Сўнгги йилларда «МЮ»нинг захира ўриндиғи ва ҳаттоки, асосий таркибида бўй кўрсатиш маҳаллий академия тарбияланувчилари учун одатий ҳолга айланди. Бундан 25 йил муқаддам «Олд Траффорд»да ўзининг шиддатли парвозини бошлаган Райан Гиггз бу борада нима дейди? «МЮ» академияси самарадорлиги қандай асосларга эга? Бу каби саволлар жавобига қизиқсангиз, қуйидаги интервьюни мутолаа қилишингиз мумкин.
- Райан, олис 1991 йил март ойидаги илк учрашувингиз таассуротлари ёдингиздами?
- Эҳтимол, дебют бошқа футболчиларники каби мен учун ҳам унчалик ваҳимали бўлмагандир. Ахир 12 ёшимдан шу даргоҳда улғайдим, ёшлар ва захира жамоалари таркибида «Олд Траффорд» билан яхшилаб танишгандим. Шу сабабли, юлдузлик касали ёки «Орзулар театри» олдидаги ҳаяжон менга халал бермаган. Шунга қарамай, буюк жамоа либосида илк марта майдонга тушганимда, қандайдир тўлқинланиш ва бироз асабийлашишдек ажиб бир ҳаяжонни яққол ҳис этгандим.
- Ёшлар жамоасидан асосий таркибга ўтишингизда сизга қайси омил кўпроқ халақит берганди?
- Ўринбосарлар сафидан асосий жамоага ўтиш - улкан қадам. Мураббийим ўгитлари бу борада менга жуда қўл келди. У ёшлар сафида қандай ўйнаган бўлсам, худди шундай давом эттиришим зарурлигини уқтирганди. Табиийки, устозим кўрсатмаларини иложи борича бехато бажаришга интилдим. Албатта, ўртада жуда катта тафовут бор эди - сени телеэкран орқали миллионлаб ва стадионда 40-45 минг мухлис кузатиб турганида, кучли ҳаяжон, босимни сезишинг аниқ. Муҳими, мен ўша босим ва ҳаяжон таъсирига берилмадим.
- Сэр Мэтт Басби ёш футболчиларга ишонч билдириш билан донг таратганди. Охир-оқибат, бу анъана клуб тарихининг ажралмас қисмига айланди. Басбининг таъсири ҳозир ҳам сезилиб турадими?
- Ўйлашимча, ёшлар жамоа тарихидан жой олган барча буюк футболчилар изини бемалол ҳис этишлари мумкин. Дарҳақиқат, сэр Мэтт маҳаллий футболчилар орасидан ноёб иқтидор соҳибларини кашф этиш анъанасини бошлаб берган. Ўша анъана ҳозир ҳам мавжудки, бу ҳол мухлисларга жуда ёқади. Ахир улар ёш йигитчаларнинг машҳур юлдузлар билан ёнма-ён тўп суришаётганидан ўзгача завқ олишади.
- Сэр Бобби Чарльтон ҳамон клуб учун муҳим шахслардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг «МЮ» тарихига қўшган ҳиссасига қандай баҳо берасиз?
- Менга вақтида Швейцарияда ташкил этилган U-14 тоифасидаги турнирда қатнашиш насиб этганди. Ўшанда сэр Мэтт ва сэр Бобби биз билан саёҳат қилишганди. Аэропортда уларни мухлислар қуршаб олишгани кечагидек ёдимда. Демоқчиманки, мухлислар нафақат Манчестер, балки дунёнинг исталган нуқтасида бу афсоналарга юксак эҳтиром кўрсатишади. Қаерга боришимиздан қатъий назар, фанатлар сэр Боббини ўраб олишар, ундан дастхат олиш учун узоқ вақт навбат кутишарди.
- Чунки у «МЮ»нинг жасорат рамзи эди-да, шундайми?
- Сэр Бобби жамоа буюклигининг тимсоли! Ўз фаолиятини ёшлар жамоасида бошлаб, Мюнхен фожиаси аламларини татиб кўрди. Шунда ҳам яна майдонга қайтиб, сон-саноқсиз совринларга эришди. У ҳозир ҳам «МЮ»да юксак нуфуз ва таъсир кучига эга. Асосийси, Чарльтонни бутун дунё танийди.
- Шу ўринда Бобби Чарльтон томонидан ўрнатилган рекордни 2008 йили Москвада янгилаганингизни эсламасликнинг иложи йўқ. Ўша тарихий оқшомни қандай эслайсиз?
