Францияни биринчи ўйинда қутқарган футболчи
Январь ойи охирларида интернет тармоғида ажойиб ретро-ролик пайдо бўлди. 2005 йил, Нант, оқ деворли кийимлар дўкони ва соч турмаги Backstreet Boys гуруҳи вакиллариникига ўхшаш, қора либосдаги буғдойранг йигит. Бу сотувчи сиймосида АПЛнинг бугунги кундаги энг ёрқин футболчиларидан бирини кўриш учун «Англия, Англия» блоги аъзоси бўлиш шарт эмас. Пайе ғаройиб мавсумни ўтказмоқда, у ҳақдаги гап-сўз ва янгиликлардан қочиб қутулиш имконсиз. Ўтган йилнинг охирги кунлари Димитрида Европа чемпионатида иштирок этиш имконияти деярли йўқ эди. Энди эса, Еврода порлаш учун унга ҳеч ким халал беролмайди.
Евро-2016 очилиш ўйинида французлар кутилганидек ҳисобда олдинга чиқиб олишди, кейин эса рақибга пенальти тепиш имконини яратиб беришди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланадигандек туюлган бир паллада кўпчилик кутган воқеа рўй берди. 89-дақиқада Димитри Пайенинг чап оёқда берган қойилмақом зарбасидан сўнг тўп дарвозанинг юқори тўққизлигидан жой олди...
Жорий йилнинг февралида «Блэкберн» Англия кубоги баҳсларидан чиқариб юборилгач, Славен Билич шогирди ҳақида илиқ фикр билдирди: «Пайе - ди Каниодан сўнг «Вест Хэм» ўйинига катта таъсир ўтказишни уддалаган дастлабки футболчи». У майдондаги жойини тез-тез ўзгартиришни ёқтиради, ҳужумчи ортидаги ҳар учта позициядан бирида ўйнай олади, бўш зоналар ва голли вазиятлар яратади, уч-тўрт нафар рақиб орасидан ўтказиб «пас» беради, бир-икки ҳимоячини бемалол алдаб ўтади, жарима зарбаларини маромига етказиб бажаради... Ҳар бир маҳоратли футболчи сингари Димитри ҳам барча ишни шерикларига нисбатан яхшироқ уддалайди - Пайе майдонда бўлганда «Вест Хэм» 22та баҳснинг 55 фоизида ғалаба қозониб, бир ўйинда 1,8та гол урган, аксинча, францияликсиз кўрсаткич қуйидагича кўриниш касб этади: 7та учрашув, 14 фоиз ғалаба, бир ўйинда 0,7та гол. «Пайени Озил даражасидаги футболчи сифатида баҳолайман, - деди Билич шу йил бошида. - У «қора иш»ни бажаради, тўпни олдинга олиб чиқишга улгуради. Ўзим бирга ишлаган ўйинчилар орасида уни Лука Модрич билан таққослашим мумкин. Пайе хорватиялик меҳнаткаш ярим ҳимоячидан ҳеч бир жабҳада қолишмаяпти».
28 ёшли плей-мейкер сайёрамиздаги энг мураккаб лигалардан бирига тезда мослаша олди. Пайе Франция клубларининг биридан иккинчисига ўтган кезлари дебют мавсумидаёқ унинг натижалари пасая бошлаганди. Премьер-лигада эса илк ўйиндаёқ муносиб шоу уюштирди («Арсенал» «Эмирейтс»да мағлуб этилди). Баҳорга келиб ўз ҳисобига 23та ўйин, 8та ассистентлик ва 8та голни ёзиб қўйишга улгурганди. Агар қишнинг икки ойидан маҳрум қилган жароҳат бўлмаганида, ишончимиз комил, унинг натижалари янада салмоқлироқ кўриниш касб этарди. Боз устига, Пайе голли вазият яратиш бўйича ажойиб кўрсаткичга эга (90 дақиқа мобайнида ўртача 3,51 марта; фақатгина Месут Озилда бу рақам яхшироқ кўринишга эга - 0,13 мартага кўпроқ), бир ўйинда жилла қурса икки марта самарали финт ишлатади. Димитри анчадан буён Роналдиньога мухлислик қилади. Унинг фикрича, ғалаба қозониш ва трибунадаги ишқибозларни қувонтириш бир хил аҳамиятга эга жиҳатлар экан.
