Бир муҳим ўйин олдидан у жамоа бош мураббийи Клаудио Раньерига юзланди ва жиддий оҳангда сўради: “Мени ўйинда майдонга туширинг ёки қўйиб юборинг”. Мураббий ваъда берди: “Эртага Влаович ҳамда Лопес билан ҳужумда ўйнайсан”. Жамоа “Месталья”га келди ва кийиниш хонасида Клаудио Раньери майдонга тушадиган футболчилар номини санади. У эса, бу футболчилар орасида ўзининг исмини эшитмади ва сумкасини кўтариб, ўйига жўнади. Орадан кўп ўтмай, унинг ўзбошимчалигини Раньери кечирди ва уни январ ойидаги "Барселона"га қарши машҳур ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга туширди. Айнан унинг ажойиб ўйини эвазига биринчи бўлимдаги 0:3 ҳисоби ўйин якунида 4:3га айланди.
КУНИГА 300 ПЕСО
Бугун Ариел Ортега "Ривер Плейт" ўринборсарларига устозлик қилмоқда. Унинг шогирдларига айтадиган гапи кўп. У асосан, шогирдларига ўзига ўхшаб хато қилмасликни ва фаолиятидаги бундай хатоларни айтиб, уларни тўғри йўлдан кетишларига умид қилмоқда.
“Бундай иссиқда ўйнаш кулгули, буни йиғиштир”, - дея бақирарди отаси Антонио Ортега. Аммо, отасининг куйинишларига қарамай Ариел Ортега кунига 300 песо ишлаб олиш имконияти бўлган якшанбадаги турнирни ўтказиб юборгиси келмасди. Ариел дастлаб регби билан шуғулланишни бошлаган, аммо бундай жусса билан қийналишини билгандан сўнг, 12 ёшида футболни танлашни лозим топган. У якшанба куни бўлиб ўтадиган турнирни ҳеч қачон ўтказиб юбормаган. Фақатгина бир марта, "Ривер Плейт" гастрол уюштиргани ва уни кўриш имконияти бўлгани сабабли ўтказиб юборишига тўғри келган. Ўша гастролда у ўзининг севимли футболчиларини яқиндан кўришга муваффақ бўлди. Орадан 10 йил ўтгач, Ортега Аргентина терма жамоаси дарвозабонлар мураббийи Пато Филолдан сўрайди: “Пато, эсингдами, ўн йил олдин, Ледесмада бир болакай сенга қўлини кўтариб, бақирганида, сен унга қараб жилмайган эдинг?”. Пато Филол унинг қаршисида турган Аргентина терма жамоасининг ўнинчи рақамли футболчисига бир зум термулиб, кулиб юборди: “Наҳотки, бу сен эдинг?”.
Ундан ҳам кулгулироқ воқеа 1990 йилнинг 27 декабр кунида бўлган эди. "Ривер Плейт" мураббийи Хорхе Бусти абитуриентларга қарата “ким ҳужумда ўйнашни истайди”, дейди ва қаршисида 50га яқин болаларнинг қўлини кўтариб турганини кўради. Уларнинг бари имтиҳон топширади. Ариел Ортега учун бу имтиҳон 15 дақиқа давом этди ва шундан сўнг у уйига қайтиб кетди. Орадан бир ярим ой ўтгач у учун барчаси ўзгариб кетди: велосипедда унга имтиҳон жавобини ва "Ривер Плейт"га таклифномани олиб келган почта ходими, ёш футболчиларга ажратилган ва харобадан фарқи йўқ умумий турар жой, девордаги доғлар, радиоузатгич ва телевизорнинг йўқлиги. Хуллас, янги саргузаштлар бошланди.
Аммо, бундай шароитга қарамай, Ортега асосий жамоага тезда қўшилиб кетишнинг уддасидан чиқди. Платенседаги муҳим ўйинлардан бирида, ўйин тугашига беш дақиқа қолганда Клаудио Спонтоннинг ўрнига майдонга тушди. Кейинроқ яна бир икки марта асосий таркибда майдонга тушди. "Ривер Плейт" эса ўша мавсум чемпион бўлди. Жамоа фахрийси Хорхе Ҳигуаин клуб президентини жамоа футболчилари учун бериладиган мукофот пули Ортегага ҳам берилишига кўндирди. Шу йили Ортега ўзининг илк профессионал шартномасини тузди. Буэнос-Айресга оиласини олиб келди. Унинг сингиллари университетга ўқишга кирди. Бири биохимик, иккинчиси эса, инглиз тили ўқитувчиси бўлди. Отаси эса, "Ривер Плейт"нинг уй стадиони ҳисобланган “Монументал”га пайвандчи сифатида ишга жойлашди.
