«Ливерпул»нинг собиқ сардори The Telegraph нашрида колумнист (бирор бир газетанинг саҳифасини юритувчи инсон) сифатида иш бошлади. Яқинда у «қизиллар»нинг ўйинлари ва «Манчестер Сити»ни Пеп Гвардиола қабул қилиб олиши борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
- «Уэмбли»даги финалларда иштирок этгансиз. Буни қандай тасвирлаб берасиз?
- Сиз «Уэмбли»даги финал бошланишидан бир неча дақиқа олдин кийиниш хонасида «Ливерпуль» сардори сифатида ўтирасиз. Хаёлингизда эса жамоадошларингиз. Энг муҳими, одам шундай пайтларда эҳтиросларини жиловлай олиши лозим. Шу билан бирга, майдонда бор имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳар қандай футболчи учун финалдаги энг асосий мақсад - ўз номини тарихга ёздириб қўйиш.
- Финалнинг оддий ўйиндан фарқи нимада?
- Бундай ўйинлар учун тайёргарлик бироз бошқачароқ бўлади. Ҳаяжон ошади. Сиз бутун жамоа - мураббийлар, футболчилар, мухлислар финалда ғалаба қозонишни хоҳлаётганини кўрасиз. Барча клуб тарихи, бўлажак ўйиннинг муҳимлиги ҳақида гапиради. Финалга йўл олган икки жамоа учун шу куни бунданда муҳимроқ ўйин бўлмайди. Премьер-лигадаги 3 очколик баҳс билан бирор-бир совринни ютиш учун кечадиган баҳснинг ўртасида катта фарқ бор. Агар чемпионатда очко йўқотсангиз, кейинги ўйинда уни тўғирлашнинг имкони бор. Аммо финалдаги мағлубият...
- Финалдаги мағлубият қандай таъсир ўтказади?
- Учрашувдан олдинги босим катта бўлади. Баъзида финалда ғалаба қозонсангиз, хурсандчиликлар уч кунда унутилиб кетиши мумкин. Аммо мағлубият ҳафталаб салбий таъсир ўтказади. Ҳеч ким иккинчи бўлишни истамайди. Шундай ўйинлар борки, жамоа учрашувдан олдин ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр бўлади. Аммо майдонга тушгандан сўнг худди «музлаб» қолгандек туюлади. Бунга яққол мисол сифатида бир йил олдин Англия кубогининг ярим финалидан ўрин олган «Астон Вилла»га қарши учрашувни олиш мумкин. Агар ўшанда бошқа босқичда ўйнаган бўлганимизда, ишончим комил, ғалаба қозонардик. Биз «Уэмбли»да рақибни доғда қолдиришни жуда истагандик. Аммо майдонда барча ҳаракатларимиз ўзимизга қарши чиқаверган. Жамоа шундай таркиб билан ҳеч бўлмаса битта совринни қўлга киритишни жуда хоҳлаганди. Аммо ўз имкониятимиз даражасида ўйнай олмаганмиз. Брендан Рожерс бизни яхши тайёрлаган. Ўйин учун тузган режаси ҳам ажойиб эди. Бироқ биз унинг кўрсатмаларини бажара олмаганмиз. Рақибга нафақат техник, балки тактик жиҳатдан ҳам имконятни бой бергандик.
- «Ливерпул»да ишлаган мураббийлар ҳақидаги фикрингиз?
- Ўзим ўйнаган финалларни кўп эслайман. Унда мураббийнинг роли катта бўлган. Масалан, Жерар Улье ва Фил Томпсонлар ўйин олдидан тайёргарликка жиддий эътибор қаратишарди. Кейин Рафаэль Бенитес келди. У «Ливерпул»ни қабул қилиб олишидан олдин УЕФА кубоги ва Испания чемпионатида ғалаба қозонганди. Биз унга ишонардик. Мен учун муҳим медаллардан бири 2012 йилги Лига кубогидаги ғалаба бўлган. Ўшанда жамоани менинг кумирим ва «отам» - Кенни Далглиш бошқарган.
- Фаолиятингизда муҳим роль ўйнаган мураббий ким?
- 2001 йили Улье қўл остида биринчи совринимни қўлга киритганман. 2005 йили Бенитес билан Чемпионлар Лигасида зафар қучганман. 2012 йили эса Далглиш билан «Ливерпул»даги сўнгги совринимни олдим. Аммо уларнинг барчаси мағлубиятдан сўнг «кийиниш хонасига афсус билан кирманглар», дейишарди.
- «Ливерпул»да Юрген Клоппнинг ўрни қандай бўлади?
- Ишончим комил, «Ливерпуль» футболчилари Клоппга ишонишади. Ўйлайманки, у жамоани янги босқичга олиб чиқади. Клоппнинг ўзига хос услуби бор. Ҳар қандай футболчини руҳлантиришга қодир. У ташқаридаги одамларга ҳазилкашдек туюлади. Аммо ишига жиддий эътибор қаратади ва ўзига яраша қаттиққўл. Шахсий тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, футболда кўп нарса мураббийга боғлиқ. Аммо майдонга тушганингиздан сўнг барчаси ўзингизга боғлиқ бўлиб қолади.
- Англия премьер-лигасига Хосеп Гвардиоладек мураббий ташриф буюрмоқда...
- Келгуси мавсумда «Манчестер Сити»ни Гвардиола бошқариши аниқ бўлди. Шу боис ҳам жамоа футболчилари ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Улар Пеп қўл остида ҳам ҳозиргидек асосий таркибда ўйнашни истайдилар. «Сити» таркибида анча кучли футболчилар жамланишган. Ўйлайманки, Гвардиола у ерда ажойиб жамоани шакллантиради. «Шаҳарликлар»нинг кўплаб футболчилари индивидуал жиҳатдан кучлилар. Аммо тактик жиҳатдан мукаммал жамоага қарши ўйнаганда оқсаб қолишади. Менимча, Гвардиола бу камчиликни бартараф этади.
- «Ливерпул»даги жамоадошларингиз билан муносабатларингиз қандай?
- Улар билан ҳамиша алоқадаман. Тўғриси, Жордан Хендерсоннинг бирор-бир совринга эга чиққанини кўришни истардим. Унинг бунга муносиблигини сўз билан таърифлаш қийин. Жордан «Ливерпул»га янги қўшилганида оғир кунларни ўтказган. Аммо барчасини бартараф этиб, бугунги кунда жамоа сардори бўлишга муносиб. У майдонга тушишга 100 фоиз тайёр бўлмаганида ҳам бор имкониятини тўлиқ ишга соладиган футболчилар тоифасига киради. Агар у «Ливерпул»нинг сардорлик боғичини тақса, жуда хурсанд бўлардим.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).