Белоруссиянинг биринчи рақамли футболчиси ўзининг узоқ ва самарали фаолияти давомида кўплаб гранд жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Унинг Championat.com сайти мухбирларига берган интервьюси билан танишиб чиқсангиз, маҳоратли ярим ҳимоячининг ҳаётида содир бўлган эътиборли воқеалардан хабардор бўласиз...
Россия термасининг Евро-2016 олдидан сўнгги тайёргарлигини кузатиш мақсадида Бад-Рагацга кета туриб, йўл-йўлакай Минксда Александр Глеб билан учрашдик. Бир йил аввал Фабио Капелло жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида 90 дақиқа тўп сурган ушбу футболчи қуйидаги хулосага келганди: «Биринчидан, Россия - ўртамиёна жамоа. Иккинчидан, бу термага хорижлик мураббий мос эмас».
- Сизнинг «ўртамиёна жамоа» иборангиз россияликларни ранжитганди.
- Йўғ-е, наҳотки шундай бўлса?
- Ҳа, футболчилар, экспертлар ўртасида қизғин баҳсга сабаб бўлганди.
- Ахир уни ёмон, демагандим-ку. Рисоладагидек, ўртамиёна жамоа. Чунки кучлилар деганда Испания, Германия ва Франция кўз олдимга келади. Испанларда авлодлар алмашинуви жараёни ниҳоясига етмоқда, французлар ҳозирда қудратли жамоага айланишган. Немислар эса - машина! Табиийки, улар - Евро фаворитлари.
- Ўртамиёна Россия термаси қандай натижаларга эриша олади?
- Англия билан гуруҳ ғолиблиги учун курашади. «Плей-офф» босқичидаги муваффақияти эса қандай рақибга дуч келишига боғлиқ.
- Буни амалга ошира олади, деб ўйлайсизми?
- Инглизлар тезкор, навқирон жамоа. Лекин Россияга қарши баҳсда имкониятлар - 50х50. Фаворитларни ҳисобга олмаганда, қолган барча жамоаларнинг имкониятлари тенг.
- Россия таркибида суперюлдуз йўқ, лекин Уэльсда Гарет Бэйл бор.
- У жуда кучли футболчи. Бироқ шериклари «Реал»дагидек эмас. Леонид Слуцкий бу футболчини зарарсизлантира олишига шубҳа қилмайман.
- Ўша ўртоқлик учрашувидан ке-йин «Капеллони рус мураббийи билан алмаштириш керак», деган фикрни олға сурган экансиз...
- Йўқ, сал бошқачароқ. Капелло - номдор мураббий. Уни истеъфога чиқариш қўлимдан келмайди. Мен шунчаки, россиялик футболчиларга маҳаллий мутахассис кўпроқ ёрдам беришини назарда тутгандим. Мураббий ўз шогирдларининг мияси қандай фикрлар билан бандлигини яхши билиши керак. Мана, Белоруссияда Штанге муваффақиятли ишлади. Бироқ у Шарқий Германиядан, маҳаллий менталитет билан яхши таниш. Балки бу бахтли тасодифнинг туҳфасидир. Слуцкий ўта мураккаб вазиятда бўлишига қарамай, Россияни биринчи уринишдаёқ Еврога олиб чиқди.
- Британия матбуотида Россия ва Англия ўртасидаги баҳс арафасида шов-шувли хабарлар кўпаймоқда. Сиз туманли ўлкада тўп сургансиз. Айтинг-чи, улар чиндан ҳам руслардан ҳадиксирашадими?
- Сиёсий мавзулардан узоқроқ юришни маъқул кўраман. Яхшиси, ибратли бир воқеани айтиб бераман: «Арсенал» сафида юрган пайтим бўлажак ЖЧ ёки Европа чемпионатининг саралаш босқичига бағишланган жимжимадор журналга кўзим тушди. Унда барча мамлакатлар таништириб ўтилган, ҳамма иштирокчилар ажойиб тарзда тасвирланганди - ёдгорликлар, тарихий обидалар. Бироқ Белоруссия саҳифасида ботқоқлик ва эгнига пахтали тўн, бошига телпак кийган кишининг куйманаётгани тасвирланганди. У ердагилар бизни шундай тасаввур қилишади.
