Бугун 8 июнь, 2025 йил, якшанба.

Турнир жадвали

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Эрон 9 20
2 Ўзбекистон 9 18
3 БАА 9 14
4 Қатар 9 13
5 Қирғизистон 9 7
6 КХДР 9 3

B - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Жанубий Корея 9 19
2 Иордания 9 16
3 Ироқ 9 12
4 Уммон 9 10
5 Фаластин 9 9
6 Кувайт 9 5

C - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Япония 9 20
2 Австралия 9 16
3 Саудия Арабистони 9 13
4 Индонезия 9 12
5 Баҳрайн 9 6
6 Хитой 9 6

Ўтган ўйинлар. 9-тур

9-тур Австралия 1-0 Япония
9-тур Индонезия 1-0 Хитой
9-тур БАА 0-0 Ўзбекистон
9-тур Баҳрайн 0-2 Саудия Арабистони
9-тур Уммон 0-3 Иордания
9-тур КХДР 2-2 Қирғизистон
9-тур Қатар 1-0 Эрон
9-тур Ироқ 0-2 Жанубий Корея
9-тур Кувайт 0-2 Фаластин

Сўровнома

ТВ дастурлар

Блогдаги ўзгаришлар

Теглар булути

Хабарлар архиви

Юлдузликка даъво ёхуд келажаги порлоқ футболчилар ҳақида

Баҳо:
+ | -
ЕВРОПА / Футболчилар / Воқеалар
Рукн: Янгиликлар
A A A

Миллионлар ўйини ҳеч қачон ўрнида тўхтаб турмайди, эртанги кунга қизиқарли нигоҳлар билан қараш эса мухлису мутахассисга ўзгача завқ бағишлайди. Soccer.ru «келажак жамоаси»ни тузар экан, яқин орада жаҳон футболида юлдуз даражасигача кўтарилиши кутилаётган айрим ёш иқтидорларга эътибор қаратди. Қуйида мазкур рўйхат билан батафсил танишишингиз мумкин.

Макс МАЙЕР (Германия, «Шальке»)

Ёши: 20да

Юлиан Дракслернинг «Вольфсбург»­га ўтиб кетиши катта муаммо туғдирди, дейиш қийин. Зеро, техник жиҳатдан етук футболчиларни тарбиялашга кўниккан «Шальке» асло тўхтамайди. Макс даставвал мини-футбол билан шуғулланиб, етарлича тажриба орттирган. У «Шальке»даги учинчи мавсумини ўтказишга улгурди ва айтиш жоиз, ўтган давр оралиғида жамоа етакчиларидан бирига айланди. Бугунги «Шальке»нинг чап қанотини усиз тасаввур қилиш қийин. 2012 йилги ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида «Олтин бутса» соҳибига айланган футболчига Йоахим Лёв ҳам бефарқ эмас. Германия термаси устози ЖЧ-2014нинг дастлабки кенгайтирилган рўйхатида Майерга ҳам жой ажратганига қарамай, ёш футболчи кучли рақобат туфайли якуний таркибдан тушиб қолди. Бироқ Макс шу зайл ўсишда давом этса, келажакда албатта, ёрқин футболчи бўлиб етишади. Тез орада уни «Реал» ёки «Барселона» таркибида кўриб қолсак асло ажабланмаймиз.

Ален ХАЛИЛОВИЧ (Хорватия, «Барселона»; ижара асосида «Спортинг» Хихонда ўйнамоқда)

Ёши: 19да

Ален Чемпионлар Лигасидаги дебютини ўтказганида 16 ёшда эди. Орадан бир йил ўтгач эса, терма жамоа либосида 7та ўйинда майдонга тушди. Аммо ўтган чемпионатни «Барселона Б» сафида ўтказган вундеркиндни мухлислар бироз унутишди. Жорий мавсумдан эътиборан Халилович «Спортинг» Хихонда тажриба орттирмоқда. Гарчи Астуриядаги меҳнат сафаридан сўнг ҳам «Барселона» таркибига кириш қийинчилик туғдирсада, Аленнинг номи кўҳна қитъадаги келажаги порлоқ футболчилар қаторида зикр этилаверади.

Деле АЛЛИ (Англия, «Тоттенхэм»)

Ёши: 19да

«МК Донс» тарбияланувчиси ўтган мавсум «Ливерпуль» ва «МЮ» сафига қўшилиши мумкин эди, лекин ушбу футболчининг хариди учун 8 млн. еврони аямаган «Тоттенхэм» ушбу пойгада чаққонлик қилди. Ўтган мавсум якунини қадрдон клубида (ижара асосида) ўтказган Алли кейинчалик «шпорлар» сафида ўзини кўрсата билди. Қисқа вақт ичида АПЛ кашфиётларидан бирига айланди, терма жамоа либосини кийишга улгурди.

