Ўтган мавсумни 8-ўринда якунлаган «Навбаҳор» клубида жиддий ўзгаришлар рўй берганидан хабарингиз бор. Янги йил арафасида йиғилиш ўтказилиб, унда клуб президенти сифатида фаолият юритган Т. Дадабаев, вице-президент вазифасини бажарган Р.Низамбаев ва жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз вазифаларидан озод этилишди. Клуб президентлиги Наманган шаҳар ҳокими Б.Бекхўжаев зиммасига юклатилган бўлса, вице-президентликни О.Қосимов бажариши ойдинлашди. Рашид Ғофуров эса жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Йиғилишда клуб ходимлари, мураббийлар, асосий ва ёшлар таркиби футболчиларига клубда фаолият олиб борадиган янги раҳбарият таркиби таништирилди. Тадбир давомида келгусида жамоа асосини маҳаллий футболчилардан ташкил этишга эътибор қаратилиши таъкидланди. Биз мавсум якунлари бўйича «Навбаҳор» тўпурари Шаҳбоз Эркиновдан интервью олдик.
- Шаҳбоз, якунига етган мавсум жамоангиз учун қандай ўтди? Клуб раҳбарияти билан жамоа иштирокини муҳокама қилдингларми?
- Мавсум «Навбаҳор» учун оғир келди. Айниқса, чемпионат старти жуда ёмон бўлди, ҳаддан зиёд кўп очко йўқотдик. Ўша бой берилган очколар мавсум сўнгида бизга қимматга тушди. Оқибатда ўзимизга ярашмаган 8-ўрин билан кифояландик. Клуб раҳбарларини эса охирги икки ойдан бери умуман кўрганимиз йўқ.
- Жамоанинг қониқарсиз иштирокига асосий омил молиявий муаммаоларми?
- Бош сабаблардан биттаси шу, деб ўйлайман.
- Омадсизликни яна нималар билан изоҳлаш мумкин? Менимча, таркиб ёмон эмасди...
- Чемпионатнинг дастлабки иккита турида Бахтиёр Ашурматовнинг йўқлиги жуда билинди. Кейинчалик йўқотилган очколар ўрнини қоплаш учун кўп вақт сарфланди. «Андижон»га қарши баҳсда ҳам бош мураббийнинг йўқлиги сезилди. Устозимиз футболчиларни қандай руҳлантириш кераклигини жуда яхши биладилар. Фаолиятларини яқинда тугатганликлари учунми, футболчилар билан қандай гаплашиш, уларнинг кўнглига қай тарзда йўл топишга жуда ҳам усталар. Қолаверса, қачонлардир ўз клубларида етакчи сифатида тўп сурганлари ҳам сезилиб туради. Давралар оралиғидаги танаффус чоғида яхши тайёргарлик кўрдик. Дастлабки учта ўйинда 7 очко жамғардик. Кетма-кет иккита сафар учрашувида ижобий натижа қайд этдик. Аммо кейин жамоада молиявий муаммолар бошланди. Бу эса ўйинимиз ва табиийки, натижага салбий таъсир ўтказди. Муваффақиятсизликнинг яна бир сабаби - таркиб. Мураббийларда биринчи даврада бу борада имкониятлар кенг эди. Ҳал қилувчи босқичда эса жамоани кўплаб етакчи футболчилар тарк этишди. Уларнинг ўринлари янгилар билан тўлдирилмади. Оқибатда таркиб масаласида муаммолар юзага келди.
- «Навбаҳор» ҳамиша ўз мухлислари билан мақтаниб келган. Стадионга томошабинлар ташрифи нисбатан яхши бўлсада, улар шунга яраша футбол кўришмаяпти. Сизнингча, клуб тизимида ишлаётган мутахассислар ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашишяптими?
