Ўзбекистонлик ҳимоячи Бобуржон Акбаров фаолиятини хорижда давом эттиради. 2016 йил олий лигада «Андижон» шарафини ҳимоя қилган футболчи ўтган ҳафта Малайзия премьер-лигаси вакили бўлган «Куала-Лумпур» клуби билан бир йиллик шартнома имзолади. Маълумот учун, Акбаров ўтган мавсум олий лигада 24та ўйинда майдонга тушиб, 4та сариқ карточка ишлаб олган, «Андижон» эса чемпионат якунида олий лигани тарк этганди. Биринчи лигада ўйнашни ўзига эп кўрмаган ҳимоячи Малайзия клубидан тушган таклифга розилик берди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, у ҳатто, жамоа мураббийлари кўригидан ўтмасдан янги клуби билан битим тузди. Келишув бандларида ҳамкорлик муддатини яна узайтириш ҳам келтирилган. Бунинг учун «Куала-Лумпур» мавсум якунларига кўра, суперлигага қайтиши керак. Ўтган йили ушбу жамоа Малайзия премьер-лигасида 5-ўринни эгаллаганди. Айни пайт клуб шу ойнинг охирги ўн кунлигида бошланадиган янги чемпионатга тайёргарлик кўряпти. Биз навбатдаги машғулотдан сўнг Бобуржон Акбаров билан боғланиб, ундан интервью олдик.
- Бобуржон, суҳбатимиз аввалида ушбу трансфернинг амалга ошиши ҳақида маълумот берсангиз. Малайзия клубига ўтишингиз қандай рўй берди?
- Мазкур келишув декабрь ойида, кутилмаган ҳолатда амалга ошди. Малайзияликлар менга қизиқиш билдириб, жамоага таклиф қилишди. Ҳатто йўл чипталаримгача жўнатиб, келишимни сўрашди. Мен эса ўйлаб ҳам ўтирмай таклифни қабул қилдим.
- Улар сиз ҳақингизда қаердан маълумот олишди? Ўйинларингизни кузатишганми?
- Интернетга видеоролигимни жойлаштирганман. Шу орқали кўриб, қизиқиб қолишган экан.
- Жамоа кўригида бўлдингизми? Мураббийлар сизни синаб кўришдими?
- Йўқ. Биласизми, кўрик учун ҳеч қаерга ва ҳеч қайси клубга бормайман. Одатим шундай. Уларга тўғридан-тўғри тиббий кўрикдан ўтиб, ҳаммаси жойида бўлса, шартнома имзолашимни айтдим.
- Малайзияликлар бунга осонликча рози бўлишдими?
- Албатта. Акс ҳолда, келишолмасдик. Мураббийлар кўригидан ўтиш учун бошқа давлатга бориш футболчига тўғри келмаса керак. Боз устига, қизиқиш биринчи лига жамоасидан тушса. Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Балки, фикримга қарши чиқадиганлар топилар.
- Шартнома қанча муддатга имзоланди?
- «Куала-Лумпур» билан бир йилга мўлжалланган битим туздим. Шу йилнинг 31 декабрь куни келишув ўз кучини йўқотади. Агар жамоа суперлигага чиқса, келишув муддатини узайтиришимиз ҳам мумкин.
- Янги жамоангиз билан танишишга улгурдингизми?
- Биласизми, бу ерда мени илиқ кутиб олишди. Ҳамма очиқкўнгил, бир сўз билан айтганда, яхши инсонлар экан. Жамоамда ҳам худди шундай ҳолат ҳукмрон. Муҳитга жуда тез мослашдим. Келганимга ҳали кўп вақт бўлмади. Лекин ўзимни бу ерда бегонадек ҳис қилмаяпман. Ҳозир худди ака-укалардекмиз.
- Жамоада сиздан бошқа легионерлар борми?
- Ҳа, яна икки нафар аргентиналик футболчилар ўйнашади.
- Улар қайси позицияда тўп суришади?
- Ярим ҳимоя чизиғида.
- Бош мураббий маҳаллий мутахассис эканми? У билан суҳбатлашиб олдингизми? Сизга қандай талаблар қўйди?
- Мураббийимиз малайзиялик. Айнан унинг таклифи билан келганман, ўзаро муносабатларимиз аъло даражада. Ўртоқлик ўйинларида майдонга тушяпман. Фикри ёмон эмас. Ўз ўрнида менга билдирилган ишончни оқлашга астойдил интиламан. Бу мамлакатдагилар ўзбек футболи ҳақида яхши тушунчага эга бўлишини истайман. Албатта, ҳимоячиларга қўйиладиган талаб аниқ: дарвозабонга кўмаклашиш ва имкон қадар «қуруқ» ўйин ўтказиш.
