Жозе Моуриньонинг “Челси” бошқарувидан четлаштирилганига ҳам, Гус Ҳиддинкнинг Лондон клубида иш бошлаганига ҳам бир ойдан ошди. Бу жамоанинг бугунги ҳолатига назар ташлаш, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида хулоса чиқариш учун етарли фурсат. Қолаверса, таҳлиллар навбатдаги муҳим баҳслар олдидан “кўк”ларнинг имкониятларини чамалаш имконини беради.
Қиёслов
Голландиялик мураббий қўл остида “аристократлар” 7 та ўйинда майдонга тушишга улгуришди. Жамоа ўйини ҳам ижобий томонга ўзгарди. Буни натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. 7 та ўйин: 3 та ғалаба, 4 та дуранг. Ҳозирча, Гус амакининг ишлари яхши кетаяпти. Мағлубиятсиз серия давом этаяпти.
Клуб охирги 7 ўйинда 13 очкони қўлга киритди. Пойтахтликлар кейинги турда ҳам ғалаба қозонишса, Жозе Моуриньо раҳбарлигида 16 ўйинда жамғарилганидан кўпроқ очкога эга бўлишади. Яна денг, 8 та ўйинда. Аммо бу айтишгагина осон. Бу ҳақда қуйироқда батафсил тўхталамиз.
Жорий мавсумда Моуриньо “Челси” 16 ўйинда майдонга бошлаб тушди. “Аристократлар” ана шу учрашувларнинг 4 тасида ғалаба қозонган бўлса, 3 тасида дуранг ўйнади, 9 тасида эса мағлуб бўлди. 16 учрашувда бор-йўғи 15 очко тўпланди. “Борнмут” ва “Лестер”га қарши кечган баҳсларда қайд этилган мағлубиятлар клуб раҳбариятининг сабр косасини тўлдирди. У лавозимидан четлаштирилди.
“Челси”нинг инқирозига нима сабаб бўлди?
Аслида жорий мавсумнинг стартидаёқ жамоада бир қатор муаммолар кўзга ташланганди. Буни чемпионат стартида қайд этилган натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Жамоанинг муваффақиятсизлиги даставвал шунчаки омадсизликка йўйилди. Аммо вақт ўтгани сайин муаммолар кўлами ортса-ортдики, асло камаймади. “Special One”нинг вазиятни ўнглаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳеч қандай самара бермади.
Шу ўринда ўзим илғаган муаммолар ҳақида маълумот бериб ўтсам:
1) Жисмоний ва руҳий тайёргарлик.
Одатда, протугалиялик мураббий бошқарган клубларда бу борада муаммо бўлмасди. Чунки у бош бўлган мураббийлар штабида дунёнинг энг кучли мутахассислар жамланган бўлиб, айниқса, Моуриньонинг 16 йиллик қадрдони, клуб футболчиларининг жисмоний тайёргарлиги учун жавобгар бўлган Руй Фариани исталган мураббий ўз жамоасида кўришни орзу қилади. Порту университетида фитнес бўйича эксперт ихтисослигида таҳсил олган, ўз ишининг ҳадисини олган Фария “Беназир”нинг “Порту”, “Челси”, “Интер”, “Реал” каби клублар билан эришган оламшумул натижаларига катта ҳисса қўшган мутахассислардан биридир.
Бироқ ўтган мавсумда эришилган натижалар — Лига кубогидаги ғалаба (финалда “Тоттенхэм” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилган) ва клуб тарихидаги 5-чемпионлик (шундан 3 таси бевосита Ж.Моуриньо мурабийлигида қўлга киритилган) учун ҳаддан ортиқ куч сарфлангани боис футболчилар янги мавсумгача тиклана олишмади. Ҳаттоки Руй Фариадек мутахассиснинг уринишлари ҳам самара бермади. Натижада ўтган мавсумда рақиб ҳимоячилари учун тўхтатиб бўлмас “танк”ка айланган Эден Азар, қарийб 20 та голга ҳаммуаллифлик қилиб, ўзи ҳам бир неча бор дарвозани аниқ нишонга олган Сеск Фабрегас, АПЛ тарихидаги энг сермаҳсул ҳужумчилардан бири бўлиши тахмин қилинган Диего Коста, ишончли ўйинлари билан жамоа муваффақиятига катта улуш қўшган Неманья Матич, Бранислав Иванович, Рамирес, Тибо Куртуалар қаергадир йўқолиб қолгандай эди. Фақат Виллиангина бундан мустасно.
