Филипп Лам ва Хаби Алонсо ҳар кимнинг ҳавасини уйғотадиган самарали фаолиятларига юқори нуқтада хотима ясашди. Soccer.ru сайти ижодкорлари шу баҳона мавсум фахрийларини алоҳида супержамоа таркибига жойлаштиришди. Ишонинг, юзага келган рамзий терма бинойидек кўринишга эга бўлди. Мана, таркиб билан танишиб чиқиб, ўзингиз баҳо бераверинг.
Жанлуижи БУФФОН (39 ёш, «Ювентус»). Антуан Гризманн жорий йил якунида «Олтин тўп» совринини «Ювентус» голкиперига бериш зарурлигини таъкидламоқда. Аммо ҳамма қатори «Атлетико» ҳужумчиси ҳам яхши тушунади: буюк Буффон ҳаттоки, ЧЛ финалида-да бош қаҳрамон бўлса ва ниҳоят, бу турнир кубогини қўлга олса ҳамки, «Олтин тўп»ни яна ўша Криштиану Роналду ёки Лионель Мессига топширишлари ҳеч гап эмас.
Аммо тан олиш керак, Антуан мутлақо ҳақ - афсонавий дарвозабон олий даражадаги умумэътирофга муносиб. Хуллас, Жижи, шунингдек, Петр Чех ижросидаги такрорланмас «сэйв»лардан айни ҳозир роҳатланиш керак. Ахир ушбу фахрийларнинг нафақага кузатиш вақти тобора яқинлашмоқда.
- Жанлуижи Буффон тез орада ЧЛ финалида 3-марта майдонга тушади, 39 ёшида;
- Буюк Жижи «Ювентус»нинг жорий ЧЛда қайд этган «қуруқ» серияси давомида роппа-роса 600 дақиқа ичида гол қўйиб юбормади (унинг ўринбосари - Нету 90 дақиқа ўйнади) ва турнирда жами 20та «сэйв» кўрсатди.
Филипп ЛАМ (33 ёш, «Бавария»). Аллақачон Германия футболи тимсолига айланиб улгурган миттигина Лам бутсаларини михга илишини эълон қилганида, Карло Анчелоттидек сермулоҳаза ва босиқ мураббий худди севган қизидан муҳаббатига рад жавобини олган эҳтироси баланд ошиқ йигит ҳолига тушди. Чунончи, дон Карло нафақат немис, балки бутун жаҳон футболи афсонасидан фаолиятини яна озгина узайтиришини сўраганди.
Бироқ қатъий Филипп бунга кўнгани йўқ. У беқиёс тажрибага эгаки, организми катта курашларга нечоғли жавоб беришини жуда яхши тушунади. Қолаверса, Лам имкони бор барча совринларни ютган экан, нега энди вақтида кетиб, ўзига янги машғулот топмаслиги керак?
- Филипп Лам охирги мавсумда ёш ва бақувват Жошуа Киммих билан рақобатда устун келиб, «Бавария» қанот ҳимоячилари орасида энг кўп дақиқа тўп сурган футболчилардан бири бўлди. Яъни фақат Давид Алаба майдонда ундан кўпроқ ҳаракатланди, холос;
- Филипп афсонавий Оливер Кан давридан буён немис гранди «Шуҳрат зали»га киритилган биринчи футболчидир;
- «Бавария» тарбияланувчиси - Германиянинг 8 карра чемпиони. Тарихда бундай натижа атиги 4 нафар футболчига насиб этган. Хуллас, Лам бу борада Меҳмет Шолль, Бастиан Швайнштайгер ва Оливер Кан қаторига қўшилди.
ПЕПЕ (34 ёш, «Реал»). Португалиялик ҳимоячининг характери, майдонда ўзини тутиши ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бироқ Евро-2016 қаҳрамонларидан бирининг шубҳасиз, футбол юлдузи эканлиги хусусида баҳслашиш ўринсиз. Қаранг, Пепе неча йилки, «Реал»да барқарор ўйнамоқда.
Унинг айниқса, ўйинни тушуниш қобилияти ва ишга ёндашуви мақтовга лойиқ. Тўғри, португалиялик ёзда «Мадрид» билан хайрлашиши мумкин. Айтганча, Пепе миллий терма жамоасида 30тадан кўп ўйин ўтказган ва бу фахрий учун чакки натижа ҳисобланмайди.
- Пепе Ла-лиганинг охирги мавсумида хавбек Лука Модричдан кўпроқ гол урди ва форвард Лукас Васкес билан бир хил натижа қайд этди. Яъни рақиблар дарвозасини 2 бора нишонга олди;
- Айни пайт Хосеп Гвардиола ва Унаи Эмери ёзда озод агент мақомини олиши эҳтимоли баланд португалиялик ҳимоячини тегишлича «Манчестер Сити» ҳамда «ПСЖ»га чорламоқдалар.