- Ҳозир қаерда яшаяпсиз? Алоҳида хонадон ажратишдими?
- Уй ва машина беришди. Шароитлар аъло даражада.
- Сиз истиқомат қилаётган жой жамоа стадиони ва базасига яқинми?
- Пойтахт - Куала-Лумпур марказида яшаяпман. Ҳар тарафлама қулай. Стадионга ҳам, базага ҳам бир зумда етиб оламан.
- Тил масаласида қийналмаяпсизми?
- Очиғини айтаман, инглизчани унчалик яхши билмайман. Шундай бўлсада, бир амаллаб гаплашяпман, фикримни тушунтира оляпман. Умуман олганда, миллионлар ўйинининг тили бир (кулади). Футболда кўп ишлатиладиган терминлардан хабардорман. Йил ўрталаригача ўрганиб кетарман.
- Жамоа машғулотлари қай тарзда давом этяпти?
- Клуб билан расман шартнома имзоламагунимча ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмадим.
- Адашмасам, бугун (суҳбат 5 январь куни уюштирилган - муаллиф) илк бор янги жамоангиз сафида майдонга тушдингиз?
- Худди шундай. Ўртоқлик учрашуви ўтказдик, мураббийлар мени иккинчи бўлимда майдонга туширишди. Ҳаммаси яхши ўтди.
- Жамоаларнинг савияси қандай?
- Малайзия суперлигаси ва премьер-лигаси жамоалари ўртасидаги тафовут деярли кўзга ташланмайди. Фар-қи йўқ, десам ҳам бўлаверади. Бу менинг шахсий кузатувим. Лекин олий лигамиздан савияси баланд эмас, албатта.
- «Андижон» билан шартномангиз якунланганмиди?
- Ҳа, битим муддати 31 ноябрь куни ўз кучини йўқотган эди. Шу боис, «Куала-Лумпур»га эркин агент мақомида кўчиб ўтдим.
- Янги жамоангизда нечанчи рақамни танладингиз? Умуман, бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратасизми?
- Мен учун бунинг унчалик фарқи йўқ. Алоҳида рақам танламайман ва клуб маъмурларига талаб қўймайман. «Куала-Лумпур»да 12-рақамда тўп сурадиган бўлдим.
- «12» дарвозабонларга хос рақам-ку?
- Бу ерда кетма-кетлик бирдан ўттизгача экан, айнан 12-рақамли либос бўшлигини айтишди. Билмадим, менга шуниси маъқул келди. Агар ҳамма рақамига муносиб ўйин кўрсатганида, дунёни юлдуз футболчилар босиб кетарди.
- Жамоангиз олдига қандай вазифа қўйиляпти?
- Шу мавсумнинг ўзидаёқ суперлигага чиқиш. Клубнинг нияти жиддий бўлгани учун ҳам бу таклифга розилик билдирдим. Мақсадга эришиш йўлида қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман.
- Чемпионат ўйинлари қачондан бошланади?
- Премьер-лига 20 январдан старт олади. Унгача ўз базамизда мавсумга тайёргарликни давом эттирамиз.
- Малайзия клубларида ўйнаётган ҳамда кўрикда бўлиб турган ўзбекистонлик футболчилар билан кўришмадингизми?
- Гаплашиб турамиз, лекин ҳали кўришганим йуқ. Кейинги бир йилни шу мамлакатда ўтказаман. Ҳали дийдорлашиш учун етарлича вақт бўлади. Билишимча, жорий йил Малайзия чемпионатида 10 нафарга яқин ўзбекистонлик футболчилар ўйнашади. Бу биз учун ҳам яхши.
- Малайзияга йўл олаётган футболчиларимиз биринчи ўринга молиявий манфаатни қўйишяптими? Шахсан сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Ҳар бир футболчи фаолиятида бир маротаба бўлсада хориж клубида тўп суришни истайди. Молиявий ҳолатга келсак, футболнинг умри қисқа бўлади. Шахсан мен 2-3 йил мамлакатимиз жамоаларида деярли «раҳмат»га ўйнадим. Бошқалар учун жавоб бермайман, лекин шундай ҳолатга тушганим рост. Бундан азият чеккан фақат мен эмаслигимни биламан. Футболчиларнинг барча қатори оиласи бор. Биз ҳам яхши шароитда яшашни хоҳлаймиз.
- «Андижон»нинг ўтган мавсум учун футболчилардан қарзи борми?
