Динамика (ҳаракат) ҳамда қувват - Швейцария миллий жамоаси ва «Ювентус» клуби ҳимоячиси Штефан Лихтштайнернинг ўйинига қараганингизда, миянгизга биринчи бўлиб, айнан шу 2та ибора келади. Бемалол таъкидлаш мумкин, Турин жамоаси юлдузи майдон ташқарисида оддий, ҳаттоки, анча камтарин йигит. «Швейцариялик экспресс» ўз мамлакати миллий термаси сафида 70 мартадан кўп ғалаба лаззатини туйишга улгурган тажрибали ҳимоячидир. Хусусан, у ЖАР-2010 ва Бразилия-2014 мундиалларида Швейцария термасининг энг яхши футболчиларидан бири эканлигини исботлади. Қолаверса, Штефан «Ювентус» сафига қўшилгани ҳамоно қисқа вақт ичида «бьянконерлар»нинг тиффозилар армияси ёқимтойига айланди. Эътиборлиси, 2011 йили «Ювентус»нинг янги стадионидаги илк гол айнан унинг ҳисобига ёзилди. Майдонда Швейцария соатлари каби аниқ ҳаракатланишга уринадиган футболчи табиийки, Туринда кўпдан-кўп совринлар соҳиби бўлди. Тўғри, шунинг баробарида фаолиятида аламли мағлубиятлар ҳам кузатилди. Дейлик, «Юве» Берлин мезбонлик қилган ЧЛ-2014|2015 финалида «Барселона»га бас келолмаган баҳс (1:3)да Лихтштайнер ҳам роса қийналди. Шунга қарамай, у келажакка умид билан қарашда давом этди. Мана, Штефан айни пайт Швейцария миллий жамоасига сардорлик қилмоқда ва дўстлари билан Франция-2016 (Европа чемпионати)га дадил одимламоқда. Швейцарияликлар 5 сентябрь куни саралаш доирасида Словения термасини қабул қилиб, кучли иродаларини тўла-тўкис намойиш этишди. Улар 80-дақиқагача 0:2 ҳисобида ортда бориб, қолган вақт давомида 3та гол урганча 3 очкони ўз томонларига оғдиришди. Тўғри, Лихтштайнер етакчилигидаги жамоа орадан 3 кун ўтиб, меҳмонда Англия термасига ютқазди - 0:2. Асосийси, бу терма айни пайт Евро-2016 чиптасини қўлга киритиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Штефан шу охирги 2та ўйин оралиғида FIFA.com сайтига махсус интервью бериб, Швейцария футболи яна катта умид бағишлаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, профессионал спортнинг руҳий босимини қандай енгаётганига ҳам тўхталди.
- Аввало, Швейцарияда йилнинг энг яхши футболчиси мақомини олганингиз билан табриклаймиз. Бу шахсан сизга қандай аҳамият касб этади?
- Ҳар қандай индивидуал совринни қўлга олиш ёқимли. Лекин футбол жамоавий спорт тури ва бу каби совринлар унчалик муҳим эмас. Ҳарқалай, жамоавий ютуқлар барибир, оғирроқ тош босади. Шундай бўлсада, айтишим жоиз, ўз мамлакатимда энг яхши футболчи мақомини олганим - ўтган ва ундан олдинги йилларда кўрсатган ўйинларим баҳоси. Шу томондан қарасак, индивидуал совриннинг аҳамияти ошади. Боз устига, футболда ҳимоячиларнинг бу каби эътирофга сазовор бўлишлари жуда қийин. Шундай экан, мен икки ҳисса хурсандман ва албатта, ғурурланишга ҳақлиман.
- 7 йилдан буён Италияда ўйнаб, сезиларли муваффақиятларга эришдингиз. Кўринишидан, итальянча ҳаёт тарзи сизга роса мос тушди, чоғи.
- Италия - Европадаги энг гўзал мамлакатлардан бири. Унда кўнглингиз тусаган ҳамма нарса бор: океан, тоғлар, кўллар, мазали таомлар ва асосийси, ажойиб ҳаёт. Умумун, менга итальян халқининг менталитети роса ёқади. Маҳаллий одамлар ғоят очиқкўнгил ва хотиржам. Айниқса, мамлакатнинг жанубида шундай. Яна италияликлар футболга муккасидан кетишган. Биласиз, Италияда футбол кўп жиҳатдан тактик ўйин ҳисобланади. Асосий эътибор тактик вариантларни мукаммаллаштиришга қаратилади ва шунинг учунми, ўйин ҳар доим ҳам чиройли чиқмайди. Демоқчиманки, бошқа лигаларда сал ўзгача футбол ҳукмрон. Диққатни тортадиган томони шуки, итальянлар айнан ўз футболларини ҳаддан зиёд севишади. Ҳар бир кишида бу борада муайян фикри, тушунчаси бор ва улар билан ўртоқлашишни хуш кўради.
