Кристиан Эриксеннинг 2та моҳирона узатмаси ва Деле Аллининг «эгизак» голлари «Челси»ни ғалабали серия бўйича мутлақ рекордчи бўлишдан маҳрум этди.
Хуллас, «Тоттенҳэм» бағридаги бош исътедод нафақат ўйин ёки тур, балки бутун Boxing Day қаҳрамонига айланди. Soccer.ru сайти шу баҳона дарров тез орада янада ўсиш учун Англиядан эмас, Мадрид ёки Барселонадан ўзига янги клуб топиши тахмин қилинаётган жасур йигит - Деле Аллига алоҳида тўхталиб, бир қатор қизиқарли фактларни баён этди.
100 миллион фунт - Англия ОАВ маълумотларига кўра, «Тоттенҳэм» хўжайини Даниэль Леви ёзда клуб жавоҳирига реал харидор саналган жамоалардан трансфер учун айнан шунча сўрайди. Ҳали ёш эканлиги, универсаллик хусусиятлари ва охирги муваффақиятлари Алли нархини кескин ошишига хизмат қиляпти. Шунинг учун «Тоттенҳэм» вакилларининг иштаҳалари чакки эмас: «Гарет Бэйл учун 85 миллион фунт сўраб, шунча олдикми, Деле бемалол 100 «лимон»га тортади». Хуллас, буни еврога ўгирсак, 117 миллион келиб чиқади ва инглиз йигити футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айланади. Чунончи, Делени ўз сафида кўриш йўлида катта харажат қилишга «ПСЖ»гина эмас, яна бир қатор клублар тайёр туришибди.
5 миллион фунт - «Тоттенҳэм» 2015 йилнинг февралида Аллининг собиқ клуби - «МК Донс»га шунча тўлаганди. Шунингдек, яна 2 миллион фунтни бонус тариқасида қисмларга бўлиб берди. Шундай экан, «шпорлар» уни ҳаттоки, 70 миллион фунтга сотишса ҳам, бу трансфердан нақ 10 баравар фойда олишади.
Ҳафтасига 4 минг фунт - «Ливерпул»га вақтида шунча сумма катта кўринганди. Бинобарин, «қизиллар» Аллининг ўгай ота-онаси билан музокара олиб боришган. Ўшанда Брендан Рожерс ҳаммаси ҳал этилганини ҳам тасдиқлаган ва унга кўра, Деле «Ливерпул»нинг янги футболчисига айланиши керак эди. Бироқ клуб раҳбарлари қуйи лигада ўйновчи ёш йигитга ойига 16 минг фунт миқдорида маош беришни хоҳламай, ишнинг белига тепганди. «Тоттенҳэм» эса дарҳол 12 мингга тенг иш ҳақи таклиф қилиб, асосий таркиб футболчисига эга бўлди.
2016 йил - Маурисио Почеттино 19 сентябрь куни Деле Алли билан алоҳида бирга суратга тушди. Бунинг сабаби шуки, ярим ҳимоячи 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланган янги шартнома остига имзо чекди. Футболчининг маоши аввалига 12 минг фунт (ҳафтасига)дан икки баравар оширилганди. Янги келишувга биноан эса, Деле 7 кунлик иши учун 60 минг фунт оладиган бўлди. Таққослаш учун айтсак, Мемфис Депай («МЮ»)нинг ҳафталик моянаси 120 минг фунтга тенг.
1996 йил - Бамиделе Жермейн Алли бундан 20 йил олдин 20 апрель куни Милтон-Кинс шаҳарчаси (Лондон яқинида)да нигериялик ва инглиз аёли оиласида туғилди. Энди бунга узоқ вақт бўлмаганини яққолроқ тушунтириш мақсадида бир неча фактни келтирамиз. Деле учун «Уйда ёлғиз» фильми жуда эски, зеро, у бўлажак футболчининг таваллуд айёмидан 6 йил аввал ишланган. Жанлуижи Буффон эса Алли туғилган вақтдаёқ «Парма»нинг асосий кипери мақомини олиб улгурган, у юришни ўрганган пайтга келиб эса, Италия термасида дебют ҳам қилганди.
80,3 фоиз аниқ узатма - бу Аллининг Англия чемпионати жорий мавсумида тўп узатиш бобидаги кўрсаткичи. У айни пайт рақиб дарвозасига яқинроқ жойда ўйнамоқда. Аввалги мавсумда эса самарали узатмалари сони кўпроқ бўлганди. Ўшанда унинг узатмаларидан 75,9 фоизи аниқ чиққанди. Хуллас, бу борадаги кўрсаткичининг ўсгани сабаби тайин - авваллари кўпинча таваккал иш тутишга ҳам мажбур эди.