- Бу саволингиздан кейин фаолиятимга бир назар ташлаб олдим. Ўн бир йилдан бери олий лигада ўйнаяпман. Шу давр мобайнида 4-5 маротаба жамоа алмаштирдим. Ўйлаб кўрсам, шу клублар орасида энг кўп мухлиси бор клуб айнан «Навбаҳор» экан. Футболчилар яхши ўйнаса, мухлислар сони кескин ошади. Бу манзарага мен фақат Наманганда гувоҳ бўлдим. Ғалаба қозонган ўйинларимиздан сўнг меҳмонхонага келиб, карнай-сурнайлар билан кутиб олишарди. Машғулотларга келаётган мухлисларни айрим етакчи жамоаларимиз расмий ўйинларда ҳам тўплай олишмайди. Бундай фидойи ишқибозлар учун ёмон натижа тақдим этиш - уят. Беш қўл баробар эмас. Айрим мухлислар билан жиддий гап талашиб қолган пайтлар бўлган. Ҳаммага бирдек ёқавермас экансиз. Ке-йинчалик улар билан гаплашиб, бир-биримизни тушуниб кетганмиз. Фурсатдан фойдаланиб, кимнингдир кўнглини оғритган бўлсам, узр сўрайман. Клуб тизимида ишлаётган мутахассислар ҳақида эса кўп маълумотга эга эмасман. Зеро, жамоанинг ўз базаси бўлмагандан кейин клуб тизимида меҳнат қилаётганлар, раҳбарлар билан учраша олмас экансиз. Асосан меҳмонхонада яшаймиз. Мураббийлар штабидагилардан таш-қари деярли бошқа ҳеч кимни кўрмаймиз. Футбол мактаби фаолияти қандай йўлга қўйилган, у ерда кимлар ишлаяпти, буни ҳам билмайман. Баъзида ёшларнинг машғулотлари бизники билан бир вақтда бошланарди. Ўшанда бир гуруҳ келажаги порлоқ ўйинчиларни кўрардим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам клубдаги мутахассислар бундан ҳам яхши ишлашлари мумкин эди. Ўтган йили «Олмалиқ»қа қарши кечган ўйиндан олдин Геннадий Денисов ва Игорь Шквирин билан суҳбатлашдик. Ўшанда бу икки мураббий «Навбаҳор» стадиони ва у ерда яратилган шароитлардан ҳайратда эканликларини яширишмаганди. Денисов «Навбаҳор»да ўйнаган пайтдаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Стадион мухлислар билан лиқ тўлиши, клуб раҳбариятининг ўз ишига профессионал ёндашуви ҳақида илиқ фикрларни айтди. Албатта, ўша пайт билан ҳозиргисининг ўртасида жуда катта тафовут бор.
- Бу йилги ўйинларингизга четдан мухлис сифатида кузатиб, баҳо бердингизми?
- Кўнглим юз фоизга тўлмади. Имкониятларимни тўлалигича намоён эта олмадим. Табиатан максималистман. Отам шундай тарбия берганлар. Ўзлари ҳам футболчи бўлганликлари учун ҳамиша биздан шуни талаб қиладилар. Ҳар бир ишимизга танқид кўзи билан қарашга ўргатганлар. Шуни аниқ биламанки, ҳозирги ҳолатимдан ҳам яхшироқ ўйнашим мумкин. Жорий мавсумда урган голларим сонини бундан-да ошира олишимни биламан. Янги мавсумда янада кўпроқ тўп киритиб, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Барибир, ўйинимизга мутахассисларнинг баҳо бергани маъ-қулроқ. Умуман, ўзим ҳақимда кўп гапиришни ёқтирмайман.
- Отангиз илк мухлисингиз, шу билан бирга, биринчи танқидчи ва таҳлилчингиз бўлсалар керак? Хўш, бу йилги иштирокингиз ҳақида нима дедилар?
- Отам нафақат илк мухлисим, балки биринчи мураббийим ҳисобланадилар. Ҳам ҳаётда, ҳам футболда отамга ўхшашга интилганман, футболчилик фаолиятларига ҳурмат билан қарайман. Сиз айтгандек, улар менинг биринчи мухлисим ва тан-қидчим. Ҳар бир учрашувдан сўнг ўйинимни таҳлил қилиб берадилар. Қаерда хатоликка йўл қўйдим, қайси вазиятда нотўғри ҳаракат қилдим, ҳамма-ҳаммасини айтиб, кейинчалик бу хатоларни такрорламаслик учун нималарга эътибор беришимни ҳам ўргатадилар. Маълум сабаблар туфайли ўйинимни кўролмасалар, ўша учрашув ёзилган дискни олиб келиб бермагунимча тинч қўймайдилар. Бу йилги ўйинларимдан кўнгиллари тўлмаганини айтдилар. «Жорий мавсум сабоқ бўлсин, келаси йили бу хатоларни такрорламагин», деб бироз дакки ҳам бердилар. Кейин шахсий фикримни ҳам сўрайдилар. Бир сўз билан айтганда, ота-бола ўртасида ҳамиша муҳокама, мунозара ва таҳлил бўлиб келган.