- Узоқ вақт Германия ва Англияда тўп сурдингиз. Шу билан чинакам европаликка айландингизми?
- Йўқ. Мен ўз юртимда бахтлиман, бу ер менинг ватаним. Туркиядалигимда арзимас баҳоналар билан уйга учгим келарди. Тўғри, Европага жуда барвақт йўл олдим, аммо доимо бахтли болалик давримни қўмсардим. Ҳовли, кўча футболи, компьютерлардан холи ҳаёт тарзи. Оилам, ўзим ёқтирадиган кишилар қуршовидаман, бу ернинг табиати, таниш қадриятлар кўнглимни ром этган.
- Унда нима учун яна Туркияга йўл олдингиз?
- «Генчлербирлиги» президенти билан жуда иноқ эдик. У қўнғироқ қилиб, ёрдам беришимни сўради. Тажрибали Сельчукнинг кўмаги билан жамоа ўзини тиклаб олди - биз 6та учрашувда биринчи давранинг 18та ўйинида қўлга киритилганидан кўпроқ очко тўпладик.
- Амалдаги шартномани узайтирасизми?
- Ҳозир бироз дам олиб, эътиборимни яқинларимга қаратмоқчиман. Кейин ўйлаб кўраман. Муҳими, таклиф бор.
- Словения, Исландия ва Албания Евро йўлланмасини қўлга киритишди. Белоруссия буни қачон уддалайди?
- Чемпионат мезбони бўлганида, иштирокчига айланиши аниқ. Жиддий гапирсам, билмайман. Доимо нимадир етишмайди. Қуръа ҳам ҳар доим омадли келавермайди. Ҳал қилув- чи баҳсларда хатога йўл қўямиз. Ваҳоланки, ўйнашни билишимизга БАТЭнинг ЧЛдаги иштироки мисол бўла олади.
- Ўтган йили Туркиядан воз кечиб, БАТЭга қайтдингиз. Нима учун?
- Уйни соғинишимни юқорида таъкидладим. Қолаверса, ЧЛда тўп суриш имконияти ҳам катта роль ўйнади. Ички чемпионатни БАТЭ менсиз ҳам ҳал қила олади. Лекин халқаро аренада ёрдамим зарур эди. Сўнгги дақиқаларга қадар «плей-офф»га чиқиш учун курашдик, сафарда «Рома»ни енгишимиз ҳам мумкин эди.
- Ҳа, «Рома», «Байер» ва «Барса» жойлашган гуруҳдан чиқиш чинакам мўъжиза бўларди.
- Нега энди мўъжиза? Сўнгги дақиқаларда қулай вазиятлардан бир марта унумли фойдаланиш масалани ҳал қиларди. Йигитлар бир неча йилдан буён турнирда тўп суриб, тажриба тўплашяпти. Ҳар қандай рақибга кучимиз етади. Ўз майдонимизда «Барса»га қарши муносиб ўйнадик, фақат иккинчи бўлимда гол ўтказиб юбордик.
- Қизиқ, қандай қилиб Гвардиола сизни «Арсенал»ни тарк этишга кўндирди?
- Шахсан ўзи қўнғироқ қилиб, асосий таркибдан жой беришни ваъда қилди. Ҳатто, футболчиларни номма-ном санаб чиқди: «Хави ва Иньеста марказда, Месси ўнг, сен чап қанотда, Анри олдинда». Роналдиньо, Это~О ва Декулар жамоани тарк этишлари керак эди.
- Бироқ, Это~О кетмади.
- Гап Это~Ода эмас. Айб ўзимда - бир қатор хатоликларга йўл қўйдим. Бир-икки марта таркибга кирмай қолганимда Пепга эътироз билдирдим: «Ўйнашни истайман. Майдонга туширмас экансан, нега «Арсенал»дан чақирдинг?». У эса мени тинчлантиришга уринди: «Ҳали олдинда ўйинлар кўп, ҳамма ўйнашга улгуради». Аммо мен ўз билганимдан қолмадим, қайсарлик қилдим.
- Айтинг-чи, Пеп «Ман Сити» ва инглиз футболига мос келадими?