«Роналдиньони бир вақтнинг ўзида ҳам ёрқин, ҳам самарали ўйнагани учун ёқтираман, - деди Пайе Independentга берган интервьюсида. - Гарчи футболда катта пул айлансада, унга ҳамон бир ўйин сифатида қарашга интиламан. Мухлислар стадионга келишаркан, футболчиларнинг завқ улашишларидан умид қилишади. Мен айнан шу иш билан шуғулланаман».
Эффектли трюклар - ушбу ярим ҳимоячини алоҳида ажратиб турадиган ягона жиҳат эмас. Димитрининг илк мураббий ва шериклари ундаги оғир феъл-атвор ва хурмача қилиқлар бўлмаганида Пайе премьер-лигага анча илгари келарди, деган фикрни илгари суришади. Франциянинг «Гавр» клуби хўжайинлари уни Реюньон оролидан олиб келишганида Димитри катта футболга ҳали тайёр эмасди. Унинг мактабда муамоллари бисёр эди. Ташкилотчилик ва мотивацияга эҳтиёж сезарди. «Гавр» мураббийлари қизиққон ва жанжалкашлиги билан ажралиб турган йигитча хулқини тузатмаса, профессионал фаолиятдан умид узиши мумкинлигини таъкидлашади. «У янги жамоага мослашишда қийналади. Албатта, жуда ёмон иш қилмаган, аммо болаларга хос аҳмоқона қилиқлари кўп эди», - дея эслайди «Гавр» мураббийи.
Пайе ушбу клубни тарк этгач, деярли «синиб» қолди. 2003 йили уйига қайтиб, маҳаллий «Эксельсиор» либосини кийгач, энди Францияга бормасликка қарор қилади. «Умидларим чиппакка чиққандек туюлганди, - дейди Димитри Independentга берган интервьюсида. - «Гавр»да менга муносиб баҳо беришмаганди. Ҳаттоки, иккинчи дивизионда ўйнашга ҳам лойиқ эмаслигимни айтишганда, жуда ранжигандим. Демак, Франция ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шунчаки, оролда қолиб, фақат ўша ерда футбол ўйнашни хоҳладим».
Димитрининг фикрича, агар отаси 2005 йили уни «Нант»га ўтишга кўндирмаганида, оролда қолиб кетиши аниқ эди. Ўша кезлари эндигина 18 баҳорни қаршилаган йигитча пляжи ва қуёши, уни юлдуз сифатида қадрлайдиган енгил чемпионати бор жонажон шаҳри Сен-Пьерни жуда севарди. Боз устига, футболчининг ёмон хулқидан хабар топган «Нант» хўжайинлари шартномага тегишли қўшимча киритишди. Унга кўра, битим ярим йилдаёқ бекор қилиниши мумкин эди. Бу қарор Пайега ёқмади, аммо отасининг қистовидан сўнг кўнди. Орадан икки ҳафта ўтиб, ОАВ ходимлари кийимлар дўконида унинг жилмайиб турган ҳолатини суратга муҳрлашди. Дастлабки саккиз ой мобайнида клуб уни ҳаваскор сифатида қабул қилгани туфайли маошдан кўнгли тўлмаган Пайе майдондан ташқарида пул топиш усулларини қидирди.
