ДИЕГО СИМЕОНЕ ДАВРИДА ТРАНСФЕР ҚИЙМАТИ КЕСКИН КЎТАРИЛГАН 10 НАФАР «МАТРАСЧИ». Аргентиналик қони қайноқ мутахассис - Диего Симеоне «Атлетико» бошқарувидаги 5 йиллик фаолияти давомида клубга нафақат жиддий совринлар тақдим этди, балки яна ўз шогирдларининг бозордаги нархлари бир неча баробар кўтарилишига сабабчи бўлди. Хўш, унинг даврида айнан кимлар «матрасчилар»га майдонда катта наф келтириш баробарида моддият масаласида ҳам сезиларли даражада ўсишга эришдилар?
10-ўрин. Ян Облак. + 9 млн. евро
Тибо Куртуа «Челси»га ўтиб кетгач, Диего Симеоне олдида яна бир марта жамоага асосий посбон танлаш масаласи кўндаланг бўлди. Бирданига 2та қуён тутиш яхши-да. Хуллас, аргентиналик мураббий шуни ўйлаб, «Хетафе»дан Мигель Анхель Мойя, «Бенфика»дан эса Ян Облакни таклиф этди. Дастлабки даврда асосий таркибдаги жой Мойяга топширилди. Зеро, унинг тажрибаси кўпроқ эди, қолаверса, испан футболига анча мослашиб улгурганди. Бироқ кейинчалик Облак ташаббусни ўз қўлига олиб, Португалия ОАВ томонидан бежиз Европанинг энг иқтидорли ва истиқболли голкипери сифатида таърифланмаганини тўла исботлади. Эндиликда «Атлетико»ни словениялик ушбу дарвозабонсиз тасаввур қилиш жуда мушкул. Дейлик, Ян ўтган мавсум ўта ишончли ҳаракатлари билан «матрасчилар»нинг ЧЛ финалига чиқишлари ва Ла-лигада ҳам муносиб натижа қайд этишларига катта улуш қўшди. Хусусан, халқаро турнир ярим финалининг жавоб учрашувида «Бавария» вакили Томас Мюллер томонидан ижро этилган 11 метрли зарбани ҳам бартараф этиб, чинакам қаҳрамонга айланди. Шу ҳаракатлари самараси ўлароқ, ҳозирнинг ўзида трансфер қиймати 9 миллион евро «болалади». Кейинги мавсумда ҳам бу ўсиш давом этса, ажабмас.
9-ўрин. Тибо Куртуа. + 16 млн. евро
Бельгиялик кипер «Атлетико» сафига қўшилган пайт ўзига ишончи паст ва заифгина йигитча эди. Клубдан эса жаҳон даражасидаги дарвозабон мақомида кетди. Оддий айтганда, у Диего Симеоне қўл остида ақл бовар қилмас суръатда ўсди. Бошланғич даврдаги соф «қовун туширишлар» тез орада фантастик «сейв»лар билан ўрин алмашди. Хуллас, Тибо Мадриддаги 3 йиллик фаолияти давомида ўз салоҳиятига ишонч ҳиссини юқори нуқтага кўтариб, «ўлик» тўпларни ҳам қайтара олиши билан мухлисларни ҳайратга солди. Натижада «Атлетико» вакиллари охирги 2 мавсумда футболчининг трансфер ҳуқуқини «Челси»дан сотиб олиш имконсиз иш эканлигини тушуниб етишди. Нима бўлишидан қатъий назар, Куртуа қисқа вақт давомида «ҳиндулар» мухлислари учун эсдан чиқмайдиган «фигура»га айланди.
8-ўрин. Сауль. + 18 млн. евро
Ҳа-ҳа, ЧЛда «Бавария»га қарши ярим финалнинг биринчи ўйинида Мюнхен клубининг бутун ҳимоя чизиғини «ғалвирга солган»ча ўта чиройли ва муҳими, ғалаба келтирган голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган ўша Сауль. Ёш испан «Атлетико» тизимига «Реал» академиясидан ўтди. Чунончи, «Қироллик клуби»да ярим ҳимоячининг салоҳиятини тўғри баҳолай олишмади. Мадриднинг «қизил-оқ» томонида эса футболчининг улкан иқтидорини дарҳол пайқашди ва Симеоне уни 18 ёшидаёқ асосий жамоа ўйинларига жалб эта бошлади. Сауль шу ишончнинг самараси ўлароқ, якунланган мавсум бошланғич таркиб аъзосига айланиб, майдон марказида ўзгача ҳаракатланиш бобида яққол ажралиб турди. Умуман, унинг трансфер нархи кескин ошиб бораётгани аввало, чиройли ва эффектли ўйнаши, қолаверса, ёши билан боғлиқ. Тахмин қилиш мумкинки, яқин йилларда бу қимматлашув жараёни ҳали давом этади. Ҳарқалай, мутахассислар Саулнинг ички потенциалини юқори баҳолашмоқда.
