Ўзининг бир ярим асрлик тарихида футбол кўплаб таниқли мураббийлар фаолиятига гувоҳ бўлди. Уларнинг тинимсиз изланишлари эвазига бу спорт тури ҳам мислсиз юксалишга эришди. Замонамизнинг таниқли мутахассислари даражасига кўтарилган Юрген Клопп, Жозе Моуриньо, Луис Энрике, Диего Симеоне, Алекс Фергюсон (рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) бу тараққиётга сезиларли улуш қўшдилар. Биз эса келажак футболида кескин ўзгаришларни амалга оширишга шай турган ёш мураббийлар ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.
Маркус Вайнцирль (Германия, 40 ёшда, «Аугсбург»)
Севимли схемаси: 4-2-3-1
Фалсафаси: Уйғунлашган ҳужумкор футбол
Ибора: «Жамоа руҳиятисиз футбол бўлмайди. Бир маҳоратга эга 2та жамоа беллашса, албатта, ҳамжиҳатлиги юқорироғи ғалаба қозонади».
Ҳикоямизни касбдошларидан ажралиб турадиган мураббийдан бошлашга қарор қилдик. Вайнцирль ўз мақсадини баландпарвоз иборалар билан эмас, амалий ишлари билан ифодалашни хуш кўрадиганлар тоифасидан. У имкони борича жамоатчиликнинг, айниқса, журналистларнинг эътиборидан четроқда туришни ёқтиради. Майдонда ҳам оддий кийимларда пайдо бўлиб, ўзини камтарона тутади. Лекин ана шу камтарлик остида улкан сир яширинган - Маркус германиялик мутахассислар орасида ўзига хос мураббий. «Орангиздан нари борса 2 ёки 3 нафарингиз рисоладагидек савияга кўтарила оласиз», - деган эди 2011 йилда Германиядаги мураббийлар курсининг раҳбари Франк Вормут заҳархандалик билан. Ваҳоланки, ўшанда унинг шогирдлари - «Байер»га ёрқин ўйинларни ўргатган Рожер Шмидт, қисқа вақт ичида ўзининг ёрдамчисига айланган Маркус Гистоль, «Ганновер»ни оёққа турғазган Тайфун Коркут ва қаҳрамонимиз Маркус Вайнцирль эдилар. 4 йил ичида у шундай самарали иш олиб бордики, уни мамлакатнинг келажаги порлоқ мураббийи сифатида эътироф эта бошлашди.
Турли тажрибаларга ўч бўлган Маркус ижодини учинчи дивизионнинг камтарин жамоаси - «Ян Регенсбург»да бошлади. Иккинчи даврада барча ҳужумчилар жароҳат туфайли сафдан чиқишгач, ёш мураббий оғир вазиятга тушиб қолди. Айнан шу паллада ихтирочилик қобилияти унга қўл келди - жамоа «сохта тўққизлик» тактик схемаси асосида тўп сура бошлади ва бир қатор ғалабаларга эришди. Жумладан, тажрибали «Карлсруэ» ҳам тор-мор этилгач, мураббий «Аугсбург» мутасаддилари эътиборига тушди. Жамоанинг шиддатли парвози 2013 йилнинг қишидан бошланди. Биринчи даврани омадсиз ўтказган «Аугсубрг» жадвал тубига тушиб қолганди. Шошилинч мажлис чақирган мураббий шогирдларига қарата шундай деди: «Ҳимояни уддалай олмаяпсизми, унда ҳужумга зўр беринг!». Вайнцирлнинг дадиллигидан руҳланган «Аугсубрг» ҳар қандай кучли рақибга ҳам ўз ҳукмини ўтказишга одатланди. Ваҳоланки, бюджети чекланган жамоада таркибни кучайтириш имкони деярли йўқ эди.
