Россия Спорт вазири ва Россия Футбол иттифоқи президенти Виталий Мутко бугун ташланадиган қуръа арафасида ўзини терма жамоанинг Европа чемпионатида қандай рақибларга тушиши хавотирга солмаслигини айтиб ўтди.
Ушбу футбол амалдорининг маълум қилишича, Россия терма жамоаси Европа қитъасининг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади ва терма жамоа футболчилари учун ким билан ўйнашнинг фарқи йўқ.
"Қуръадан олдин фол очишдан маъни йўқ. Бизнинг терма жамоа иккинчи саватчадан жой олган. Бу эса Россия терма жамоаси Европанинг энг кучли термаларидан бири эканини кўрсатади. Биз ўз зиммамиздаги масъулиятни ҳис қилиб, ўзимизнинг вазифамизни бажаришимиз керак. Бизга қандай рақиблар тушишининг унча фарқи йўқ, асосийси гуруҳдан чиқишимиз керак. Шундан кейин навбатдаги режалар тузилади", дейди вазир "Матч ТВ" телеканали эфири орқали.
Евро-2016 турнири учун қуръа ташлаш маросими бугун Парижда бўлиб ўтади. Жараён телеканали орқали Тошкент вақти билан соат 22:00дан бошлаб тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
Маълумот учун, 2016 йилги Европа чемпионатида илк бор 24та жамоа иштирок этади. Қитъа чемпионати бир ой давом этади (10 июнь - 10 июль). Ўйинларни Франциянинг 10та шаҳри қабул қилади: Бордо, Ланс, Лилль, Лион, Марсель, Тулуза, Сент-Этьен, Ницца, Париж ва Сен-Дени.
Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан биринчи иккита ўринни эгаллаган термалар ва энг яхши натижаларни қайд этган яна тўртта 3-ўрин соҳиблари ҳам йўл олишади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).