Сардор Рашидов Қатар чемпионатининг навбатдаги турида ҳам тўп киритди. Бу сафарги голнинг қиймати ҳам анча баланд - «Ал-Жаиш» кимсан Хави ва Иброҳим Халфан каби футболчилари бор «Ал-Садд»га қарши майдонга тушиб, 4:2 ҳисобида ғалабага эришди. Мана шу тўрт голнинг бири Сардор Рашидовга тегишли. Қолаверса, у жамоасининг биринчи голида ҳам иштирок этиб, жамоадошини аниқ «пас» билан таъминлади.
Бу ўйинни кўра олмаганлар, Сардор киритган тўп ва амалга оширган голли узатмани осонгина тасаввур қилиб олишлари мумкин. Унинг деярли барча муваффақиятли юришлари бир-бирига жуда ўхшайди - бир зумда қарши ҳужумга ўтиб кетиш, тезлиги ва техникаси эвазига рақибни ортда қолдириш ва узоқдан зарба йўллаб, гол уриш Рашидовнинг «ташриф қоғози»га айланиб бўлган. Қувонарли томони, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси «Ал-Жаиш»да ҳам мана шу иқтидорини намойиш этмоқда. Буни қарангки, ярим ҳимоячи Қатар чемпионатида ўтказган 8та ўйинида 8та гол урибди. Шундай экан, Сардор «Ал-Жаиш» ўзи учун сарфлаган пулларнинг ҳар бир центини оқламоқда, дейиш мумкин. Қатарликлар эса бундай центлардан анча-мунчасини сарфлашган - нақд 2 миллион доллар! Футболчини тарбиялаб берган «Сўғдиёна» учун тўланган маблағни ҳам инобатга олсак, бу қиймат яна 100 минг долларга кўпаяди.
Аммо Сардор Рашидовнинг жорий мавсумдаги ўйини ҳар доим ҳам бирдек силлиқ кечмади. Ярим ҳимоячи йил бошида Осиё кубогида ёрқин ўйин намойиш қилгач, «Бунёдкор»да ҳам мавсумни ажойиб тарзда бошлаган эди. Бироқ кейинчалик аста-секин шашти пасайиб борди ва ҳатто захирада қолишни ҳам бошлади. Сергей Лушаннинг ўйин услуби Рашидовга унча мос келмади шекилли, баъзи учрашувларда алмаштирилган бўлса, бош-қасини захира ўриндиғида бошлашига тўғри келди. Аммо Қатар чемпионатига ўтди-ю, қайта порлай бошлади. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Шу ўринда энг аввало, «Ал-Жаиш» бош мураббийи Сабри Лямуши ҳақида икки оғиз фикр билдирсак. Кўпчилик мухлислар бу мураббийни Франция терма жамоасидаги ўйини орқали танийдилар. «Ал-Жаиш»даги иши тимсолида шуни ҳам билиб олиш мумкинки, Лямуши мураббийлик соҳасида ҳам яхши иш олиб бораётган кўринади. Айни вақтда у бошчилик қилаётган клуб Қатар юлдузлар лигасида иккинчи ўринда бормоқда. Бу эса дунё бўйлаб иқтидорларни жамлаётган чемпионат учун ёмон натижа эмаслиги турган гап. Ўзбек футболи мухлислари эса бу мураббийга Сардор Рашидовнинг иқтидорини қайта очиб бераётгани учун миннатдорчилик билдиришлари лозим. Гап шундаки, Сардор «Ал-Жаиш»га ўтгач, янги жамоасига мослашиш давомида қисқа, аммо мураккаб даврни бошидан ўтказди. Дастлабки ўйинларнинг бирида мураббий уни алмаштиргач, захира ўриндиғи эмас, дарҳол кийиниш хонаси томон йўл олгани ҳам шундан далолат берса керак. Аксарият мураббийлар футболчининг бундай «қилиғи»ни ўзи учун ҳақорат деб билган ва унга қарши чора кўрган бўлар эди. Бироқ Лямуши шогирдини яхши тушунди ва уни қўллашда давом этди. Мана энди Сардор бор иқтидорини кўрсатмоқда.