7-ўрин. Арда Турон. + 19 млн. евро
«Атлетико» Турон учун 13 млн. евро сарфлаб, ўша вақт уни турк футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айлантирганди. Арда кейинчалик Симеоне жамоасида етакчилардан бири ролига кўтарилиб, бу миллионларни ўн чандон оқлади. Орадан 4 йил ўтиб эса, клуб ғазнасига салмоқли маблағ тушишига сабабчи бўлди. Бошқача айтсак, «Барселона» уни асл қийматидан 3 баравар қиммат нархда сотиб олди. Турк футболчиси аргентиналик мураббийнинг ўйин чизмасида алоҳида роль бажарарди. Яъни муайян позицияга «боғлаб» қў-йилмагани майдонда эркин ҳаракатланиши ва бутун ҳужум фронтини яқиндан қўллаб-қувватлашига имкон берарди. Турон айниқса, меҳнаткашлиги ва «қора ишлар»дан қочмаслиги билан «Висенте Кальдерон» муҳаббатини қозонди. Унинг майдон марказида жон ҳолатда «подкат» усулини қўллаб, рақибни тўпдан маҳрум қилганча «матрасчилар»ни янги ҳужум сари олға бошлаши «Атлетико» учун стратегик қурол бўлиб қолганди. Жамоа мухлислари ўша ҳаракатлари ва важоҳат билан олдинга ўтишларини анча вақтгача унутмасалар керак. Ҳа, Арда ўз меҳнати ва Симеоненинг эътиборию, эркинлик бергани туфайли охирги йилларда «Атлетико» бағрида энг тез кучайган футболчилардан биридир. Тўғри, «Барса»да биз ўша Туронни кўрганимизча йўқ.
6-ўрин. Диего Годин. + 22 млн. евро
Диего Годин - ҳозирги «Атлетико»нинг рамзи. Симеоне иш бошлаган илк кунлардаёқ бундай жонкуяр футболчига эҳтиёж сезди. Зеро, унинг ўзи вақтида майдонда шундай таассурот қолдирганди. Уругвайликнинг энг яхши хислатларини тўла намойиш этиши учун эса айнан Симеонега ўхшаш таваккалчи мураббий керак эди. Мана, икки Диего бир-бирига идеал даражада мос келди ва улар биргаликда «Атлетико»ни жаҳон футболи чўққиси томон тортишди. Чунончи, «матрасчилар»нинг ҳимоя қўрғони айнан Годин атрофида «қад ростлади». Биласиз, «Атлетико»нинг натижаларида айнан мустаҳкам орқа чизиқ катта роль ўйнайди. Умуман, Симеоненинг Мадридда фаолияти давомида уругвайлик шу персонаж «Висенте Кальдерон»да асосий ва муҳим ижрочилардан бирига айланди. Годин - мураббий ғоялари ва эҳтиросини майдонга олиб ўтувчи бош воситачи.
5-ўрин. Хосе Мария Хименес. + 24 млн. евро
Ҳозирда айнан Годин қаноти остида уругвайлик яна бир ҳимоячи камол топяпти. Мутахассисларнинг фикрларига кўра, у яқин йиллар ичида ўз позицияси бўйича еврофутболдаги энг кучли ўйинчилар қаторига қўшилиши мумкин. Зеро, Хосе Мария Хименес ажойиб жисмоний кўрсаткичларга эга ва Годин ҳамда Симеоне назоратида ўйиндан ўйинга кучайиб боряпти. Дейлик, 3 йил давомида трансфер баҳосини нақ 25 миллион еврога кўтарди. 21 ёшли ҳимоячи ҳозирнинг ўзида улкан тажриба соҳибига хос ўйин намойиш этяпти. Ҳар ҳолда, «Барселона», «Реал» ва «Бавария» каби клубларнинг сара ҳужумчилари олдида ҳам муносиб кўринди. Энг асосийси, «ҳиндулар» мухлисларини Жоао Мирандадек футболчини унутишга мажбур этди. Ваҳоланки, улар бу ҳимоячининг кетганидан ғоят тушкун ҳолатда эдилар.
