Казуёши Миура ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Эшитмаган бўлсангиз, исм-фамилиясидан япон эканлигини англагандирсиз. Хуллас, Япониянинг ушбу фуқароси 49 ёшда ва ҳамон футбол ўйнамоқда. Ўйнаганда ҳам, фахрийларни рамзий маънода қўллаб-қувватлайдиган қандайдир ҳаваскорлар лигасида эмас, балки профессионал даражада. Эътибор беринг, у шу ёшида Япония иккинчи дивизионининг бош юлдузи ва гоҳ-гоҳида жамоаси натижасига бевосита таъсир ўтказяпти. Дейлик, Миура аввалги мавсум 11 марта бошланғич таркибда майдонга тушиб, 2та голга муаллифлик қилди. Асосийси, «Йокогама» клуби январь ойида «қаримас» Казу билан ўртадаги шартномани яна бир йилга узайтирди. Демакки, яқин орада профессионал футбол 50 ёшли ўйинчини кўради. Хўш, Миура нафақа ёшида ўғли тенги бақувват йигитлар даврасида бинойидек тўп суришни қандай уддалаяпти?
Казуёши МИУРА (49 ёш)
У ҳамон профессионал футболчи
*** 15 ёшида футболчи бўлиш мақсадида Бразилияга борган.
*** 27 ёшида Италия «А» сериясида ўйновчи япониялик биринчи футболчи бўлган.
*** 45 ёшида футзал бўйича жаҳон чемпионатида Япония терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
*** 49 ёшида Япония иккинчи дивизионида гол урди.
15 ёшда Бразилияга қочиш
Япон футболининг ўтган асрдаги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмасди - жуда аянчли манзара. Мамлакатда ҳаттоки, яхлит тизимга солинган лига ҳам, бирорта профессионал клуб ҳам йўқ эди. Фақат яримҳаваскор жамоаларни ўз ичига олган шубҳали чемпионат йўлга қўйилган бўлиб, унда нисбатан иқтидорли футболчилар банклар ходимлари, талабалар ҳамда бошқа ишчилар қатори оддийгина тўп суришарди. Япония термаси эса Олимпиада-68да бронза медалини қўлга киритганидан сўнг «йўқолиб» қолган ва Осиё миқёсида ҳам кучли саналмасди. Шундай экан, табиий иқтидор билан сийланган Казуёши Миура уйда қолса, футболда ҳеч вақога эришолмаслигини вақтида яхши тушунган. Хуллас, Казу 16 ёшни қаршилашидан 2 ойча олдин мактабдаги таҳсилни ташлаб, мамлакатдан чиқиб кетишга жазм этади. У шунчаки, акаси билан Сан-Паулу томон учадиган самолётга ўтиради. Айтиш жоиз, Миура ўз ватанини ташлаб, қуёшли Бразилияга кўчиб ўтиш қарорини моҳиятни тўлиқ англаган ҳолда қабул қилганди. Гап шундаки, ўша вақт отасини ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмасига дахлдорликда айблаб, қамоққа олишганди. Демакки, Казу фақатгина футбол фаолиятини йўлга қўйиш илинжи эмас, балки оилавий исноддан қочиш учун ҳам узоқ Жанубий Америкага йўл олган. Бразилияда Миурага муниципал футбол федерацияси раҳбари ёрдам беради. Ўша мутасадди ўсмир йигитнинг бегона ўлкада камроқ азоб тортишини истаб, уни «Жувентус» академиясига жойлаб қўяди. Бу Сан-Паулуда италиялик муҳожирлар томонидан тузилган оддийгина клубга қарашли даргоҳ эди. Академияда инфратузилма масаласида барчасига чидаш мумкин эди, бироқ кечаси ётоқхонада бургалар азоб берарди, кўчада эса безориларнинг тўполонлари сира тинмасди. Тўғри, бу ҳолат Казуни деярли безовта қилмасди. Чунончи, унинг учун асосий муаммо бошқа эди - атрофидаги йигитларнинг совуқ муносабатлари. Япониялик футболчилар қолоқ синф вакиллари саналишарди. Дейлик, улар тактика бўйича тушунчага эга эмасдилар, ҳисоб. Қисқаси, Миура ҳар куни қисиқ кўзлари сабаб, қўпол ҳазилларни эшитарди. Оддий айтганда, маҳаллий болалар японни роса калака остига олишарди. «Казу бу ерда аввалига роса қийналган. Болалар унинг Япониядан олиб келган кўплаб қадрли буюмларини ҳам ўғирлаб олишган, - дея ҳикоя қилади мураббийларидан бири Озувауду. - Академия жойлашган районда камбағал оилалар жуда кўп эди, шунинг учун ўғирликлар ҳеч кимни ортиқча ҳайратлантирмасди...».