«Нант» шартномани бекор қилиш ҳақидаги пунктдан фойдаланмади, ваҳоланки, Лига 1да ўтган 10 мавсум давомида Димитри бир неча марта нохуш вазиятларга тушиб қолди. Бир сафар машғулотлар пайтида қўполлик ишлатган Бартез билан тортишиб қолди. Пайени ҳимоячиларга ёрдам бермаслик, жамоа манфаатларини менсимасликда айблаган Бартез унга ҳар бир қўполлик учун шикоят қилавермай, касбини ўзгартириши лозимлигини маслаҳат берди. Бу тавсия, табиийки, Димитрининг қонини қайнатди. Ўша йили жамоанинг ишлари тамомила ёмон эди: элитани тарк этиш хавфи «Нант»ни таъқиб этар, Бартез, Пайенинг хурмача қилиқлари, мураббийнинг самарасиз қарорлари... Шу ҳам етмагандек, газеталарда янги можаролар бошланаётгани ҳақида мақолалар чоп этилди. Бу парокандаликдан ўзга нарса эмасди. Ўша йилнинг баҳорида Димитри чемпионат баҳсида тўғридан-тўғри қизил карточка олгач, мураббий билан навбатдаги тортишув бошланди. «Нант» эса пастлашда давом этарди... Охир-оқибат, мавсумни ёмон ўтказмаган Пайе иккинчи дивизионда ўйнаш нияти йўқлигини билдириб, «Сэнт-Этьен»га йўл олди. Бу қарор «Нант» футболчилари ва мухлисларини хурсанд қилмагани тайин.
Франциялик ярим ҳимоячи иштирокидаги яна бир шубҳали ҳодиса 2009|2010 йиллар мавсумининг сўнгги кунларида рўй берди. Қуйига равона бўлиш хавфидан қутулиш чораларини излаётган «Сент-Этьен» ўз уйида «Тулуза»ни қабул қилаётганди. Ҳаммага тинчлик бермаётган ғалаба иштиёқи фақатгина Пайега бегонадек - у жон куйдириш фикридан йироқ эди. Бундай лоқайдликдан фиғони фалакка чиққан Йоан Беналуан шеригининг ёнига келиб, аҳмоқликни йиғиштиришни тавсия қилди. Худди шундай маслаҳат жамоа сардори Блез Матюиди томонидан ҳам янграгач, Димитри жаҳл устида жамоадошининг юзига шапалоқ тортди. Оқибатда, муштлашув бошланди ва бир неча дақиқалардан сўнг мураббий Пайени захира ўриндиғига жойлади, клуб президенти эса ўйинчига санкция қўллади. Ўша мавсум «Сент-Этьен» мўъжиза туфайли Лига 1да жон сақлаб қолди. 35та ўйинда майдонга тушган қаҳрамонимиз 2та гол уриб, 6та самарали тўп узатди.
Ўша мавсумдан сўнг Пайенинг фаолиятида ўсиш кузатилди. Янги йилнинг «ПСЖ»га қарши кечган илк ўйинида гол урди, «Ланс» билан баҳсда «хет-трик» муаллифига айланди, «Монпелье»нинг таслим этилишида фаол бўлди, «Лион» дарвозасига жарима зарбасидан ажойиб тўп киритди. Натижада 7 ўйинда шунча гол урган Пайе Лига 1 тўпурарлари рўйхатида пешқадамликни қўлга олди. 2010 йилнинг октябрида қаҳрамонимиз Франция термасига чақирилди, қишда эса «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ҳамда «ПСЖ» клублари қизиқишига сабаб бўлди - ва яна эски қилиғи бошланди. «Сент-Этьен» унинг Париж клубига ўтишига қаршилик кўрсатгач, Пайе норозилик билдириб, машғулотларда қатнашмади. Бир неча кундан сўнг уни Парижда кўриб қолган матбуот ходимларига эса Эйфель минорасига чиқиш мақсадида пойтахтга ташриф буюрганини айтган. Охир-оқибат, «Сент-Этьен» тўполончини ўринбосарлар жамоаси сафига қўшгач, бироз формасини йўқотди. Бир неча ойдан сўнг эса кўнгилдагидек футбол намойиш эта бошлади.