- Мавсум аввалида ҳар бир футболчи ўз олдига максимал даражадаги вазифаларни қўяди. Ҳужумчи эканлигингиздан келиб чиқсак, шахсан сиз йил бошида шунча гол урсам яхши бўларди, деб мақсад қилганмидингиз?
- Албатта, ҳар бир мавсум бошланишида ўз олдимга маълум бир мақсадларни қўяман. 2014 йилги чемпионатда 14та гол ургандим. Шундан келиб чиқиб, ўз олдимга 2015 йили рақиблар дарвозасини камида 15 маротаба ишғол қилиш вазифасини қўйгандим. Иккинчи даврани кўтаринки кайфиятда бошлаганимизда, мақсадимни ортиғи билан адо этаман, камида 20та гол ураман, дея ўйлай бошладим. Лекин «Андижон» ва «Локомотив»га қарши кечган учрашувларда ўйиним умуман қовушмади. Ҳар иккала баҳсда ҳам камида 2-3та тўп киритишим керак эди. Омадим келмадими, ҳужумчиларга хос совуққонлик етишмадими ёки ақл билан иш тута олмадимми, билмадим, айнан шу икки ўйинда жуда ёмон ҳаракат қилдим. Қолаверса, фикрингизни жамлай олмасангиз ҳам ишингиз қовушмайди. Жамоадаги молиявий муаммолар, бир неча ой мобайнида маошсиз ўйнаш, бу нарсалар истайсизми-йўқми, барибир, кишига салбий таъсир ўтказар экан. Бунақаси фақат менда эмас, бошқаларда ҳам кузатилди. Ҳеч нарсани ўйламай майдонга тушсангиз, натижа ҳам шунга монанд бўлади. Афсуски, жамоамизга шундай кайфият етишмади. Мавсум якунланиб боргани сари футболчиларимиздаги босим кучаяверди.
- «Навбаҳор» билан шартномангиз якунландими?
- Ҳа.
- Клубнинг футболчилардан қанча қарзи бор? Раҳбарият билан бу борада гаплашдингларми?
- Каттагина қарзи бор, йирик сумма. Беш-олти ойдан бери ҳаракат қилиш-япти. Билмадим, чемпионат якунланди, энди булардан фойда бўлмаса керак. Аслида, гаплашадиганлардан биргина Бахтиёр Ашурматов бор эди. Уни ҳам истеъфога чиқардилар. Жамоа бошлиғи Ғанишер Исмоилов биз учун анча ҳаракат қилдилар. Шунда ҳам маош эмас, меҳмонхона, еб-ичиш, транспорт харажатларига пул топиш учун елиб-югурдилар. Қолган мутасаддиларни, юқорида айтганимдек, охирги икки ойдан бери кўрмадик. Клуб раҳбарияти бутунлай ўзгарар экан. Аввал ишлаганларнинг ҳаммаси истеъфога чиқибди. Энди кимга мурожаат қилишни ҳам билмаймиз.
- Асосий таркиб футболчилари ҳам Бахтиёр Ашурматовдан кейин жамоани тарк этишдими?
- Билишимча, фақат Азим Аҳмедов жамоадан расман кетди. Қолган барча футболчилар, ҳаттоки, шартномаси якунига етганлар ҳам ҳали клуб билан бирга. Жамоанинг футболчилардан ярим йиллик қарзи бор. Ҳозир шундай ҳолатга тушиб қолинганки, қандайдир бир қарор чиқаришни ҳам билмайсиз. Ҳамма ўзи учун жавоб бергани маъқул. Олти ойлик маош миқдори қанча бўлишини тасаввур қиляпсизми?
- Ўзингиз қандай йўл тутмоқчисиз?