- Бошқаларни билмайману, лекин мендан клуб раҳбариятининг қарзи бор, албатта. Қилган меҳнатимга яраша ҳақ олганим йўқ. Шундай бўлсада, мен бунга розиман. Чунки Андижон фарзандиман, шунчаки, ўз вазифамни бажардим. Қолгани клубнинг иши ва уларнинг виждонига ҳавола. Ҳамма нарсанинг жавоби бўлади.
- Неча ойлик маош ва қанча ўйинга мукофот пулларини беришмаган?
- Менимча, буни айтмаганим маъ-қул. Сабаби, ўзим туғилиб ўсган шаҳарнинг бош жамоасини ёмонлашни истамайман. Майли, ҳалол меҳнатим учун маошимни беришмаса ҳам бошқа вилоятдан, бошқа юртдан келганларга ҳақини тўлаб қўйишса, шунга хурсанд бўлардим. Негаки, улар «Андижон»ни ёмон таассуротлар билан тарк этмасликлари керак.
- «Андижон» биринчи лигага тушиб кетди. Бундай салбий натижанинг қайд этилишига қандай омиллар сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
- Андижонда ҳар йили мураббий ва футболчилар алмашинуви кузатилди. Энг катта сабаблардан бири шу бўлса керак, деб ўйлайман. Агар бир мураббийга камида 2-3 йил ишлаш имконияти берилса, ўша мутахассис жамоа ўзагини маҳаллий футболчилар эвазига шакллантирса, албатта, бунинг натижаси кўринади. Ўтган йилги мавсум «Андижон»да икки хил жамоа ўйнади. Биринчи даврадаги ўйинчиларнинг аксарияти жамоадан кетишди. Ҳал қилувчи босқичда сафимизга янги футболчилар келиб қўшилишди. Бир-биримизга кўникиб кетишимиз учун етарлича вақт бўлмади. Ўйинимизни топиб олгунимизча чемпионат якунига етиб қолди. Натижада «Андижон» элитани тарк этди. Бунинг учун футболчилар номидан жамоамизнинг жонкуяр мухлисларидан узр сўрайман.
- Бобуржон, Малайзия биринчи лигасидаги стадионлар, майдонлар чимининг ҳолати яхшими?
- Ҳали ҳамма ареналар билан танишишга улгурмадим. Лекин ўзим кўрганларим ҳамда интернетга жойлаштирилган суратлардан хулоса қиладиган бўлсам, стадион ва майдонларнинг ҳолати аъло даражада.
- Ўтказилаётган машғулотлар орасида ҳам фарқ сезилдими?
- Машғулотлар чемпионат бошланишига оз фурсат қолгани учун мен кутган даражада кучли бўлмаяпти. Шунинг учун, ҳозирдан бир нарса дея олмайман.
- Миллий жамоамизнинг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидаги ўйин-лари, мундиалга чиқиш имкониятлари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ўзбекистон термаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишига ишонаман. Футболчилардаги ҳаракатларни кўриб, шундай фикр билдиряпман. Йигитлар охиригача курашишяпти. Эрон ва Жанубий Корея билан ўйинда рақибдан асло қолишмадилар. Ҳар икки учрашувда омад туфайли мағлубиятга учрашди, деб ўйлайман. Қолаверса, жамоалар орасидаги фарқ бир очкони ташкил этяпти. Ҳали Жанубий Корея термаси Тошкентга келади. Ўшанда улардан мағлубият учун реванш олиш имконияти бўлади. ЖЧ-2014 саралашида ҳам Эронга ўз майдонимизда имкониятни бой бериб, Теҳронда 100 минг мухлис қаршисида рақибни мағлуб этгандик. Имкониятлар ўз қўлимизда ва ҳали вазиятни ижобий томонга ўнглаб олишимизга ишонаман.
- Футболдаги фаолиятингиз қай тарзда бошланган? Илк қадамлар, мураббийларингиз ҳақида ҳам маълумот беринг. Бу «Андижон» мухлислари ва газетамиз ўқувчилари учун қизиқ.
- Ҳамма қатори болалигимда тўп тепиб улғайганман. Олий лигада ўйнашимга эса Бахтиёр Ашурматов сабабчи бўлганлар. У киши мураббийлигида олий лигада дебют қилганман. Бунга қадар асосан 1-лига жамоалари, «Насаф» ўринбосарлари таркибида фаолият юритганман. Ёшлигимда айнан Бахтиёр акага ҳавас қилганман. Ҳимоячи позициясини танлашим ҳам шундан. Фурсатдан фойдаланиб, устозимга ўз миннатдорчилигимни билдираман, мураббийлик фаолиятларида омад ва зафарлар тилайман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).