«Барселона» ва Уругвай терма жамоаси ҳужумчиси Луис Суарес ЖЧ-2014да Италия терма жамоаси ҳимоячиси Жоржо Кьеллинини тишлагани учун дисквалификация муддатини ўтаб, терма жамоа сафига қайтди. Бразилияга қарши ЖЧ-2018 саралаш учрашуви олдидан футболчи ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Янги Луис Суарес футболга аввалгидек муносабатда бўлади. Югуради, прессинг қилади. Ҳеч ким менинг ўйин услубимни ўзгартирмоқчи эмас. Кўп нарсаларда ақллироқ бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳаёт менга имконият бермоқда, ундан фойдаланишим керак. Ўзимнинг энг яхши ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Бразилияга қарши ўйин олдидан Неймар билан ҳазиллашдик. Ҳар биримиз ғалаба учун қўлдан келган барча ишни қиламиз. Кимдир мағлуб бўлса, бир-биримизни овутамиз, ахир биз "Барселона"да бирга ўйнаймиз. Мен унинг имкониятларини яхши биламан. Ҳар бир футболчи ўзининг рақиби қандай ўйнашини яхши билади, ўйин пайтида исталган футболчи гол уриши мумкин. Мен жамоадошларимга Неймар чап томонда ўйнайди, деб айтсам, у майдонга чиқиб, ўнг томонда ўйнаши мумкин», - дейди Суарес.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).