Яқинда Криштиану Роналдунинг «Посуэло» футбол мактабида шуғулланаётган ўғли «хет-трик» қайд этди. Бу ҳақда унинг отаси хабар тарқатди. Sports.ru шу баҳона машҳур юлдузнинг зурриёди билан боғлиқ маълумотларга эътибор қаратишни маъқул кўрди. Хўш, кичик Криштиану ҳақида нималар биламиз?
Роналду-жуниор 2010 йилнинг 17 июнь куни таваллуд топган. Унинг дунё юзини кўриши кўпчилик учун кутилмаган воқеага айланганди: биринчидан, катта Роналду ота бўлиши ҳақида огоҳлантирмаганди, иккинчидан эса, Криштианунинг фарзандли бўлгани икки ҳафтадан кейингина футболчининг расмий сайтида ошкор этилди. Буларнинг бари шунчалик тез рўй бердики, даставвал воқеани хакерларнинг уйдирмасига йўйилди. Боз устига, янгилик тез орада ўчириб юборилди.
Аммо кўп ўтмай Роналду ташаббусни қўлга олиб, ота бўлганини тасдиқлади. Шу кунларда ОАВ Криштиану ва Ирина Шейкнинг унаштириш маросими ҳақида бонг ура бошлаганди. Дарҳақиқат, ЖАРдаги жаҳон чемпионатида португалиялик юлдузнинг бармоғида никоҳ узуги бор эди. Россиялик модель «Фейсбук»даги саҳифасида ҳомиладор эмаслиги, шунчаки, қаллиғи эндиликда фарзандли эканлигини айтди-қўйди.
Бола АқШда туғилди, аммо Роналдунинг вакиллари дарҳол зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, чақалоқни футболчининг Алгарве (Португалия)даги вилласига олиб келишди. Ота фарзандини Криштиану деб номлади, катта оила эса бу қарорни тўлиқ маъқуллади.
Албатта, кўпчиликни чақалоқнинг волидаси ким эканлиги қизиқтирарди. Футбол афсонасининг фарзандини қорнида кўтариб юришга рози бўлган суррогат онанинг шахси ўта махфий тутилди. Роналду ўша аёлнинг ўзи оммага кўринмасликни маъқул кўраётгани ҳақида гапиришига қарамай, ушбу сукут ортида шартномадаги келишув ҳамда мўмайгина пул ётганини англаш қийин эмасди. Криштиану шахсий ҳаётининг дахлсизлигини сақлашга жиддий қарайди. Айниқса, фарзандининг туғилиши билан боғлиқ икир-чикирларга келганда, оилавий сирларининг кичик деталлари ҳам оммага ошкор этилмаслигини очиқ-ойдин таъкидлайди. Бу ҳақда футболчининг автобиографиясида ўқиш мумкин.
Хуллас, узунқулоқ гапларга қараганда, кичик Криштианунинг онаси флоридалик бўлиб, унинг гонорари (сукут сақлагани учун бонусни ҳам қўшганда) турли манбаларда 12дан 20 млн. долларгача кўрсатилган. Португалиялик юлдузнинг яқин қариндошларидан ҳеч бири суррогат онани умуман кўришмаган.
Роналду фарзандидан онасининг кимлигини умрбод яширмоқчи эмас. «Ўғлим улғайгач, мени тушунмаслиги борасида заррача хавотирга ўрин йўқ. 100 фоизга ишончим комилки, фикримиз бир жойдан чиқади. Вақти келганда, унга барчаси ҳақида очиқ-ойдин айтаман. Бу воқеа рўй берганда зурриёдим неча ёшга тўлган бўлади, билмайман - 10, 11 ёки 12. Шунчаки, кутамиз».
Криштиану учун ўғлининг тушуниши муҳимроқ: унинг бойлиги - тинимсиз меҳнатлар маҳсули. Фарзандини данғиллама уйда, қимматбаҳо автомобиллар ва бошқа ҳашамлар қаршисида тарбиялаётган футболчи ушбу мулкларнинг ҳеч бири осмондан тушмагани, у билан тенглигида ҳеч вақоси бўлмаганини бот-бот таъкидлайди.
Катта Роналду ўғлининг имкон қадар моддий бойликларга тўғри муносабатда бўлишини таъминлашга уринмоқда. «Реал» ҳужумчиси фарзандига кўп вақт ажратолмайди, шу боис болакайнинг тарбиясига бувиси Мария Долорес ҳамда икки холаси масъуллар. Ота уйга келганда эса, «Инстаграм»даги саҳифа ўғли билан тушган расмларга тўлади.
Роналдунинг оталик муҳаббати замирида фарзандини болалик қийинчиликларидан халос этиш ётади. Зеро 32 ёшли футболчининг ўзи ҳаётнинг шундай чиғириқларидан ўтган, пияниста ота бошлиқ қашшоқ оилада вояга етганди. Умуман, кичик Криштиану мутлақо бошқа қийинчиликларга йўлиқмоқда. Айрим тенгдошлари жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси Роналду эмас, балки Лионель Месси эканини айтиб, унинг жаҳлини чиқаришади. «У бу каби ҳолатлардан чиқишни яхши билади. Чунки фарзандим отаси каби ақлли», - дея вазиятга изоҳ берди португалиялик юлдуз.
Ўтган йилнинг декабрида босма нашрларда эгнига Антуан Гризманнинг футболкасини кийган кичик Роналдунинг суратлари чоп этилди. Мазкур кўриниш нимани англатиши, бунинг учун отасидан дакки эшитдими, йўқми, аниқлашнинг иложи бўлмади.
Юлдуз футболчининг фарзанди уйи атрофидаги майсазорда тўп тепишни хуш кўради. Мабодо, унда профессионал футболга иштиёқ туғилмаса, отаси олий маълумот олишига кўмаклашади. Криштиану ўғлининг топ даражадаги футболчи бўлишини орзу қилади, аммо тарбия бериш чоғида ўз ота-онаси қўллаган усулга таянишни маъқул кўради. Чунки улар касб танлаш масаласида унга босим қилишмаганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).