Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018|ОК-2019 саралаш баҳслари ўтказилиши муносабати билан XXIV миллий чемпионатимизда маълум муддатли танаффус юзага келди. Олий лига учрашувлари шу ҳафтадан яна давом эттирилади. Тақвимга мувофиқ, элитамизнинг навбатдаги, яъни 21-тур ўйинлари 11 ва 12 сентябрь кунлари ўтказилади. Мазкур тур доирасидаги ва умуман, жорий мавсумнинг энг қизиқарли ҳамда марказий ўйини шубҳасиз, «Пахтакор» стадионида ўтказилиб, унда амалдаги мамлакат чемпиони ва турнир жадвали пешқадами «шерлар» ўз майдонларида жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган «Локомотив»ни қабул қилишади. Таъкидлаш жоизки, мазкур баҳс чемпионликка тенг ва унда қайси жамоа ғалаба қозонса, олтин медални қўлга киритиш имкониятини яхшилаб олади. Ушбу учрашувни мамлакатимизнинг энг таниқли ва тажрибали ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқаради.
Шунингдек, 21-турда мухлислар Қаршида «Насаф» ва иккинчи давра баҳсларини муваффақиятли ўтказаётган «Шўртан» клублари ўртасидаги «Воҳа дербиси»га гувоҳ бўлишади. Самарқандда эса устоз-шогирд тўқнашуви юз бериб, Баҳром Ҳакимов бошчилигидаги «Динамо» Бахтиёр Ашурматов бошқараётган «Навбаҳор»ни қабул қилади. Бундан ташқари, «Сўғдиёна» ўз майдонида «Нефтчи», «Қўқон-1912» «Машъал», «Андижон» эса «Қизилқум» билан куч синашади. Аутсайдер «Бухоро» «Олмалиқ» меҳмони бўлади. Қисқаси, 21-тур ҳам ишқибозларга бир қатор қизиқарли учрашувларни тақдим этади.
Миллий чемпионатимизнинг 21-тур ўйинларини миллий терма жамоамиз, «Навбаҳор» ва «Пахтакор» жамоаларининг собиқ ярим ҳимоячиси Баҳодир Сейткамолов башорат қилади.
21-тур. 11 сентябрь (жума)
«Бунёдкор» (Тошкент) - «Металлург» (Бекобод)
Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент), Т.Гайнулин (Тошкент), А.Калинин (Қарши), И.Гармашов (Тошкент)
Назоратчи: Г.Имомов (Тошкент).
Жамоаларнинг имкониятлари - 75% - 25%
«Бунёдкор» мамлакатимизнинг кучли клубларидан бири ва ҳар йили ўз олдига юксак мақсадларни қўяди. Олий лиганинг ўртамиёна жамоаларидан бири бўлган «Металлург»нинг эса бу борада қарашлари ўзгача. «Маъданчилар» элитадаги ўринларини сақлаб қолган ҳолда, бекободлик мухлисларга қувонч улашишни асосий мақсад сифатида белгилашган.
Сергей Лушан шогирдлари эса буёғига ўз майдонларида очко йўқотмасликка интилишади ва ушбу учрашувда ғалаба қозониш учун барча имкониятларини ишга солишади.
12 сентябрь (шанба)
«Динамо» (Самарқанд) - «Нав-баҳор» (Наманган)
Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент), Р.Самандаров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), Б.Юльчараев (Гулистон)
Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).
Жамоаларнинг имкониятлари - 50% - 50%
Мазкур жамоалар тенг кучга эга ва ҳар икки рақиб устозлари бир-бирларини яхши билишади. Яъни бир пайтлари Бахтиёр Ашурматов Баҳром Ҳакимовнинг қўл остида тўп сурган. Шундай экан, ёш мутахассис ўз устози олдида мураббийлик салоҳиятини ҳам синовдан ўтказади. Шунинг учун Ашурматов шогирдлари мазкур баҳсда яхши натижага эришиш учун бор имкониятларини ишга солишади. Бундан ташқари, наманганликлар иккинчи давра учрашувларини яхши ўтказишмоқда.
«Қўҳна шаҳарликлар»га эса жорий мавсум баҳсларида барқарорлик етишмаяпти. Лекин «арслонлар» ҳеч бўлмаса, ўз майдонларида очко йўқотмасликка интилишади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мазкур ўйинда дуранг натижа қайд этилиши эҳтимоли юқори.
«СўҒдиёна» (Жиззах) - «Нефтчи» (Фарғона)
Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент), Ҳ.Шодмонов (Бухоро), А.Снетков (Тошкент вил.), Д.Каримов (Тошкент)
Назоратчи: Б.Галеев (Урганч).
Жамоаларнинг имкониятлари - 60% - 40%
«Сўғдиёна» иккинчи давра баҳсларини анча муваффақиятли ўтказмоқда ва айниқса, ўз майдонида кўпроқ зафар қучмоқда.