Андреа БАРЦАЛЬИ (36 ёш, «Ювентус»). ЧЛда яна бир финал, Италия кубоги ва «А» сериясида яна ғалаба - Барцальи охирги йилларда Буффон каби совринлар йиғишдан сира чарчамаяпти. Шунинг баробарида жаҳон чемпиони мунтазам майдонда, ваҳоланки, у 36 ёшни уриб қўйди. Эътиборли факт, Андреа ҳамон Италия терма жамоаси сафида.
Массимилиано Аллегри келганидан сўнг «Ювентус» 2 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаш тизимига ўтгани ҳам Барцальига қандайдир муаммо туғдиргани йўқ.
- Андреа Барцальи «А» сериясида Клаудио Маркизио ва Дани Алвешдан ҳам кўпроқ ўйнадики, бу фахрийнинг жисмоний кучи ҳали етарли эканлигидан далолат;
- Айтишларича, «қария» Буффон ҳимоячи билан мудом ҳазиллашар экан: «Эрта-индин «пишасан», яхшиси, бутсаларингни михга илиб қўя қол...». Барцальи ҳам бўш келмайди: «Йўқ, фақат сендан кейин...»;
- Барцальи ёзда «Ювентус»дан кетадиган бўлса, унинг олдида вариантлар етарли. Дейлик, АҚШ клублари қизиқиши катта. Аммо Андреа ва Турин жамоаси ўртасидаги шартнома 2018 йилгача мўлжалланган ва у ҳеч қаерга шошилаётгани йўқ.
Патрис ЭВРА (36 ёш, «Марсель»). Ҳафтанинг душанба кунини ёқтирувчи камсонли кишилардан бири. Эвра доимо хушкайфияти билан ажралиб туради ва бошқаларга ўрнак бўлишга шай. Унинг ишга ёндашуви ҳар ким учун худдики, бепул қўлланма.
Патрис тинмай куйлайди, рақс тушади, ҳазил-мутойиба орқали дуч келган кишини ўзини яқин олади. Мана, «Марсел»да талаб даражасида ўйнади, бунгача ЧЛ финалчиси - ажойиб Алекс Сандро билан рақобатда устун келолмагани эса бошқа масала.
- 36 ёшли Патрис Эвранинг ўйнаш иштиёқи шу қадар баландки, у қишда «Ювентус» билан хайрлашиб, «Марсель» сафига қўшилди. Ваҳоланки, Туринда қолиб, ҳозир ЧЛ финалчисига айланиши мумкин эди;
- Патрис Францияда худди Туриндагидек 2,5 миллион евро (мукофот пулларисиз)га тенг йиллик маошга эга. Ҳа, хушчақчақ фахрийнинг хизмати ҳамон муносиб баҳоланмоқда!
Дани АЛВЕШ (34 ёш, «Ювентус»). «Ювентус» таркибида иккинчи ёшлигини бошлаган ҳимоячига хос ўйин ҳаракатларини назарда тутиб, уни бемалол ўрта чизиқ футболчиси сифатида таърифлаш мумкин. Голлари ва самарали узатмаларини ҳисобга олсак, бразилиялик ҳаттоки, ҳужумчи мақомига ҳам тортади.
Алвешнинг спорт формаси, жисмоний тайёргарлиги ва иштиёқи «Ювен-тус»га жуда қўл келди. Энди ҳаттоки, фаол ҳаракатни талаб қиладиган АПЛ ҳам фахрий йигитга кўз «олайтирмоқда». «Барселона» Данини қўйиб юбориб, тўғри қилдими? Бу факт эмас!
- ЧЛнинг навбатдаги финали Дани Алвеш учун 2006 йилдан кейинги 14-ҳал қилувчи ўйин бўлади. Бразилиялик шу оралиқдаги финаллар сони бўйича ҳаттоки, барча клублардан ҳам олдинда. Мисол учун, «Барселона» шу вақтда 12та финал юзини кўрган;
- Туринда «қария»ни испаниялик модель Хоана Санс алоҳида қўллаб-қувватламоқда. У футболчидан 10 ёш кичик;
- Дани ЧЛ-2016|2017да 4та голга ассистентлик қилди. «Ювентус»нинг қолган барча футболчилари жами 6та самарали узатмага эгалар. Қолаверса, 3та гол урган бразилиялик ҳимоячи клубнинг турнирдаги учинчи тўпурари бўлиб турибди. Яъни фақат Пауло Дибала (4та) ва Гонсало Игуаин (5та)дан ортда қоляпти.
