Одатдагидек муросасиз курашларга бой тарзда кечган Испания чемпионатида ғолиб номи сўнгги тургача мавҳумлигини сақлаб қолди. Ўз навбатида, турнир ўз қаҳрамонларини оммага намоён этди. Championat.com сайти примерадаги иштироки орқали бошқалардан алоҳида ажралиб турган футболчилардан иборат рамзий терма тузишга қарор қилди.
Ян Облак («Атлетико»)
Бу посбоннинг номини Испания чемпионати дарвозабонларининг топ-рейтингида тополмаслигингиз мумкин - у ерда асосан қуйи ўнталикдаги киперлар жой олишган. Облак бошқа, жамоаси учун муҳимроқ саналган «Примеранинг энг ишончли дарвозабони» номинациясида тенгсиз, деб топилди. 38та турда 18та тўп ўтказиб юборилиши - ажойиб кўрсаткич. Дарҳақиқат, мудофаадаги юксак даража ҳамда жамоавий ўйин ташкил этилиши борасида «Атлетико»да муаммо йўқ.
Данило («Реал»)
«Қироллик клуби»нинг чап қанот ҳимоясида бразилиялик чаққон футболчининг фаоллигига анча кўниккандик - энди эса, унинг қарама-қарши қанотдаги ҳамюртининг ўйинлари мухлисларга ёқиб тушмоқда. Ўта серҳаракат ва эпчил Данило «Реал»нинг ўйин услубига тезда мослаша олди.
Карвахалнинг жароҳатланиши бразилиялик ҳимоячининг ишини бироз енгиллаштирди. Аммо имкониятга эга бўлиш бошқа, ундан унумли фойдалана билиш бошқа. Данило эса фурсатни бой бермай, «гол}пас» бўйича (2}5) мавсумнинг энг яхши ҳимоячисига айланди. «Реал»нинг 23-рақамли футболчиси ўз фаоллиги эвазига айрим хатоларини ёпишга эришди.
Диего Годин («Атлетико»)
Якунига етган мавсумда Годиннинг ҳужумда иши қовушмади - рақиб дарвозасининг тўсин ва устунлари умумий ҳисобда, уни тўртта голдан маҳрум этди. Аммо Диего ўз нуқтасида анча ишончли ҳаракат қилди. Мудофаанинг ҳақиқий етакчисига айланган ҳимоячи майдонда тўп сураркан, унинг шериклари ўзларини анча хотиржам сезишди, рақиблар эса, аксинча, ҳужумга ўтиш олдидан бироз ҳадиксирашди.
Хавьер Маскерано («Барселона»)
Маскерано ҳимоядаги шериги Пике сингари ўйин пайти ва ижтимоий тармоқларда рақибларига ҳужум уюштиришда фаол бўлмади. Аммо ўз вазифаси - ўз дарвозаси ёнида «тозалов ишлари»ни бажаришни Херарга нисбатан яхшироқ уддалади. Барча ҳужумга ёппасига ўтадиган «Барселона»дек клубда бундай шерикка ҳар доим эҳтиёж сезилади.
Марсело («Реал»)
Марсело сингари футболчилар бор экан, амплуалар аро чегара аста-секин ўз кучини йўқотаверади. «Реал»нинг бразилиялик ўйинчисида ҳимоячи, хавбек ҳамда ҳужумчилик хусусиятлари мужассам. Эҳтимол, у рақиб дарвозасини мустақил равишда ишғол этмас, аммо тўпурарларга аниқ узатма етказишда беназир. Шу боис ҳам уни клуб ва терма жамоада жуда қадрлашади. Мавсум якунида хавфли «пас»лар узатиш бўйича (бир ўйинда 4,4та) кучли ўнликдан ўрин эгаллагани Марселонинг қандай ўйинчи эканидан далолат бериб турибди.
Серхио Бускетс («Барселона»)
Таянч ярим ҳимояси эталони. Бускетс майдонда ҳамма нарсани уддалайди. Фақатгина дарвозабонлар хусусиятини ўзлаштирмаган (ёки ўзлаштирган-у, бизга кўрсатмаяпти). Замонавий «Барса»ни Мессисиз тасаввур қилиш қанчалик ҳақиқат бўлса, Серхио ўйнамаган ўйинлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Фақат ушбу футболчиларнинг вазифалари турлича, холос. Бускетс - ўз ишини хотиржам ва сифатли бажара оладиган ҳақиқий жангчи.
