Ўн икки ой муқаддам Жек Батленд премьер-лиганинг иккита ўйинини асосий таркибда ўтказгани билан мақтана оларди, холос. Қолган баҳсларни ёш дарвозабон захира ўриндиғида кузатган. Унинг фаолияти тўхтаб қолаётгандек туюлган бир пайтда ўзининг ижобий сифатларини намойиш эта бошлади. Натижада, футбол ассоциацияси раҳбарияти унга терма жамоада Жо Хартга муносиб издош сифатида қарай бошлади.
«Манчестер Сити» посбонининг Германия ва Голландияга қарши кечадиган ўртоқлик ўйинларида майдонга тушолмаслиги Батленд учун катта имконият тақдим этарди (Жек немислар билан баҳсда асосий таркибда тушиб, 45 дақиқа ўйнади). Жо Харт узоқ вақт Рой Хожсон жамоасида 1-рақамли дарвозабон номини ҳеч кимга бермай келаётганди. Энди эса, афтидан, Батленд ва «Саутгемптон» кипери Фрейзер Фостер унга муносиб рақобатчига айланадиган кўринишади.
Жорий мавсум Жекда ўсиш кузатилмоқда ва тиззасидан жароҳат олган Хартдан қолишмаслигини ўзи ҳам таъкидламоқда.
«Сток Сити»да менга имконият яратиб беришгач, бошқа ҳамма нарсани унутдим - айнан шуни кутиб тургандим. Шундай клубда ўйнашни хоҳлаганим боис, қулай фурсатдан унумли фойдаланишимни билардим», - дейди маҳоратли дарвозабон.
«Жамоам муваффақиятларига улуш қўшиб, даражамни кўрсатишни истайман. Жо ўтган ҳафта жароҳат олди - футболда нима бўлишини олдиндан билмайсан. Мақсадим - захира ўриндиғида ўтириш эмас, майдонга тушиш, чунки ҳар қандай вазиятда кутилмаган воқеа рўй бериши мумкин».
«Хартнинг ўрнига даъвогарлар қаторига киришни хоҳлайман, Фрейзер ҳам олтита «қуруқ» ўйини билан сафимизга қўшилди. Бу албатта, қувонарли, жамоада ҳамиша рақобат ҳукм сургани маъқул. Шундай муҳитда футболчиларнинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирралари очилади. Даража жиҳатидан Жога етиб оламиз, деган ниятдаман».
«У бошланғич таркибдаги жойини аллақачон кафолатлаб олган, аммо мен ва Фрейзерга ўхшаганлар ҳар қандай вазиятда берилган имкониятдан унумли фойдаланиш пайида бўламиз. Терма жамоа машғулотларида ҳамиша шунга тайёр турамиз».
Батленд Харт билан жароҳат олиши ҳамоно суҳбатлашди. Гарчи улар Англия термасининг 1-рақамли дарвозабони номи учун рақобатлашишса-да, ўзаро муносабатлари яхши эканлигини пайқаш қийин эмас.
«Унга омад тиладим. Узоқ вақтдан буён танийдиган, ўзаро дўстона мулоқот қилиб юрган дўстларингдан бирининг жароҳатланиши ёқимсиз ҳолат», - дейди Батленд.
«Жароҳат жиддий эмас, деган умиддаман. Хартнинг тезроқ сафга қайтишига тилакдошман. Биз - дарвозабонлар - бир-биримизни қаттиқ ҳурмат қиламиз, чунки бизнинг позициямизда ўйнаш осонмас. Харт - жаҳондаги энг яхши киперлардан бири. «Бирмингем»да тўп сурганимизда ундан доимо ниманидир ўрганишга уринардим. Терма жамоа ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлаверади».
Эндиликда Батленднинг ўзи ҳам юлдузга айланиб бормоқда. Ёзда «Сток»нинг асосий дарвозабони - Асмир Бегович 8 млн. фунт эвазига «Челси»га сотилди. Мазкур трансфер Жек учун фойдадан холи бўлмади. Батленд ишончли ҳаракатлари эвазига «Сток Сити» билан беш йиллик янги шартнома имзолашга эришди. Статистик маълумотлар шундан далолат беряптики, март ойида Жек премьер-лигадаги энг фаол посбонга айланди. Бутун мавсум давомида унинг «қуруқ» ўйинлари сони 10тага етди, ўз навбатида, бор-йўғи 37та тўп ўтказиб юборди.
«Ливерпуль» ва «МЮ» скаутлари сўнгги йиллар мобайнида Батлендга бир неча маротаба эътибор қаратишди, аммо «Сток» ўз дарвозабонини қўйиб юбормоқчи эмас. Раҳбарият Жекнинг келажакда «кулоллар»нинг асосий футболчиларидан бирига айланишига чин кўнгилдан ишонади. Марк Хьюз келгач, бу умидлар рўёбга чиқа бошлади.
«Клубим даражасига мос ўйин намойиш этишга ҳаракат қиляпман. Сафимизда Чемпионлар Лигасида зафар қучган, «Барселона» жамоасида ўйнаган ажойиб футболчилар бор, - дейди Батленд. - Клубнинг бу ўйинчилар билан битим тузаётгани бежиз эмас. «Сток Сити»ни улкан муваффақият кутиб турибди.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ:
Туғилган санаси: 1993 йил 10 март (23 ёш)
Туғилган жойи: Бристоль, Англия
Бўйи: 196 см.
Вазни: 95 кг.
Клуби: «Сток Сити» (Англия)
Позицияси: дарвозабон
Рақами: 1
Манба: Football.ua,
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).