Миура тубан чуқурликка тушиб қолмаслик учун дуч келган ишга қўл уради: япониялик сайёҳларга гид (йўлбошловчи) вазифасини бажаради, дўконда сотувчилик қилади, маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланади. «Ҳа, дастлабки 3 йилда уйимизни роса қўмсаганим боис, Бразилиядан тезроқ кетишни хоҳлаганман, - тан олганди Казуёши. - Бироқ кейинчалик атрофимдаги йигитларга қараб, фикримни ўзгартирдим. Улар мутлақо қашшоқ оилаларда яшашлари ва ҳеч нарсага эга эмасликларига қарамай, кўчаларда кучли иштиёқ ҳамда завқ билан футбол ўйнашарди. Яъни ҳеч нарсадан нолимасдилар. Шунда инсон ўзини аямай ишлаши ва озгина қийинчилик олдида таслим бўлмаслиги зарурлигини теран тушундим». Казу шундай кайфият таъсирида қишлоқ хўжалигига мослашган район - Жауга кўчиб ўтади. У ерда асосан шакарқамиш, қаҳва ва пахта етиштириларди. Жауда ёз кунлари ҳаво ҳарорати кўпинча чамаси 40 даража иссиқ бўлсада, ҳудуд айниқса, ёш ўйинчилар учун қулай саналарди. Мисол учун, деярли ўша вақтда кейинчалик «Барселона» сафида ўйнаган Сонни Андерсон ва Эдмилсон каби футболчилар айнан Жауда тобланишган. Кузоёши ҳам ниҳоят, шу ерда «очилади». Хусусан, ҳаваскорлар ўртасидаги турнирлардан бирида тақдир тақозосига кўра, ҳал қилувчи пенальтини айнан япон йигити амалга оширади. Миуранинг голи муҳим натижани таъминлайди ва у шу-шу миллати ҳамда ташқи қиёфаси сабаб, янграйдиган камситишлардан халос бўлади. Қолаверса, кўп ўтмай, «Сантос» ёшлар жамоасидан таклиф олади. Тўғри, у Пеленинг собиқ жамоасида узоқ қололмайди: атиги 2та ўйиндан кейин «Сантос» мураббийлари шартнома бекор қилинганини айтишади. Уларга япон йигитининг нуқул бошини кўтармай ўйнаши маъқул келмаганди. Дарҳақиқат, Казу ўйин пайти негадир талаб этилганидек, жамоадошлари эмас, балки ўз оёқларига қараб югурарди. Охир-оқибат, Миура ноилож Жауга қайтади ва эътиборлиси, фаолиятини тезда яна изга солади. Катталар ўртасидаги чемпионат доирасида «Коринтианс» дарвозасига ғалаба голини уриб, ҳисоб 3:2 бўлишини таъминлаганидан кейин эса «Куритиба» клубидан шартнома тузиш ҳақида аниқ таклиф олади. Орадан яна бир йил ўтиб, япон футболчиси «Сантос»нинг иккинчи чорловини ҳам қабул қилади. Миуранинг машҳур жамоадаги такрорий уриниши анча омадли бошланади - 11та ўйинда 3та гол. Лекин шу вақтда Япониядан бўлган қўнғироқ барчасини ўзгартириб юборади. Чунончи, «кунчиқар юрт»да профессионал футболни йўлга қўя бошлагандилар ва Казудан ёрдам беришини қаттиқ илтимос қилишади. Қаҳрамонимиз эса гарчи футболда энди иши юришаётган бўлсада, дарҳол жонажон юртига ошиқади. Бунда унинг ватанга муҳаббати ҳам катта роль ўйнагани тайин. Хуллас, Миура нотаниш мактаб ўқувчисидан бутун япон футболи умидига айланиш йўлида бегона ўлкада 8 йил тер тўкади.
