Хабарингиз бор, Европа қитъаси айни кунларга келиб, қайсидир сабаб билан ўз юртларини тарк этишга мажбур бўлган муҳожирлар учун асосий манзилга айланди. Шубҳасиз, кўпсонли кишиларнинг бундай кўчишлари «кўҳна қитъа» мамлакатларига турли муаммоларни келтириб чиқаради. Лекин футбол борасида бундай дейишга асос йўқ. Аксинча, айнан муҳожирлар оилаларида улғайган истеъдодлар туфайли еврофутбол гўзаллашиб бормоқда, қитъа клублари ва терма жамоалари ўзгача ижрочиларга эга бўлишяпти. FootballHD.ru сайтининг қуйидаги мақоласида бунга энг ёрқин мисоллар келтирилган.
Давид Алаба
Очиғини айтиш керак, «қора танли австриялик» ибораси тилимизда бироз ғализроқ айланади. Аммо гап Мюнхеннинг «Бавария»сида тўп сураётган ҳимоячи ҳақида борганида, мазкур «эътироф»ни ўзгача тўлқинланиб айтамиз. Зеро, футболчининг ўйини ҳар қандай кишида беихтиёр ҳурмат ҳиссини уйғотади. Тана ранги Давидга отасидан мерос. Катта Алаба - Жорж ёшлик пайтлари азбаройи иқтисодиёт илмини эгаллаш учун Нигериядан Австрияга келади ва Венадаги университет талабасига айланади. Жорж таҳсил мобайнида тунги клублардан бирида «диджей» (мусиқачи)лик вазифасини ҳам бажаради ва ўзида мусиқага алоҳида қизиқиш борлигини пайқайди. Аммо нигериялик муҳожир санъат йўналишида айтарли муваффақиятга эришолмайди. Аниқроғи, Жорж умуман кутилмаган бошқа бир ҳодиса туфайли бирдан танилиб кетади - уни Австрияда ҳарбий хизматга чақиришади. Шу тариқа катта Алаба Австрия қўшинлари сафида хизмат қилган биринчи қора танли фуқарога айланади. Бу унга табиийки, катта машҳурликни олиб келди. Ҳаттоки, Жорж Алаба ҳақида фильм ҳам ишланди. 80-йиллар охирига келиб, Жорж ҳарбий хизматдан истеъфога чиқди ва турли кўнгилочар кечаларни ташкил қила бошлади. Ана шундай шоу-кечаларнинг бирида бўлажак турмуш ўртоғи - ҳамширалик дипломи ва «Филиппин гўзали» мақомига эга қиз билан танишди. Давид туғилган пайт ёш оила ўзини анча тиклаб олганди. Чунончи, Жорж шахсий тунги клубини ишга туширганди. Бугунга келиб, Жорж ўғлининг шахсий агентига айланган. Давид эса аждодлари тарихи қандай кечганини доимо ёдида тутади: «Филиппинда ҳам, Нигерияда ҳам бир неча бор бўлдим. У ердаги одамлар ҳаётини кўрсанг, ҳаёт сенга инъом этган туҳфаларнинг қадрига ета бошлайсан».
Златан Ибрагимович
Ибранинг Швецияда туғилиши тарихи қуйидагича: 70-йиллар охирларида Босниянинг Биелин шаҳрида серблар ғалаён кўтариб, юзлаб мусулмонлар жонига қасд қилишади. Златаннинг отаси Шафиқ эса бундай нохушликлардан узоқроқ юриш илинжида қочқин сифатида Швецияга йўл олади ва мамлакат фуқаролигига эга бўлиш мақсадида шу ерда уйланади. Айтганча, Шафиқнинг рафиқаси ҳам ўзга юртдан эди - у Хорватиядан келган муҳожирлар оиласида вояга етган. Жуфтлик ўртасидаги никоҳ атиги фуқароликни олиш учун тузилган бўлса-да, тез орада оилада чақалоқ дунёга келди. Златан 2 ёшга тўлганида эса, унинг ота-онаси ажрашишга қарор қилишди. Чунки Шафиқ кун бўйи телевизор қаршисига михланиб, фақат Босния ҳақидаги янгиликларни кузатар, жонажон шаҳридан бўладиган телефон қўнғироқларини кутиб, аёли ва оиласига умуман эътибор қаратмасди. Бошқача айтганда, у уруш туфайли тушунарсиз феъл-атворли кишига айланганди. Шунга қарамай, Шафиқ ажрашишдан кейин ҳам фарзандларига меҳрибон оталигича қолди. У ҳар якшанба куни Златан ва синглисини хиёбонларга олиб бориб, аттракционга туширар, музқаймоқ билан сийларди. Болаларни тарбиялаш она зиммасига тушгач, у кескин ўзгариб, жаҳлдор ва бераҳм аёл бўлиб қолди. Дейлик, Златанни арзимаган айби туфайли ёғоч қошиқлар билан аёвсиз саваларди. «Баъзида у жуда шавқатсиз инсонга айланиб, мен ва синглимни қошиқ билан уришга тушарди. Гоҳида зарбанинг кучидан қошиқ бошимда синарди ва мен янгисини сотиб олиш учун дўконга жўнардим. Худди ҳаммасига мен айбдордек», - дея эслаганди Ибра ўз болалигини.
