30 ёшли ҳимоячи Роберто Хильберт бир неча йил «Штутгарт» сафида тўп сурган. 2007 йили эса ушбу жамоа сафида Германия чемпионига айланган. Кейин уч йил мобайнида Туркиянинг «Бешиктош» клубида ўйнади. 2013 йилнинг ёзида Германияга қайтган Хильберт «Байер» билан шартнома имзолади. 2007-2008 йилларда эса Германия терма жамоаси сафида 8та учрашув ўтказди. Беларуснинг БАТЭ клуби ЕЧЛда «Байер» билан бир гуруҳдан жой олган. Шу муносабат билан «Прессбол» нашри Роберто билан суҳбат уюштирди.
- Чемпионлар Лигасида «Байер»нинг рақибларидан бири Борисов жамоаси бўлишини билганингизда нималар ҳақида ўйладингиз?
— Аввалига гуруҳдаги имкониятларни ўрганиб чиқдим. Бироз хавотирга тушганим турган гап. Чунки бизга энг кучли рақиблар тўғри келди. БАТЭ ҳақида гапирадиган бўлсам, Алекс Глебни яна кўриш ҳақида ўйладим. У билан «Штутгарт»да бирга ўйнаганмиз. Умуман олганда, Беларусь чемпионини ҳурмат қилиш лозим.
— Глебдан ташқари БАТЭнинг яна қайси ўйинчиларини танийсиз?
— Ёлғон гапирмайман, бошқа ҳеч кимни танимайман.
— Александр билан «Штутгарт»да дўстлашганмисиз?
- Яқин дўст эдик, деб айта олмайман. Аммо муносабатларимиз яхши бўлган. Глеб ажойиб футболчи. Бежизга у «Арсенал» ва «Барселона»да ўйнамаган.
— «Байер» ўтган мавсумга қараганда кучайдими?
— Менимча, ҳа. Энди захирамизда майдонга тушиб, ўйинни кучайтира оладиган футболчилар бисёр.
— Жамоа бош мураббийи Рогер Шмидт ҳақида қандай фикрдасиз?
— Энг аввало, у ажойиб инсон. Муҳими, Рогер биздан нима истаётганини яхши билади.
— Шмидт «Байер»ни ўтган йилнинг ёзида қабул қилиб олганди. Айтишларича, сиз аввалига мураббийнинг ўйин услубига тушунмаётганингизни юзига айтган экансиз. Шу тўғрими?
— Ҳа. Умуман олганда, ҳар доим одамнинг юзига гапиришни маъқул кўраман.
— Бундай яшаш қийин эмасми?
— Осонмас. Лекин ҳаёт шундан иборат.
— Жорий мавсумда доимий равишда асосий таркибда майдонга тушяпсиз. Нима учун Германия чемпионатининг ўтган мавсумида 34та ўйиннинг атиги 18тасида қатнашдингиз?
— Дастлабки икки ойда ҳаттоки, «заявка»га ҳам киритилмагандим. Трибунада ўтирардим. Ҳеч қандай жароҳатим бўлмаган, соғлом эдим. Лекин негадир майдонга туширишмаган. Бироқ кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетди.
— «Байер» сафида ҳаракат қиларкансиз, қўполлигингиз туфайли жамоа дарвозасига 7та пенальти белгиланган. Бу борада леверкузенликларнинг антирекордларини янгилагансиз. Яқинда «Бавария»га қарши кечган учрашувда ҳам сизнинг айбингиз туфайли жамоангиз дарвозаси томон иккита пенальти белгиланди...
— Мюнхенликларга қарши ўйинни томоша қилдингизми? Ўша вазиятда пенальти бормиди? Менимча, йўқ. Ҳакамлар ҳам хато қилади-ку. Айтайлик, нотўғри позиция танлашади. Лекин менга фарқи йўқ. Иложи борича яхши ўйнашга ҳаракат қиламан.
— «Бавария»га йирик ҳисобда имкониятни бой бердинглар. Феликс Магатнинг айтишича, кейинги ўн йилда мюнхенликларни хеч ким тахтдан тушира олмас экан. Шу фикрга қўшиласизми?
— Бунча муддат ичида ҳар нарса бўлиши мумкин. Тўғри, «Бавария» жаҳоннинг энг кучли клубларидан бири. Лекин бундеслигада савияси юқори бошқа жамоалар ҳам бор. Масалан биз ёки «Вольфсбург». Шунингдек, кучли футболчиларни сотиб олишга қодир «Боруссия» (Дортмунд), «Шальке»ни ҳам унутмайлик.
— Ўтган мавсумда «Байер» 4-ўринни эгаллади. Бу жамоа учун муваффақиятсизликми ёки омадми? Ҳар ҳолда, жамоангиз Чемпионлар Лигасида иштирок этмоқда?
— Еврокубокда квалификациядан ўтишга мажбур бўлдик. Лекин энг муҳими, гуруҳ босқичига чиқдик. Умуман олганда, янада яхшироқ натижа қайд этишимиз ҳам мумкин эди.
— Фаолиятингизнинг энг юксак чўққиси «Штутгарт»да ўйнаган пайтингизга тўғри келадими?
— Ўша мавсумларда муваффақият қозонганмиз. Чунки иккинчи бундеслигадан штутгартликлар сафига ўтганман. Ўша йилиёқ мамлакат чемпионига айландим.
— Нима учун 2010 йили Туркияга кетгансиз?
— Янги чемпионатда ўйнаш, янги инсонлар билан танишиш истаги юқори эди.
— Болалигингизда дўстларингиз орасида этник турклар кўп бўлган экан. Шундайми?
— Иммигрантлар тўпланган туманда яшаганман. Ҳақиқатдан ҳам турк миллатига мансуб дўстларим кўп эди. Ҳозирда турк тилини яхши биламан. Айтганча, Германияда мени ҳам кўп марта хорижликка ўхшатишган. Одамлар исмим Робертолигини билиб, бразилиялик ёки португалиялик деб ўйлашади. Баъзилар албанияликка ҳам ўхшатишган.
— Истанбул сизга ёққанми?
— Ҳа. У ерда оилам билан ажойиб дамларни ўтказганман. Ҳозир ҳам имкони туғилса ўша шаҳарга бориб тураман.
— Туркиялик мухлислар германиялик фанатлардан фарқ қилишадими?
— У ерда ҳақиқий фанатизм ҳукмрон. Истанбулда учта йирик клуб бор. Кимнингдир бобоси «Бешиктош»га мухлислик қилса, отаси ҳам шу йўлдан кетади. Сизни ёқтириб қолишса, бу умрбод давом этади. Туркияни тарк этганимга икки йил бўлди, лекин ҳамон «Бешиктош» мухлисларининг севгисини ҳис қиламан. Улар аҳволимни сўраб туришади.
— У ерда келишилган ўйинлар фош бўлганида ҳам ўйнагансиз.
— Мавсумга тайёргарлик кўраётгандик. Бир куни телевизорда 90 кишининг ҳибсга олингани ва чемпионат старти бир ой ортга сурилганини айтишди. Бу бутун лига обрўси учун зарар келтирган. Ўшанда мураббийимизни беш ойга қамаб қўйишганди.
— Бундеслигада бу борада муаммолар йўқми?
— Менимча, Германияда бундай бўлмаса керак. Аммо бизда ҳам Роберт Хойцер исмли порахўр ҳакам чиққанди.
Жаъфарали Бобохонов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).