Франция яшил майдонларида ўтадиган Европа чемпионатининг сўнгги иштирокчилари ҳам аниқланишига озгина қолди. Учинчи ўринлар ичида энг яхши натижа қайд этган Туркия тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритгани боис, Швейцариянинг Ньон шаҳрида кўхна қитъанинг 8 термаси учун қуръа ташланди. Ушбу қуръа натижалари яна бир бора эски қадрдонлар ҳисоб-китобини намойиш этиб берди. Орзиқиб кутилган ўйинлар гувоҳига айланамиз насиб этса…
“ЭСДАН ЧИҚИБ КЕТГАНДИКМИ?!”
Норвегия – Венгрия:
12 ва 15 ноябрь.
Ушбу жуфтликдан бир-бирига энг муносиб рақиблар ўрин олишган, десак тўғри бўларди. Чунки Норвегия ҳам, Венгрия ҳам Европа чемпионатига чиқиш учун жуда қаттиқ кураш олиб боришлари турган гап. Анчадан бери уларни йирик мусобақаларда кўрмай қўйгандик.
Ўзаро ўйинларда ҳам деярли тенглик мавжуд. 16 бора тўқнашган рақиблар баҳсида Венгрия 6 марта, Норвегия эса 5 бора ғолиб келишган. Лекин рақамлардаги устунлик венгрияликлар томонида бўлса-да, охирги 5та ўйинда бирон марта ҳам ғалаба қозона олмаганлар. Охирги муваффақият Будепаштда 1981 йили рўй берган – 4:1!
Бу сафар ҳам жавоб ўйини Венгрия пойтахтида кечишини ҳисобга олсак, Норвегияга бироз мушкул бўлиши мумкин. Албатта, биринчи баҳсда скандинавлар бор имкониятларини ишга солишларига тўғри келади. Сульшерлар даври қайтганини исботлашлари талаб этилади. Кўрамиз…
Венгрия терма жамоаси бош мураббийи Бернд Шторкнинг фикрларига қулоқ тутайлик: “Қуръа ташлангунига қадар рақиблар ҳақида умуман ўйламадим. Чунки ҳамма рақиб барибир кучли эди. Ўйлаган нарсам фақат – жавоб ўйинини уйда ўтказиш бўлганди. Норвегия футболи билан танишман. Норвегияликлар тўғридан тўғри йўлланмани ҳам қўлга киритишлари мумкин эди. Аммо Италия билан кечган баҳсда имкониятни бой беришди. Кўриниб турибдики, ўйинлар оғир бўлади”.
ЁШЛАР ВА ҚАРИЯЛАР…
Босния ва Герцеговина – Ирландия:
13 ва 16 ноябрь.
Бу жуфтликдан футболнинг ёш авлоди билан кекса диёр вакиллари жой олишган. Сўнгги жаҳон чемпионати иштирокчиси Босния анчадан буён катта саҳналарда кўринмай қолган ирланд футболига қарши ўйнайди. Бу икки терма жамоа ўзаро бир мартагина учрашган. 2012 йили Дублинда кечган ўртоқлик ўйинида ирландиялик Эйдена Макгиди томонидан киритилган гол мезбонларга ғалаба келтирган эди. Бу гал энди ўйин ўртоқлик мақомида эмас. Жиддий кечиши турган гап. Уйғонаётган Ирландияга ЖЧ иштирокчилари қаршилик қила олишармикан, кўрамиз!
Босния терма жамоаси ҳимоячиси Мансур Муйжа бу борада шундай дейди: “Ирландия билан ўйнаймиз, деб ўйлагандик, шундай бўлиб чиқди ҳам. Ирландлар Уэльсга ўхшаш жамоа, шу боис бу услуб бизга номаълум эмас. Ирландия немислар билан кўрсатган ўйинидан сўнг катта тахсинга сазовор, албатта. Бизга осон бўлмайди, аммо тан олинг – Словения, Дания ё Норвегия вариантлари ҳам енгиллик ваъда бермасди-ку, тўғрими?!”
