Ортда қолган трансфер мавсуми бундеслигада ҳам қизғин ўтди. Немислар етти ўлчаб, бир кесадиган халқ сифатида довруқ қозонган бўлсаларда, у ерда ҳам беҳуда сарф-харажатлар, ҳатто қаллобликнинг олий даражасини намоён этувчи «келишув»лар ҳам қайд этилди. Уларнинг 6 нафар энг қизиқарлиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Якуб Блашчиковски ва Кевин Гросскройц
Киноя тушунарли
Юрген Клопп давридаги «Олтин Боруссия»нинг етакчилари янги бош мураббийга керак бўлмай қолишди. Шу боис унинг ишларига халақит бермасликка қарор қилишди. Томас Тухель ўз жамоасини шакллантириш билан банд. Бу пайтда польшалик футболчини «Фиорентина» ўз паноҳига олди. Воқеалар ривожи «бинафшаранглар» мавсум охирида Блашчиковскини бутунлай сотиб олишларидан дарак бермоқда. У фаолиятини олмон заминида давом эттириши ҳам мумкин эди. Бироқ буни истамади: «Шальке» мени ўз сафига қўшиб олиш учун астойдил ҳаракат қилди. Аммо дортмундлик мухлисларга ҳурматим туфайли бу таклифни қабул қилмадим. Назаримда, ҳаётда моддий манфаатдан кўра муҳимроқ қадриятлар ҳам бор». Якуб олий жаноблик фазилатини намойиш этган бир пайтда Аарон Хант бременлик мухлисларнинг юз-хотирини бир четга сурган ҳолда «Гамбург» билан шартнома имзолаётганди. Кевин Гросскройцга келсак, немис футболчиси «Боруссия»га ЕЧЛда керак бўлмай қолди. Бундан ташқари, клуб мутасаддилари ҳам уни аввалгидек хушламай қўйишганди. Эҳтимол бунга Кевиннинг майдон ташқарисидаги айрим ножўя ҳаракатлари сабаб бўлгандир. Хуллас, трансфер дарчасининг ёпилишига саноқли соатлар қолганида «Галатасарой» уни ўз таркибига қўшиб олди.
2. Абдул Раҳмон БАБА
Буюк фирибгарлик
Сўнгги маълумотларга кўра, «Аугсбург» клуби ўзининг ганалик ҳимоячисини сотиш орқали 25 млн. (барча бонуслар билан) еврони қуртдек санаб олди. Яъни, Маркус Вайнцирль жамоаси бутун мавсум давомида бемалол дам олса ҳам бўлаверади. Чунки у футболчини сотиш орқали йиллик бюджетни қоплайдиган маблағни ишлаб олди. Бундай ажойиб имконият 100 йилда ҳам қайтиб келмаслиги мумкин! Тўғри, «олди-сотди»да «Челси»дек «гардкам»чи клубни чув тушириш унчалик мураккаб эмас. Бироқ «Аугсбург» вакилларининг музокаралар чоғидаги устамонликлари ва совуққонликлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Мажозий маънода ифода этганда, қорни оч қашшоқ қотган нонини қорни тўқ меҳмон олдига қўйди. Меҳмон эса уни ўта тансиқ таом ўрнида қабул қилиб, бир неча баробар қиммат баҳода харид қилди.
3. Кевин-Принс Боатенг
Ёзда ялло қилиб клубсиз қолди. Янги мавсумда ганалик ярим ҳимоячи учун ўз таркибидан жой ажратмаган «Шальке» нима қилиб бўлса ҳам йилига 8 млн. евро маош оладиган аъзосидан тезроқ халос бўлиш йўлини излай бошлади. Клуб Боатенгга Швейцариянинг «Сьон», Португалиянинг «Спортинг», Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» жамоалари, «Милан» ёки «Галатасарой»га хизмат сафари, Американинг бош лигасини таклиф қилди. Футболчи янги иш жойи топиш масаласига ўта совуққонлик билан ёндошди. У футбол жамоалари идораларига қатнашдан кўра, Ибицадаги нуфузли пляжда сайр қилишни афзал кўрди. Тиззасидаги жароҳатини эса бутунлай унутди. Яъни, машҳур масалдаги ниначи каби ёз бўйи ялло қилиб, қиш ғамини емади. Оқибатда ҳеч бўлмаганда январь ойигача ишсиз қолди.
Лекин Кевин-Принс учун ҳозир ҳам айрим имкониятлар йўқ эмас. У ҳали трансфер мавсуми якунига етмаган Мексика чемпионатидан иш топиши мумкин. Қолаверса, «Шальке» унинг шартномасини тўлиқ адо этишга мажбур. Акс ҳолда, 5 млн. евро миқдорида товон пули тўлашига тўғри келади.
