«Ғарб» минтақасида чорак финалга йўл олган жамоалардан фақат «Ал-Айн» ўз мамлакати чемпиони саналса, «Шарқ» ҳудудида биргина «Чонбук Хюндай Моторс» шундай мавқега эга. Эътиборлиси, курашни давом эттираётган Хитой вакиллари гуруҳ босқичига «плей-офф» орқали чиқишганди, Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби ҳам.
Саудия Арабистони клублари сўнгги марта 2009 йили чорак финалга йўл олишолмаганди.
ОЧЛ баҳсларида «Ал-Ҳилол» дарвозасига 100-голни «Локомотив» ҳимоячиси Шерзод Файзиев урди. Жамоа ҳисоб бўйича 75-голни эса 2014 йили «Ал-Садд» аъзоси Нодир Белхаждан қўйиб юборганди.
Ўзбекистон клубларига ютқазган Саудия вакиллари - «Ал-Иттифоқ» (3 марта), «Ал- Иттиҳод», «Ал-Ҳилол», «Ал-Аҳли» (2 марта), «Ал-Фотиҳ» (1 марта ).
Саудия Арабистони клубларининг ОЧЛдаги умумий статистикаси: 338та ўйин, 157та ғалаба, 80та дуранг, 101та мағлубият, тўплар нисбати: 544-382. Энг кўп ўйин (38та) 2014 йилги мавсумга тўғри келади.
«Ал-Ҳилол»-«Локомотив» баҳси икки мамлакат клублари ўртасида ОЧЛ доирасида ўтказилган 52-ўйин бўлди. Шу пайтгача араблар 28 марта ғалаба қозонганлар, вакилларимиз эса 10 марта. Яна 14та ўйинда дуранг қайд этилган.
Қатар клубларидан фақат «Ал-Садд» турнир ғолиби бўлган (2011 йилда). Ушбу мамлакат вакиллари сўнгги 4 йилда чорак финални ўтказиб юборишмаяпти.
Сардор Рашидов Қатар Юлдузлар лигасининг якунланган мавсумида 23 марта майдонга тушиб, 9та гол урди. У бу борада клубда Абдураззоқ Ҳамдаллоҳ (21та) ва Рома-риньо (10та)дан сўнг 3-натижага эришди. Умуман олганда, «Ал-Жаиш»нинг чемпионатдаги голларига атиги 9 нафар футболчи муаллифлик қилди. ОЧЛда эса «Жаиш»нинг 5 нафар ўйинчисига гол қувончи насиб этди: Абдураззоқ Ҳамдаллоҳ (5та), Ромариньо (5та), Сардор Рашидов (2та), Ёсир Абубакр Исо (1та), Муҳаммад Мознаний (1та).
Сардор Рашидов ОЧЛ-2016нинг 7та ўйинида қатнашиб, майдонда 505 дақиқа ҳаракатланди ва 2та гол уришдан ташқари, яна 2тасига ҳаммуаллиф бўлди.
Эрон клублари 2014 йили ҳам 1|8 финалдан нарига ўтолмагандилар. «Тракторсози» эса 4-уринишида гуруҳ босқичидан чиқиб, «плей-офф»да ўйнади.
«Зоб-Оҳан»-«Ал-Айн» баҳсида кореялик ҳакам Ким Йонг Хйоек ҳеч кимга сариқ карточка кўрсатмади.
Австралия клубларидан фақат «Вестерн Сидней Уондерерс» турнир ғолиби бўлган (2014 йилда). Ушбу мамлакат вакиллари сўнгги 2 мавсумдан буён нимчорак финалдан ўта олишмаяпти. «Сидней»ва «Мельбурн Виктори» учун бу босқич энг яхши натижа ҳисобланади.
Япония клублари сўнгги марта 2014 йили чорак финалдан четда қолишганди. Ўшанда 3та япон клуби нимчорак финалга чиққан ва бу босқичда тенгданига курашни тўхтатганди. 2007-2009, 2011, 2013, 2015 йилларда эса Япониянинг камида битта вакили чорак финалда ўйнаган.
«Токио» ОЧЛда 1|8 финалдан сира ўтолмаяпти. Жамоа 2012 йили бу босқичда «Гуанжоу Эвергранд»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди, энди эса «Шанхай Теллэйс»га йўл бўшатди.
