса бир нафаргина вакилини жўнатмаслиги, устига-устак, бу билан ПФЛни огоҳлантирмаслиги Фарҳод Магометов раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг клублар олдидаги обрў-ҳурматидан дарак беради.
Фарҳод Абдуалиевичнинг ҳар бир қуръа ташлаш тадбирида куюнчаклик билан, аччиқ ҳақиқатларни гапиришига ўрганиб қолганмиз. Хоҳ олий лига бўлсин, хоҳ биринчи лига ПФЛ Бош директори 15-20 дақиқа клуб расмийларини уришиб қўяди. Буниси яхши, аммо натижачи?! На олий лига ва на биринчи лигада ўзгариш бўляптими? Олий лига алоҳида мавзу. Биз бугун биринчи лига ҳақида гаплашмоқчимиз. Аҳволни кўрсангиз ачинасиз, киши?! Магометов Фарғона вилояти футбол федерацияси вице-президенти Салим ака Зокировдан “Ёзёвон-Лочинлари” раҳбарини сўраттирди. Эмишки, ПФЛ чақирса, у киши бир дақиқада етиб келиши керак экан. Албатта, бу жаҳл билан айтилди. Аммо мавсумнинг биринчи қисми ўтиб кетди. Ҳамма жанжал-тўпалон Ёзёвонда бўлаётган эка унда нега шу вақтгача жамоага нисбатан кескин чора кўрилмади? Магометовнинг гап-сўзидан кўриниб турибдики,шу вақтгача клубнинг ҳеч бир расмийси билан учрашмаган, балки чақиртирмагандир ҳам. Агар чақирганида ва клубдан у-бу ким келганида қуръа вақтида бу мавзу кўтарилмасди. Биринчи босқичда ўз уйида 9та учрашув ўтказган “Ёзёвон-Лочинлари” лига дебютанти ҳисобланади. Қандайдир тушунмовчиликлар бўлаётган бўлса, раҳбар одам клуб расмийсини чақириб тушунтириш ўтказмайдими? Темирни қизиғида босиш керак, дейишади. Агар Ёзёвонда жанжал-тўпалон бошланганидаёқ Магометов клуб раҳбарини чақиртириб, жиддийроқ гаплашиб олганида жанжал-тўпалоннинг сони ортиб кетмасди.
Фарҳод Абдуалиевич йиғилишда ёшни қисқартирадиган футболчилар ҳақида ҳам гапириб ўтди. Қизиқ, футболимизнинг кичик раҳбари футболимиздаги бу қинғирликлардан ҳам хабари бор экан. Биз хабари бўлмаса керак, акс ҳолда бунга қарши курашади, деб ўйлардик. Ёдингизда бўлса, ўтган йили ОАВ келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш олиб борилишини расмийларимиздан тинмай талаб қилди. Ўшанда аксар расмийлар бизни айблаган, айримлари исботлаб беришсин, дейишган. Аммо уларнинг ҳеч бири журналист тарафида бўлмаганди. Бундан бир ойлар муқаддам “Спорт” телеканалида “Соккер клуб” кўрсатуви эфирга узатилди. Ҳамкасбимиз Бахтиёр Ширинов томонидан ёшни қисқартириш бўйича айтилган ҳақиқатлар мухлислар томонидан илиқ қарши олинди. Аммо бирор бир футбол расмийси бунга жавоб бергани йўқ. Ваҳоланки, ҳамкасбимиз санаб ўтган футболчилар бугун ҳам майдонда, бемалол ўйнаб юришибди. Улар очиқ-ойдин футболимиз устидан кулаётган ўйинчилардир, яна билмаганларимиз қанча?! Ёшини қисқартирганини кутилмаганда устозлари-ю, дўстлари айтиб қўядиган ўйинчиларимиз камми? Шулар футболимиз оёғига болта ураётганини Фарҳод Магометов билар экан, нега бунга қарши курашмайди, Хўп, бир ўзи курашса ҳеч нарсага эриша олмас, нега унда журналистлар томонидан исботлаб берилган ҳақиқатларга кўз юмади? Тўғри, инсонни ўзида бўлмаса, ўзини-ўзи тарбияламаса жамият курашгани билан нимагадир эришиш қийин. Аниқроғи, эришса бўлади, фақат бу кўпроқ вақтни талаб қилади. Лекин барибир вақт ўтиб кетяптику?! ПФЛ ташкил топганига неча йил бўлди? Бу ташкилот ортда қолган вақт ичида нималарга эришди? Келишилган ўйинлар футболимизнинг энг оғриқли нуқтаси эди, бунга ҳам шахсан Мираброр Усмоновнинг ўзи аралашиши натижасида сал-пал ижобийликка эришдик. Ваҳоланки, бу миллий чемпионатни ўтказишга масъул бўлган ПФЛнинг вазифаси эмасми? ПФЛ бошида ёш чақалоқ эди, эндичи? Ўсмирга айлангандир? Ҳозирги ўсмирлар нималарга эришаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ҳайрон қоласан киши. ПФЛ битта тақвимни нормал ҳолатга келтира олмаса, биринчи лиганинг аҳволи бу бўлса, унда бу ташкилотни нима кераги бор?! Яхшиям, олий лига клублари бироз бўлса-да, профессионал, акс ҳолда улар ҳам ҳозиргача “оқсоқланиб” юрган бўлармиди?