- Билмайман, бу масала мени ҳам қизиқтиради. Мураббий учун эса жиддий синов.
- «Барселона»дан «Интер»га ўтиш имконияти бўлган экан?
- Ҳа, «Барса»даги йиғин пайтида мени Миландан қўнғироқ бўлиши ҳақида огоҳлантиришганди. Бир куни телефонимда Италия рақами пайдо бўлди. Моуриньонинг овози: «Менинг жамоамда ўйнашни истайсанми?». «Ҳа», дея жавоб қайтардим. «Унда сени кутаман», деди португалиялик мутахассис.
- Аммо сиз «Штутгарт» билан шартнома тузишга қарор қилдингиз...
- Мен ва икки жамоа ўртасидаги келишувга мувофиқ, шундай қилишга мажбур бўлдим. «Штутгарт»га ўтишим манфаатлироқ эди. Хуллас, музокара учун Германияга жўнадик. Агентимга самолётдаёқ штутгартликлар таклифини рад этиб, Миланга учишимиз кераклигини айтгандим. Бироқ аэропортнинг учиш-қўниш йўлаклари ҳам мухлислар билан тўлиб кетганига гувоҳ бўлдик. Ана шу ҳолат туфайли фикримни ўзгартириб, келишувга имзо чекканимни билмай қолдим.
- «Барса»дан кейин «Штутгарт»да тўп суриш зерикарли эмасми?
- Футбол нуқтаи назаридан олганда, шунақа. Лекин шароитларга ҳеч қандай эътироз йўқ.
- Кейин ижара асосида «Бирмингем»да ўйнадингиз. Аммо бу жамоанинг услуби маъқул келмагач, Магатнинг «Вольфсбург»ига йўл олдингиз.
- Магат билан «Штутгарт»да яқин бўлиб қолгандим. У жуда кўп нарсаларни ўргатди. Боз устига, менга қаттиқ ишонарди. Унинг «тегирмони»дан бутун чиққанлар албатта, муваффақиятга эришарди. Бошқа жамоаларда парвоз пасайиш билан алмашиб туради. Магатда эса фақат юқорига ҳаракатланасиз...
- «Вольфсбург»дан «Крилья Советов»га ўтдингиз...
- Ажойиб жамоа, беларуслар кўп: Корнила, Малош, Верёмко, Верховцев.
- 2011 йили сизга «Краснодар» харидор бўлганди.
- Бу жамоа савияли ўйин намойиш этади, мен ҳам қарши эмасдим. Лекин у пайт «Бирмингем»да эдим. Учта жамоа билан келишишнинг иложи бўлмади.
- Асосий муҳаббатингизни қозонган клуб - «Арсенал»ми?
- Ҳа, Венгер шундай жамоа шакллантиргандики, тер тўкишдан лаззат олардик. У билан ЧЛ финалига чиқдик. «Барса»га мағлуб бўлсакда, ажойиб ўйин кўрсатгандик.
- Англия қироличаси айнан сиз билан суҳбатлашган экан.
- Бу воқеани ҳамма билади. Жамоани ўз қароргоҳига таклиф қилган қиролича барча футболчилар билан бирма-бир танишиб чиқди. Менинг белоруссиялик эканимдан хабар топгач, тўхтади. Бизнинг элчимиз билан учрашгани ва ундан мамнун эканлигини айтди. Ёнимда турган Фабрегас эса кулги аралаш писанда қилди: «Қизиқ, шунча инглизлар туриб, сенинг олдингда тўхтади». Сескнинг ана ўша кулиб турган чеҳраси тасвирланган сурати бор. У яқин дўстим. Асосий футболчилар - ван Перси, Росицкини ҳам унутмайман. Арсен Венгер эса - супермураббий! У худди Фергюсон ва Моуриньо каби ёш иқтидор соҳибларини юлдузларга айлантиради.
- Бироқ мухлислар ундан норозилар.
- Ишқибозларни тушуниш мумкин. Чунки совринлар йўқ. Аммо бу - Венгернинг айби эмас. Очиғини айтсам, «Арсенал»ни жуда севаман, у мен учун иккинчи оила!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).