Фарғоналиклар эса ҳал қилувчи бос-қич учрашувларини анча омадсиз ўтказишмоқда. Айниқса, сафар ўйинларида «Нефтчи» омадсизликка учрамоқда. Шундан келиб чиқсак, Мурод Исмоилов шогирдларига Жиззахдан очко билан қайтиш осон бўлмайди.
«ҚўҚон-1912» (Қўқон) - «Машъал» (Муборак)
Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент), Р.Фозилов (Наманган), М.Мажидов (Наманган), Ж.Жалимов (Нукус)
Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).
Жамоаларнинг имкониятлари - 50% - 50%
Қўқонликлар ўз майдонларида маҳаллий мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида ҳар қандай клубга муносиб қаршилик кўрсата олишади. Бундан ташқари, олий лигада «жон сақлаб қолиш»га ҳаракат қилаётган жамоа ҳеч бўлмаса, ўз майдонида очко йўқотмасликка интилади.
«Машъал» эса водий клубларига муносиб қаршилик кўрсата оладиган жамоалардан бири. Демак, муборакликлар ҳам Қўқонга очко олиш илинжида ташриф буюришади. Бир сўз билан айтганда, мазкур учрашув анча муросасиз тарзда кечади.
«Пахтакор» (Тошкент) - «Локомотив» (Тошкент)
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент), А.Шукуруллаев (Тошкент)
Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).
Жамоаларнинг имкониятлари - 50% - 50%
Албатта, мазкур тур ва жорий мавсумнинг марказий ҳамда принципиал ўйинларидан бирининг қизиқарли тарзда кечиши табиий. Сўнгги 3 йилдан буён чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун ҳаракат қилаётган «Локомотив» жорий мавсумда мақсадга эришиш йўлида барча имкониятини ишга солади. Жамоа молиявий жиҳатдан ва таркиб борасида «Пахтакор»дан кучли. Демак, Вадим Абрамов шогирдлари мазкур ўйинда 3 очко учун ўйнашади. Лекин ўз майдонларида ўйнайдиган «шерлар» ҳам осонликча «жон беришмайди» ва турнир жадвали пешқадамлигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишади. Шундан келиб чиқсак, ушбу учрашувда муроса кўчаси танланса керак.
«Насаф» (Қарши) - «Шўртан» (Ғузор)
Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий), Б.Қодиров (Бухоро), А.Қўлдошев (Бухоро), Э.Турсунов (Бухоро)
Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).
Жамоаларнинг имкониятлари - 70% - 30%
«Шўртан» иккинчи давра баҳсларини муваффақиятли тарзда ўтказяпти. Гарчи ҳал қилувчи босқич ўйинларида мағлубиятга учрамаган бўлса-да, Қаршида «Насаф»дан очко тортиб олиши қийин. Боиси, «аждарлар» ҳар йилгидек, жорий мавсумда ҳам совриндорлар сафидан жой олиш учун кураш олиб боришмоқда ва улар учун ҳар бир очко қадрли. Шундай экан, қаршиликлар ўз майдонларида кечадиган ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қилишади. Ғузорликларга қарши кечадиган учрашув ҳам бундан мустасно эмас.
«Андижон» (Андижон) - «Қи-зилҚум» (Навоий)
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), М.Саидқосимов (Тошкент), Р.Нўъмонов (Тошкент), А.Рубаков (Тошкент)
Назоратчи: Ғ.Каримов (Тошкент).
Жамоаларнинг имкониятлари - 70% - 30%
Бу «Андижон»нинг янги бош мураббий Сергей Ковшов қўл остидаги илк ўйини. Шу сабабли, мезбонларда мотивация кучли бўлади. Бундан ташқари, андижонлик ишқибозлар жамоани ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашади. Бу эса Ковшов шогирдларига қўшимча куч бағишлаши табиий. Шунингдек, «Андижон» айни пайтда турнир жадвалининг 15-поғонасини эгаллаб турибди ва клубга элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун ҳар бир очко қадрли. Шунинг учун бу ўйинда водийликлар ютуққа эришиши учун интилишади. «Қизилқум» эса яхши жамоа бўлишига қарамай, Андижонда очко олиши қийин.
«ОлмалиҚ» (Олмалиқ) - «Бухоро» (Бухоро)
Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), Р.Серазетдинов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент), Р.Лутфулин (Тошкент)
Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).
Жамоаларнинг имкониятлари - 60% - 40%
Ушбу учрашув фаворити маълум. Боиси, ўз майдонида етакчи клубларни ҳам мағлубиятга учратишга қодир «Олмалиқ» аутсайдер «Бухоро»га очко улашмаслиги аниқ. Тўғри, турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турган меҳмонларга ҳам очко сув ва ҳаводек зарур. Лекин Жамшид Саидов шогирдларининг яхши шаклланган «Олмалиқ»қа муносиб қаршилик кўрсатишлари осон эмас. Мазкур ўйинда бухороликлар навбатдаги мағлубиятни қабул қилиб олишади, менимча.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).