«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Илкай Гюндоган Adidas вакиллари билан Москвада ташкил этилган Tango League турнирига ташриф буюрди. Бундан унумли фойдаланган россиялик журналистлар у билан суҳбат уюштирдилар.
- Сиз кўрган охирги сериал?
- «Форс-мажорлар». Шу сериални жуда яхши кўраман. Барча мавсумларини кўрганман. Умуман олганда сериалларга қизиқаман. Агар битта серияси ёқиб қолса, бошқа серияларини ҳам қидиришга тушаман.
- Сизнинг севимли ичимлигингиз?
- Алкоголь ичимликларини жуда кам ичаман. Агар дўстлар билан жам бўлиб қолсак, оз-моз ичишим мумкин. Чанқоқбосди ичимликлардан фанта ва коланинг аралашмасига ўхшаш Mezzo Mixни ёқтираман. Менимча, Coca-Cola бренди бўлса керак. Аммо фақат Германияда сотилади. Қачонлардир шунга ўрганиб қолгандим. Аммо шакар миқдори кўплиги боис ҳозир деярли ичмайман. Пиво? Ёқтирмайман.
- Сиз танишишни истаган машҳур инсон ким?
- Дензел Вашингтон. Унинг фильмларини севиб томоша қиламан.
- Машҳурлик асабларни таранг қиладими?
- Бир томондан бундан роҳатланаман. Ёнингизга фанатлар келиб дастхат сўрашса - бу ажойиб. Бошқа тарафдан сиз эҳтиёт бўлишингиз керак. Чунки машҳур инсонларда ҳам бошқалар сингари кайфият бузилиб туради.
- Сўнгги пайтларда нима ҳақида кўп ўйладингиз?
- Янги хонадон ҳақида. Унга яқиндагина кўчиб ўтдик. Англияга борганимда биринчи ой меҳмонхонада яшаганман. Кейин қисқа вақтга квартира олгандим. Икки-уч ой олдин эса янгисини сотиб олдим.
- Ҳар доим нимани ўрганишни истагансиз?
- Пианино чалишни. Агар ўрганиб олсам ажойиб бўларди.
- Охирги марта телефонга олган суратингиз қайси?
- Москвага келаётганда самолётда амакиваччам ва физиотерапевтни суратга олдим. Москвада эса ҳозирча расм олмадим. Умуман олганда, саёҳат қилишни ёқтираман. Ёзда дўстлар билан Лос-Анжелесга бордик ва «Гэлакси» базасида шуғулландик. Афсуски, «Лейкерс» ёки «Клипперс»нинг ўйинига кира олмадим. Энди Бразилия, Канада ва Янги Зеландияга боришни режалаштирганман. Лекин бу келажакда. Кейинги дам олиш кунлари Стокгольмга, бундан олдин Скандинавияга бораман. Сафар чоғида Златаннинг ҳайкалини кўрмоқчиман!
- МБАдаги севимли жамоангиз қайси?
- Аниқ ёқтирадиган жамоам йўқ. Аммо уч-тўрт ой олдин «Бруклин Нетс»нинг Нью-Йоркдаги машғулот комплексига ташриф буюрдим. Кейин ушбу жамоанинг ўйинини томоша қилдим.
- Охирги марта нима совға қилгансиз?
- Рамзий маънода дўстларимга Лос-Анжелес сафарини ҳадя қилдим. Лекин тўғрисини айтсам, бу ўзим учун совға эди. Агар дўстларим ёнимда бўлса ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Агар ҳақиқий туҳфа ҳақида гапирадиган бўлсам, онамга туғилган кунларида сумка совға қилгандим.
- Сизга берилган энг яхши совға?
- Умуман олганда, ҳадя олишни унчалик ёқтирмайман. Чунки ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ўзим ишлаб топаман. Мендан кам пул топаётган инсонларнинг бирор-бир совға қилишлари ғалати туюлади.
- Амалга оширган энг қиммат харидингиз...
- Ўтган йили Баликесирда ер сотиб олдим. Бу Туркияда, ота-онамнинг туғилган шаҳри. Қанчага олганимни айтолмайману, лекин бу ҳаётимдаги энг қиммат харид. Отам билан бу ерни икки сабаб туфайли сотиб олдик. Биринчидан, келажагим учун сармоя. Пулларимни бекордан-бекорга сарфламоқчи эмасман. Чунки фаолиятимни якунлаганимдан сўнг бундай кўп пул ишлаб тополмайман. Иккинчидан, Туркиядаги жонажон шаҳримга ёрдам бермоқчиман. Гарчи яхши шаҳар бўлгани билан замонавий эмас. Буни тузатмоқчиман. Шаҳарда бизнес маркази қурмоқчимиз. Унинг ичида офислар, дўконлар, меҳмонхоналар ва бошқа нарсалар бўлади.
