Жаҳоннинг энг муҳташам стадионларидан бири бўлган “Камп Ноу” ҳақида нималарни биласиз? Биз мазкур стадион ҳақидаги 18 та маълумотни эътиборингизга хавола этамиз.
1. Янги майдон
“Камп Ноу” каталон тилида “Янги майдон” деган маънони билдиради. “Барселона”нинг либоси анорранг ва кўк бўлгани учун ҳам стадион трибунаси ҳам шу рангли ўриндиқлардан иборат.
2. Стадион асосчиси
“Камп Ноу” қурилиши Франсеск Миро-Санс президентлиги даврига тўғри келди. У клубнинг мавқеи кўтарилиб бораётгани учун эски ўйингоҳ – “Камп де Лес Кортс” ихлосмандлар оқимини сиғдира олмаслигини инобатга олиб, улкан ва янги ўйингоҳ қурдиришга аҳд қилган эди.
3. Биринчи тош
Спорт иншооти пойдеворига биринчи тош 1953 йилнинг март ойида қўйилди. Стадион лойиҳасини президент ўгай акаси – Франсеск Митханс чизган.
4. Стадион топширилиши
1957 йилнинг 24 сентябрьида стадион фойдаланишга топширилди. Уни қуриб битказиш учун 288 миллион песет (яъни 1,73 миллион евро) сарф этилди.
5. Стадион номи
Ўша вақтларда стадион клуб асосчиси Ганс Гампер номи билан аталиши ҳақида фикрлар бўлган, лекин оддийгина қилиб Estadio del Club de Football Barcelona (ФК Барселона стадиони) тарзида қўллаш кўпчиликка маъқул келган.
6. Мухлисларнинг “Камп Ноу”си
Мухлислар ушбу стадионни ўзларига қулай тарзда “Янги майдон” яъни “Камп Ноу” деб аташади. Кўп ўтмай бу ном янада оммалаша бошлади. Расмий манбаларда Estadio del Club de Football Barcelona ишлатилса ҳам, халқ ва мухлислар орасида бу майдон “Камп Ноу” сифатида эътироф этила бошлади.
7. Расман “Камп Ноу”
2001 йили клубнинг юз йиллик юбилейи арафасида стадионнинг ягона номи тарзида барибир “Камп Ноу” тан олинди. Бу фақат шахсий маблағ ёпки ютуқлар учун эмас, кўпроқ мухлислар учун фаолият юритаётган “Барселона” клубининг ўз мухлисларига бўлган чексиз хурматининг ифодаси эди.
8. Илк учрашув
Стадион очилган куни илк учрашув бўлиб ўтди. Ганс Гампер хотирасига бағишланган кубок учрашувида “Барселона” 90 мингдан зиёд мухлис кўз ўнгида Полшанинг “Легия” жамоасини 4:2 ҳисобида таслим қилган.
9. Биринчи гол
Юқорида тилга олинган учрашувда ҳисобни очган “Барселона” футболчиси Эулохио Мартинес “Камп Ноу”да гол урган биринчи футболчи сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.
10. Илк расмий учрашув
Стадиондаги дастлабки расмий беллашув 1957 йилнинг 6 октябрьида Испания чемпионати доирасида “Барселона” ва “Реал Хаэн” жамоалари баҳсида бўлиб ўтди ва унда Каталонияликлар Эулохио Мартинеснинг “хет-трик”и ҳамда Вилаверде, Техада ва Кубаланинг биттадан голлари эвазига рақибини йирик 6:1 ҳисобида мағлуб этди.
11. Биринчи таъмирлаш
Стадионда биринчи таъмирлаш ишлари 1981 йилда ўтказилди. Сабаби 1982 йилги мундиалга Испания мезбонлик қилиши лозим эди. Қайта таъмирлашдан сўнг стадион трибунаси сиғими 120 000 га етган эди.
12. “Камп Ноу” мундиал мезбони
1982 йилги жаҳон чемпионатининг 5 та учрашуви “Камп Ноу” стадионида бўлиб ўтди. Аргентина – Белгия 0:1 (95 000), Полша – Белгия 3:0 (65 000), Белгия – Собиқ Иттифоқ 0:1 (45 000), Полша – Собиқ Иттифоқ 0:0 (65 000) ва Полша – Италия 0:2 (50 000) ўйинлари айнан “янги майдон”да ўтказилди.
13. Иккинчи қайта қурилиш
Майдоннинг иккинчи қайта қурилиши 1998 йилда бўлиб ўтди. Зеро УЕФА президентининг янги қарорига кўра, Европа миқёсида ўтказиладиган учрашувларга мезбонлик қиладиган евростандартдаги стадионларда умумий эмас, алоҳида-алоҳида ўриндиқлар ўрнатилиши шарт эди. Қарор муносабати билан “Камп Ноу”даги ўриндиқлар сони 98 934 тага қисқарди.
14. Клуб музейи
Стадион худудининг марказида “Барселона”нинг футбол ва баскетбол жамоалари қўлга киритган улкан совринлари, кубоклар, ҳужжатлар, видеофильмлар, фото ва бошқа қизиқарли материаллар ўрин олган музей бор.
15. Олимпиада финали
1992 йилги ёзги Олимпиада ўйинларига Барселона шаҳри мезбонлик қилган эди. Футбол мусобақасининг финал учрашуви айнан ушбу муҳташам стадионда бўлиб ўтди. Унда Испания термаси Полшани мағлуб этиб, Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди.
16. Чемпионлар лигаси финаллари
“Камп Ноу” икки марта Чемпионлар лигаси (кубоги) финалларига мезбонлик қилган. 1989-йилда “Милан” – “Стяуа” (4:0), 1999-йилда “Манчестер Юнайтед” – “Бавария” 2:1.
17. БМТга хайрия
1980 йилнинг 17 декабрида “Барселона” ҳамда жаҳон юлдузлари жамоаси ўртасида ташкил этилган хайрия учрашувини томоша қилиш учун “Камп Ноу”га 120 минг томошабин таҳсриф буюрди. Ундан тушган 35 миллион песет пул БМТнинг болалар фонди ҳисобига ўтказилган.
18. “Камп Ноу”даги гала концертлар
“Камп Ноу”да фақат футбол ўйнашади деб ўйласангиз адашасиз. Бу ерда турли хил кўнгилочар шоулар ва улкан гала концертлар ҳам бўлиб туради. 1985 йилда Луис Лах, 1988 йилда Френк Синатра, Брюс Спрингстин, Майкл Жексон, Хулио Иглесаис, 1999-йилда Хосе Каррерас, 2005 ва 2009 йилларда U2 концертларини ўтказишган.
Фурқат Юсупов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).