Хаби АЛОНСО (35 ёш, «Бавария»). Алонсонинг айтишича, унга омад кулиб боққан: «Ажойиб клуб - «Реал Сосьедад»да таҳсил олганим - омад. Кейин Англиянинг энг яхши жамоасига ўтганим - омад. Шундан сўнг Испания ва Германияда ҳам энг зўр клубларда тўп сурганим - яна омад». Тўғри, дейлик, «МЮ» ва «Барселона» мухлислари унинг «энг яхши клуб» масаласидаги фикрига қўшилмасликлари мумкин. Аммо Хабининг фаолияти чинакамига ёрқин чиққани - факт.
Испан футболчиси терма жамоа билан барчасини ютди, клубларда кўп нарсаларга эришди. Мисол учун, ЧЛнинг ўзида 2 марта шоҳсупага кўтарилди.
- Стивен Жеррард сўзларидан иқтибос: «Фаолиятим давомида мен билан бирга ўйнаган хавбеклар орасида энг яхшиси - Алонсо»;
- Испаниялик фахрий охирги мавсум давомида деярли 40 марта майдонга тушиб, 2500 дақиқадан кўпроқ ҳаракатланди. 35 ёшли ярим ҳимоячининг айниқса, узатмалар аниқлиги бўйича кўрсаткичи ҳайратланарли - 89,5 фоиз ҳолатда тўпни жамоадошига тўғри етказиб берди;
- Хаби Алонсо яна ўта камтар. У шунча соврин ютгани ва эсда қоларли ўйинларда иштирок этганига қарамай, фаолияти давомида майдондаги ҳаракатларини умумий тарзда «4»га баҳоламоқда.
Арьен РОББЕН (33 ёш, «Бавария»). Рамзий жамоа таркибида «Бавария»дан вакил кўплиги нимадан далолат? Эҳтимол, Мюнхен клубига озгина янги «қон томчиси» етишмаётгандир. Ҳар ҳолда, жамоа ЧЛ финалидан четда қолди. Аммо бу фахрийлар хизматига соя сололмайди, барибир.
Хусусан, Арьенни олайлик, у якунланган мавсум юбилей - 10-чемпионлик унвонини тантана қилди ва бу борада афсонавий ҳамюрти Йохан Кройффга тенглашди. Энди эса яна бир бора чемпион бўлиб, ундан ўзиб кетиш ҳақида ўйламоқда. Умуман, Роббеннинг иродасига қойил қолиш керак - беҳисоб жароҳатларга парво этмай, ҳамон катта футболда ўз сўзини айтмоқда. Бир ўйинини кўз олдингизга келтиринг-а...!
- Арьен Роббен 33 ёшида бундеслига ўйинларида 13та гол уришдан ташқари, яна 9та самарали узатмага муаллифлик қилди. Хусусан, Филипп Лам ва Хаби Алонсонинг хайрлашув учрашувида 1та гол уриб, 2тасига ассистентлик вазифасини бажарди;
- Арьен битта мавсум давомида 5 марта жароҳатга йўлиққан ва ҳаттоки, 2012 йилиёқ бутсаларини михга илиш ҳақида ўйлаган, аммо у ҳамон сафда.
Франк РИБЕРИ (34 ёш, «Бавария»). Франциялик футболчи 34 ёшга тўлди, «Бавария» шунга қарамай, ўтган мавсум 2018 йилгача мўлжалланган шартномани расмийлаштирганди. Тўғри, бу ҳолат Франкнинг «Трабзонспор» сафига қўшилишига халақит бермайди.
Футболчи олдин ҳам Туркияда ўйнаган ва яна маҳаллий супер-лигага йўл олса, унда чаққон-абжир хавбекнинг чап қанотдаги юришларини кузатиш имконияти анча пасаяди. Ҳа, Рибери охирги вақтларда доим ҳам аввалгидек, ёрқин футбол кўрсатгани йўқ, лекин голлари ва узатмалари сони сезиларли даражада камаймагани ҳам факт.
- Франк Рибери бундеслиганинг охирги мавсумида 11та самарали узатмага муаллифлик қилди - бу чемпионат бўйича 3-яхши кўрсаткич;
- Франциялик футболчи «Бавария»нинг мавсум доирасидаги ўйинларида жами 18та самарали ҳаракатни амалга оширди.
Ариц АДУРИС (36 ёш, «Атлетик»). Адурис «Атлетик» учун гол уришдан тўхтагани йўқ. Диққат қилинг, 36 ёшли ҳужумчи жамоанинг мавсумдаги энг яхши тўпурари бўлди. ЕЛ доирасида «Генк» клубига қарши кечган учрашувда эса 5та гол уриб, бутун Европа спорт нашрларининг муқовасидан жой олди.