Тўғри, биз кечиримли халқмиз. Бу қон-қонимизга сингиб кетган. Аммо бу футболни оёқ-ости қилишга рухсат дегани эмас. Хато қилган кечирилади, атайин қилган жазоланиши шарт! ПФЛга шу ерда ҳеч қачон қаттийлик етишмаган. Шунинг учун ҳам бугун шу аҳволга тушиб ўтирибмиз. Инсон касбини севсагина уни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Акс ҳолда маошини олиб, ишлаб юраверади. Биринчи лига ўйинларини кузатиб борадиган ПФЛ расмийсини кўрмайсиз. Айтганча, “Келишилган ўйинларга қарши курашиш” қўмитаси раҳбари Аҳрол Иноятов, “Ҳакамлар ва назоратчилар” қўмитаси расмийлари Баҳром Ҳайдаров ва Ноил Лутфуллинни нафақат олий лига, балки биринчи лига учрашувларида ҳам кўришингиз мумкин. Аммо қолганлар фақат офисда ўтириб ишлашади. Шунда ҳам айрим вазиятларда уларни офисдан топишингиз мушкул. Узр, ёддан кўтарилибди, қолганлар ЎзПФЛ вакили сифатида олий лига ўйинларини кузатиб келишяпти. Сафар харажатларини клублар кўтарганидан кейин, яхши нонушта-ю, тушлик ва кечки овқат ҳамда асосийси, ажойиб меҳмонхона бўлганидан сўнг ким ҳам сафарга боришни истамайди, дейсиз?! Бунақа текин жой бўлса, айримлар терма жамоага ўзини-ўзи илмий-методик мураббий сифатида тайинлаб олиб, йирик турнирларга боришдан ҳам тап-тортмас экан. Бу ерда олий ва биринчи лига “қизиб” ётибди, қилинадиган ишлар кўп, у терма жамоа билан сафарда юрибди. Шунчалик ҳам бўладими, инсон!? ПФЛ раҳбаридан тортиб, айрим масъул шахсларигача охирги марта ўз хоҳишингиз билан қачон стадионга тушиб, олий ёки биринчи лига ўйинларини кузатдингиз, деб сўрасангиз, катта эҳтимол билан эслай олишмаса керак. Яна танқид қилган журналист айбдор. Ҳар ҳолда ўша журналистлар ПФЛ ходимларидан кўпроқ ўйинни бевосита стадионда кузатади ва улардан кўпроқ маълумотга эга. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон ўз касбида ривожланишни хоҳласа бунинг учун ўша касбни чин дилдан яхши кўриши шарт! ПФЛ ходимларининг ҳар бир ўз йўналиши бўйича ўйинларни кузатганида камчиликларни ўз кўзлари билан кўришарди. Табиийки, муаммони бартараф қилишга бошқача ёндошилармиди?!
Йиғилишда барча аччиқ гапларни гапирган Фарҳод Магометов сўзи охирида ўзбекона қилиб, узр сўраб қўйди. Бу одоби учун ҳам раҳмат! Аммо қачонгача қаттиқ гапи учун кечирим сўраб юраверади. Бугун Магометов, эртага клуб расмийлари кечирим сўрайди. Шу-шу йиллар ўтиб кетади. Энг қизиғи, ПФЛ етакчи мутахассис Валерий Лёткин ҳам ҳар қуръа маросимида клуб расмийларига камчиликлар ҳақида гапиради. Мазмун бир хил, ўзгариш йўқ. Қаттиққўллик бўлмагани учун ҳам ўзгаришларни кўрмаймиз. Шу ҳолатда бўлса, яна бир неча йил ўзгаришларни кўрмаймиз, юраверамиз, умид қилиб. Хуллас, гапирсак гап кўп, аммо натижа йўқ! Ҳали бу мавзуга қайтамиз!
Фурқатбек НИШОНОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).