Ёш мутахассис 4-2-3-1 ва 4-1-4-1 схемаларидан унумли фойдаланиб, шогирдларига ҳужумкорлик руҳини сингдирди. Натижада, Тобиас Вернер ва Андре Хан каби ёрқин ўйинчиларни кашф этди. Ўтган йилнинг ёзида Ханни «Боруссия» М.га 10 баравар қимматига сотишга эришди.
Маркус ҳар бир рақиб услубини видеотаҳлил қилишга алоҳида эътибор беради. Оператор ёрдамида муҳим лавҳаларни ажратиб, футболчиларнинг электрон почтасига жўнатади. Шу тариқа 40 ёшли мураббий «Аугсбург»ни 5-поғонага кўтарди ва ЕЛда дебютини нишонлади. Якунда Вайнцирль бундеслиганинг 2014|2015 йиллар мавсумидаги энг яхши мураббийи унвонига сазовор бўлди.
Франк де Бур (Голландия, 45 ёшда, «Аякс»)
Севимли схемаси: 4-3-3
Фалсафаси: тотал футбол
Ибора: «Йигитлар, ғалаба қозонмоқчи бўлсангиз, икир-чикирларга ҳам эътиборли бўлинг. Ҳар бир ҳаракатингиз қалбингиздан чиқсин!».
4-3-3 схемаси нафақат «Аякс», балки бутун голланд футболининг ташриф қоғози ҳисобланади. Ринус Михельс, Йохан Круифф, Луи ван Гал каби таниқли меъморлар уни юксак чўққига олиб чиқишди. Жозибадор, ҳужумкор тотал футбол ҳеч қачон ўлмайди. Уни инкор этганлар эса худди «Аякс»даги эҳтиёткор Мартин Йол сингари омадсизликка юз тутадилар. 2010 йилнинг декабрида унинг ўрнини эгаллаган Франк де Бур масъулиятли лавозимга пухта ҳозирлик кўрди - «Аякс»нинг 17 ва 19 ёшли жамоаларига 3 йил устозлик қилди. Франк «Амстердам Арена»дагиларга суюкли тактик схемани қайтарди. Ёш мутахассис 5 мавсумнинг фақат биттасида чемпионликни ПСВга бериб қўйди, 4 марта унинг шогирдлари шоҳсупага кўтарилдилар. Жамоанинг ЕЧЛдаги суст иштироки эса ўз-ўзидан тушунарли. Маълумки, «Аякс» Европа топ-чемпионатлари учун асосий кадр ўчоғи ҳисобланади. Ноёб иқтидор соҳиблари бу жамоада узоқ тўп суриш имкониятига эга эмаслар. Де Бурдан таълим олган Блинд, Вертонген, Алдервейрелд, де Йонг, Эриксен ва Суарес аллақачон турли грандлар сафидан жой олишди. Ёш мутахассиснинг тактик услуби ўтмишдошлариникидан нимаси билан фарқланади? Биринчидан, кучли прессинг. Рақиб жамоа ҳудудида тўп йўқотилгудек бўлса, 2 нафар футболчи уни қайтариб олишга киришади. Ажабланарлиси, жамоа 90 дақиқа шундай босимни кўрсата олади. Иккинчидан, Франк де Бур ўз шогирдларига «Аякс» тарихидаги энг юксак тотал футбол руҳини сингдира олди. Мураббий футболчилардаги универсалликни қадрлайди, нотаниш позицияларда ёрқин ўйнай олиш қобилиятини маъқуллайди. Масалан, Сим де Йонгдаги классик «ўнлик» ролини ҳозир Дави Клаасен ижро этмоқда. Марказдаги ўйинчиларни қанотларга олиш ёки аксинча, «рокировка» эвазига «Аякс» кўплаб ғалабаларга эришмоқда. Иқтидорли мураббийнинг «Барселона», «Ливерпуль», «Тоттенхэм» ва «Ньюкасл»га ўтиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Бироқ у ўз режаларини маромига етказиб олиш мақсадида Амстердамни тарк этишга шошилмаяпти. Балки жорий мавсум ниҳоясида («Аякс» навбатдаги чемпионлик сари дадил одимламоқда) у хорижга йўл олар?!