Осиёда энг яхши
Японияда ҳақиқий профессионал лига тузиш ишлари фақат 90-йиллар стартида бошланади. Бу билан собиқ футболчи Сабуро Kaвабучи астойдил шуғулланади. У 80-йилларда бутун Германияни айналиб чиқиб, у ердаги менежмент асосларини обдон ўрганганди. Хуллас, Кавабучи ўз юртига қайтгач, япон футболидаги инқилобнинг бош ташаббускори сифатида гавдаланади. У немис юртида кўрганларидан келиб чиқиб, фаол маркетингни Япония лигаси тараққиётидаги асосий шарт ўрнида қабул қилади. Шу тариқа маҳаллий клублар Зико, Гари Линекер ва ЖЧ-90 юлдузи Тото Скиллачи каби машҳурлар билан шартнома тузишади. Лекин янги лиганинг бош қаҳрамони мақоми Казу Миурага берилади, барибир. Бразилияда тобланган йигит шунга яраша, Токионинг «Верди Кавасаки»сида ишончли ўйнайди. «Аслида биз яна кўплаб донгдор хорижликларни Японияга чорлашимиз мумкин эди, бироқ лиганинг чинакамига оммалашиши учун маҳаллий мухлислар қалбидан жой олишга қодир маҳаллий ижрочига эга бўлиш талаб этиларди. Миура айнан биз излаган футболчи эканлигига шубҳа қилган эмасдик», - деганди кейинчалик Сабуро Кавабучи. Дарҳақиқат, Казу миллий чемпионатга кўп нарса олиб киради. Яъни бразилча техникага таяниб, кўп гол уришдан ташқари, уларни эҳтиросларга тўла ҳолда нишонлашни ҳам ўз ўрнига қўяди. Қаҳрамонимизнинг хатти-ҳаракатлари консерватив қарашларга эга кўплаб японларга ғалати кўрингани ҳам рост. Зеро, у ҳар сафар қўлларини ёйгунча мухлисларни фаол бўлишга ундар, белини қимирлатганча самбага хос ҳаракатларни намойиш этарди. Айтишларича, бразилча ушбу рақс 1993 йили Токио тунги клубларида ғоят оммалашган экан - айнан Казу сабаб. Умуман олганда, Миура Японияда 4 йил давомида 45та гол уради ва 1993 йил якунларига кўра, бутун Осиёнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинади. Бу унинг фаолиятидаги энг муҳим эътирофдир. 1994 йили эса Казу Италияга йўл олади ҳамда «А» сериясида ўйнаган биринчи япон бўлади.