- Футболга чексиз меҳр берган яна бир мамлакат - бу Бразилия. Швейцария термаси у ерда, яъни ЖЧ-2014да жуда сифатли ўйин намойиш этди. Мамлакатингизда Оттмар Хитцфельд ва Владимир Петкович бошқарувида янги авлод шаклланди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Маълум даражада. Швейцария термасида ғурурланиш учун асослар етарли. Дейлик, фақат Евро-2012ни ҳисобга олмаганда, 2004 йилдан буён ҳар бир йирик турнирнинг финал босқичига чиқишни уддалаяпмиз. Швейцариядек кичик давлат учун шунинг ўзи катта натижа. Муҳими, биз тўғри йўлдан кетяпмиз, жамоамизда иқтидорли йигитлар кўп. Дарҳақиқат, барчасини Хитцфельд бошлади. У миллий жамоамизни қўлга олгач, жуда ёш футболчиларга ўйин амалиётини тақдим этди. У тузган ўша таркиб ҳозир деярли ўзгарган эмас. Жамоамиздаги ривожланиш омили ҳам айнан шу. Ахир футболчилар бир-бирларини яхши тушунишса, майдонда эркин тўп суришади. Қолаверса, терма жамоа 2 ёки 3 ойда бир марта йиғилади ва бу ўйиннинг айрим жиҳатларини талаб даражасига олиб чиқишни мураккаблаштиради. Лекин таркибнинг ўзаги бир неча йил давомида ўзгармаса, барчаси енгилроқ кечади.
- Жамоангизда моҳият ўзгарди, дейиш мумкинми?
- Моҳият шуки, ўйин сифатига эътибор ошди. Ҳозир ёшлар ҳеч қандай қўрқувсиз, катта завқ билан ўйнамоқдалар. Техник салоҳият нуқтаи назаридан қарасак, эҳтимолки, жамоамиз юқори савияда эмасдир. Лекин ўйлайманки, жамоавий куч сифатида барчага ўрнак бўла оламиз.
- Миллий терма бошқаруви Владимир Петкович қўлига ўтгач, қандай ўзгаришлар сезилди?
- Хитцфельд даврига нисбатан олсак, айни пайт тактика устида кўпроқ ишлаяпмиз. Шу масалада жамоамиз анча ўсди. Петкович кучли мутахассис. У жамоани сал бошқача тайёрлаётганига қарамай, биргаликда муайян йўлни босиб ўтдик, ўзгаришлар самараси натижаларда ҳам кўринмоқда. Ишончим комил, Петкович шу билан тўхтаб қолмайди, жамоамиз ҳам.
- Хўш, яқин йилларда Швейцария футболини нималар кутяпти? Сизлардан йирик турнирларда муваффақият кутишга асос борми?
- Бу ҳақда аниқ гапиришим қийин. Зеро, йирик турнирларда доимо кимга қарши ўйнашга тўғри келиши ҳам муҳим. Шахсан мен Бразилияда омадли ўйнадик, деб ҳисобламайман. Кўплаб баҳсларда шунчаки, ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатиш имкониятига эга бўлмадик. Дейлик, Аргентина термасига қарши ажойиб тарзда тўп сурдик. Аммо шу учрашувни ҳисобга олмасак, қолганларида имкониятимизни тўлиқ намойиш этолмадик. Йирик турнирларда мудом олдимизга аниқ мақсадни қўйишимиз шарт: 16та кучли жамоа орасига тушиш ёки чорак финалга чиқиш. Бундай вазифаларни уддалашимиз мумкин, аммо асосийси, бошқа масала. Аниқроқ айтсам, биз аввало, ўзимизни назорат қилишни уддалашимиз ва ғолиблик менталитетини шакллантиришимиз зарур. Демоқчиманки, ҳозирги ҳолат билан чекланиб қолмасдан, янада кучайиш, янада яхшироқ ўйнашни ўйлаш лозим.
- Агар жаҳон чемпиони - Германия ва Европа чемпиони - Испания термалари билан таққосласак, швейцарияликларга нима етишмаяпти?
- Германия ҳам, Испания ҳам буюк клубларга эга улкан футбол мамлакатидир. Уларда катта захира ва сифат бор. Биласиз, бу жамоалар мудом улкан босим остида ўйнашади ва ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишлари талаб этилади. Швейцария термасида сал бошқача. Бизни кўпинча аутсайдер ўрнида қабул қилишади. Энди секин-аста соядан чиқиб, олдимизга янги-янги марраларни қўйишимиз керак. Евро-2016 бунинг учун яхши имконият. Дания ва Греция каби футбол нуқтаи назаридан кичик мамлакатлар миллий жамоалари йирик турнирларда фақат фаворитлар ғалаба қозонмасликларини ажойиб тарзда кўрсатиб бўлишди. Нега энди биз ҳам шундай қилмаслигимиз керак? Ўйлайманки, шов-шув кўтариш учун имкониятимиз йўқ эмас.