2) Нотўғри трансферлар
Клубнинг трансферлари хусусида кўп гапириш мумкин. Бу борада ҳар кимнинг нуқтаи назари турлича бўлиши табиий. Бу ўринда шахсан менга ёқмаган ва клуб муваффақиятсизлигига таъсир кўрсатган деб ҳисоблайдиганим бир нечта трансферлар ҳақида фикр билдирмоқчиман (мулоҳазаримга қўшилиш-қўшилмаслик ихтиёрингиз, мақола менинг субъектив қарашларим маҳсулидир).
Давид Луис. 2013—2014-йилги мавсум якунлангач, у “ПСЖ”га сотиб юборилди. Ўз олдига катта мақсадларни қўйган, АПЛдек тиғиз графикли чемпионатда иштирок этаётган “Челси” учун Давид ҳали кўп фойда келтирарди. Буни у парижликлар таркибидаги ишончли ўйинлари билан ҳам исботламоқда. Қолаверса, “аристократлар”нинг турнир жадвалининг қуйисига тушиб кетиши кўп жиҳатдан ҳимоядаги ротациялар, таркибда бир-бирининг ўрнини боса оладиган ўйинчиларнинг йўқлиги билан боғлиқ. Жароҳатлар, дисквалификациялар ва ҳоказо сабаблар боис таркибда малакали ўйинчилар танқис бўлиб қолишини инобатга олиб, бразилияликни таркибда ушлаб туриш зарар қилмасди.
Ромелу Лукаку. 2012–2013-йилги мавсумни ижара асосида “Вест Бромвич Альбион”да ўтказиб, 17 гол билан мавсумнинг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири (6-ўрин) бўлган эса-да, Моуриньо унинг салоҳиятига муносиб баҳо бера олмади. 2013–2014-йилги мавсумда у яна ижарага бериб юборилди. Бу сафар “Эвертон”га. Ливерпулликлар сафида “Вест Хэм”га қарши кечган илк ўйинида захирадан майдонга тушди ва ҳал қилувчи голни уриб, жамоасининг 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади. Мавсусм давомида Ромелу 31 ўйинда рақиблар дарвозасига 15 та тўп киритиб, “Эвертон”нинг энг яхши бомбардирига айланди. Бироқ “Челси” ана шундай ўйинчини ортга қайтариш ўрнига 2014 йилнинг 30 июлида уни “Эвертон”га 28 миллион фунт-стерлингга сотиб юборди. Дарвоқе,
Муҳаммад Салоҳ. “Базел” сафидаги ёрқин ўйинидан кейин “Челси” скаутлари эътиборига тушган Муҳаммад Салоҳ 2014 йилнинг январида Лондон клуби либосини кийган эди. 21 ёшли мисрлик ҳужумкор ярим ҳимоячи ўзига хос дриблинги, тезкор хатти-ҳаракатлари билан илк учрашувларданоқ мухлисларнинг ёқимтойига айланди. Бироқ унинг ўйин фалсафаси Моуриньога маъқул келмади. Тўғрироғи, у тузган таркибда Муҳаммадга жой топилавермади. Шу боис у “Челси” таркибида бо-йўғи 19 марта (миллий биринчиликда 13 марта) майдонга тушди. Шунга аҳам асосан захирадан. Табиийки, ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган ёш футболчи раҳбариятга бу хусусда шикоят қилди. Натижада уни “Фиорентина”га ижарага бериб юборишди. Жорий мавсумни эса футболчи ижара асосида “Рома”да ўтказмоқда. Ижара шартномасига мувофиқ римликлар футболчини сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Радамель Фалькао. Юлдузли онлари “Порту” ва Мадриднинг “Атлетико” клублари сафида ўтказган Радамель 2013 йилнинг ёзида “Монако” футболчисига айланди. Клуб колумбиялик ҳужумчи учун 55 млн. евро тўлади. Бироқ Фалько ушбу пулни оқлай олди йдейиш қийин. 