- Нимани чексиз қилишингиз мумкин?
- Уйқуни жуда яхши кўраман. Бир сутка ухлашим мумкин.
- Хотирангиздаги энг жаҳлдор Клопп?
- У кўпинча шундай бўларди. Лекин бир вазият эсимдан чиқмайди. Бир кун эрталабки машғулотдан олдин мушакларим оғриётганини ҳис қилдим. Бундай вазиятларда шифокор ёки физиотерапевтга мурожаат қилишим, улар эса текшириши керак эди. Мен ҳеч кимга қўнғироқ қилмай, машғулотга йўл олдим. Машғулот бошланишидан ярим соат олдин яна оғриқ сездим ва докторга бордим. У текшириб кўриб, буни Клоппга айтишим кераклигини таъкидлади. Хуллас, машғулот бошланишига 10 дақиқа қолганида Клопп олдимга келиб бақириб кетди. Унга машқ қила олишимни айтдим. Лекин кўнмади. Барибир, бутсаларимни кийиб майдонга тушдим. Клоппнинг баттар жаҳли чиқиб, буни биринчи билиши кераклигини айтди. Ўша куни шунчаки машқ қилдим, холос.
- Англияга кўчиб ўтганингизда Клопп қўнғироқ қилганми?
- Албатта. Ҳозир ҳам гаплашиб турамиз.
- Клоппни учта сўз билан таърифлаб беринг.
- Эҳтиросли. Кучли. Ақлли.
- Гвардиолани учта сўз билан таърифлаб беринг.
- Жуда ақлли. Берилувчан. Омадли.
- Берилувчан?
- Ҳа. Бу қанчалик ҳақиқатлигини билмайману, лекин унинг рафиқаси ҳамиша эътироз билдираркан. Пеп эрталаб соат 6-7 ларда уйдан чиқиб, кечгача машғулотлар базасида бўлади. Кейин кечки соат 7да уйга қайтиб, телевизорда яна футбол кўраркан. У футболдан умуман дам олмайди. Шунинг учун ҳам футболга берилиб кетган.
- «Боруссия»дан кетишга қачон ва қаерда қарор қилгансиз?
- Гвардиола билан биринчи учрашганимдаёқ кетишга қарор қилганман. Ҳамиша унинг фанати бўлганман. Учрашувдан сўнг «Манчестер Сити»га ўтишимга ўзим ишонганман. Дўстларим ҳам қароримни қўллашган.
- Яқин дўстларингиз кўпми?
- Беш нафар. Уларнинг учтаси ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бири банкда, яна бири эса телефон алоқаси билан шуғулланадиган компанияда. Уларнинг учтаси билан профессионал футболчи бўлгунимга қадар танишганман.
- Охирги марта қайси концертга боргансиз?
- Бруно Марс Манчестерга ташриф буюрганида бордим. Бундан бир ой олдин Дрейкнинг ҳам концертига тушгандим.
- Футбол тарихидаги энг яхши футболчи ким?
- Месси.
- «Манчестер Сити»нинг энг яхши футболчси ким?
- (10 сония ўйлаб қолди).
- Рости, Агуэрони айтасиз, деб ўйлагандик.
- Агуэро, албатта, яхши. Аммо FIFA кўрсаткичлари бўйича Сильва ёки Де Брюйнени айтган бўлардим. Балки ўзим ҳам ярим ҳимоячи эканлигим учун шундай ўйлагандирман.
- FIFA ўйинини ўйнаганингизда қайси жамоани танлайсиз?
- Одатда, бирор-бир футболчини танлаб оламан. Аммо ҳеч қачон ўзимни танламаганман.
- Сиз учратган энг ақлли футболчи?
- Венсан Компани. У яқинда ўқишни тугатди. Ҳамиша ноутбук билан юради ва эсселар ёзади. Венсан - жуда ақлли йигит.
- «Боруссия»нинг Чемпионлар Лигаси финалидаги мағлубиятидан сўнг Клопп футболчиларга нима деган?
- Унинг жуда жаҳли чиққанди. Ўзимизга келганимиздан сўнг Клопп биздан фахрланишини айтган. Биринчи бўлимда бунчалик яхши ўйнашимизни ҳеч ким кутмаганди.
- Сизга Алексис Санчеснинг Клаудио Бравога аталган «Сизнинг кимлигингизни билмайман» номли видеосини кўрсатишдими?