- Ҳозирча ҳеч қандай режа йўқ. 5 январь куни кўп нарсага ойдинлик киритилади (суҳбат ўтган ҳафта бўлиб ўтган - IF). Унгача дам оламан.
- Бошқа клублардан қизиқишлар бўлаётгандир?
- Шукрки, таклифлар етарли. Ҳозир жамоалар номини санасам, ўша клубларга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Бир ҳафтада ҳаммаси ҳал этилади.
- Мавсумни хорижда бошлашингиз мумкинми?
- Аниқ бир нарса дея олмайман. Сўнгги пайтларда чала агентлар кўпа-йиб кетди. Танимаган одамларингиз кимдандир телефон рақамингизни топиб, таклифлар юзасидан қўнғироқ қилишади. Очиғи, сўнгги 2-3 йилдан бери бу нарсага кўникиб ҳам қолдим. Ҳамма ўзича агент. Шахсан ўзимга ҳеч бир хориж жамоасидан таклиф тушгани йўқ. Лекин чақиришса, бундан хурсанд бўлардим. Айниқса, савияси юқорироқ чемпионатдан.
- Миллий термамиз ҳужум чизиғида кичик муаммолар борлигини инобатга олсак, сизда бош жамоадан чақирув олиш имконияти ҳали бор. Бунинг учун етакчи клублар сафига қўшилишингиз ёки тўпурарлик маҳоратини намойиш этишингиз керак...
- Албатта. Айниқса, сўнгги икки йилдан бери миллий термамиздан чақирув олиш учун астойдил интил-япман. Ҳар бир футболчининг орзуси - бош жамоада ўйнаш. Бугунги кунда олдимда турган энг катта орзуим ҳам шу. Насиб қилса, ниятимга етаман, деб ўйлайман. Соғлиқ жойида бўлиб, мавсумни жароҳатсиз ўтказсам, муаммо туғилмайди. Очиғи, ҳозир термамизнинг ўйинларини мазза қилиб кўряпман. Иккинчи бос-қич баҳсларини юқори савияда ўтказишяпти.
- Мавсум якунлари бўйича Шаҳбоз Эркиновнинг рамзий терма жамоасидан қайси 11 нафар футболчи жой олиши мумкин эди?
- Ўйланиб қолдим, тезда газеталарга кўз югуртириб чиқдим. Рамзий терма жамоам 4-4-2 кўринишида бўлишини хоҳлардим. Таркибни ҳам шунга монанд туздим. Дарвозабон масаласида кўп ўйламадим - Элдор Суюнов. Ўнг қанот ҳимоясига иккита вариантим бор - Акмал Шораҳмедов ва Шуҳрат Муҳаммадиев. Кўпроқ бу таркибда Акмалнинг бўлишини хоҳладим. Марказий ҳимояда - Неманья Яничич ва Егор Кримец. «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоаларига қарши кечган учрашувларда айнан шу икки футболчи менга катта ташвиш туғдиришди. Чап қанотга «Динамо» аъзоси Аваз Агалеевни қўяман. У жамоасининг ҳужумларини ташкил этишда ҳам фаоллик кўрсатди. Ўнг қанот ярим ҳимоясига «Олмалиқ»нинг туркманистонлик легионери Арслонмурод Омонов, ўртада Азим Аҳмедов ва Кахи Махарадзе, чап қанотга катта Жасур Ҳасановни танладим. Ҳужум чизиғи вакиллари - Игорь Сергеев ва Баҳриддин Ваҳобов. Бу икки форвард тўпурарлик маҳоратларини намойиш этишди. Рамзий термамнинг захира ўриндиғидан Санжар Шоаҳмедов, Шавкат Саломов ва Зафар Тўраевларга жой ажратаман. Тўғри, бу уч футболчи деярли бир хил позицияда ўйнашади. Лекин уларни асосий таркибда ҳам кўришни жуда истагандим. Бош мураббий масаласида қарор якдил - Бабаян. Самвел Вячеславович ҳам клуб, ҳам миллий жамоада қандай мураббий эканлигини исботлаб улгурди.
- Бу галги «Олтин тўп»ни ким олади?
- Менимча, Месси. Неймар иккинчи бўлади, айнан у Лео йўқлигида «Барселона»ни ўз ортидан эргаштира олди. Роналду учинчи ўрин билан кифояланади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).