Англия Премьер Лигаси 26-туридан ўрин олган «Сток Сити»га қарши ўйинда «Тоттенҳем» футболчиси Ҳарри Кейн ҳет-трик қайд этди. Бу англиялик ҳужумчи учун мусобақадаги тўртинчи ҳет-трик бўлди. Шу муносабат билан Премьер Лигада шу пайтгача энг кўп ҳет-трик қилган футболчилар ўнлигига назар соламиз.
8-10-ўринларни 3 тадан ҳет-трик билан Тео Уолкотт, Жермейн Дефо ва Ромелу Лукаку бўлишиб олган. Уолкотт «Арсенал» таркибида «Блекпул», «Нюкасл» ва «Вест Бромвич» дарвозасига, Дефо «Тоттенҳем» ва «Сандерленд» сафида «Ҳалл Сити», «Уиган» ва «Суонси»га, Лукаку эса «Вест Бромвич» ва «Эвертон» билан «Манчестер Юнайтед», «Сандерленд» ва «Борнмут»га учтадан гол урган.
Ҳарри Кейн 5-7-ўринларни Димитар Бербатов ва Карлос Тевес билан бўлишиб турибди. Англиялик ҳужумчи «Тоттенҳем» сафида «Лестер», «Борнмут», «Вест Бромвич» ва «Сток Сити» билан ўйинларда ҳет-трик қайд этган. Бербатов «Манчестер Юнайтед» сафида «Ливерпул», «Блекберн», «Бирмингем» ва «Уиган» дарвозасига, Тевес «Манчестер Сити» таркибида «Блекберн», «Уиган», «Вест Бромвич» ва «Норвич»га учтадан тўп киритган.
2-4-ўринларда ҳам 5 тадан ҳет-трикка муаллифлик қилган уч нафар футболчи бормоқда. Уэйн Руни «Манчестер Юнайтед» билан «Портсмут», «Ҳалл Сити», «Вест Ҳем», «Арсенал» ва «Болтон» билан ўйинларда ҳет-трик қилган. Робин Ван Перси эса бу ишни «Арсенал» ва «Манчестер Юнйтед» таркибида «Уиган», «Челси», «Блекберн», «Соутгемптон» ва «Астон Вилла»га қарши баҳсларда уддалаган. «Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро «Уиган», «Тоттенҳем», «Куинз Парк Рейнжерс», «Нюкасл» ва «Челси»га учтадан гол урган.
Ниҳоят биринчи ўринда Премьер Лигада олтита ҳет-трикка муаллифлик қилган Луис Суарес якка пешқадам бўлиб турибди. Уругвайлик ҳужумчи «Ливерпул» таркибида «Уиган», «Вест Бромвич» ва «Кардифф» дарвозасига бир ўйинда уч мартадан йўл топган бўлса, «Норвич»га қарши кечган уч ўйинда ҳет-трик қайд этган. Кўриниб турганидек, фарқ унчалик катта эмас ҳамда Руни, Агуэро ва ҳатто Кейнда ҳозирда «Барселона»да тўп сураётган футболчининг натижасини такрорлаш ва янгилаш имконияти бор.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).