Тўпни олиб қўйишда 52та омадли ҳаракат - буниси Деле Аллининг рақиблар ҳужумини бузиш борасидаги статистикаси. Айтиш жоиз, унда «бузармонлик» даражаси бироз пасайди. Чунончи, тезкор йигит эндиликда «яширин ҳужумчи» ролини бажармоқда. Хусусан, «Челси»га қарши кечган ўйин бунга далолат. Хуллас, Деле шериги - Гарри Кейн билан битта чизиқда ҳаракатланиш баробарида жарима майдони чизиғи атрофидан бош билан гол ура олишини исботлади. Умуман олганда, хавбек хоҳлаган вақтда «бузғунчи» сифатида ҳам кўзга ташланиши мумкин.
27та узатма - Деленинг чемпионат доирасидаги шунча уриниши «шпорлар» томонидан амалга оширилган аниқ зарба билан тугади. Деле шунингдек, ҳужум ташкилотчиси бўлишни ҳам унутмай, Жордан Хендерсон ва Раҳим Стерлинг билан жуда яхши ҳамкорлик қилмоқда. Тўғри, Кристиан Эриксен 55та вазият яратиб, бу борада лига бўйича Кевин де Брюйне ва Димитри Пайедан сўнг учинчи яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди. Лекин ёш инглиз ижросидаги жасоратларга айнан даниялик футболчининг ўйини ўзига хос база эканлигини унутмаслик лозим.
АПЛда 20та гол - Деле Алли 1,5 йил ичида «Тоттенҳэм» рақиблари дарвозасини шунча марта ишғол қилди. Бундай статистикага атиги 52та ўйинда эришганини алоҳида айтиш ўринли! «Тақачилар» сафида ўйнаган хавбеклардан биргина Рафаэль ван дер Варт бундан тезкорроқ самара кўрсатган. Яъни голландиялик футболчи 20та гол маррасини 44та ўйинда забт этганди. Умуман, у бу масалада бутун АПЛ хавбеклари орасида пешқадамдир. Дейлик, тан олинган Стивен Жеррард ва Фрэнк Лэмпард 20та гол уриш учун 100тадан кўп ўйинда майдонга тушишган. Ҳа, ҳаттоки, Дэвид Бекхэмга ҳам бунинг учун 90та ўйин керак бўлган. Боз устига, Бекс аслида вингер ролини бажарган ва уни Пол Скоулз билан таққослаш тўғрироқ. «МЮ»нинг собиқ ярим ҳимоячиси эса 20-голини 74-ўйинида нишонлаганди. Оддий айтганда, Деле ҳозирнинг ўзида АПЛ тарихига кириб улгурди.
18 кун - Деле шунча вақт давомида 7та гол уриб, АПЛ янги йил марафонининг энг зўр футболчилари қаторига қўшилди. Ажойиб статистика. Демак, кузатамиз, Алли ўз сериясини қандай давом эттираркин?
16 ёш - Алли катталар даражасида дебют қилган пайти ҳали ўсмир эди. У Лига кубоги доирасида «Кембриж Сити»га қарши учрашувда майдонга тушганди. Бунгача эса 3 йил давомида клуб тизимида шуғулланган. Айтишларича, ўшанда захирадан майдонга тушган йигитча тўпга илк тегинишидаёқ эсда қоларли финт ишлатган экан. Яъни тўпни бир оёғининг товони билан иккинчи оёғига мослаштириб, заргарона «пас» берган. Биринчи голини эса шундан 11 кун ўтиб, Лига кубогининг такрорий ўйинида нишонлаган.
15та ўйин - бундан 2 йилча олдин машғулотлардан сўнг мактабда берилган уй вазифаларини бажаришга киришадиган футболчи бугунга келиб, Англия терма жамоаси либосини 15 марта кийишга улгурди. Қолаверса, у Евро-2016да иштирок этди, Франция ва Мальта термалари дарвозасини ўққа тутди. Бемалол айтиш мумкин: Алли - Англия миллий жамоаси учун муҳим футболчи.
13 ёш - ижтимоий хизмат вакиллари «МК Донс» клуби мураббийлари ва футболчи Харри Хикфорд (Аллининг яқин ўртоғи отаси) қистови билан Делени ўз онасидан тортиб олиш ҳақида қарор чиқаришган пайт у айнан 13 ёшда бўлган. Гап шундаки, аёл спиртли ичимликларга ружу қўйиб, пиёниста бўлиб қолганди. Ҳужжатлар бўйича йигитчани ҳеч ким ўғил қилиб олган эмас, аммо у шундан кейин қурилиш компанияси иш бошқарувчиси оиласида яшади. Асосийси, иқтидорли болакайни салбий муҳитдан узоқлаштиришди. Деленинг янги йилни ўгай ота-онаси билан нишонлаши бежиз эмас.