4. Чарлес Арангис
13 миллионли бемор
«Байер»нинг 2015|2016 йиллар мавсумида амалга оширган энг шов-шувли трансфери якунда энг катта исрофгарчиликка айланди. Марказий чизиқни кучайтиришга аҳд қилган «доришунослар» сўнгги Америка кубоги турнирининг бош қаҳрамонларидан бири учун нақд 13 млн. евродан воз кечишганди. Буни қарангки, ҳатто «Байер» ҳам баъзан хатоликларга йўл қўяркан. ЕЧЛ турнирининг ҳал қилувчи саралаши билан банд бўлган жамоанинг янги мавсумга пухта ҳозирлик кўришида чилилик легионер асосий ролни ижро этиши тахмин қилинганди. Бироқ Арангис янги жамоасига ҳеч қандай наф келтирмади. Боз устига, расмий тақдимот маросимидан кейин 1,5 ҳафта ўтгач, жиддий жароҳат олди. Энди у камида ярим йил майдонга тушолмайди.
5. Юлиан Дракслер
«Кўча кўрмаган»
Бутун ёз давомида немис футболчиси ва унинг агенти Рожер Уитманн атрофида туринлик скаутлар гирдикапалак бўлишди. Аллегри «Шальке» плеймейкерини «Ювентус»нинг бош мақсади сифатида очиқ-ойдин тан олганди. Шу боис, «Ювентус» вакиллари ҳар сафар Юлиан билан учрашганда баҳони ошираверишди. Ниҳоят, футболчи таслим бўлиб, Италия гранди билан шахсий келишувга эришди. «Шальке» ҳам футболчининг манфаатларини инобатга олган ҳолда 25 млн. еврога «барака» берди. Аммо иш деярли пишиб бўлган пайт, Кевин де Брюйненинг «Сити»га ўтиб кетиши ҳаммасини ағдар-тўнтар қилди. Унинг ўрнини зудлик билан тўлдиришга мажбур бўлган «Вольфсбург» узоқ савдолашиб ўтирмай, «Шальке» талаб қилган 35 млн.ни санаб берди ва ўз таркибини навбатдаги жаҳон чемпиони эвазига кучайтирди. «Ювентус» эса бўш қўл билан қолиб кетди.
6. Кевин де Брюйне
Сўнгги трансфер мавсумида инглиз клублари бундеслигадан умумий 200 млн. евролик харидларни амалга оширишди. Улар орасида меҳнатсевар «қора тулпорлар» (Шинжи Оказаки «Лестер»га) ҳам, таниқли футболчилар (Бастиан Швайнштайгер «МЮ»га) ҳам бор. Одатдагидек, бу борада «Ман Сити» кўпроқ фаоллик кўрсатди. «Шаҳарликлар» Германия чемпионатининг энг яхши футболчисини ўз сафларига қўшиб олиш учун рекорд даражадаги маблағ - 75 млн.дан воз кечишди. Де Брюйненинг «Вольфсбург»дан кетиши ҳеч кимни ажаблантирмади. Германияда у кўзлаган мақсадларига эриша олдими? Ҳа, жамоавий ва шахсий совринларга эга чиқди, энг яхши футболчи унвони ҳам нақд бўлди. Демак, олға юришни давом эттириши лозим. Қолаверса, қудратли автоконцерннинг доимий кўмаги билан «Вольфсбург» Кевиндек «оч бўри»нинг нафсини қондира олмади. Daily Mailнинг маълумотига кўра, футболчи «Сити»да ҳафтасига 275 минг маош олади. The Sunдагилар эса 380 минг евро олишини таъкидламоқдалар. Дарвоқе, ФИФАнинг қўллаб-қувватлаш дастурига биноан, Кевин де Брюйне трансфери қийматининг 0,5 фоизи (375 минг) «Вердер» клубига насиб этади. Бременликлар жамоаси бу футболчини 2012|2013 йиллар мавсумида ижарага олиб, камолотга эришишига ҳисса қўшганди.
Бонус. Ханс-Йоахим Ватуке, Герберт Брухханген, Макс Эберль:
Босслар исён кўтаришди
«Боруссия» Д., «Айнтрахт» Ф. ва «Боруссия» М. клубларининг раҳбарлари амалдаги трансфер тизимини жиддий танқид остига олдилар. Ватцке трансфер дарчасининг ёпилиши муддатини 1 августга кўчиришни талаб қилди. Унинг фикрича, кўпгина бадавлат грандлар 31 августга қадар пайт пойлаб туришади-да, кейин кўз остига олиб қўйган футболчиларни қўлга киритиш учун 30, 40 , 50 млн.ни ишга солишади. «Шварцгельбенлар» жамоасининг ижрочи директори эса пул эвазига амалга оширилаётган бундай зўравонликлар жабрланувчи жамоа бош мураббийининг барча меҳнатини чиппакка чиқаришидан норози эканини таъкидлади. Унинг «Айнтрахт»даги касбдоши ҳам бу фикрни маъқуллаб, трансфер дарчасини келаси йилнинг ёзига қадар ёпишни таклиф этди. Қизиғи шундаки, бойваччалар зуғумидан энг кўп азият чеккан жамоа - «Вольфсбург»нинг спорт директори бу масалада бирон-бир фикр билдиришдан тийилди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).