Ишқибозчилик ҳар-хил бўлади. Кимдир ғалабадан шунчаки хурсанд бўлиб қўяди, бош-қаси эса катта байрамга айлантиради. Кўча-кўйда байроқ ҳилпиратиб юрганларни ўзингиз ҳам кўрган бўлсангиз керак. Аммо мағлубиятни деярли ҳамма бир хил қабул қилади. Айниқса бутун бошли мамлакат шаъни ўртага қўйилган ўйин бой берилса оғир ботади. Нафсоният оғрийди-да. Ҳозир шунақа одамлардан бири ҳақида гаплашмоқчимиз.
Телевидениеда ишлайдиган ҳамкасблардан бири айтиб берганди. Якшанба куни навбатчи бўлгани учун эрталабдан ишхонага боришга мажбур бўлибди. Қабулхонага кирса, ёши етмишларга борган отахон ёлғиз ўтирганмиш. Дам олиш куни ишга ким ҳам келарди? Ҳеч ким бўлмагач, келувчилар ҳам бўлмайди. Отахон эса ёлғиз ўзи, кимни кутаётгани ҳам номаълум. Қўриқлаш хизматидаги йигитлар отахон билан гаплашиб кўришни илтимос қилишибди. «Кечадан буён шу ерда, - дебди қоровулларнинг каттаси. - Самарқанддан келибди, Самвел Бабаянга гапим бор, деяпти. Бу ерда ишламаслигини тушунтира олмаяпмиз...»
Аммо танишим ҳам бундай вақтда нима қилиши мумкин? Қўлидан келадигани - отахондан ҳол-аҳвол сўраш, дардини эшитиб, кўнглини кўтариш. Салом берибди, нима учун келганини сўрабди. У ёғига отахоннинг айтган гапларини биз ҳам эшитсак...
- Йигирма беш йил бўлди, Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини қолдирмай кўриб бораман, болам, - дебди отахон. - Лекин шу вақтгача хурсандчиликдан кўра хафа бўлган куним кўп бўлди. Охирги бир йилдан умидим катта эди, аммо нималар бўлганини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Наҳотки 25 йилда бир марта жаҳон чемпионатига чиқишнинг имкони бўлмаса? Терма жамоа ким учун ўйнайди? Биз учун ўйнаса, бунақа ўйинини йиғиштириб қўя қолсин. Мураббий учун ўйнаса, унда билмадим. Бабаянга шуни айтгани келган эдим...
Дам олиш кунида Самвел Бабаянни топиб бўларканми? Отахон шу гапларни айтиш учун бир кечани уйқусиз ўтказибди. Лекин мураббийни топа олмагани аниқ. Дўстимиз уни қайтиб кетишга кўндириб, кузатиб қўйибди. Унинг дарди ҳеч бўлмаса мана шу мақола орқали эгасига етиб борсин деб клавиатура тақиллатиб ўтирибмиз. Лекин бундан қанчалик фойда бўлади, ўзимиз ҳам билмаймиз. Бир вақтлар «Бунёдкор»да ўйнаган чилилик легионер Хосе Луис Вильянуэва айтиб кетганди, «токи терма жамоадаги ҳар бир футболчи Бухоронинг чекка қишлоғида қўй боқиб юрган чўпон учун ҳам ўйнаётганини ҳис қилиб майдонга тушмагунча жаҳон чемпионатига чиқа олмайсизлар», - деганди. Биз футболчилар нимани ҳис қилишларини билмаймиз. Аммо ҳамон мундиалга чиқа олмаганимиздан келиб чиқиб айтсак, ҳали-ҳамон чўпон дардини тушунмасликлари эҳтимоли катта.
Бразилия терма жамоаси 2002 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган эди. Ўша жамоа таркибида бўлган йигитларнинг барчаси мундиал ғолиблиги учун бериладиган мукофот пулидан воз кечишган. Бир қарашда воқеа у қадар аҳамиятга молик эмасдек. Чунки Бразилия терма жамоасида тўп сурадиган ҳар бир футболчи ўз клубида жарақ-жарақ маош олади. Улар ЖЧ ғолиблиги учун бериладиган мукофотни Европада ўйнаб, бир ойда топишлари мумкин. Шунинг учун воз кечса, кечибди-да. Аммо ўша футболчи терма жамоада ўйнаб, тиззаси, тўпиғи ёки товонидан жароҳат олса, қанча пул йўқотишини биласизми? Бир ой ўйнай олмасачи? Ахир жароҳат олган ўйинчи билан ким ҳам янги шартнома имзолашни истарди? Аслида терма жамоада тўп суриш улар учун катта таваккал. Аммо барибир ҳар бир ўйинда жон олиб, жон бергудек бўлиб тўп сурадилар. Улар нимани ҳис қилишаркан?
Ватанпарварлик - жуда катта сўз. Унинг кўлами шу қадар кенгки, битта футбол билан боғлаб қўйиш яхши эмас. Кимдир терма жамоа футболчиларида бу ҳис йўқ деса, қаттиқ адашади. Бор. Албатта бор. Аммо терма жамоа билан мухлислар ўртасида ўзаро муштараклик бўлмас экан, ватанпарварликни ҳар ким ўзича тушунаверади. Футболчи ким учун ўйнаётганини биладими? Мухлисчи? Мураббийнинг қалбидан нималар ўтаётганини сезадими? Бу саволлар жавобини ким бера олади?
Бу мақола билан аниқ бир мақсадни кўзламадик. Шунчаки, оддий бир мухлиснинг гапларини етказиб қўймоқчи бўлдик, ҳолос. Самвел Бабаян мақоламизга эътибор берар, ёки бермас. Нима бўлган тақдирда ҳам билиб қўйсин, самарқандлик бир отахон уни қидириб келди, аммо топа олмади. Дарду-ҳасратларини эса Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи эмас, оддий бир журналист эшитди. Бундан қандай хулоса чиқариш эса ўзига ҳавола...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).