Лука Модрич («Реал»)
«Реал»да Каземиродек «қора ишчи» пайдо бўлгач, Модрич ва Кроосда бемалол ижодкорлик билан шуғулланиш имконияти туғилди, таянч чизиғидан кўнгил тўқ. Балки Лука учун мавсум у қадар ижобий ўтмагандир, аммо омадли кечгани аниқ. Испания пойтахти ансамблида дирижёрлик қилиш фақат айрим футболчиларгагина насиб этади. Модрич эса бунга ҳақли. Бир қарашда, иккита гол ва тўртта самарали узатма унинг амплуасидагилар учун камтарона кўринар. Аммо Мадридда хорватиялик ўйинчисиз ҳам олдинги чизиқ ишини уддалайдиганлар бисёр. Луканинг вазифаси - ўйин суръатини созлаш. Бошқача айтганда, дирижёрлик таёқчасини ўйнатиш.
Андрес Иньеста («Барселона»)
Каталонияликлар ўтган мавсумдаёқ Хависиз ўйнашга кўниккандилар (фахрийнинг асосий вақти захира ўриндиғида ўтганди). Якунига етган чемпионатда эса Хавиньеста тандеми батамом ажралди. Андрес жамоанинг энг муҳим фигураларидан бирининг йўқлигини билдирмаслик учун қўлидан келган барча ишни қилди. Қайсидир маънода, буни ажойиб тарзда уддалади ҳам. Унинг «Барселона»га қандай фойда келтирганини барча кўрди. Ноодатий фикрлаш, тўп билан моҳирона муомала қилиш ва «пас» беришнинг юксак намунаси - буларнинг бари Иньестада мужассам.
Лионель Месси («Барселона»)
Лео ўзининг тўпурарлик салоҳиятига ҳаммани ўргатиб қўйгач, унинг чемпионатда урган 26та голи ҳам камдек кўринмоқда. Дарҳақиқат, Месси учун ушбу мавсум аввалгилари каби ёрқин кечмади. Танқидчиларнинг бошқа бир жиҳатга эътибор қаратишларини хоҳлардик - голли узатмалар. Бу борада аргентиналик юлдуз биринчи ўринни жамоадоши Суарес билан бўлишиб олди.
Луис Суарес («Барселона»)
Чемпионатда 40та, умумий ҳисобда 59та гол - бу рақамларнинг ўзиёқ уругвайлик футболчининг нақадар юксак натижага эришганини кўрсатиб турибди. Афтидан, Луис Суареснинг энг ёрқин мавсуми ўтиб бўлгандек. «Олтин тўп»га даъвогарлик қилиш учун яққол «заявка».
Криштиану Роналду («Реал»)
Бош мураббийнинг алмашиши бутун «Реал» қатори Криштиануга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Рафа Бенитес пайтидаги руҳий тушкунлик батамом тарқагач, Роналду яна футболдан роҳатланиб, ўз мухлисларига завқ улаша бошлади. Примеранинг якунланган мавсумида фақат Суаресгина португалиялик юлдуздан кўпроқ тўп киритди. Умуман олганда эса, 35та гол - ажойиб кўрсаткич, албатта.
Мураббий: Зайниддин Зидан («Реал»)
Тўғри, Зиданнинг кўрсаткичларини мавсумни тўлалигича бир жамоада ўтказган ҳамкасбларининг натижалари билан солиштириш нотўғри. Аммо барибир, франциялик афсонанинг дебюти юқори даражада ўтгани муҳокамадан холи. Примера мураббийлари орасида тўпланган энг кўп очко (88,3) ҳам бу фикрнинг яққол исботи. Зайниддин билан бирга «Сантьяго Бернабеу»га ишонч қайтди: жамоанинг ўзига, ишқибозларнинг эса жамоага бўлган ишончи. Бу эса ҳар қандай очкодан ҳам қадрлироқдир.
Championat.com - Ў.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).