Люк ШОУ (Англия, «Манчестер Юнайтед»)

Ёши: 19да

Ўтган ёзда 37,5 млн. евро эвазига сотиб олинган ёш ҳимоячи учун жорий мавсум ажойиб тарзда кечаётганди, токи... Эйндховенда жароҳат олгунига қадар. ПСВ билан баҳсдаги нохуш ҳолат уни узоқ муддатга сафдан чиқарди. Бу йўқотиш «қизил иблислар»нинг мавсум учун тузган режаларига қисман таъсир ўтказди. Эҳтимол жамоа унинг ўрнини бошқа бир футболчи эвазига тўлдирар, муҳими - Люк ўзининг сермазмун ўйинларини йўқотиб қўймасин. Албатта, Шоу­нинг келгусидаги фаолиятида омад ёр бўлишига тилакдошмиз. Зеро, Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Хожсоннинг ундан умиди катта.

Анхель КОРРЕА (Аргентина, «Атлетико»)

Ёши: 20да

Аргентина футболининг ёрқин иқтидорларидан бирининг тақдири бир текис кечмаган. «Атлетико» «Сан-Лоренсо» тарбияланувчиси билан ўтган йилнинг ёзида шартнома имзолаган эди. Аммо тиббий текширувлардан сўнг унинг юрагида муаммо борлиги аниқлангач, бу касаллик унинг футболчилик фаолиятга чек қўйишига сал қолди. Лекин Анхель соғлиғини тезда тиклади. «Матрасчилар» билан келишув ниҳоясига етган бир паллада 20 ёшлилар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионатида порлади: тўртта гол урди, учта самарали тўп узатишни амалга оширди. Сардор сифатида аргентиналикларни чемпионлик сари етаклай билди. Унинг «Атлетико» ҳамда «альбиселеста»нинг асосий таркибида кўриниш бериши гап юксак иқтидор ҳақида кетаётганидан далолат. Чапдаст форвардни кўпинча Агуэро билан солиштиришади.

Мунир АЛ-ХАДДОДИ (Испания, «Барселона»)

Ёши: 20да

Бу футболчи маълум бир даврни «Атлетико» тизимида ўтказди, аммо асли келиб чиқиши марокашлик бўлган Мунирнинг миллионлар ўйинидаги ривожланиши «Барселона»да кузатилди. Унинг барқарор ўйини «Барса»нинг 2013|2014 йиллар мавсумидаги ўсмирлар ўртасидаги Чемпионлар Лигасида муваффақият қозонишига замин яратди. Ўтган кампанияда эса Луис Суареснинг дисквалификацияси ниҳоя­сига етгунига қадар «Барселона»нинг бош жамоасида порлади. Амалдаги шартномага биноан, ал-Хаддодининг бошланғич нархи 35 миллион еврони ташкил этмоқда. Каталонияликлар келажаги порлоқ футболчини ижарага беришга қарши эмаслар, чунончи, Месси, Неймар ҳамда Суарес сингари юлдузлар билан рақобатлашишга ҳозирча унинг кучи етмайди.

Габриэль БАРБОЗА (Бразилия, «Сантос»)

Ёши: 19да

Ўз навбатида, «Барселона» ўз сафини яна бир ёш форвард эвазига тўлдириши мумкин. «Сантос» шарафини ҳимоя қилаётган Барбозанинг нархи 50 миллион евро этиб белгиланганини инобатга олсак, унинг нечоғли юксак иқтидор эгаси экани ойдинлашади. Ишқибозлар томонидан Габигол номига лойиқ кўрилган футболчи 17 ёшидан буён «балиқлар»нинг асосий таркибида ўйнамоқда. Сўнгги икки мавсум мобайнида ўртача ҳисобда 20тадан гол урди. Шундай экан, келгуси йил ёзида иқтидорли ҳужумчини Европада кўриб қолсак, ажабмас.

Бриль ЭМБОЛО (Швейцария, «Базель»)

Ёши: 18да

Келиб чиқиши камерунлик бўлган футболчи халқаро ареналарда ўзини кўрсатишга улгурди. «Базел»даги илк мавсумида турли турнирларда 17та гол урган ўйинчини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Эмболонинг трансфер нархи 16 миллион еврога баҳоланмоқда. Номзодлар кўплигини инобатга олсак, ўзига хос ким ошди савдоси ўтказишга тўғри келадиганга ўхшайди. Шунда «Базель» клубининг ғазнаси камида 25 миллионга бойиши турган гап. Брил билан «Арсенал», «Тоттенхэм», «Ювентус», «Вольфсбург» ва бошқа кўплаб жамоалар жиддий қизиқишмоқда.