2014 йилнинг январида оғир жароҳат олиб, нафақат мавсумни, балки Бразилиядаги жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборади. 2014 йилнинг 1 сентябрида “МЮ” футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олади. Дастлабки баҳсларда ишончли ўйин намойиш этгач, ҳамма Фалькаонинг қора кунлари ортда қолгани ҳақида гапира бошлайди. Бироқ жароҳатининг муттасил безовта қилиши, жисмоний тайёргарлигининг меъёрида эмаслиги боис Манчестер жамоаси асосий таркибидан жой эгаллай олмайди. Мавсум тугагач “Монако” сафига қайтади. Бироқ унинг нимасидир “Беназир”га ёқиб тушган чоғи, тугаб бўлганлиги шундай кўриниб турган футболчини 2015 йилнинг июлида “Челси”га олиб келади. Яхшиямки ижара асосида. Лукаку, Салоҳдек соғлом, иш берадиган футболчиларни бошқа жамоаларга ижарага бериб, Фаолькаога ишонч билдириш Моуриньонинг инқирозини англатганди менга.
Хуан Куадрадо. У ҳам протугалияликнинг трансфер хатоларидан бири. Ҳар ҳолда мен шундай ҳисоблайман. Аввал-бошдан унинг харид қилиниши тушунарсиз эди. Ҳолбуки, “Челси” таркибида унинг позициясида ўйнавчи бир қатор малакали футболчилар бор эди. Шу боис Жозенинг ўзи ҳам Куадрадони қайси нуқтада ўйнатишга қўп қийналди. Тўғри, у жисмонан бақувват, яккакурашларда рақибларга имкон бермайдиган футболчи. Аммо фақат шу хусусиятларига қараб футболчини такибга жалб этмайдилар-ку. Бундай хислатларга эга ўйинчилар дунёда камми? Ундан кўра бор, ана ҳимояни тўғирла, Костага муносиб шерик топ.
Люк Реми. “Special One”нинг трансфер борасидаги “қовун”ларидан яна биттаси.
3) Ева Карнейро синдроми
О, “аристократлар”нинг инқирози хусусида сўз кетар экан, бу ҳақда тўхталмасликнинг иложи йўқ эди. Зотан, “Беназир”нинг курсисини қимирлатган энг биринчи сабаблардан бири ҳам жамоа шифокори Карнейро хоним билан рўй берган ихтилоф ҳисобланади. Воқеанинг тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман. Шундоқ ҳам бу мавзуни дунёдаги кўплаб нашрлар обдон “чайнади”.
Ева Карнейро билан содир бўлган ҳодиса “пенсионерлар” учун ҳақиқий синдромга айланди. Шундан сўнг клубнинг боши муваффақиятсизликлардан чиқмай қолди. Моуриньо томонидан вазифасидан четлаштирилган Ева дастлаб “Челси” ни, сўнгра мураббийнинг ўзини судга бермоқчи бўлди. Уни Футбол медиклари уюшмаси ва АПЛ шифокорлари бирлашмаси, ҳатто Европа футбол иттифоқи (УЕФА) қўллаб-қувватлагани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Кейин эрга тегди. Асал ойи дилхираликларини тарқатиб юборди чоғи дағдағалари матбуотда бошқа кўринмай қолди. Аммо бу воқеа жамоа аъзоларининг бирдамлигига путур етказди.