- Албатта, «МЮ» сафидаги ўйинлар сони бўйича сэр Боббидан ўзиб кетишни ҳатто орзу қилишга ҳам ҳаддим сиғмасди. Қўшимчасига, бу унутилмас натижа ЧЛдаги тарихий ғалабамиз билан ўзгача сайқал топди. Ғолиблик нашъасини шахсан сэр Бобби билан бирга сурдимки, бу фаолиятимдаги энг ёрқин лавҳалардан биридир.
- Ортга қайтишда давом эттамиз: 1999 йил, «МЮ» қайд этган «требл», ЧЛ ярим финалида урган голингиз ва «Камп Ноу»даги финал... Ўша фантастик мавсумнинг энг ёрқин лавҳаси қайси?
- Менимча, Манчестер марказидаги Динсгейт муюлишида кузатилган ҳолат. Биз шаҳар бўйлаб усти очиқ автобусда сайрга чиққан эдик ва кўчаларда миллионлаб мухлисларга дуч келдик. АПЛ ғолиблиги, Англия кубоги ва Барселонада қўлга киритилган драматик ғалаба! Ғолиблик нашидасини нафақат Манчестер, балки бутун дунёдаги мухлислар билан баҳам кўриш чиндан ҳам, ҳайратланарли. Ўйлашимча, қолган жамоадошларим ҳам ҳайратдан қотиб қолишганди. Кўчаларда на йўлак, на бино ва на дарахтлар кўринарди. Ҳаммасини бизга узоқдан бўлсада, нигоҳ ташлаш умидида келган мухлислар тўсиб қўйишганди.
- Бундай фантастик муваффақиятнинг асосий омили нима эди, сизнингча?
- Кўплаб ижобий жиҳатларнинг ўйғунлиги. Хусусан, сўнгги сонияларгача мағлубиятни тан олмаслик, охирги дақиқаларда гол уриш одатимиз муҳим роль ўйнаганди. Албатта, ЧЛ финалида ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда урилган гол баҳоси жуда баланд. Ваҳоланки, бунгача ҳам сўнгги дақиқаларда етарлича голларни нишонлаган эдик. Бунинг асосий сабаби шуки, ҳеч қачон енгилганимизни эрта тан олмасдик, бунга одатланмагандик.
- Шубҳа йўқ, тарихий муваффақиятда «Класс-92»нинг улуши катта бўлганди. Бу атамадан бехабар мухлисларга қисқача изоҳ бериб ўтсангиз...
- Чиндан ҳам, камдан-кам юз берадиган ҳолат. Унгача жамоамиз сафига ҳар 2 йилда 1-2 нафар тарбияланувчи қўшиларди. 1992 йили эса ёшлар таркибидан бир йўла 6 нафар футболчи асосий жамоага жалб этилди. Боз устига, улар шунчаки, жамоадош эмас, 12-13 ёшли пайтларидан бирга улғайган қалин дўстлар эдилар. Орадан 20 йил ўтгач, ўртадаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Улар шу давр ичида улкан зафарларга эришдилар. Ҳайратомуз воқеалар футболда жуда кам учрайди. Ёппасига жамоага ўтиш ва мисли кўрилмаган ютуқларга эришиш ҳолати қайсидир жиҳатдан «Басби кичкинтойлари»ни эслатганди.
- Қайси натижани ҳамкорликда қўлга киритилган энг буюк зафар сифатида тилга оласиз?
- Менимча, энг яхши натижамиз - биргаликда ўтказган ўйинларимиз сонининг кўплиги. Зеро, бош жамоа таркибидан жой олишнинг ўзи ўта мушкул вазифа. Лекин унинг таркибида узоқ вақт тўп суриш, йиллар давомида ғалабаларга нисбатан чанқоқлик ва иштиёқни йўқотмаслик ундан-да қийинроқ. Биз буни уддаладик!
- Айтингчи, «МЮ» тизимидаги барча жамоалар синовидан ўтишнинг алоҳида сири борми?
- Албатта, биласизми, бу клуб ёшларга кенг имконият беради. Бу борада яна сэр Мэтт Басби даврини эслашимиз жоиз. Фанатларнинг талаби ҳам шу - майдонда ўзларидан фарқ қилмайдиган маҳаллий ўйинчилар, клуб тарбияланувчиларини кўриш. Улар ёш футболчиларга доимо хайрихоҳлик билан қарашади. Тўп узатиш ёки дарвозани нишонга олишда хатоликка йўл қўйишсада, кечиришади. Чунки ўша футболчи худди ўзлари каби «МЮ» мухлиси эканини яхши билишади. Демак, қайсидир ёш футболчининг асосий таркибдан мустаҳкам жой олиши - эътиборга молик воқеа.
