Бугун 23 июль, 2025 йил, чоршанба.

Турнир жадвали

Жамоа Ў О
1 Насаф 15 33
2 Нефтчи 15 30
3 Динамо 15 29
4 Бунёдкор 15 27
5 ОКМК 15 27
6 Пахтакор 15 26
7 Навбаҳор 15 26
8 Сурхон 15 18
9 Андижон 15 17
10 Қизилқум 15 17
11 Сўғдиёна 15 16
12 Машъал 15 15
13 Хоразм 15 14
14 Бухоро 15 13
15 Қўқон-1912 15 12
16 Шўртан 15 9

Ўтган ўйинлар. 15-тур

15-тур Шўртан 1-2 Қизилқум
15-тур Сўғдиёна 2-1 Қўқон-1912
15-тур Сурхон 0-0 Бухоро
15-тур Андижон 0-1 Бунёдкор
15-тур Машъал 0-1 ОКМК
15-тур Пахтакор 2-0 Навбаҳор
15-тур Динамо 2-2 Насаф
15-тур Нефтчи 2-0 Хоразм

Сўровнома

ТВ дастурлар

Блогдаги ўзгаришлар

Теглар булути

Хабарлар архиви

Евро-2016 ким қайси жамоа мухлиси

Баҳо:
+ | -
ЕВРОПА
Рукн: Янгиликлар
A A A

Шу кунларда кенг футбол жамоатчилиги диққат-эътибори Франция яшил майдонларида бошланган Европа чемпионатига қаратилганига шубҳа йўқ. Евро-2016да 24та терма жамоа 6та гуруҳга бўлинган ҳолда, бош мукофот учун курашга киришганидан хабарингиз бор. Табиийки, миллионлар ўйинига бефарқ қарамайдиган мухлислар «кўҳна қитъа» биринчилиги ўйинларини мириқиб томоша қилишяпти ва ўзлари кўнгил қўйган муайян терма жамоани ғойибона қўллаб-қувватлашяпти. Биз шу масала юзасидан кичик сўров ўтказиб, футболимиз вакилларининг қайси жамоаларга мухлислик қилишаётганини аниқлашга уриндик.

Алишер Никимбаев (футбол мутахассиси)

- Шубҳасиз, бу галги Европа чемпионатида ҳам аввалги мусобақаларда бўлгани каби Англия терма жамоасига мухлислик қиляпман. Афсуски, инглизлар чемпионатни кутилмаган дуранг  билан бошлашди. Аслида улар Россия термасига қарши кечган ўйинда камида 2:1 ёки 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишлари шарт эди. Лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада қўйиб юборилган гол Англия термасини муҳим 2 очкодан маҳрум қилди. Бу ўйинда омад русларга кулиб боқди. Инглизлар юзага келтирилган вазиятларнинг ярмидан фойдаланишганида ҳам, ишончли ғалабани тантана қилишарди.

- Сизнингча, қаерда хатога йўл қўйилди?

- Шахсий фикримни билдираман, бош мураббий Раҳим Стерлингни алмаштириши керак эди. Унинг ўйи­ни умуман қовушмади. Билмадим, Рой Хожсон унга негадир охиригача ишонди. Раҳимнинг ўрнига мавсум кашфиёти - Жейми Варди туширилишини кутдим, аммо... Ахир эндиликда «Арсенал» футболчисига айланган ҳужумчи Евро-2016 олдидан ўтказилган ўртоқлик учрашувларида етарлича гол урди. Бироқ расмий ўйинда Вардига ишонч билдирилмади.

- Демак, очко йўқотилишида бош мураббийнинг айби катта, шундайми?

- Натижага ҳамиша бош мураббий жавоб беради. Таркибни танлашда адашган экан, демак, бу мураббийнинг хатоси. Кейин Англия терма жамоасининг бугунги кунги таркибидан ўрин олган аксарият футболчиларда катта мусобақаларда қатнашиш тажрибаси йўқ. Уларнинг индивидуал савияси юқоридир, лекин йирик турнирларга боғлиқ тажрибанинг камлиги ўйинда яққол панд берди. Жо Харт, Уэйн Руни, Гари Кэйхилл... Инглизлар сафида бу каби тажрибали футболчилар кам.