Орадан кўп ўтмай, ажабтовур ҳаракатлар ва ажойиб техникага эга футболчи мухлислар ёқимтойига айлана бошлади. Уни ҳамма таний бошлади. "Бока Хуниорс"га қарши ўйинда жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди ва саккиз йилдан бери давом этиб келаётган нохуш анъанага барҳам берди: "Ривер Плейт" энг асосий рақибининг майдонида ғалаба қозонди.
БУ ТИРРАНЧАНИ ЁЛҒИЗ ҚОЛДИРИБ БЎЛМАЙДИ
Ариел Ортега 1994 йилги Жаҳон чемпионати арафасида Аргентина терма жамоаси устози Коко Басиледан кутилмаганда таклиф олди. Терма жамоа ҳимоячиси Дарио Франко мундиал арафасида кутилмаганда жароҳат олди ва мураббий унинг ўрнига ҳужумкор ярим ҳимоячи Ортегани таклиф қилишни маъқул кўрди.
"Салта" меҳмонхонасига жойлашган Аргентина терма жамоаси футболчилари эртаси куни бўлиб ўтадиган ўртоқлик ўйинига тайёргарлик кўра бошлади. Бош мураббий ёрдамчиси Эчеваррия терма жамоа футболчиларини йиғди ва уларга хоналарнинг калитини топшира бошлади. Барчага калитларни топшириб бўлган мураббийнинг қаршисида фақатгина икки футболчи – Марадона ҳамда Ортега қолган эди. Марадона ёнида шерикларисиз, доимо бир ўзи ёлғиз хонада яшар эди. Бу сафар эса, кутилмаганда мураббийга юзланди: “Бу тирранчани бир ўзини ёлғиз қолдириб бўлмайди. Уни менинг хонамга жойлаштирақол”.
Орадан кўп ўтмай, Марадона Греция дарвозасига гол урди ва уни дарвоза ортида турган видеокамера эгаси билан ажойиб тарзда нишонлайди. Ўйин тугашига ўн дақиқа қолганида эса, унинг ўрнига Ортега майдонга туширилади.
Нигерияга қарши иккинчи ўйин олдидан у таркибга кирмади, аммо ўйин арафасида машғулотдан аввал жамоа ҳимоячиси Эрнан Диасни йўлакда кўриб қолди: “Бугунги машғулотларга чиқиш шарт эмас, ғалаба қозонганимиз туфайли, мураббийлар бизга дам беришди. Бориб дамингни олавер”. Ортега секингина елкаларини қисди ва хонага қайтиб ухлаб олишни режа қилди. Аммо, бир оз вақт ўтиб хонага ёрдамчи мураббий Эчеваррия келади ва хонани тақиллатади: “Сен нимага машғулотларга чиқмадинг. Хатто, Марадона машғулотларда тер тўкмоқда, сен эса, телевизор кўриб, хонада дам олаяпсан, жўна пастга”. Кейинроқ, Диас ҳазиллашганини тан олди ва Ортега бундан ранжиди. Ўйин арафасида Ортегани кечиришди ва у яна жамоа билан машғулотларга киришди. Аммо, эртаси куни терма жамоа аъзолари ҳазил қиладиган аҳволда эмас эдилар: Марадонани допингда ушлашди. Ортега эса, туни билан хонада бир ўзи ёлғиз қолиб, йиғлаб чиқди: “Бизни боримиздан айиришди”.
Жаҳон чемпионати Аргентина учун кутилмаганда тез тугади. Аммо, Ортега учун ҳаммаси энди бошланаётган эди. У "Ривер Плэйт" сафида асосий фигуралардан бирига айланди. Кейинроқ, 1996 йилги Олимпиада ўйинлари арафасида "Ривер" Либертадорес Кубоги финалида Колумбиянинг "Америка" клубига қарши майдонга тушди. Финал ўйинидан олдин кийиниш хонасида "Ривер Плейт" сардори Энцо Франческоли жамоа устози Роман Диасдан хонадан чиқиб туришни ва футболчилар билан ёлғиз қолдиришни илтимос қилди: “Бу менга катта соврин ютиш учун сўнгги имконият, илтимос, менга ёрдам беринглар”...
Ўйиннинг 6-дақиқасида Ортега Креспога ассистентлик қилди ва "Ривер Плейт" ғалаба қозонди. Орадан ярим йил ўтгач, "Ривер Плейт" президенти Алфредо Давичче унинг эшигини тақиллатди: “Валенсия" сенга ўн беш миллион доллар таклиф қилаяпти. Аммо, сен биз билан шартномани узайтирмасанг, сени текинга олиб кетиб қолишади”. Бунгача, албатта, агентлар Ортега билан кўришишган ва унга ўзи учун бир неча миллионлик маош эвазига шартномани узайтирмасликни таклиф қилишган эди. Ортега эса, клуб президентига хавотир олмасликни айтди ва шартномани узайтиришга қарши эмаслигини таъкидлади: “Хавотир олманг. "Ривер Плейт"ни қийин аҳволга солиб кетмайман”.