Қаторасига 13та ўйин - «Челси» АПЛда кетма-кет шунча учрашувда ғалаба қозонди ва «Арсенал» ўрнатган рекордни янгилашдан умидвор эди. Бироқ «кўклар» олдига айнан Алли тўсиқ қўйди. Ҳа, дербида Маурисио Почеттино устун келди, чунки унинг жамоаси кучлироқ ўйнади. Аммо таблодаги ҳисобни даниялик Кристиан Эриксеннинг 2та қойилмақом узатмасини бош билан зарба орқали голга айлантирган ёш инглиз ўзгартирганини яна бир марта алоҳида айтиш жоиз. Зеро, у авваллари бош билан ўйнашда унча кўзга ташланмасди.
10та гол - Алли АПЛнинг жорий мавсумида ўз ҳисобига шунча аниқ зарба ёзиб қўйди. Бошқача айтсак, марказий ҳужумчилар - Ромелу Лукаку, Жермейн Дефо ва Серхио Агуэродан атиги 1та кам гол урди. Унинг жамоадоши ва шерики Гарри Кейн ҳам 10та голга муаллифлик қилди. Битта ўйин учун ўртача ҳисобда деярли 0,5та гол - Алли шу кўрсаткичи билан лиганинг энг хавфли ярим ҳимоячиси бўлиб турибди. Негаки, Диего Коста, Златан Ибрагимович ва Алексис Санчес каби туғма голеадорларгина самаралироқ ўйнашяпти. Шу жойда Деле энди 20 ёшни қаршилаганини ҳам унутмаслик лозим!
9та самарали узатма - ярим ҳимоячи аввалги мавсум 9та голга ҳаммуаллифлик қилиб, бу борада шахсий рекордини қайд этганди. Жорий чемпионатда эса атиги бир марта самарали узатмани амалга оширди. Шунга қарамай, Маурисио Почеттино жуда хурсанд, ахир Деле энди муҳим голлар муаллифига айланмоқда. Деле айниқса, охирги ўйинларда қаҳрамонлик кўрсатди. Аввалига ЦСКА (ЧЛда) ва «Бернли» дарвозасига биттадан гол урган йигит кейин кетма-кет 3та ўйинда «дубл»га эришди. Яъни «Саутгемптон», «Уотфорд» ва «Челси»ни 2 мартадан ранжитди. Умуман, АПЛ доирасида 10та голга ассистент бўлиш ҳам 20 ёшли футболчи учун чакки натижа эмас.
4та позиция - Алли қисқа фаолияти давомида майдондаги ролини 4 марта ўзгартирди. Аниқроқ айтсак, таянч ярим ҳимоячиси, ҳужумкор хавбек (чалғитувчи форвард) ва чап қанот ҳужумчиси сифатида тўп суришдан ташқари, 2та жарима майдони оралиғини назорат остига олди. Зеро, бу йигит характери бўйича ҳужум ташкил этишни ҳам, уни бузишни ҳам бирдек эплайди.
2 нафар опа ва ака - англиялик Денис ва нигериялик Кенни эрта кунда ажрашишган - Деле туғилганидан бир неча ҳафта ўтиб. Оилада ундан ташқари, акаси Луис, опалари Беки ва Барбара улғайишган. Лекин уларнинг оталари бошқа. Муҳими, футболчи улар билан алоқани узган эмас ва янги йил сабаб, ёқимли совғалар улашиши мумкин. Деле шунингдек, ўз онасини ҳам унутмаган. Матбуотда ёзилишича, у - сахий ва эътиборли, ғамхўр фарзанд.
Ягона кумир - Деле Алли бетакрор Стивен Жеррарднинг азалий ва ашаддий мухлисидир. Дейлик, «Тоттенҳэм» билан биринчи марта шартнома тузишидан олдин йигитчани Ливерпулга олиб боришганди. Албатта, Стив билан учраштиришни ваъда қилганча. Шунда Деле алоҳида тайёрланиб, футболкасига дастхат тушириш, кумирининг илиқ сўзларини эшитиш ва ҳоказоларга шайланган. Аммо ўсмирнинг ҳафсаласи пир бўлганди. Гап шундаки, у клуб базасига борган вақт Жеррард ухлаб ётганди ва уни уйғотишга жазм этолмаганлар. Бу тарих майда-чуйдадек кўринган ҳолатлар ҳам миллионлаб фунт йўқотилишига олиб келиши мумкинлигига исбот.
Шунчаки, 0 - Алли «Тоттенҳэм»да ҳали бирорта соврин ютгани йўқ. Тўғри, у йилнинг энг яхши ёш футболчисига аталган мукофотга лойиқ кўрилди, аммо жамоавий ютуқ бошқада, барибир. Маурисио Почеттинонинг таъкидлашича, «Челси» устидан қозонилган ғалаба - жамоанинг чемпионлик йўлидаги мақсади нишонаси. Айтганча, «шпорлар» аввалги мавсум ҳарчанд уринишмасин, «Лестер»дан ўзиб кетолмагандилар. Ушбу «ноль» ҳам муҳим рақам. Чунончи, у яхши футболчиларни гранд жамоалар сафига ўтишга ундайди. Инглиз учун эса аллақачон «ов» бошланган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).