Мадриднинг «Атлетико» клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн 2016 йил давомида ёрқин воқеалар аро сузди, гўё. Дейлик, футболчи клуби билан ЧЛ финали, терма жамоаси сафида эса қитъа чемпионати ҳал қилувчи баҳсига етиб келдию, ҳар иккисида мағлубият аламига шўнғиди. Муҳими, Гризманн ижросидаги ҳаракатлари жамоатчикка роса хуш ёқдики, у йил якунида футбол оламининг асосий индивидуал соврини - «Олтин тўп»га номзод 3 нафар бош даъвогар қаторида эътироф этилди. Тўғри, омадсизлик ҳар қандай ҳолатда ҳам, инсонни тушкун ҳолатга солиб қўяди. Бироқ Гризманн бундай тақдир олдида осонгина енгилмоқчи эмас. Аксинча, у жамоавий муваффақиятсизликлардан ҳам ўзгача куч-ғайрат олишга уринмоқда.
- Мана, «Атлетико» яна бир бора ЧЛнинг ҳал қилувчи ўйинига қараб кетмоқда. Жамоада ўтган йилги аламли финал учун реванш олиш хоҳиши нечоғли баланд?
- Табиийки, хоҳиш-истак катта, албатта. Аслида-ку, аввалги мавсум шахсан мен учун анчагина омадли тус олди. Бироқ ЧЛ ва Европа чемпионати финалларидаги муваффақиятсизлик фаолиятимдаги энг катта мусибатлар сифатида ёдимда қолади. Айнан шунинг учун ҳам бу йил яна ЧЛ финалида ўйнаш йўлида жон-жаҳдим билан ҳаракат қилмоқдаман. Аминманки, сўнгги баҳсгача етиб борсак, шубҳасиз, бу сафар ғолиб жамоа сафида бўламан.
- Умуман, шу икки мағлубиятни эсласангиз, қандай ҳиссиётларга бериласиз?
- Чалкаш туйғулар... Мисол учун, финаллар арафасида кайфиятим аъло даражада эди. Ахир ҳаётимда илк бор шундай юқори савияли турнирлар финалида иштирок этдим. Аммо ўйинлардан кейин... Биласизми, табиатан мағлубиятга сира кўниколмайман. Ҳаттоки, болалигим ўтган ўша Макон шаҳридаги мусобақаларда ҳам қайсидир совринни бошқа жамоа аъзолари бошлари узра баланд кўтаришларига асло қараб туролмасдим. «Реал»га қарши кечган ЧЛ финалида худди шу ҳолат такрорланди. Евро-2016да эса ҳаммаси сал бошқача бўлди. Яъни португалларнинг ғалабани қандай нишонлаётганларини кўриб турдим. Шунда ўзимга сўз бердим: кейингисида навбат меники, албатта!
- Қизиқ, ўша икки финални кейинчалик такроран томоша қилдингизми?
- Йўқ, йўқ. Тан олишим керак, ўтган йилги ЧЛ ва Евро-2016 ўйинларини қайта кўрдим, аммо ярим финалда тўхтадим (кулади)...
- Чиндан ҳам, ҳал қилувчи ўйинларда жамоаларингизга омад етишмади. Аммо шунга қарамай, 2016 йил сиз учун ғоят сермаҳсул келганини тан олиш лозим. Мисол учун, якунда «Олтин тўп»га даъвогарларнинг якуний учлигига кирдингиз...
- О, бундан жуда хурсандман. Зеро, энг яхши 3 нафар футболчи қаторига қўшилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Демак, келгусида имкон қадар ўзимни кўрсатишга уринаман. Аммо яна бир омилни ёддан чиқармаслик керак: «Атлетико» ва терма жамоадаги шерикларимнинг ёрдамисиз ёлғиз ўзим ҳеч нарсани уддалай олмасдим.
- Кўпчиликнинг фикрича, сиз айнан Диего Симеоне истаган футболчи бўлиб чиқдингиз...
- Аксинча, шундай мураббийга дуч келганим учун шукр қиламан. Айнан Диего мени бутунлай ўзгартириб юборди. Ўзгаришлар моҳиятини тушунтириб беришим қийин... Келинг, яхшиси, лўндагина гапира қолай: агар Симеонени учратмаганимда, дунёнинг энг кучли футболчилари қаторига киролмасдим - бу аниқ.
- Мисол учун, Симеоне «Реал»га қарши ўша финалдан кейин шахсан сизга нима деганди?
- Барчаси ёдимда: у гарчи мағлубиятга учраган бўлсак-да, ўйиннинг ўзи мен учун ғоят фойдали бўлганини таъкидлади. Шунингдек, пенальтидан фойдаланолмаганим туфайлигина енгилмаганимизни, омадсизликда биргина ўзим айбдор эмаслигимни алоҳида уқтирди. Аксинча, кўнглимни кўтариб, менга катта умид боғлаётгани ва ҳали жамоа манфаати йўлида бажаришим зарур ишлар кўплигини айтди. Симеоненинг умумий фикрича, агар талаб даражасида меҳнат қилишдан бўйин товламасам, фаолиятимда бундай финаллар ҳали кўп кузатилади. Бунга ўзим ҳам ишонаман.
- Сўнгги пайтларда бошқа клубга ўтишингиз ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда...
- Биласизми, Мадридда ўзимни жуда эркин ҳис қиляпман. Боз устига, жамоамиз янги стадионга кўчиб ўтиш арафасида турибди. Бу табиийки, «Атлетико» учун муҳим воқеа саналади. Тўғри, келажак масаласида ҳеч биримиз олдиндан аниқ гап айтолмаймиз. Лекин факт шуки, ҳозирча «Атлетико»да мутлақо бахтлиман.
- Испан тилида шундан равон сўзлаяпсизки, сизни танимаган киши «Испаниялик йигит билан гаплашиб турибман», деб ўйлаши тайин...
- Ҳа, чиндан ҳам, бу тилни мукаммал ўрганиб олдим. Умуман, кундалик ҳаётим ҳам испанча. Яъни овқатланишим испанча, рафиқам ва қизим билан гаплашишим испанча, ҳаттоки, жаҳлим чиққан пайтлар хаёлларим ҳам испанча бўлиб кетяпти (кулади). Тўғри, терма жамоа либосини кийсам, дарҳол Франциянинг ватанпарвар фуқаросига айланаман.
- Дарвоқе, Франция термаси ҳақида: Бразилия-2014 ва Евро-2016даги уринишлардан сўнг эҳтимол, «учранглилар»дан улкан натижалар кутишимиз керакдир?!
- Шак-шубҳасиз! Тилга олинган 2та турнирда бизга бироз омад етишмади. Ваҳоланки, мундиалда ҳам, қитъа чемпионатида ҳам ғалабага мос ўйин кўрсатдик. Мен оптимист инсонман ва ўйлашимча, келажак - биз, яъни французларники. Зеро, миллий жамоамизда ажойиб мураббий ва истеъдодли футболчилар жамланишган. Мана, ЖЧ-2018 саралашини кўнгилдагидек бошладик ва буёғига кучаямизки, асло бўшашмаймиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).