- Биринчи ўйиндаги очко йўқотиш инглизларга қимматга тушиши мумкинми?

- Бундай демаган бўлардим. Олдинда яна 2та учрашув бор. Қолаверса, янги қоидаларга биноан, гуруҳда 3-ўринни эгаллаган жамоада ҳам нимчорак финалга чиқиш имконияти бор. Шуларни инобатга олиб, Англия термасининг «плей-офф»га чиқишига шубҳаланмаяпман.

- Европа чемпионати финал босқичи иштирокчилари сони 24тага оширилгани қитъа футболи учун фойдалими ёки аксинча?

- Янги қоидалар амалга татбиқ этилмаганида, дейлик, Шимолий Ирландия термаси Евро-2016 финал босқичига чиқолмасди. Бошқа томондан олиб қарасак, Сербия ва Голландия каби кучли  жамоалар турнирдан четда қолишди. Бу ҳам қитъа футболидаги ўсиш кўламини кўрсатиб турибди. Мени Албания терма жамоаси ҳайрон қолдиряпти. Менимча, бу жамоа ўйини кўпчиликка маъқул келган бўлса керак. Албанлар саралаш босқичини муваффақиятли ўтказиб, гуруҳда 2-ўрин орқали финал раундига йўл олишди. Европа чемпионатига янги қоидалар жорий этилиши эълон қилинганида, айнан Англия футболи раҳбарлари биринчилардан бўлиб эътироз билдиришганди. Ваҳоланки, Англия термаси 2008 йилги Европа чемпионати финал бос­қичига чиқолмаган эди. Мишель Платини эътирозларга шу факт билан жавоб қайтарганди. Жамоалар сони ошганининг битта минус томони бор - ўйинлар  кўпайиб кетди. 2-турнинг илк ўйинларига бориб, 1-турда қайси жамоалар ўзаро ўйнашганию, ҳисоб қандай бўлгани ҳам ёддан чиқиб қолади. Чемпион жамоа камида 7 марта майдонга тушади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, янги ўзгаришлар менга бироз ёқмади. Лекин бошқа томондан, Европада жамоалар савияси тенглашиб боряпти. Албания, Словакия ва Уэльс терма жамоалари ижросидаги илк ўйинлар фикримга исбот.

- Қайси жамоаларни чемпионлик йўлида фаворит ўрнида кўряпсиз?

- Германия, Испания ва Англия...

- Кечаги дурангдан кейин ҳам Англия термасини фаворитлар сафида зикр этасизми?

- Албатта. Бу жамоанинг ички потенциали юқори. Ўйлайманки, инглизлар гуруҳнинг қолган икки ўйинида ўзларини кўрсатишади. Менимча, Англия терма жамоаси бемалол ярим финалга қадар етиб боради. Тўғри, финалда ўйнашига ишонч бироз пастроқ. 

 

Азамат Абдураимов (12-Осиё ўйинлари ғолиби)

- Ҳозирча чиройли футболга мухлислик қиляпман. Чунки мен чин маънода ёқтирадиган жамоа ҳали мусобақадаги  иштирокини бошлагани йўқ.

- Қизиқ, қайси жамоа...?

- Германия (суҳбат немисларнинг Украина термаси билан ўйини олдидан ўтказилган).

- Шу кунгача ортда қолган ўйин­лар орасида қай бири кўпроқ маъқул тушди?

- Деярли ҳаммаси. Европа чемпио­натида ўткинчи учрашувнинг ўзи бўлмаса керак. Тўғри, ҳозирча Албания-Швейцария учрашуви яққол ажралиб турди. 