Рақиб жамоа бош мураббийи Мартин О’Нилнинг ҳам камтарона фикрлари билан ўртоқлашсак: “Агар бизда биргина ютуқ бўлса, у ҳам жавоб учрашувини уйда ўтказишимиз… Шунда ҳам ўша ўйиннинг муҳимлигини Сараевода ҳал қилиб келишимиз керак бўлади. Қолган масалада имкониятларимиз рақиб билан теппа-тенг! Ҳозирда таркибда баъзи муаммоларимиз бор. Икки ўйинчимиз дисквалификацияси туфайли иштирок эта олмайди. Биз Германия билан ажойиб ўйинлар ўтказдик, меҳмонда дуранг ва уйда уч очколи ғалаба. Бу воқеага кўп бўлмади, умид қиламанки, йигитларга бу нарса руҳан ёрдам беради.”
АЧИМОВИЧНИНГ ГОЛИ ЭСИМДАН ЧИҚМАГАН!
Украина – Словения:
14 ва 17 ноябрь.
Мана шу жуфтликка алоҳида эътибор қаратсак керак. Сабаби, Украина ҳам, Словения ҳам ёш мамлакат бўлишига қарамай, ҳозиргача футбол гигантларига қарши муносиб ўйин кўрсатиб келишаётгани тахсинга лойиқ. Уларни биз кўпинча плей-офф босқичларида кўрамиз. Табиийки, қуръа ҳам гоҳи-гоҳида уларни бир-бирига қарши сафланишга мажбур қилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Ўзаро ўйинларда Украина бирон марта енга олмаган. Тўртта ўйин, иккита дуранг ва иккисида мағлубият. Айниқса, Евро-2000 саралаш босқичида, худди шу чоркўчадаги тўқнашувда Андрей Шевченко жамоадошлари аламли ҳолда мағлуб бўлишгани эсингизда бўлса керак?! Россияни қандай жазолаган бўлишса, Словениядан худди шундай гол қабул қилган эдилар. Майдон марказидан урилган гол ҳали-ҳалигача Шовковскийнинг тушларига кириб чиқаётган бўлса, ажаб эмас.
Ҳозирда Украина таркибида Шева йўқ. Бироқ, охирги турда Испания билан кечган учрашув бу юртнинг салоҳияти ҳали йўқолиб кетмаганини кўрсатиб берди. Словениядаги ютуқ, албатта, жавоб учрашувининг уйида кечиши. Бошқа томондан, икки жамоанинг имкониятлари теппа-тенг!
“ЯНА КЕЛИШАМИЗМИ?”
Швеция – Дания:
14 ва 17 ноябрь.
Қўшнилар ўртасидаги баҳс ҳам жиддий кечиши аниқ. Сабаби, шведлар ҳам, данияликлар ҳам бир-бирларини жуда яхши биладилар. Уларнинг ўзаро ўйинига қолган учта жуфтликдаги ўйинлар ҳам тенглаша олмайди. 104 та баҳс, шведлар 45 марта, данияликлар 40 бора устун келишган. Дания ўзининг юлдузли даври – 1992 йилги Европа чемпионатида фақат Швециядан енгилган эди.
Бу икки юртнинг яна бир жиҳати ҳам борки, улар Европадаги энг яхши келишадиган жамоалар. 2004 йили улар ўйиндан олдин билдирилган “башоратлар”ни юз фоиз оқлаб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган ва гуруҳда Италияни ташлаб кетгандилар. Скуадро адзурра йиғлаб қолган эди. (Дарвоқе, келишишга ўрганган жамоаларимиз мураббийларига ўша ўйинни диққат билан томоша қилишни тавсия этар эдик. Сездирмасликни ўрганишсин, деймиз-да)
Дания ва Швеция яна бир бора тўқнаш келмоқда, бироқ энди келишишнинг имконияти умуман йўқ. Аниқроғи, ўртада Италия йўқ. Бунинг устига, фаолияти охирлаб бораётган Златан Ибрагимович охирги пайтларда сариқ либосда ҳеч нарса қила олмаяпти. Икки йил олдин айнан унинг шу босқичда қолиб кетганини ўзи ҳам, шведлар ҳам унутганларича йўқ. Бу сафар швециялик юлдузнинг бахтига Дания таркибида Роналдудек юлдуз йўқ! Аммо бугунги Дания жамоавий ўйин кўрсатиши билан кўпчиликни чўчитмоқда. Бунинг устига, жавоб баҳси ҳам Коппенгагенда ўтказилади.
Хайрулла Ҳамидов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).