Ильгиз Танташев (1984 йил 5 апрелда туғилган) жорий мавсум гуруҳ босқичида 3та ўйинни бошқарди. Эътиборлиси, у фақат «Шарқ» минтақаси иштирокчилари ўртасидаги ўйинларга жалб этилганди. Мана, у нимчорак финалда ҳам «Шарқ» зонасидаги ўйинда ишлади. Айтганча, ҳамюртимиз «Сидней»-«Шандонг Луненг» учрашувида 1та қизил ва 6та сариқ карточка кўрсатди. 32 ёшли ҳакамимиз 2013 йили ФИФА рўйхатига киритилган эди. Унинг ОЧЛдаги дебюти 2015 йилнинг 4 мартида кузатилганди - «Урава Редс Даймондс»-«Брисбен Роар» (гуруҳ босқичи) ўйинида.
Ҳафта қаҳрамони. Леонардо Родригес Перейра (1986 йил 22 сентябрда туғилган) грек тилини мукаммал билади. Бразилиянинг 17 ва 20 ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнаган. 2012 йилдан буён «Чонбук Хюндай Моторс» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Шу пайтгача ОЧЛда 33та ўйн ўтказиб, 8та гол урди. 2010-2012 йилларда АЕК клуби сафида Европа Лигаси турнирида қатнашган.
Ўзбекистон клублари ОЧЛда: натижалар қандай?
Олий лигамиз клублари 2012 йилдан буён чорак финал тўсиғидан ўтолмаётган эдилар. Умид қиламизки, «Локомотив» энди худди ҳамшаҳарлари - «Пахтакор» ва «Бунёдкор» сингари камида ярим финалга қадар боради.
2002|2003 йил: «Пахтакор» - 1|2 финал
2004 йил: «Пахтакор» - 1|2 финал
2005 йил: «Пахтакор» ва «Нефтчи» - гуруҳда 2-ўрин
2006 йил: «Пахтакор» гуруҳда 2-ўрин; «Машъал» - гуруҳда 3-ўрин
2007 йил: «Пахтакор» ва «Нефтчи» - гуруҳда 2-ўрин
2008 йил: «Бунёдкор» - 1|2 финал
2009 йил: «Пахтакор» ва «Бунёдкор» - 1|4 финал
2010 йил: «Пахтакор» ва «Бунёдкор» - 1|8 финал
2011 йил: «Бунёдкор» - 1|8 финал
2012 йил: «Бунёдкор» - 1|2 финал
2013 йил: «Бунёдкор» - 1|8 финал
2014 йил: «Бунёдкор» - 1|8 финал
2015 йил: «Пахтакор» ва «Насаф» - гуруҳда 3-ўрин; «Локомотив» ва «Бунёдкор» гуруҳда - 4-ўрин
2016 йил: «Бунёдкор» ва «Насаф» - гуруҳда 4-ўрин; «Пахтакор» - гуруҳда - 3-ўрин; «Локомотив» - чорак финал
---------------------------------------
Захира ўриндиғи вакиллари урган голлар
Жорий мавсумнинг 1-турида 5та, 2-турида 9та, 3-турида 1та, 4-турида 5та, 5-турида 4та, 6-турида 1та, «плей-офф» босқичида 4та гол захирадан тушган футболчилар томонидан урилди. Турнир иштирокчиларидан 21тасида футболчилар «жокер»лик маҳоратини кўрсатишди. Умумий ҳисобда жами голларнинг 10,5 фоизи (276та голдан 29таси) айнан захира футболчилари ҳисобига тўғри келмоқда.
5та: «Ал-Ҳилол» (Холид Каъбий - 2та, Юсуф ал Салим, Айлтон, Муҳаммад ал Шлхуб)
2та: «Ал-Наср», БАА (Салим Солиҳ - 2та); «Бунёдкор» (Шокир Зуаги, Шаҳзод Нурматов); «Чонбук Хюндай Моторс» (Ли Дон Гук, Го Му Йул); «Урава Редс Даймондс» (Шинзо Короги - 2та)
1та: «Ал-Иттиҳод» (Гельмин Ривас); «Ал-Наср», С.Арабистони (Яҳё ал Шеҳрий); «Тракторсози» (Меҳди Шарифи); «Лаҳвия» (Муҳаммад Мунтарий); «Зоб-Оҳан (Муртазо Табризи)» «Локомотив»(Темурхўжа Абдухолиқов); «Ал-Айн» (Саид ал Хатирий); «Ал-Жаиш» (Ёсир Абдубакир Исо); «Жиангсу Сунин» (Жи Ксианг); «Мельбурн Виктори» (Жесси Макарунас); «Сеул» (Ли Сео Хюн); «Токио» (Риочи Маеда); «Санфречче Хиросима» (Шибасаки Косеи); «Сувон Самсунг Блюуингз» (Жанг Хюнг Су); «Сидней» (Милош Дмитриевич); «Шандонг Луненг» (Хао Жунмин).
ФИТРАТ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).