«Женоа»даги ёмон мавсум
Аслида Миуранинг Италияга кўчиб ўтиши катта тижорат стратегиясига боғлиқ эди. Бунга биринчи навбатда, «Женоа» эмас, япониялик топ-менежерлар қизиқиб қарашгани ҳам айни ҳақиқат. Ўз ўрнида, бир қатор муҳим фактларга эътибор қаратиш лозим: Италия клуби Казу трансферига бир чақа сарфлаган эмас, зеро, уни текин ижара келишуви асосида олган; футболчининг маошини Европа бозорига кириб боришни ўйлаган япониялик ҳомийлар тўлашган; Fuji Television компанияси «Женоа» ўйинлари трансляция ҳуқуқини қўлга киритган. Бироқ япон футболчиси «Милан»га қарши кечган биринчи ўйиндаёқ кўнгилсизликка дуч келади. Миура шафқат билмас Франко Барезининг қудратли тирсаги зарбасини ўзида синаб кўради, аммо табиатан енгилмаслик характери дарҳол четга чиқишига йўл қўймайди. Ваҳоланки, кўзи қорунғулашиб, боши айланаётган, юзидан қон томчилаётган эди. У шу ҳолатда ҳам чидайди ва тануффусгача майдонда қолади. Кейин шифокорлар унда мия чайқалиши юз берганидан ташқари, бурни синганию, бош суяклари бироз силжиганини аниқлашади. Казу шу жиддий жароҳат сабабми, Италия футболига мослашолмайди. Журналистлар Миурага «сокин жентльмен» лақабини бериб, уни қуйидагича таърифлашади: «Машғулотларда «ер тишлаб» ишлайди, ҳаммасини тўғри бажаришга катта куч сарфлайди, аммо шунчаки, уддалолмайди. Чунки тактик уқуви паст, тезлиги ва жисмоний кучи ҳам етарли эмас». Қисқаси, Казу «А» сериясида биттагина иши билан эсда қолади - «Женоа»нинг принципиал рақиби «Сампдория» дарвозасига гол уради. Умуман олганда, мавсум-1994|1995да 3 нафар бош мураббий қўл остида шуғулланган Турин жамоаси якунда иккинчи дивизионга тушиб кетади, Миура эса афсусланганча Японияга қайтади.
Миллий жамоадаги даҳшат
Статистикага қарасак, Миуранинг Япония термасидаги фаолияти анча омадли чиққан - 89та ўйинда 55та гол. Бироқ аслида у миллий жамоада драматик даҳшатга дуч келган. Зеро, ажойиб статистик рақамлари жозибасини жаҳон чемпионатларига боғлиқ 2тагина ҳолат бутунлай бузиб юборади. Биринчиси. 1993 йили Япония термаси ўз тарихида илк марта мундиал йўлланмасини қўлга киритишга яқин келганди. «Кунчиқар юрт» вакилларидан бунинг учун саралаш босқичининг охирги ўйинида Ироқ термасини ютиш талаб этиларди. Миура ҳисобни очади, японлар финал ҳуштаги янграшига саноқли сониялар қолганида ҳам, 2:1 кўринишида олдинда борадилар. Бироқ ироқликлар шу лаҳзада бурчак тўпи тепиб, ҳисобни тенглаштиришади ва Япония термаси ЖЧ-94дан четда қолади. Бу ўйин тарихга «Дохадаги жон талвасаси» сифатида кирган. Иккинчиси. Японлар кейинчалик ЖЧ-98 йўлланмасини ютишади, барибир. Миура эса ҳаттоки, терма жамоасининг саралаш босқичидаги бош тўпурари бўлади. Хуллас, Казу мураббийлар ва ёш ўйинчилар билан жанжаллашиб қолгунига қадар ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо якунда ёқимсиз можаро юз беради ва қаҳрамонимизни таркибдан четлаштиришади. Японларнинг Франция-98 мундиали гуруҳ раундида 3та ўйинни ҳам бой бериб, ҳаттоки, Ямайка термасидан ҳам ортда қолишганида, ушбу йўқотишнинг таъсири катта эди, албатта. Миллий жамоадаги аламли саргузашт Миуранинг Хорватияга кетиши билан хотима топади. У Загреб «Динамо»си сафига қўшилганди. «Шунчаки, барчасини бошқа мамлакатда нолдан бошлашга қарор қилдим. Чунончи, кўчага хотиржам чиқишни хоҳлардим. Бошқача айтганда, бизда ношуд авлод шакллангани хусусидаги бемаъни эътирозларни эшитиш жонимга текканди, - дея изоҳлаганди Казу Янониядан иккинчи марта «қочиши»ни . - Ўйлайманки, фаолиятимнинг бунчалик узоққа чўзилганида Хорватияда 8 ой яшаганим таъсири катта. Ўйиндан роҳатланишни айнан Загребда ўргандим».