«Қизиққон эканлигим рост, - деди Пайе яқинда FourFourTwo нашрига берган интервьюсида. - Англияда можаролар қаҳрамонига айланганимча йўқ, кейинчалик ҳам шундай бўлиб қолишини хоҳлайман. Айрим ҳолатларда ўзимни назорат қилишга қийналаман. Кимларнингдир ғашига тегардирман, бундан хабардорман. Аммо улғайдим, энди ўзимни бошқача тутишга интиляпман».
«Сент-Этьен» раҳбариятининг қатъийлиги сабабми ёки аҳмоқгарчиликларга йўл қўйгани туфайлими, Пайенинг янгиланган «ПСЖ» сафига ўтиши амалга ошмади. Лекин АПЛга жўнашдан олдин Францияда яна бироз сайр қилишга улгурди. «Лилл»да ҳам, «Марсел»да ҳам омма кўнглини олишда ўз услубига таянди - биринчи йилги нурсизлик (Азар ҳамда Вальбуэнанинг соясида қолиб кетди) ортидан муваффақиятли мавсум келди (энг яхшилар термаси ва мухлислар қалбидан жой олди). Марсело Бьелса билан танишгани Димитрининг фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Матье Вальбуэна РФПЛга кетгач, айнан Пайе «Марсел»нинг асосий плеймейкерига айланиб, чемпионатни ажойиб натижа билан якунлади: 36 ўйинда 7та гол ва 22та самарали узатма. Шунингдек, 134 марта имконият яратиб, бу борада Азар, Де Брюйне ва Месси, янада аниқроқ айтганда, Европанинг кучли бешлик чемпионатларидаги ҳамма футболчиларни ортда қолдирди. «Бьелсадан кўп нарса ўргандим, - деди Пайе ўтган йили. - Унинг қўл остида ҳам ўйинчи, ҳам ҳақиқий эркак сифатида улғайдим. Биз бир-биримизни дарҳол тушундик».
Англиядаги фаолияти Пайенинг ўтмишида рўй берган воқеалардан холи тарзда ўтмоқда - норозиликлар, муваффақиятсизликлар, можаролар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Францияда уни етакчилик салоҳияти йўқлиги учун, омадсиз кунларда ғалаба қозона олмасликда айблаб, танқид қилишарди. Англияда Димитри жарима зарбаларини бирин-кетин голга айлантирмоқда, маҳаллий мухлислар меҳридан роҳатланмоқда. Хитойдан келган сердаромад таклифни рад этиб, клуб билан янги шартнома борасида музокара ўтказди. Чунки 54 минг кишига мўлжалланган Олимпия стадионига кўчиб ўтилганда, клуб тарихининг янги босқичи аъзоларидан бирига айланмоқчи.
«Лилль» ва «Монпелье» клублари собиқ устози, Франциянинг 17 ёшлилардан тузилган терма жамоасида Димитри билан ишлаган Рене Жерар яқинда қизиққон шогирди ҳақида шундай фикр билдирди: «Пайе - Кантона ва Гаскойн тоифасидаги футболчи, шу боис ҳам англиялик фанатлар уни қисқа фурсатда ёқтириб қолишганини тўғри тушуниш мумкин». Бироз қўполлик, бироз такаббурлик. Артистларга хос сезги ва футболга жозиба бағишлаш истаги. Пайе жароҳатидан қутулиб, «Ливерпул»га қарши баҳсда майдонга қайтаркан, «Вест Хэм» мухлислари уни муносиб тарзда қарши олишди. «Бу Англиядаги фаолиятим давомида рўй берган энг яхши воқеа. «Вест Хэм» ишқибозлари билан муносабатларимиз - ўзига хос севги қиссаси», - деди француз ўйиндан сўнг. Ўша учрашув давомида маҳаллий мухлислар одатга кўра, франциялик плеймейкерга аталган қўшиқни куйлашди: «Бизда Пайе бор! Димитри Пайе! Бизни тўғри тушунасиз, деб ўйламаймиз... У Славеннинг супершогирди ва у Зидандан кучли!».
Sports.ru - Ў.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).