Рубен НЕВЕШ (Португалия, «Порту»)

Ёши: 18да

Португалияликлар ҳам тез орада мўмай даромадга эга чиқишлари мумкин. Невеш октябрда Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг ёш сардорга айланди: «Маккаби»га қарши ўйинда «Порту»ни майдонга олиб тушганида 18 ёш-у 221 кунлик бўлганди. Шундай экан, «Реал», «Барселона», «Бавария» каби грандларнинг унга қизиқаётганликларини тўғри тушуниш мумкин. Аммо «аждарлар» Рубенни сотишга шошилмайдилар - даст­лаб ихтиёрларидаги ноёб олмосга астойдил жило бериб, сўнгра қимматроғига пуллашади.

Хосе Луис ГАЙЯ (Испания, «Валенсия»)

Ёши: 20да

«Валенсия» таркибидаги дебют мавсумини ажойиб тарзда ўтказди, примеронинг рамзий терма жамоасига киритилди ва бу натижалар самараси ўлароқ, «Реал» клуби мутасаддиларининг оромини ўғирлади. Хосе Луисни ўз сафида кўришни истаётганлар орасида АПЛ гранд­лари ҳам бисёр. «Лос Чес»нинг бу борада ўз қарашлари мавжуд - ўз тарбияланувчиси «Месталья»да ўйнаши шарт. Ким билади дейсиз, балки тузукроқ суммага эга таклиф тушиб қолса, «Валенсия» раҳбарияти ўз фикрини ўзгартирар...

 

Юри ТИЛЕМАНС (Бельгия, «Андерлехт»)

Ёши: 18да

Европалик грандлар нишонига тушган яна бир футболчини Барселона, Турин, Манчестер ҳамда Лондонда илиқ кутиб олишга шайлар. Юри 17 ёшида «Андерлехт» сафида 50га яқин ўйин ўтказди, Чемпионлар Лигасида дебютини нишонлади, ақлли плеймейкер сифатида мухлислар олқишига сазовор бўлди. Тилеманс комбинацион ўйин ҳолатига тезда киришиб кетади, зарур паллада кучли зарбалар беради. Унинг узоқ ва ўрта масофадан рақиб дарвозасини ишғол қилганига бир неча маротаба гувоҳ бўлганмиз. Хуллас, ўсяпти.

Кингсли КОМАН (Франция, «Бавария»)

Ёши: 19да

Ўзининг 19 ёшида Франция, Италия ҳамда Германиянинг кучли жамоалари сафида ўйнашга улгурган футболчи. Икки йил аввал қадрдон «ПСЖ» билан шартномани узайтиришни хоҳламай, «Ювентус»га ўтди. Ваҳоланки, унинг олдида «Арсенал», «Ливерпуль» ва «Бавария» сингари клублар шарафини ҳимоя қилиш имконияти мавжуд эди. Орадан бир йил ўтиб, барибир, Мюнхенда пайдо бўлди ва бундан асло афсусланмади. Чунки немис футболи Италиядагидан кўра қулайроқдек туюлди. Унинг Германия чемпиони сафида урган голлари юқоридаги фикрнинг нечоғли тўғри эканига ишора. Кингсли «Бавария» устози Пеп Гвардиола бошчилигида иқтидорини намойиш этмоқда. Шунингдек, Евро-2016да мезбонлар - Франция таркибида ўйнаш нияти ҳам йўқ эмас.

А. Исроилхонов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:33, 13.12.2015. Ўқилди: 3502 марта. Фикрлар: 1 та.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).


Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Биласизми, Алекс Фергюсон АПЛда жами 27 марта ойнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган.

Тўпурарлар жадвали

Футболчи Гол
1 Қатар Алмоез Али 5
2 Иордания Язан ан-Наймат 5
3 Эрон Муҳаммад Муҳибий 5
4 Кувайт Юсуф Носсир 5
5 БАА Фабио Лима 5
6 Иордания Али Олван 5
7 Эрон Меҳди Таремий 4
8 Ироқ Айман Ҳуссайн 4
9 Эрон Сардор Азмун 4
10 Япония Коки Огава 4

Сўнгги хабарлар

Бошқа хабарлар →

Конференция

Қаҳрамон Асланов

Онлайн савол-жавоб


Шуҳрат Шокиржонов

Фақат футбол ҳақида


Шерзод Ражабов

Кучли Бешлик


Ҳасанали Қодиров

Онлайн савол-жавоб


барча конференциялар »
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.