 

Александр Лобанов (Ўзбекис­тон миллий жамоаси дарвозабони)

- Евро-2016да Италия терма жамоасига мухлислик қиламан. Ёшлигимдан Италия клублари ва терма жамоаси ўйинларига қизиқишим баланд. Хусусан, еврокубокларда ҳам Италия клубларига тарафкашлик қиламан ва уларнинг ўйинларини ўтказиб юбормайман, ҳисоб.

- Италия терма жамоаси жойлашган гуруҳ ҳақида нима дея оласиз?

- Деярли тенг кучли жамоалар бор. Бельгия ва Швеция термалари ҳақида фикр билдиришга бироз қийналаман. Менимча, иккиси ҳам Евро-2016га сирли жамоа сифатида ташриф буюрди. Ирландия эса жуда мустаҳкам жамоа. Уни мағлуб этиш осон эмас. Қисқаси, 3та жамоа ҳам итальянларга «сюрприз» улашиши мумкин. Ўйлашимча, «Скуадра адзурра» гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалга йўлланма олади, барибир. 2-ўрин учун кураш эса жиддий тус олади. Қолган жамоалар орасида Бельгия термаси имконияти бироз яхшидек кўринмоқда.

- Бугунгача қайси ўйинларни томоша қилдингиз ва улардан бирини алоҳида таърифлай оласизми?

- Барча учрашувларни имкон қадар кўришга ҳаракат қиляпман. Мени Албания терма жамоаси ҳайрон қолдирди. Айниқса, иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб ўйнашига қарамай, кучли рақибни анча қийнаб қўйди. Ўзи албанлар саралаш баҳсларидаёқ яхшигина шов-шув кўтаришганди. Адашмасам, улар меҳмонда Португалия термасини мағлуб этиш уддасидан чиқишганди. Франция терма жамоаси ҳам ўз уйида ўтказилаётган мусобақада максимал натижа кўрсатишга ҳаракат қилади. Кейин Уэльс-Словакия учрашуви ҳам ёқди.

- Англия-Россия ўйини натижаси хусусида нима дейсиз?

- Слуцкий жуда тўғри тактика танлабди. Россиялик футболчилар ақлли футбол намойиш этишди.

- Сизнингча, чемпионлик қайси жамоага насиб этади?

- Биласизми, ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Ҳали етакчи терма жамоалар иштирокидаги ўйинларни кўрмадик. Шундай бўлсада, шахсий фикримни айтаман - Германия ва Испания терма жамоалари Европа чемпионлиги учун асосий фаворит саналишади.

 

Никита Рибкин («Пахтакор» дарвозабони)

- Россия термасига мухлислик қиляпман. Мана, руслар мусобақани ёмон бошлашмади. Тўғри, омад ҳам кулиб боқди. Лекин тарихда фақат натижа қолади. Англия термасига қарши кечган учрашувда қўлга киритилган бир очко якунда катта роль ўйнаши мумкин.

- Қайси ўйинлар яхшироқ таассурот қолдирди?

- Айнан Россия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳар томонлама маъқул келди.

- Россия термаси гуруҳдан чиқа олармикан?

- Шунга умид қиляпман. Лекин жамоа мухлислари тартибсизликларни юзага келтириб, умумий манзарани бузишди. Бу футболнинг жозибасига путур етказиши мумкин.

- Сизнингча, якунда қайси жамоа чемпион бўлади?

- Германия. 

 

Алишер Маҳмудов («Навбаҳор» ярим ҳимоячиси)

- Европа чемпионатида Испания термасига мухлислик қиламан. Тўғри, испанлар турнир олдидан ўтказилган сўнгги ўртоқлик учрашувида Грузия термасига ютқазиб қўйишди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ўша мағлубият дель Боске жамоасининг бугунги даражасини кўрсатиб бермайди.

- Нима учун айнан испанларга бефарқ қарамаяпсиз?

- Чунки Испания термаси таркибида тўп билан чиройли муомала қиладиган футболчилар кўп. Хуллас, бу жамоа ўйини кишига роҳат бағишлайди. Яна нималарнидир ўрганиш мумкин.

- Испания термаси гуруҳига ҳам тўхталсангиз...