Аммо Лямуши фақат шу билан яхши мураббий бўлиб қолмайди. Бизни ҳайрон ва қойил қолдирган жиҳат - франциялик мураббийнинг қисқа вақт ичида Рашидовнинг потенциалини илғай олгани ва ундан максимал тарзда фойдаланаётгани бўлди. Сардор шундай футболчики у қора ишни унча хуш кўрмайди ва кўпроқ ижодкорликни ёқтиради. Лямуши футболчининг мана шу сифатини ўринли қўллаётганига тасанно. Масалан, «Бунёдкор»да бунинг уддасидан чиқмагандилар. Сардор яқинда берган интервьюсида «Ал-Жаиш»да эркин ижодкор сифатида тўп сураётганини айтган эди. Яъни, у ҳужумни ривожлантириш давомида ўзи истаган қарорни қабул қилиш ҳуқуқига эга: истаса, рақибини алдаб ўтади, хоҳласа, узоқдан зарба беради. «Ал-Жаиш» қайд этаётган натижалар эса бу қарор қай даражада тўғри эканлигидан далолат.
Эътибор беринг, Лямуши Қатар чемпионатида техник жиҳатдан кучли бўлган араб футболчилари орасидан Сардорни эркин ижодкор сифатида танлаб олмоқда. Демак, у шунга арзийдиган футболчи. Бундан эса қуйидагича хулоса чиқарса бўлади: кўпроқ тактик жиҳатдан кучли саналувчан Сергей Лушан Рашидовдан ўз ўрнида фойдалана олмаган экан. «Бунёдкор» Лушан қўл остида «оммавий ҳужум ва оммавий ҳимоя» услубида тўп сурган эди. Яъни, ҳеч бир футболчи «қора иш»дан бош тортмаслиги ва рақибни прессинг қилишда мунтазам иштирок этиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, ҳужумда ҳам. Албатта, бу услубнинг фойдали жиҳатлари кўп. Айтайлик, Лушан ва «Бунёдкор» кўплаб ғалабаларга эришди. Аммо баъзи футболчиларга бошқачароқ ёндошиш лозим бўларкан.
Сардор Рашидовнинг бу жиҳатини илғаган фақат Сабри Лямуши эмас. Яхши биламиз, ярим ҳимоячи Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам деярли шундай ўйин намойиш қилмоқда. Рашидовга ўз иқтидорини намойиш этиши учун кўпроқ ҳудуд керак. У ўйин услубига кўра, Криштиану Роналдуга яқин. Яъни, тор ҳудудда уч-тўрт рақибни алдаб ўтишдан кўра, кенг майдон бўйлаб чопишни афзал кўради. У бундай ўйинини нафақат Қатар, балки Ўзбекистон чемпионатида ҳам етарлича намойиш этган. Масалан, олий лига 10-тури доирасида кечган «Бунёдкор» - «Динамо» ўйинини эслайлик. Ўша учрашувда Сардор ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олган, аммо рақиб ҳимоячисига дуч келгач, уни қанот бўйлаб алдашдан кўра, марказ томон оғишни маъқул кўриб, жамоадоши Сато Минори билан «девор» услубида нақ уч марта «сенга-менга» қилиб олишганди. Қулай имкониятга чиққач, ўткир бурчак остида жуда чиройли гол урган эди. 77-дақиқада киритилган ўша тўп ягоналигини сақлаб қолиб, «Бунёдкор»га муҳим уч очко келтирганди.
Сардорга қўйиб берсангиз, бундай голларни ҳали кўп уради. Балки вақти келганда бутун жамоа у учун ўйнаши керакдир, аммо ишонамизки, ҳамюртимиз бу ишончни оқлай олади. Фақат шунга имкон беришса кифоя. Умид қиламиз, терма жамоада айнан шундай Рашидовни кўрамиз...
Абдулазиз МУРОД, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).