1. 1966 йилда Англияда ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати олдидан бош соврин ўғирлаб кетилган. Қидирув ишларига полиция ва Скотланд-Ярд қўшилган, лекин натижа бўлмаган. Орадан етти кун ўтиб, кубокни Лондондаги боғларнинг биридан эгаси билан сайрга чиққан Пиклз номли кучукча топиб олади. Чемпионатда Англия жамоасининг ғалабасидан сўнг ит банкетга таклиф этилган ва унга футболчиларнинг ликобчаларини ялаш ҳуқуқи берилган.
2. Футбол тўпларининг 80 фоизи Покистонда ишлаб чиқарилади, айни дамда уларнинг чорак қисми Сиялкот шаҳрида тайёрланади. Тўпларнинг катта қисмини ишлаб чиқаришда болаларнинг меҳнатидан фойдаланилади, лекин сўнгги йилларда бу муаммо ҳал бўлмоқда.
3. Машҳур рус футболчиси Александр Заваров французларнинг «Нанси» клубида тўп сурган. Гуруҳда унга «blette» (французчада «лавлаги») деб лақаб қўйиб олишган. Чунки Заваров ўзининг ёки бировларнинг хатоси кўрганда шу сўзни кўп ишлатган экан.
4. Пермлик «Амкар» жамоасининг номи иккита кимёвий модда-аммиак ва карбамиднинг қисқартирилганидан ҳосил бўлган. Бу ном берилишига эса жамоанинг ташкил топишида бош-қош бўлган «Минерал ўғитлар»га тегишлилиги сабабчидир.
5. АҚШда биз биладиган футболни «соккер» дейишади, «футбол» атамаси эса уларда биз «америкача футбол» деб биладиган ўйинни англатади. «Соккер» ҳам аслида америкача сўз эмас, у 1880-йилларда Англияда оксфорд сленгидан келиб чиққан. Ундан сал олдин Англияда тўп билан ўйналадиган бошқа ўйинлардан (масалан, регбидан) фарқлаш учун футболни расмий тарзда «association football» деб номлашган. Association сўзининг қисқартмасига -er суффикси қўшилгач, «soccer» сўзи ҳосил бўлади.
6. Премьер-лигадаги энг ёши улуғ футболчи Жон Барриж саналади. 1955 йилда у «Манчестер Сити» таркибида тўп сурган, ўшанда у 43 ёшу 5 ойлик бўлган. Ўз карьераси давомида у 26 та турли жамоаларда ўйнаган.
7. 2006 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Хорватия-Австралия ўйинида ҳакам Грэм Полл ўзига хос рекорд натижа кўрсатган. У хорват Йосипу Шимуничнига учта сариқ карточка кўрсатган. Аслида иккинчи карточкадан кейин ўйинчи майдонни тарк этиши керак эди. 42 ёшли инглиз ўз хатосига шундай изоҳ берган: аслида у адашиб, ўз блокнотида сариқ карточкани австралияликларнинг 3-рақамли ўйинчиси Крэйгу Муруга ёзиб қўйган экан.
8. Футбол тарихида арбитрлар қизил карточкани ўзларига кўрсатган пайтлар ҳам бўлган экан. «Питерборо Норт Энд» ва «Роял Мэйл» жамоалари ўйинига ҳакамлик қилаётган Энди Уэйн навбатдаги қаршилик туфайли дарвозабон олдига югуриб келган, лекин иш қўл жангига айланиб кетмаслиги учун ўз вақтида тўхтаб, ўзини майдондан чиқариб юборишга қарор қилган. Иккинчи ҳакам Мелвин Сильвестр эса «Саутгемптон Армс» ва «Херстборн Таррант Бритиш Легион» жамоалари ўйнаётган чоқ, ўйинчи уни туртиб юборганида, унга бир нечта зарба берган. Оқибатда инсофли ҳакам ўзини-ўзи майдондан четлатади.
9. Африкадаги Гана давлатида инсон туғилган кунга алоҳида эътибор қаратишади, уларнинг фикрича, бу кун инсоннинг тақдирига таъсир кўрсатар экан. Деярли барча болалар исмининг биринчи ё иккинчи қисми албатта ҳафта кунларига атаб қўйилади. Масалан, БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Ананнинг исми «жума»ни англатган. «Челси»нинг машҳур футболчиси Майкл Коджо Эссьен исмидаги Коджо эса «душанба» деганидир.
10. Диего Марадона «Наполи»да тўп сурган кезларида катта миқдордаги солиқларни тўламаган, ҳозир бу 40 миллион долларни ташкил этади. Шунинг учун Италияга борса, албатта унинг бирон буюмини олиб қўйишади. 2006 йили Италия полицияси футболчининг Rolex русумли соатини мусодара қилган, 2009 йилда эса Марадона қулоғидаги зирак олиб қўйилиб, кейин аукционда сотилган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).