Тарихни буюклар қуради, деган гап бўларди тарих дарсида. Виктор Гюго эса бу иқтибосни сал ўзгартириб айтган: “Тарих қайсарларнинг елкасидадир!” Мантиқан олганда, иккиси ҳам бир нарсани изоҳлайди. Буюкларни боғлаб турадиган энг асосий жиҳат ҳам шу – қайсарлик!
Биз мураббий деганда, фақат ўйинга тушадиган таркибни аниқлаб бериб, майдон четида шогирдларига кўрсатмалар бериб турадиган одамнигина тасаввур қилишга ўрганиб қолганмиз.
...Аслида, чин мураббий мана шу ЎЙИН учун жавобгарлиги ва бу жавобгарлиги натижасида ҳақиқатни сўйлай олиши, футбол деб аталмиш жозибадор ўйинга ўз фикри билан таъсир ўтказа олиши керак.
...У майдонда футболчилар билан 12-ўйинчи бўлиб ўйнамоғи керак.
...Ўйин тугагач ҳам футболчилар гапира олмайдиган жойда ўйин ҳақида ўзининг самимий фикрини билдира оладиган шахс бўлмоғи керак.
...Экранда ҳам кўпроқ уни кўрсатишлари керак.
...Футболга бўлган таъсири яққол сезилиб турмоғи керак.
Ўтган йили Жозе Моуриньо “МЮ” бош мураббийи бўлиб, бу масалада чанқоғимизни қондиришига ишонгандик, қайсидир маънода оқламоқда ҳам. Маур сиймоси орқали мураббий дегани қандай бўлишини кўрсак бўлади – кетишида ҳам шов-шув кўтаради, келарида ҳам. “Челси”даги муваффақиятсиз мавсумдан қай ҳолда кетганини эсланг! Дунёдаги ҳамма нашрга мавзу топилганди ўшанда. Ана энди футболга қайтган ҳолатига қаранг! Даҳшат!!!
Мураббийлик салоҳияти эътибори ила Пеп Гвардиола португалиялик мутахассисдан устун, албатта. Буни кўпчилик эътироф этади. Бироқ, Маурнинг Манчестерга кўчиб ўтганлиги ўша пайтлари Гвардиоладек шахсни-да иккинчи планга тушириб юборганди. “Манчестер Сити” мухлислари томонидан ярим йил давомида нишонланган байрам – Пепни кутиш маросими шаҳарнинг ғарбий томонидаги шовқин-сурон туфайли йўққа чиқарилди гўё. “Ғата-ғатағу” қилиб чалинаётган карнай-сурнай овозини нариги маҳалладан ўтиб бораётган поезднинг гувиллаши ёпиб юборгандек бўлди. Карнай-сурнай овозини шамол учириб юборди...
Португалиялик мутахассис шахсияти устида кўп ўйланаман. Буткул бошқача инсон. Унинг трансфер борасидаги ўз қарашлари, сотиб олган футболчилари орқали майдондаги стратегияни қай суратда белгилашидан кўра бошқа жиҳат эътиборимни тортаверади. Ўйиндан олдинги ва ўйиндан кейинги таъсири!
Ҳар бир мусобақани, ўйинни жангга айлантира олиши, ҳар қанақа рангсиз курашларга мотивация тақдим эта олишини гапирмай қўя қолай. Унинг жангчилари курашдан чиқишни бошлаган заҳоти ўйинлар бой берилаверади. Хотиржам, эски “МЮ”га ўхшаб бир текисда очколар жамғариб чемпион бўлишни эплай олмайди у. Унинг “Челси”си, “Реал”и, “Интер”и айнан шу нуқталарда бирлашади. Бу номлар сафига “Манчестер” ҳам қўшилмоқда.
Сити эмас, қўрқинчлироқ саналган, Фергюсондан кейин ўзига кела олмаётган Юнайтед! Сэр кетиб, етим бўтадек бўзлаб қолган “қизил иблислар” ҳар турли одамларни чорлаб кўрди. Бўлмади. “Реал”, “Интер” ва “Челси”ларга ўхшаб, ҳеч ким эплай олмагандан кейин шу қайсар шахсни чақирдилар. Аслини олганда, манчестерликлар ўлақолса-да азалий рақиби бўлган Моуриньони чорламасдилар, бу инсонни мураббийлар ўриндиғида ўтиришини-да тасаввур қилмасдилар. Лекин на илож...
Маурнинг келишини қаранг-да энди. Манчестернинг шарқий томонида Пеп ўз қўшинини тўплаётган бир пайтда қалъа ҳимоясига етиб келди. Тағин ҳам, футболчилар ичидаги энг қайсар йигит – Златан билан! Ечиниш хонасида Пепни дўппослаган, борган жамоасида чемпионликдан бошқа нарсани тан олмайдиган Иброҳимович вариантини ўйлаб топганига нима дейсиз энди?! Ҳа, ҳозирча Маур натижалар билан мақтана олмайди. Биринчи мавсумида уни кечиришлари ҳам мумкин. Кечиришлари шарт. Сабабини айтаман. Бу фикрни анчадан буён тилимга кўчиролмай юргандим. Сэр Алекс Фергюссон жамоадан кетиш олди португалиялик мутахассис билан бирга танаввул қилган ва ўзидан кейин МЮга келишини ишора қилгандек бўлган. Жозе шунга ишонган ҳолда, чемодонларини Манчестерга кетишга тайёрлаб қўйган. Кутилмаганда Мойес варианти устунроқ чиқиб қолади ва қизил иблисларнинг обрўсини туширишда беназир ҳисса қўшган мутахассис “Олд Траффорд”га келиб қолган. Ушбу қарорни кутмаган Моуриньо бир неча кун уйидан чиқмай, телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган, дейишади. Карахт аҳволга тушиб қолган.
Сэр Алекс Мойесни жамоага таклиф қилишдан иккита мақсади бўлган деб ўйлайман: биринчиси миллатдоши эканлиги, иккинчиси ўз қадрини билдириб қўйиш эгоси. Ўша ҳолат эътибори билан қарасак, Маур узоқ йиллик олиб борилган ишларни бемалол давом эттириб кетавериши мумкин эди – ном ҳам, сиймо ҳам Сэрдан қолишмайди. Бунинг натижасида Фергюсон фактори мухлислар учун у қадар юксак бўлиб қолмасди. Чиройли қизлар кўпинча ўзларидан хунук қизлар билан юрганлари каби, Фергюсон ҳам ўзининг қадрини Мойес орқали билдиргандек туюлаверади менга. Лекин тақдир экан, Моуриньо барибир Манчестер шаҳрига келди. Ўзидан олдин келган бузғунчилар қолдирган чандиқларни тез орада йўқотиб бўлмаслигини сезмоқда. Шу боис, барча эътиборни Европа лигасига қаратмоқдаки, ҳеч бўлмаса шу томондан ЕЧЛ ҳудудига кириб олиш ва “қизил иблислар”ни яна катта ўйинларга қайтариш.
Моуриньога мухлислик қилишда давом этинг, эмючилар, чунки у чўққи сари интилмоқда, тўхташ нималигини билмайди. Бу ҳам айнан сизнинг бахтингиз...
Хайрулла ҲАМИДОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).