- Ҳа. Тўғрисини айтсам, бунга ишонмайман. У ерда ҳеч нима эшитилмаган. Шунчаки, лабдан ўқишган.
- Ота-онангиз нима билан шуғулланишади?
- Болалигимда онам ошпаз бўлганлар. Ҳозир ишсиз. Отам эса, одамларни турли ишларга йўналтирадиган немис компаниясида ишларди. Туркияда яшашади. Отам қурилиш компаниясида ишлаяпти.
- Нима учун улар Туркияда яшашади?
- Ҳамиша у ерга қайтишни орзу қилишарди. Айни пайтда укам Германияда дугонаси билан яшаяпти. Мен эса Англияга кўчиб ўтдим. Натижада ота-онам фарзандларимиз ўзини-ўзи эплай олади, деб кўнгиллари хотиржам киндик қонлари тўкилган юртга йўл олишди.
- Туркияни эмас, Германия терма жамоасини танлаганингиздан хафа бўлишганми?
- Менимча, улар мендан фахрланишган. Ёшлар жамоаларида ўйнаганимда ҳам шундай эди. Ахир қайси мамлакат бўлмасин, миллий терма жамоа аъзосига айландим. Балки, Туркияни танлашимни исташгандир. Чунки улар айнан шу мамлакатда ўсиб улғайишган. Улар менинг таълим ва фаолиятим учун Германиядан миннатдор эканимни яхши билишади.
- Эрталаб айфонингизда очадиган биринчи илова?
- Будильник. Кейин яна будильник. Яна, яна. Уйқудан туришим учун камида беш марта чалади. Янги хабарларни ўқиш учун WhatsAppга кираман. Кечқурун уйқудан олдин ҳамиша авиарежимни ёқиб қўяман.
- «Твиттер» ва «Инстаграм»га суратларингизни ўзингиз жойлайсизми?
- Бу ишни бажарадиган компания билан ҳамкорлик қиламан. Лекин «Твиттер»даги барчаси менинг розилигим билан амалга оширилади. Баъзан улар, айтайлик, «Ҳозир Москвадасан. Бирор-бир сурат жўнат. Жойлаб қўямиз», дейишади. Баъзан эса ўзим айтган нарсани қўйишади. Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар фанати эмасман.
- «Бавария» ҳамиша «Боруссия»нинг юлдуз футболчиларини сотиб олади. Бу Дортмунд футболчиларининг жаҳлини чиқарадими?
- Шундай вазиятларда оғир бўлган. Айниқса, Марио Гётце кетганида. Чунки буни ҳеч ким кутмаганди. Шу каби ҳолатларда жаҳлим чиққан, деёлмайман.
- «Боруссия» футболчилари «Бавария»ни ёмон кўришадими?
- Йўқ. «Бавария» Германиянинг энг муваффақиятли клуби эканини унутмаслик лозим. Бир киши бу жамоани ёмон кўришини айтди. Унга «Бавария»дан миннатдор бўлишинг керак. Ҳамма улардек бўлишни истайди. Немислар Германияда шундай клуб борлигидан фахрланишлари лозим», дедим.
- Кўпчиликнинг фикрича, «Манчестер Сити» муваффақиятини сотиб олган, дейди. Бунга жавобингиз қандай?
- Футболда пулнинг муҳим роль ўйнаши тайин. Лекин «Манчестер Сити»нинг ҳам ўз тарихи бор. Жамоа 1894 йили ташкил этилган. Айтайлик, «Боруссия» ундан кейин ташкил этилган.
- Ҳозир қандай машинада юряпсиз?
- Ўз автомобилим йўқ. Қариндошим мен билан бирга яшайди. Қаерга борсам, у олиб юради. Англияга кўчиб ўтишим билан жароҳат олдим. Натижада машина минолмадим. Тикланганимдан кейин эса амакиваччамнинг олиб юришига кўникиб қолдим. Кейин яна жароҳат. Яқин кунларда «Порш» келади. Уч-тўрт ой олдин буюртма бергандим.
- Гюндоган талқинига кўра, тарихдаги энг яхши фильм?
- «Гладиатор».
- Сиз буюртма берадиган идеал пицца қандай бўлиши керак?
- Кўпинча «Маргарита»га буюртма бераман.
- Катта пул яхшими ёки шон-шуҳратми?
- Катта пул. Чунки маблағ билан кўп нарсани амалга оширса бўлади.
- Машҳурлигингиз қизлар билан муносабатингизга халақит берадими?
- Ҳа. Футболда сизнинг пулингиз борлиги учун муносабат ўрнатиш кўп учрайди. Умуман олганда, бу одатий ҳол.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).