Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогидаги муаллифлар Ўзбекистон чемпионатининг келгуси мавсумида қандай ўзгаришларни кўришни хоҳлаётганликларини билдиришди. Уларнинг фикрича, лигадаги жамоалар сонини ошириш, терма жамоадаги руҳият билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, келишилган ўйинларга қарши курашиш ҳамда бошқа айрим масалаларни ижобий ҳал қилиш имконияти мавжуд экан.
Элита иштирокчилари сонини кўпайтириш (А.Хорин)
Олий лигада 18 ёки 20та жамоа иштирок этса яхши бўларди. Аммо афсуски, тақвим тузилди, энди бу борада ўзгаришлар қилиш имконсиз. Нима ҳам дердик, кўнишга мажбурмиз. Чемпионнинг 18-ўриндаги жамоага ютқазганини кўрганмисиз? Ишониш қийин, лекин шундай воқеа рўй берган! Ушбу учрашув 2000 йилнинг бошида телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилган. Ўшанда элитада 20та жамоа иштирок этганди... Аммо истагимизга туртки берган асосий омил бу эмас - Европа ва Лотин Америкасининг энг яхши лигаларида бир мавсумда 26-30тагача ўйин ўтказилади - буларнинг бари ўтмишда қолиб кетди.
Жонли эфирдаги трансляциялар сонини кўпайтириш (А.Хорин)
Мазкур масалага юқорида ҳам тўхталдик. Менимча, янги мавсум футбол учрашувларини тўғридан-тўғри эфирда кузатишни хоҳлайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Нафақат мамлакат термаси ўйинлари, балки маҳаллий чемпионат баҳсларини ҳам. Бу ҳозир қанчалик ғалати туюлмасин, айнан шу омил томошабиндаги севимли жамоа ва ўйинчиларига нисбатан қизиқишни кучайтириши мумкин. Шундан сўнггина учрашувларни жонли равишда кузатишга иштиёқ туғилади, кимларгадир омад кулиб боқса, футболчилар билан суҳбатлашиш имконини ҳам қўлга киритадилар. «Спорт» каналимиз янги мавсумда янги лойиҳа асосида иш юритса қандай бўларкин? Натижада, аввалги камчиликлар унут бўлармиди...
Ёш иқтидорларнинг ўсиши (А.Хорин)
Жорий мавсум ўзини ҳар томонлама намойиш этган янги номларнинг келгусида ҳам йўқолиб қолмасликлари, ўсишдан тўхтамай, энг яхши сифатларини намойиш этишларига тилакдошмиз. Жамоаларимизда келажаги порлоқ футболчилар бисёр, уларнинг етуклик сари дадил илдамлашларидан эса барча бирдек фойда кўради. Ёшларимизнинг Янги Зеландияда ўтказилган U-20 мундиалида шунга амин бўлдикки, кадрлар тайёрлаш тизими аввалгидек самарали ишламоқда. Ривожланишнинг кейинги босқичида юзага келаётган камчиликларни эса имкон қадар тезроқ бартараф этиш мақсадга мувофиқ.
Термаларимиздаги руҳият билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш (М.Ливенсон)
Олимпиячиларимизнинг Қатарда бўлиб ўтган қитъа чемпионатидаги иштироки муваффақиятли кечди, де- йиш қийин. Барчаси муҳокама қилинди, хулосалар ясалди, айбдорлар эса, ҳойнаҳой, жавоб беришга улгурдилар. Бироқ Бабаян жамоасининг омадсизлигига сабаб бўлган энг асосий омил оммавий тарзда эълон қилинмади. Ҳозирда деярли барча термаларимизни умумий муаммо - психологик масала қийнамоқда. Бу ўринда психология бошқа жиҳатларни ҳам қамраб олади. Жумладан, ғолиблик руҳининг етишмаслиги, қийин ҳолатда асабни жиловлай олмаслик ва бошқалар. Термада руҳшунослар бор, аммо улар қандай ишлашяпти? Фомин билан боғлиқ воқеа - муаммолар мавжудлигига яққол ишора. Ҳа, Максимилиан хато қилди ва узр сўради, аммо бу масала моҳиятини мутлақо ўзгартирмайди.