- Келажак режаларингиз қандай? Россияда ўтадиган ЖЧ-2018да ҳам қатнашишга кўзингиз етяптими ёки Евро-2016дан сўнг халқаро фаолиятингизга нуқта қўясиз?
- Айни пайт табиийки, бор эътиборим Евро-2016га қаратилган. Турнир вақтида 32 ёшда бўламан - бу футбол учун фахрийлик белгиси. Лекин айни пайт ажойиб спорт формасидаман, машғулотларда ҳамон кучли иштиёқ билан қатнашяпман. Муҳими, юқори савияда ўйнашда давом этишим мумкинлигини яққол ҳис қиляпман. Руҳий томондан қарасак, иштиёқим жуда юқори. Футболдан роҳатланиш масаласи ҳам шундай...
- Кучли иштиёқингизга шубҳаланиш ярамайди. Айтингчи, Берлиндаги ЧЛ финалида «Олимпиаштадион» майдонига тушаётиб, асабийлашганмидингиз? Ўша оқшом нималар ҳақида ўйлагандингиз?
- Ўйин куни айтарли асабийлашганим йўқ. Ўзимни анча хотиржам тутдим, аммо финал ҳақидаги ёқимли ўйлар миямдан сира кетмади. Чунончи, 2 соатдан сўнг ҳаммаси ижобий ёки салбий тугашини теран англаб тургандим. Тўғри, сал олдинроқ, яъни чамаси бир ҳафта давомида финални ўйлаб, роса асабийлашгандим ҳам. Фақат совринни бошим узра баланд кўтариш ҳақида ўйлардим, шу биргина ўйин миямда чарх урарди. Қисқаси, ҳал қилувчи баҳсни интиқ бўлиб кутдим. Ўйин вақти яқинлашгач эса, ҳаммаси жойига тушди. Умуман, клубимиз мавсумни ғоят кўтаринки руҳда ўтказиб, 2та соврин ютишга улгурган ва учинчисини ҳам қўлга олиш ниятида эди. Футболчилар ҳам, мухлислар ҳам бу орзуни рўёбга чиқариш учун қўлларидан келадиган барча ишни бажаришга шай тургандилар. Бинобарин, «Юве» Европадаги энг буюк клублардан биридир, бироқ айни пайт «Реал», «Барселона» ёки «Бавария» савиясидан озгина орқада. Қаранг, бу жамоалар мунтазам равишда финалга чиқишяпти. Ўйин арафасида «Ювентус» бундай имкониятга бошқа эга бўлмайдигандек, «Ҳозир ёки ҳеч қачон» қабилида ўйга чўмганим ҳам рост. Хуллас, учрашувдан сўнг шунга яраша, ғоят ранжидим, сиқилдим. Лекин ҳозир ортга назар солиб, ўтган йили барчасидан кўнглим тўлганини таъкидлашим мумкин. Шахсан ўз кўрсаткичларимдан ҳам ғурурланаман. Зеро, «Ювентус»нинг ЧЛ-2014|2015 доирасидаги барча 13та ўйинида тўлиқ қатнашдим.
- Охирги савол: футбол сиз учун аввало, нима?
- Ғолиблик руҳи ва буни шакллантиришга иштиёқ - футболнинг асосий мазмун-моҳияти шу. Аввало, футболни севганим, бу спорт турини ниҳоятда қадрлашим учун тўп ортидан югураман. Ўзимни кўрсатиш, юқори савияда ўйнашга ҳақли эканлигимни исботлашни хоҳлагандим. Бунга маълум даражада эришдим, деб ўйлайман. Энди энг кучли рақибларга қаршилик қилиш ва жамоадошларим билан кўп нарсаларга эришишни ўйлаяпман. Тўғрисини айтсам, майдон четидаги воқеалар мени унча хавотирга солмайди. Профессионал футболчи сифатида эътиборга тушиш, шоҳона ҳаёт кечириш - булар мен учун иккинчи даражали масала. Аксинча, пул замонавий футболни сохта, юзаки қилиб қўяди, деб ҳисоблайман. Зеро, ўз фикрларини баён этишни хуш кўрувчилар томонидан мислсиз босим ўтказилиши барчасини анча оғирлаштиради. Шунинг учун ҳам, Швейцарияга тез-тез боришни истайман. Чунки у ерда босимни ҳис этмайман. Умуман, мен қандайдир алоҳида шахс эмас, балки шунчаки, профессионал футболчиман...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).