Ронни Дейла (Норвегия, 40 ёшда, «Селтик»)
Севимли схемаси: 4-3-3
Фалсафаси: ҳужумкор футбол
Ибора: «Бизга бирдамлик керак. Бошқа жамоалардагилар кўпроқ бир-бирлари ҳақида эмас, автомобиллар ҳақида ўйлашади. Бундан унумли фойдаланиш лозим!».
Ронни Дейла Норвегиянинг «Одд» клубида камтарона тўп суриб, 250 мартадан кўпроқ майдонга тушди. Ана шу давр ичида юлдуз мақомига эришолмаган бўлсада, 20 ёшдаёқ келажакда ким бўлишини аниқлаб олганди. Мамлакат чемпионатидаги машғулотлар ва ўйинларни педагогика институтида таҳсил олиш билан биргаликда олиб борди. Шу боис футболчиликдан сўнг мактабга эмас, «Стрёмсгодсет» клубига йўл олди. Аввалига ўйновчи мураббий сифатида жамоа устозига ёрдамлашиб юрди. Орадан 2 йил ўтгач, драмменликлар жамоаси сўнгги ўринга тушиб қолди. Шунда спорт директори Роннига шундай деди: «Жамоани фақат сен тиклай оласан». Жамоатчилик ёш мутахассисга ишончсизлик билан қараган бўлсада, у қаторасига 2 марта жамоани қуйи дивизионга тушиб кетишдан сақлаб қолди.
Секин-аста мураббийликда тажриба тўплаган Дейла «Годсет»ни «Аякс»нинг Норвегиядаги нусхасига айлантира бошлади - жамоани иқтидорли, ғалабага чанқоқ ёшлар билан тўлдирди. «Қайсидир шогирдим машғулотларда кўрсатмаларимни бажармаса, ундан бунинг сабабини сўрайман. Агар шундай қилмасам, у ўзини ноқулай ҳис этади. Мен бунга йўл қўя олмайман», - дейди футболчилар фикрига жиддий эътибор берадиган мураббий. Ронни ёшларга устозлик қилиш билан биргаликда ўз малакасини оширишни ҳам унутмади, Европанинг кўплаб клубларида ишлаб, тажриба тўплади. Ҳатто Норвегиядагилар унга ўхшатишадиган Юрген Клопп билан ҳамкорлик қилди. Тинимсиз изланишлар ниҳоят, ўз самарасини берди - Дейланинг «Годсет»и сўнгги 42 йил ичида илк марта Норвегия чемпиони бўлди. Дейла билан Клопп ўртасида чиндан ҳам ўхшашликлар жуда кўп - ёш футболчиларнинг жамоадаги ҳаётига эътибор, ўйин услуби, ҳар қайси рақибга алоҳида тактика тайёрлаш... Роннининг «Ливерпуль» мухлиси эканига нима дейсиз?! Балки қачондир Юрген «қизиллар» тизгинини ўз маслакдоши қўлига топширар? Тўғри, ҳозирча Дейла бутун эътиборини «Селтик»ка қаратган. Глазгодаги бир ярим йиллик фаолиятида у жамоанинг ЕЧЛдаги иштирокидан қониқиш ҳосил қилмади.
Аввалига, «Марибор» Шотландия гранди йўлига ғов бўлди, бу йил эса «Мальмё». Лекин Дейла раҳбарлигида «Селтик» комбинацион ва ҳужумкор футбол намойиш этмоқда.
Эдди ХАУ (Англия, 37 ёш, «Борнмут»)
Севимли схемаси: 4-4-2
Фалсафаси: ҳужумкор футбол
Ибора: «Кучлилар сафига кўтарилганимизни баҳона қилиб, ҳаммасидан воз кечиш ва қайтадан бошлаш - менга хос бўлмаган услуб. Биз ҳеч қачон ўз ғояларимиздан воз кечмаймиз!».