4-ўрин. Радамель Фалькао. + 30 млн евро
Колумбиялик ҳужумчи ушбу рейтингга тушган кўплаб футболчилардан фарқли ўлароқ, «Атлетико»га шаклланган ижроси мақомида ўтди. Аниқроқ айтсак, у «Порту» билан Португалия чемпиони бўлишдан ташқари, ЕЛ ғолибига айланганди. Табиийки, бундай ютуқлардан сўнг Радамелнинг нафақат ўйинчилик маҳорати, балки обрўси ҳам анча кўтарилганди. Бироқ тан олиш керак, у ҳам айнан «матрасчилар» даврасида қитъа футболидаги энг «даҳшатли» форвардлардан бири сифатида гавдаланди. «Йўлбарс» «Атлетико»да пулемёт ўқидай тез-тез гол уришни ўрганди, чамаси 90 фоиз имкониятдан самара чиқаришни уддалаб, «матрасчилар» ҳужум чизиғида асосий ролни ўз зиммасига олди. Натижада қисқа вақт ичида трансфер нархи нақ икки баравар қимматлашди. Рақамлар асосида айтсак, Фалькао «ҳиндулар» либосидаги икки мавсум давомида 150тадан кўп гол урди ва шундан сўнг футболчилик фаолиятидаги энг тушунарсиз қарорни қабул қилди - спорт формаси энг юқори чўққисига чиққан пайт «Монако» сафига қўшилди. Бироқ Франция клубида оғир жароҳатга дуч келиб, футбол радарлари кузатувидан четга чиқди. Бу орада «МЮ» ва «Челси»да асл ҳолига қайтиш уринишини амалга оширди, аммо бефойда...
3-ўрин. Антуан Гризманн. + 30 млн. евро
«Атлетико» Фалькао билан хайрлашганидан бир йил ўтиб, «Реал Сосьедад» сафида кўзга ташланган ёш француз ҳужумчиси учун 30 млн. евро беришдан тийилмади. Қарангки, нишон яна тўғри бўлиб чиқди: Гризманн дарҳол жамоа ўйинига мослашди ва ҳаттоки, Симеонени ҳужум марказидаги ҳаракат услубини қайта тузишга мажбур қилди. Умуман, Антуан ўзининг тезлиги, техникаси ва шиддати билан жамоа ўйинига ўзгача жило олиб кирди ва тез орада ўткир ҳужумчи позициясида алмаштирилмас футболчига айланди. Тахмин қилиш мумкинки, француз йигити «Атлетико»да узоқ вақт қолмаса керак. Зеро, унга қизиқиш даражаси тобора ошяпти. Умуман, Европанинг топ-клублари ҳозирнинг ўзида Евро-2016да голеадорлик маҳоратини ишга солган ҳужумчи учун 50 млн. евро тўлашга тайёрлар. Аммо «Атлетико» бу нархга кўнмаса керак. Ҳарқалай, қитъа чемпионатидаги ўйинлари натижасида унга талабгорлар сафи янада кенгайиши аниқ.
2-ўрин. Диего Коста. + 32 млн. евро
Коста «Атлетико» даргоҳига қадам қўйган пайт 18 ёшли ўспирин эди. Шу сабабми, биринчи уринишда асосий таркибдан жой олишга муваффақ бўлгани йўқ. Ҳа, бу борадаги иккинчи ҳаракати ҳам айтарли натижа келтирмади. Фақат, бошқарув Диего Симеоне ихтиёрига ўтганидан кейингина бразилиялик испан нисбатан кўпроқ майдонга туша бошлади. У аввалига ҳужумда Фалькао билан тандем ҳосил қилди, колумбиялик форвард Францияга йўл олганидан кейин эса, ўзи бош ролга кўтарилди. Хуллас, Диего ўта оғир характерига қарамай (эҳтимол ҳаттоки, шу туфайли), ноўрин хатти-ҳаракатлари кўп оддий ҳужумчидан профессионал форвард- «қотил»га айланди. «Атлетико» раҳбарияти эса, ўз одатига кўра, жазман харидор чиқиши билан савдони пайсалга солмай, уни муносиб нархда сотди - 37 млн. еврога.
1-ўрин. Коке. + 49 млн. евро
Тўғри, Коке охирги мавсумда бош ролларни бошқа ижрочиларга топшириб, ўзи бироз сояга ўтди. Бироқ ёш ярим ҳимоячининг «Атлетико» ўйинидаги муҳимлик даражаси баланд, барибир. Зеро, Коке ҳимоячиларга ёрдам бериш ва майдон марказида Габи ҳамда Аугусто Фернандес билан комбинациялар ташкил этишдан ташқари, яна Гризманн ва Торресни бевосита қўллаб-қувватлаб, уларни олға бошлашга ҳам улгурди. Қисқаси, 24 ёшли футболчи майдоннинг ҳар бир нуқтасидаги ўйин ҳаракатларида фаол иштирок этди. Кокенинг ўсиш жараёнига келсак, Симеоне бош мураббий вазифасини бажара бошлаган илк мавсумда Коке катта футболга энди қадам ташлаётган «хом» йигитча эди. Энди эса, у тан олинган плеймейкер ва «Хави меросхўри» таърифи соҳибидир.
Championat.com, Содиқ РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).