- Испанлар анча кучли квартетдан жой олишган. Туркия, Хорватия ва Чехия термалари уларга  муносиб қаршилик кўрсатишга қодир. Демоқчиманки, ҳар бир жамоада гуруҳ ғолиби сифатида «плей-офф»га чиқиш имконияти бор.

- Шу кунгача қайси ўйинларни томоша қилдингиз?

- Очилиш учрашуви, яъни Франция-Руминия ҳамда Россия-Англия ўйинини тўлиқ кўрдим. Французлар урган ғалаба голи жуда чиройли чиқди. Василий Березуцкийнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи ҳам олтинга тенг бўлди. Ахир сўнгги дақиқада урилган бу гол русларга руҳий тетиклик бағишлашдан ташқари, Англия термасини 2 очкодан маҳрум  қилди.

 

Акром Комилов («Бунёдкор» ҳимоячиси)

- Анчадан буён Испания термасига меҳрим баланд. Аниқ сабабини билмадиму, лекин бу галги Европа чемпионатида ҳам шу жамоанинг ғолиб чиқишини истаяпман. Испанлар айни пайт бош фаворит ҳисобланишяпти. Ҳозиргача 2та ўйинни тўлиқ томоша қилдим:  Франция-Руминия ҳамда Россия-Англия қарама-қаршиликларини. Менимча, Россия термасига омад кулиб боқди. 

- Тахмин қилиб кўрингчи, қайси жамоа чемпион бўларкин?

- Испания, албатта.

 

Рустам Умаров (Ўзбекистон футзал терма жамоаси дарвозабони)

- Турнирда Россия термасига мухлислик қиляпман. Бу жамоа таркибида дўстим - Игорь Акинфеев бор. У инглизларга қарши кечган учрашув қаҳрамонларидан бири бўлди. Айниқса, Рунининг яқин масофадан йўллаган зарбасини чиройли тарзда бартараф этди. Айтганча, ЦСКА футзал клубида ўйнаган пайтим Игорь билан қалин дўст тутингандик.

- Сизнингча, руслар гуруҳдан чиқа оладиларми?

- Имконият бор. Уэльс термаси билан ўйин кўп нарсани ҳал қилса керак. Словакия жамоаси ҳам яхши таассурот қолдирди. Уэльс-Словакия учрашувини диққат билан томоша қилдим. Иккинчи бўлимда словаклар Марек Гамшик бошчилигида мазмунли ўйин намойиш этишди. Яна Бэйл­нинг жарима зарбасидан урган голи жуда чиройли чиқди.

Бу шунчаки, футболчилар ва соҳа вакилларининг тахминлари, холос. Европа чемпионати эндигина бошланди. Олдинда барчамизни бир-биридан қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Шундай экан, миллионлар ўйини жозибасидан биргаликда баҳра олишда давом этамиз.

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 23:19, 13.06.2016. Ўқилди: 5109 марта. Фикрлар: 4 та.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).


Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Биласизми, “Порту” клуби сўнгги 9 йилда жами 188 миллион еврога футболчилар сотиб олиб, 550 миллион еврога уларни пуллаган.

Тўпурарлар жадвали

Футболчи Гол
1 Пахтакор Игорь Сергеев 11
2 Сўғдиёна Люпчо Дориев 9
3 Бунёдкор Луис Качорри 8
4 Насаф Ҳусайн Норчаев 8
5 Навбаҳор Аббос Ғуломов 7
6 ОКМК Хуршид Ғиёсов 6
7 Навбаҳор Руслан Жиянов 6
8 Динамо Анваржон Ҳожимирзаев 5
9 Нефтчи Зоран Марушич 5
10 Машъал Ҳумоюн Муртазоев 5

Сўнгги хабарлар

Бошқа хабарлар →

Конференция

Қаҳрамон Асланов

Онлайн савол-жавоб


Шуҳрат Шокиржонов

Фақат футбол ҳақида


Шерзод Ражабов

Кучли Бешлик


Ҳасанали Қодиров

Онлайн савол-жавоб


барча конференциялар »
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.