«Дим Корт» стадионининг билимдон мухлисларидан «Борнмут»нинг энг буюк афсонаси ким?» деб сўрасангиз, 10 нафар мухлиснинг 9 нафари Эдди Хоу номини тилга олишади. Боиси, бу йигитнинг тақдири 13 ёшидаёқ жамоа билан чамбарчас боғланган. Эдди ўзининг 8 йиллик умрини шу жамоада ўтказди. Кейин «Портсмут»га кўтарилди. Лекин «Фрэттон Парк»даги дебют учрашувида жиддий жароҳат олиб, 29 ёшида футбол билан хайрлашишга мажбур бўлди. Мана шу воқелардан бехабар мухлислар унинг нима сабабдан «Борнмут»га қайтганини тушуна олмасликлари аниқ. Ахир иккинчи дивизиондан қуйига тушиб кетиш хавфи остида турган жамоани ким ҳам қабул қиларди, дейсиз? Боз устига, клубга 17та жарима очколарини «осиб қўйишган», машғулот базаси йўқ ва сўнгги «сариқ чақалари» эвазига базўр кун кечираётган жамоа футболчилар харидига қандай пул топади? Аммо Хоу буларга эътибор бермай, енг шимариб ишга киришди.
2008|2009 йиллар мавсумида жамоа иккинчи лигадаги ўрнини сақлаб қолди, кейинги мавсумда биринчи дивизионга кўтарилди. Шу тариқа ёш мураббий элга танилди. 2011 йилда у «Борнмут» билан хайрлашиб, юксак марраларни кўзлаётган «Бёрнли»ни қабул қилди. Лекин, онасининг вафоти Эддини ўз шаҳрига қайтишига мажбур этди. «Борнмут»да қайтадан иш бошлаган Хоу Хосеп Гвардиола ва Брендан Рожерсдан ибрат олди. Бу мураббий учун икир-чикир тушунчаси бегона. У ўз шогирдларининг юриш-туришларидан тортиб, таомларию қандай дам олишларини ҳам кузатиб юради. Саъй-ҳаракатлари самарасини «Борнмут» натижалари яққол кўрсатиб турибди.
Пако Хамес (Испания, 45 ёшда, «Райо Вальекано»)
Севимли схемаси: 4-2-3-1
Фалсафаси: ҳужумкор футбол
Ибора: «Кўпчиликнинг фикрича, «митти» жамоалар ҳимоявий услубда ўйнашлари керак. Лекин биз бу ақидага риоя қилмаймиз. Ҳатто ҳимоя жамоа салбий натижаларини қайд этса ҳам, биз ўз ғояларимиздан воз кечмаймиз!»
15000 мухлисга мўлжалланган «Кампо де Вальекас» стадиони Мадриднинг жанубидаги ишчи кварталлари орасида жойлашган. Бу ердаги мухлислар Паконинг иш тартибини ёддан биладилар: ўйиндан кейинги дам олиш кунини мураббий видеотаҳлил билан ўтказиб, ҳар қайси ўйинчиларнинг ҳаракатларини синчиклаб ўрганиб чиқади. Кейин шогирдларини очиқ машғулотга олиб чиқади - «асаларилар»нинг халқдан пинҳон тутадиган сирлари йўқ. Машғулот тугаса ҳамки, Паконинг юмуши тугамайди. У ўз ёрдамчилари билан видеотаҳлилни давом эттиради.
Эътиборлиси, примеронинг энг қашшоқ жамоасига устозлик қилишига қарамасдан (фақат «Леванте»нинг бюджети сал озроқ), Пако Хамес ўз шогирдларига ҳужумкорлик руҳини сингдиради. Ҳар ярим йилда таркиби ўзгариб турадиган жамоага! Агарда унга сал кўпроқ имконият берилса, романтикага ўч бу серғайрат мутахассис тоғни талқон қилишга қодир!
Содиқ Раҳмонов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).