Поль Погба
Антуан ва Йео Погба Францияга 1991 йили кўчиб ўтишган. Бунгача Полнинг отаси Гвинеяда телекоммуникация соҳасида ишларди ва бу йўл билан ҳаётда ҳеч нарсага эришолмаслигини англаб, Францияга йўл олади. У шу ерда техникага ихтисослашган ўқув юртлариларидан бирида иш бошлайди. Ўз ўрнида таъкидлаш лозим, Полнинг онаси - Йео аслида конголик ҳисобланади. Хуллас, Поль эндигина 2 ёшга тўлган пайти Антуан оиласини тарк этишга қарор қилади. Аммо у фарзандларини ўз ҳолича ташлаб қўймайди. Аксинча, шахсан ўзи Поль ва унинг икки акасида футболга ўзгача меҳр уйғотади. Бунинг учун Марадона, Пеле ва Папеннинг ўйинлари ёзилган видеокассеталардан фойдаланади. Боз устига, лавҳаларни томоша қилиш жараёнида ўғилларига футболнинг оддий ўйин эмас, балки ёрқин келажак гарови эканлигини ҳам уқтиради. Энг муҳими, отанинг бундай ёндашувига Йео ҳеч қандай эътироз билдирмайди. Шунинг учун ҳам Поль онасидан чексиз миннатдор эканлигини қайта-қайта такрорлайди. Масалан, аксарият футболчилар «Олтин тўп»-2015 тақдирлаш маросимига қаллиқлари билан борган бир пайт Погба ўзига ҳамроҳ сифатида волидасини танлади.
Маҳмуд Доуд
Бу йигитча илк бор бутун мавсум давомида фаол тўп сурмоқда. Лекин шуниси эътиборлики, ҳозирданоқ кўпчилик тинчини бузишга улгурди. Ҳарқалай, Менхенгладбахнинг «Боруссия»си шарафини ҳимоя қилаётган 20 ёшли иқтидорни мунтазам равишда Германия ёшлар терма жамоасига жалб этишяпти. Қолаверса, унинг «Ювентус», ҳар икки «Манчестер» ва «Боруссия» (Дортмунд) каби клублар «нишони»га тушганини айтиш лозим. Тарихга қайтсак, Маҳмуд Суриянинг асосан курдлар истиқомат қиладиган Амуда шаҳрида дунёга келган. Ўша пайтлар ҳам Сурияда турли можаролар авжига чиққан бўлиб, курдлар камситилиши туфайли Доудлар оиласи мамлакатдан бош олиб кетишга қарор қилади. Бу вақтда Маҳмуд 10 ойлик чақалоқ эди. Оила Германияга етиб олгач, Дюссельдорф шаҳрига ўрнашади. Болакай эса бу ерда эсини танибоқ футболга қизиқиб қолади. Шу тариқа 14 ёшигача «Фортуна» клуби мактабида футбол сир-асрорларини ўрганган ўсмир ривожланишнинг кейинги босқичини «Боруссия» сафида ўтади ва 17 ёшида «Бавария»га қарши ўйинда иштирок этди. Айни пайт миш-мишлар курд йигитини турли топ-клубларга боғламоқда. Маҳмуд эса уларга заррача эътибор қаратмай, бош мақсади - Германия терма жамоаси сари интилмоқда.
Карим Бензема
Авваллари Жазоирда яшаётган кўплаб қашшоқ оилалар фарзандлари учун Зайниддин Зидан ҳалол йўл билан танилиш, бойишнинг мукаммал тимсоли эди. Энди эса Карим Бензема ҳам асл ватандошлари учун худди шундай футболчига айланди. Унинг ота-онаси - Малика ва Хафиф худди Зиданнинг аждодлари каби Жазоирда тўс-тўпалонлар кучайган вақт Францияга кўчиб ўтишганди. Лекин уларни бу мамлакатда ҳам фаровон ҳаёт кутмаётганди. Оила Лион шаҳрининг энг хатарли ҳудудларидан бирига жойлашади. Ана шундай муҳитда 8 нафар фарзанд билан кун кечиришни бир тасаввур қилиб кўринг-а?! Бенземалар оиласи чекига худди шундай қисмат тушаётганди. Зеро, оилада Каримдан ташқари, яна 7 нафар ака-ука, опа-сингил бор эди. Мана, Карим ота-онаси орзусини рўёбга чиқарди: ўз оиласини ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб, муҳтожлик ва қашшоқлик домидан тортиб олди. Лекин унинг келиб чиқиши французларда шубҳа уйғотади, барибир. Шунинг учун ҳам, Матьё Вальбуэна билан боғлиқ можаролардан сўнг Бенземани дарҳол терма жамоадан четлатишга қарор қилишди. Албатта, бу кишига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Аммо муҳими, айни пайт Бенземалар оиласи ўз сўзи ва ўрнига эга бўлиб улгурган. Ахир футбол оламида энг сара юлдузлар қаторига қўшилган ва шахсий самолёти бор инсонни ҳурмат қилмаслик мумкинми?!
И.РАҲИМОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).