Ўйинчиларнинг Европа чемпионатларига йўл олишлари (М.Ливенсон)
Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов ўз фаолиятлари орқали кўҳна қитъада ўйнаш мумкинлигини исботлашди. Сардор Рашидов, Санжар Турсунов, Александр Лобанов, Шоҳруҳ Гадоев ва бошқа футболчиларимизнинг танловларини ҳурмат қиламан, аммо ҳақиқий ўсишга фақат Европада эришиш мумкин. Шунингдек, Хитой, Япония ҳамда Жанубий Корея вариантлари ҳам бор, аммо бундай синовга бардош бериш фақат кучлиларгагина насиб этади. Игорь Сергеевнинг Европага йўл олишини хоҳлайман - унга ўхшаган футболчиларга ҳозир эҳтиёж катта. Қаерга ўтсин? Станислав Черчесовнинг «Легия»си сафига қўшилса ҳам майли. Тўғри-да, шу йили 23 ёшни қарши оладиган Игорнинг янги даражага кўтарилиш вақти етди.
«Обод» элитага мустаҳкам ўрнашади (Е.Раимов)
Ўтган йили олий лигада иккита янги клуб пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар мени қувонтирди. Бу жамоаларнинг Тошкентдан экани ҳам аҳамиятли эмасди. Айнан шу масалада спорт принциплари ўз сўзини айтгани - ривожланишдан далолат. «Оқ-тепа» ўтиш ўйинида мағлуб бўлди, шунга қарамай, кучлилар сафида «Обод» пайдо бўлди. Ушбу клубга 32 ёшли мутахассис бош мураббийлик қилган, жамоа ўзининг стадионига эга эмас. Аммо олий лигада ўйнашга хоҳиш ва иштиёқ юқори. «Обод»нинг ўрнига «Динамо»нинг чиқиши адолатдан бўлмасди. Олег Романцевнинг шогирдларидан бири - Жаъфар Ирисметов эндиликда Тошкент клуби мураббийлар штабидан ўрин эгаллади. Кўрамиз, «ўзбек Виллаш-Боаши» янгича шароитда ўзини кўрсата олармикан.
Келишилган ўйинларга қарши кураш (Е.Раимов)
Ҳақиқий, жиддий ва адолатли кураш. «Олмалиқ» Самарқандда кечган баҳснинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштирганида, мезбонлар мухлисларининг аҳволига ҳавас қилиб бўлмасди. Уларнинг суюклилари узоқ вақтдан сўнг олий лигани тарк этдилар. Эътиборлиси, клуб бундан аввалги баҳсда «бошқачароқ» ўйнаганди. Учрашувларда юзага келадиган баҳсли ва шубҳали ҳолатлар маҳаллий мухлисларнинг футболга нисбатан қизиқишини сўндириши тайин. Албатта, келишилган ўйинларнинг борлиги расман тасдиқланмаган, аммо шундай муаммонинг йўқлигига ҳеч ким кафолат бермайди. Мабодо, «Сўғдиёна»нинг ўтган йилгидек айрим «ғалати» учрашувларни ўтказгани ҳақида хабар чиқса, асло ажабланмайман. Борди-ю, шундай ҳолатлар рўй берса, «келишувчилар»ни дисквалификация қилиш эмас, балки футболдан умуман четлатиш керак.
Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамов хориждан иш топишади (М.Ливенсон)
Юксак малакага эга бу мутахассисларимиз ўзларининг нималарга қодир эканликларини намойиш этишга улгурдилар. Аммо айрим сабабларга кўра, улар яқин орада Ўзбекистонда ўзларига муносиб иш тополмасликлари мумкин. Шундай экан, балки хорижга йўл олиш вариантини кўриб чиқиш керакдир? Миржалол Қўшоқович ҳамда Вадим Карленовичнинг эришган ютуқлари келгусида асқотиши тайин. Абрамов Қозоғистонда яхши ишлаб кетиши мумкин. Қосимовнинг эса Россияда танишлари бисёр...
Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасида ўқишингиз мумкин...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).