Мини-футбол бўйича ЖЧ иштирокчиси
Миура охирги марта ЖЧ-2010га бориш йўлида жиддий ишлашга аҳд қилади. Ваҳоланки, бу вақтда 43 ёшни уриб қўйганди. Шунга қарамай, мураббийларга ўзини тартибга солишга тайёрлиги ва ЖАРда жамоага ёрдам бера олишини расмий равишда билдиради. Бироқ мутасаддилар унинг гапларини эътиборсиз қолдиришади. Тақдирнинг ҳукмига қарангки, Миуранинг азалий орзуси яна 2 йилдан сўнг мутлақо кутилмаган тарафдан амалга ошади. 45 ёшли фахрий Япония термаси таркибида жаҳон чемпионатига боради, барибир. Битта фарқли томони шуки, футзал мундиалига. Чунончи, Миура Бразилияда ушбу спорт тури билан ҳам оз-моз шуғулланган ва ажо-йиб дриблинг маҳоратию, тўпни назорат қилиш салоҳиятини сақлаб қолганди. Японлар ўша чемпионатда гуруҳда чиқишади, бироқ илк «плей-офф» раундида Украина термасига ютқазишади. Миурага гарчи бирорта гол уриш насиб этмаган бўлсада, у чинакам бахтиёрликни туйганди: «Бундай таклиф олганимдан ғурурланаман. Зеро, иштиёқим жуда баланд. Яна футзалнинг одатий футболдан кескин фарқланишини ҳам унутмаслик керак. Ахир сен футболнинг битта йўналишида яхши ўйнасанг, бошқасида ҳам муваффақият қозонишингга ҳеч ким кафолат бермайди-ку»
50 ёшгача ўйнаш сири
Казу деярли ҳар куни 3 маҳал машғулот ўтайди. Умумий ҳисобда айтсак, кунига чамаси 5 соат вақтини ўз формасини сақлаб туриш учун сарфлайди. Тартиби анча оддий: эрта азонда - 4 километр масофага югуриш, кейин жамоа билан стандарт футбол машғулоти ва кечқурун тренажёр залида иш. Танасидаги ёғ миқдорининг камлиги (10 фоиздан ошмайди)ни эса қатъий овқатланиш тартиби ҳисобига ушлаб туради. Казу ҳар куни махсус диетолог назоратида: унинг ўзи эрталаб кун бўйи истеъмол қиладиган барча егуликларини суратга олиб, ўша мутахассисга юборади. Мабодо «меню»си ўзгарадиган бўлса, аввало, диетологни хабардор қилади. «Ҳа, овқатланиш тартибига қатъий ёндашаман ва асосан оқсилга бой таомлар ейишга ҳаракат қиламан. Аксинча, ёғли ва ўта тузланган егуликлардан тийиламан», - дейди Миуранинг ўзи бу масалада. Лекин энг муҳими - психология. «Ҳамон футболга нисбатан меҳрим баланд. Ахир ўзинг ёқтирмайдиган машғулот билан бунчалик узоқ вақт шуғулланишинг мумкин эмас, - ишончи комил Казунинг. - Мана, ўз ишимни роҳатланиб бажаряпман ва майда-чуйда жиҳатларни жиддий қабул қилмайман. Хуллас, ишдан завқ олишнинг инсон ёшига мутлақо дахли йўқ». У шунингдек, ўз ёшига идеал тарзда ёндашади: «Ҳа, деярли 50 ёшга тўлдим. Бироқ 50 рақами - бу 100нинг ярми. Мен ҳали болакайман».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).