- Имкониятлар кенг экан, унда нега сизлар уддалаган ишни бошқалар такрорлай олишмаяпти?
- Биласизми, биз ҳам ўзига хос табиат ва турли характергаэгаэдик. Аммо барчамизни ягона мақсад бирлаштириб турарди. Мақсадимиз шунчаки, таркибдан жой олиш эмас, самарали тўп суриб, буюк ғалабаларга эришиш эди. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам қалин дўст тутингандик. Ҳозирда ҳам ўртамиздаги «борди-келди» узилган эмас, тез-тез кўришиб турамиз. Шундай экан, муваффақиятимизнинг асосий сабаби - ҳамжиҳат бўлганимиз.
- Дарҳақиқат, нафақат «МЮ», балки терма жамоада ҳам рисоладагидек фаолият юритиб, бой тажриба орттиргансизлар. Бунда клубдаги тарбиянинг ўзига яраша улуши бордир...
- Чиндан ҳам, нафақат футбол, балки ҳаётда-да маълум тажрибага эга бўлдик. Жуда кўп вақтимизни бирга ўтказардик. Баъзан соат 8:00да бошланган машғулот 16:30гача давом этарди. Нафақат ғалабаларни нишонлаш, мағлубият аламини унутишни ҳам ўргандик. Бугун кимдир яхшироқ ўйнаса, бошқаси рисоладагидек тўп суролмаслиги мумкин. Шундай пайтларда бир-бирига ёрдам бериш, қийинчиликларни бирга енгиб ўтиш муҳим.
- Дўстларингизга ягона ибора билан таъриф берсангиз...
- Гари Невилл, бу йигитга 2та сўз ишлатаман - доимо ҳақ! Фил Невилл - қитмир, Ники Батт - қувноқ, Пол Ско-улз - ҳиссиз, Дэвид Бекхэм - сурбет!
- Эндиликда ёш футболчиларни тарбиялаб, уларни юлдуз даражасига олиб чиқиш клубнинг асосий йўналиши бўлиб қолаверадими?
- Ҳа, шундай. Ахир бу клуб фалсафаси, тарихининг ажралмас бўлаги-ку. «МЮ»ни бошқа жамоалардан ажратиб турадиган жиҳат ҳам шу. Истасак, юксак савиядаги ўйинчиларни харид қилишимиз мумкин. Бироқ энг аввало, ўзимизникилар ўйнашини хоҳлаймиз. Уларни қайси чизиқда тўп суришлари муҳим эмас. Асосийси, тизимимиздан чиқишса, бас.
- Футболчи Райан Гиггз ва мураббий Райан Гиггзни таққослаш мумкинми?
- Бўлмасам-чи... Улар бир-бирига жуда ўхшаш. Бир пайтлар дунёда энг яхши футболчи бўлишни орзу қилардим. Энди эса энг яхши мураббий сифатида ном қозонишга уриниб кўраман. Бунинг учун тинмай тер тўкишим ва бор кучимни сарфлашим лозим. Қолаверса, саъй-ҳаракатларим қалб амрига мос келиш жуда муҳим.
- Бу икки касб орасидаги фарқ нимада?
- Мураббийлик соҳасига кирган киши футболчидек фикрлашни тўхтатиши шарт. Футболчининг вазифаси анча оддий: у юксак савияда тўп суришни истайди, бунга қанчалик тайёр эканлиги ва мақсадга эришиш йўлларини билади. Мураббий эса турли табиатли футболчилар ёрдамида энг яхши натижани таъминлашга интилади. Бунинг учун ҳар бир шогирдининг кўнглига йўл топиши, энг яхши фазилатларини намойиш этиш учун барча жабҳаларда ёрдам бериши талаб этилади.
- Суҳбатимиз якунида сизга берилган «МЮ» тарихидаги энг муваффақиятли футболчи» мақомига изоҳ берсангиз...
- Мен омадлиман. Албатта, тиришқоқлик билан меҳнат қилдим, бор маҳоратимни ишга солдим. Шунингдек, омадли даврни бошдан кечираётган клубга юксак савияли ўйинчилар билан бир вақтда келганим ҳам рост ва бу фаолиятим муваффақиятини таъминлади. Севимли жамоа шарафини ҳимоя қилиш учун шунча кўп майдонга тушганим ва етарлича ёрқин ғалабалар ҳамда нуфузли совринларга эга чиққанимдан фахрланаман, албатта. Асосийси, ҳеч қачон натижалар билан кифояланиб қолмадим, аксинча, иложи борича кўпроқ ютуқларга эришишни кўзладим. Хайриятки, буни уддаладим ҳам!
Football.uа - Содиқ СОБИР тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).