ТЕРМА ЖАМОАДАГИ ОМАДСИЗЛИКЛАР
Франциядаги Жаҳон чемпионатида Аргентина фаворитлардан бири эди. Аргентина учун мундиал жуда яхши бошланган эди. Ямайка терма жамоаси дарвозасига урилган 5та жавобсиз голнинг иккитасига Ортега муаллифлиқ қилди. Нимчорак финалда Англия мағлуб этилгач, автобусда айнан Ортега “Vamos Argentina”, дея ҳаммадан баланд овозда куйлаган эди. Ҳолландияга қарши ўйин эса, унинг фаолиятидаги энг аламли учрашувлардан бири экани сир эмас. Ўйин тугашига уч дақиқа қолганида, ҳисоб 1:1 бўлиб турган вазиятда рақиб жарима майдонида Яп Стам билан тўқнашиб кетади ва майдонга йиқилади. Шу заҳотиёқ ҳакам ҳуштагини эшитади ва пеналти деб ўйлаб, ўрнидан туради. Аммо, у, қаршисида нуқтани кўрсатаётган эмас, балки чўнтагидан сариқ карточка чиқараётган ҳакамни ва унга бир нималар деб бақираётган Эдвин ван дер Сарни кўради. Шу ондаёқ, Ван дер Сарни итариб юборади. Ван дер Сар ерга қулади ва қизил карточка. Ҳаммаси тугади. Ортега бир дақиқа ўтмай, Ортега кийиниш хонасига кираётганда стадиондаги шовқин, баланд овоздаги ҳайқириқларни эшитади.
“Ким гол урди?”, - сўрайди ёнида турган стадион ходимидан.
— Ҳолландия!
Орадан тўрт йил ўтиб, Марсело Бьелса уни Япония ва Жанубий Кореядаги Жаҳон чемпионатига олиб кетади. Аргентина бу сафар ҳам фаворитлардан бири эди. Аммо, бу сафар улар гуруҳдан ҳам чиқа олмадилар. Швецияга қарши гуруҳдаги сўнгги тур ўйинида ўйин якунида Ортега пеналтини ноаниқ тепди. Унинг зарбасини швецияликлар посбони Ҳедман қайтарди, аммо Креспо қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди ва ҳисобни тенглаштирди. Ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланди ва Арегентина уйига қайтадиган бўлди. Ўйиндан сўнг, Ортега кийиниш хонасига ҳаммадан олдин кирди ва у ерда йиғлаб ўтирган Марсело Биелсага кўзи тушди: “Мен ўз жойимга бориб ўтирдим ва уятдан ўзимни қўярга жой топа олмадим. Қандай қилиб, бундай ажойиб мураббий билан биз шарманда бўлганимизни ақлимга сиғдира олмас эдим”.
Ортега шундан сўнг Европага кетди. "Сампдория", "Парма", "Фенербахче" каби жамоаларда ажойиб ўйинлар ўтказди. "Фенербахче"даги оғир ва мазмунсиз фаолиятидан сўнг уни Аргентинага чақиришди. Аммо, бу сафар унинг жонажон клуби "Ривер Плейт"га эмас, "Нюэллс Олд Бойз"га таклиф этишди. Бу клуб сафида, яна ажойиб ўйинлар ўтказиб, ҳаммага истеъдодини яна бир марта намойиш этди. Айнан унинг ҳаракатлари ва юқори савиядаги ўйинлари эвазига "Нюэллс Олд Бойс" ўн икки йиллик танаффусдан сўнг яна чемпионликни қўлга киритди. "Ривер Плейт" билан ўйинда, ўз голларини нишонламади ва клубга бўлган садоқатини намойиш этди. Орадан кўп ўтмай, "Ривер Плейт" Ортегани ортга қайтарди.
Бундан ўн беш йил аввал Хорхе Ҳигуаин 18 ёшли Ортегага ҳам мукофот пули берилишини илтимос қилган ва клуб президентини ёш футболчини рағбатлантиришга кўндирган эди. Маълум танаффусдан сўнг "Ривер Плейт"га ташриф буюрган Ортега Хорхе олдидаги қарши қайтаришга киришди ва унинг ўғли, 18 ёшли Гонсалога катта ёрдам берди.
НОДИРЖОН тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).