«Қария»нинг жисмоний қудрати тугамайдигандек, бошқа гавдали форвардлар унга қараб, қандай ҳаракатланишни ўрганишлари мумкин. Умуман, шу ёшда ажойиб спорт формасида бўлиш - ибрат намунаси.
- Ариц Адурис - ЕЛ тарихидаги биринчи ва еврокубок мавсумидаги ягона «пента-трик» муаллифи;
- «Атлетик» ҳужумчиси Испания терма жамоасида гол урган энг ёши катта футболчига айланди. У 35 ёшу 9 ойу 2 кунлигида Македония термаси дарвозасини нишонга олди (ЖЧ-2018 саралаш босқичида).
Златан ИБРАГИМОВИЧ (35 ёш, «МЮ»). Бўйдор ҳужумчи айни пайт бассейнда сузиш орқали жароҳатдан кейинги тикланиш жараёнини фаол ўтказмоқда. Ачинарлиси, Ибра жонажон юрти - Швецияда ўзига бегона саналмаган «Аякс»га қарши кечган ЕЛ финалида майдонга тушолмади. Муҳими шуки, Златан тўлиқсиз мавсумда 28та гол урди ва бунинг «қария» учун ажойиб натижа эканлиги тушунарли.
Тўғри, баҳо беришда «тош» ҳисобланган экспертлар бу статистика шоҳона маош ва шароитга мувофиқ эмаслигини таъкидлашмоқда. Бироқ унутмаслик керак, шведга тегишли футболкалар қисқа вақт ичида қўлма-қўл бўлди, демакки, «МЮ» ушбу ҳамкорликдан зарар кўрмаган - ҳам спорт, ҳам бизнес масаласида.
- Златан Ибрагимович 35 ёшида илк марта еврокубок ғолиби сифатида медаль олди;
- Шведнинг йиллик маоши 11,5 миллион еврога тенг. Таққослаш учун айтсак, АПЛ бош тўпурари Харри Кейн декабрда тузилган янги шартномага асосан, чамаси 7 миллион евро олади;
- 28та гол - бу «МЮ» футболчилари учун мавсумнинг энг яхши натижаси. Дейлик, клубда иккинчи яхши натижага эришган ёш Маркус Рашфорд ҳисобида 11тагина гол йиғилди.
БОНУС - ЧЕМПИОН ҚАҲРАМОН
Дирк КУЙТ (36 ёш, «Фейеноорд»). Ҳа, голландиялик футболчи охирги мавсум топ-лигаларда кўриниш бергани йўқ. Лекин унинг ўз фаолиятига ажойиб тарзда нуқта қўйгани эътиборга молик. Куйт «Фейеноорд» таркибидаги охирги ўйинида «хет-трик»ка эришди ва жамоаси билан чемпион бўлди.
Айтиш ўринли, роттердамликлар янги асрда Голландия эредивизиони тахтига кўтарилмагандилар. Мана, клуб Европадаги саёҳатдан қайтган содиқ ўғлони ёрдамида ниҳоят, яна «олтин»га бурканди. Роттердам байрам оғушида, бу Куйт учун ҳақиқий эртакдаги каби хайрли якун.
АЙТГАНЧА...
Европанинг 5та етакчи лигасида энг ёши катта футболчи ким? Рамзий жамоа майдонда кўп ҳаракатланган футболчилардан тузилди. Лекин энг «қадимий»ларни ҳам эътироф этиш ўринли. Айтиш ўринли, «Локомотив» (Москва) клуби Дмитрий Лоськов билан чиройли тарзда хайрлашди. Яъни унга 43 ёшида майдонга тушиш имконини берди. Топ-лигаларда эса 40 ёшдан катта 2 нафаргина футболчи майдонда кўриниш берди. «Сток Сити» таркибидан ўрин олган ирландиялик Шей Гивен апрелда 41 ёшга тўлди, «Кальяри» сафида 1 дақиқа ҳаракатланган Роберто Коломбо эса августда 42 ёшини қаршилайди. Бу клубда яна Марко Сторари ҳам бор. «А» серияси доирасидаги 15та ўйинда иштирок этган кипер январда 40 ёшлик юбилейини нишонлади. Франческо Тотти ундан бироз катта. 1976 йили туғилган «Рим шаҳзодаси» бу мавсум 16та ўйинда майдонга тушди, аммо дақиқа бўйича Маркодан бирозгина ортда қолди. Шунингдек, «Монако»нинг захира посбони Морган де Санктис ҳам юқоридагилар каби 40 ёш чегарасидан ўтган. Демак, Коломбо майдонга тушган энг ёши катта футболчи бўлса, Сторари бинойидек амалиёт ҳосил қилган энг «қария» ўйинчидир.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).