4) Жамоадаги ички муҳит
“Челси”нинг бир қатор футболчилари ва ходимлари Ева Карнейрони ишдан четлатгани учун бош мураббий Жозе Моуриньодан норози бўлишди. Бунга жавобан уларнинг айримлари Жозега қарши бош ҳам кўтаришди. Айниқса, воқеага қайсидир маънода сабабчи бўлиб қолган Эден Азар ва мураббийнинг муносабатига дарз кетди.
Жамоада ички муҳитнинг ёмонлашувини фақат Карнейро билан боғлаш ҳам унча тўғри эмас. Бундан бошқа муаммолар ҳам бўлгани табиий. Машғулотлар чоғида Сеск Фабрегас, Оби Микель, Эден Азар, Диего Коста ва ҳоказо футболчиларнинг ўзаро муштлашиб кетишгани, қайси бирларидир Моуриньо билан очиқча “сан-ман”га ҳам боришганидан буни билиш қийин эмас.
Гус инқирозни қанчалик бартараф эта олади?
Шунча ёмон нарса ҳақида ёздим, энди яхшиларини ҳам айтиб ўтай. Мураббий алмашгач, энг аввало, ўзаро зиддият барҳам топгани аниқ. Футболчиларнинг суст ўйини Моуриньога қарши бойкот сифатида кўринаётган эди. Буни жамоанинг айрим аъзолари Жозе бошқарувдан кетганидан сўнг ОАВга берган интервьюлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, Оби Микель очиқчасига “Беназир”нинг истеъфога чиқарилиши клубда атмосферанинг яхшиланишига хизмат қилганини таъкидлади. Мана, Азар ҳам, Фабрегас ҳам, Коста ҳам бинойидай, жон-жаҳди билан ўйнай бошлади. Демак, иштиёқ йўқолмаган экан-да!
7 ўйинда 13 очко — бу жуда яхши кўрсаткич. Айниқса инқироз ҳолатидаги жамоа учун. Футболчиларга ўз кучига ишонч қайтиши учун (агар у чиндан йўқолган бўлса) ғалабалар, ижобий натижалар керак эди. Шундай бўлаяпти ҳам. Мана, жамоа азалий рақиби, чемпионат пешқадамларидан бири — “Арсенал”дан “Эмирейтс” стадионида устун келди. Бу ҳам футболчиларга қўшимча мотивация бериши аниқ.
Мен “Челси”нинг мухлиси сифатида бир нарсадан хурсандман. Жамоа секин-аста ўзига ўхшаб бормоқда. Футболчилар зиммаларига юклатилган вазифани бажариш учун майдонга кўзлари ёниб тушмоқда. Энг муҳими, ўйинчилар ўртасидаги низолар кўзга ташланмаяпти. Бу голландиялик мураббийнинг шогирдлари кўнглига йўл топа олганидан, бу қора кунлар ортда қолишига уларни ишонтира олганидан далолат.
Аммо Ҳиддинкнинг ҳақиқий кучи олдинда турган ўйинларда, хусусан, “МЮ”, “Ньюкасл”, “Ливерпуль”, “Суонси”, “Манчестер Сити”га қарши кечадиган ўйинлардан кейин маълум бўлади. Агар “аристократлар” олдиндаги ушбу учрашувларда ҳам ишончли ўйин кўрсата олишса, жамоада ҳаммаси изга тушганига ишониш мумкин.
Турнир жадвали
23-турдан кейин “Челси” хавфли ҳудуддан бироз бўлса-да узоқлашди. Айни пайтда “аристократ” турнир жадвалининг 13-поғонасида боришмоқда. Лондон жамоаси навбатдаги турни “Уотфорд” майдонида ўтказишади. Ушбу ўйинда қўлга киритиладиган ғалаба “кўк”ларга нафақат АПЛдаги мавқеини яхшилаб олиш, балки 25-турда “МЮ”га қарши кечадиган суперўйин олдидан тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди.
Кузатайлик-чи, воқеалар ривожи қандай тус оларкин!?
Жамшид Ўрол ўғли
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).