Журналист Элмурод Эрматов ўзбекистонлик футболчи, айни вақтда Россия Премьер-лигасида иштирок этаётган «Тосно» клуби аъзоси Вагиз Галиулиндан интервью олди.
Айтингчи, терма жамоа бош мураббийидан нима талаб қилинади? Жуда оддий савол тўғрими?
Жавоби ҳам оддий: «Бош мураббий мамлакатда вояга етган ва ўз жамоаси сафида етук ўйин кўрсатаётган футболчиларни йиғиб, яъни териб олиб, МТЖни шакллантириши, керакли натижалар сари интилиши лозим».
Тактика, ўйин фалсафаси ҳақида гапирмаймиз. Чунки, бу ҳақда мураббийнинг ўзи бош қотирсин.
Миллий терма жамомиз жаҳон чемпионати эшигини очиши учун олдинда иккитагина ўйин турибди. Хитой билан меҳмонда ва Тошкентда Жанубий Корея вакилларига қарши бўладиган сўнгги ўйин.
Қарангки, шу иккала баҳсдаги ижобий натижа бизни мундиалга олиб чиқади. Ҳали бизда яхши имконият бор. Икки ўйинни ют ва мақсадга ет!
Таркиб борасидаги муаммолар етарли эканини Эрон билан бўлган баҳсда гувоҳи бўлдик. Тажрибали ҳимоячи Виталий Денисовнинг жароҳати МТЖ ўйинига салбий таъсир қилгани ҳам бор гап.
Биласизми, Россия премьер лигасининг «Тосно» клубида «вундеркинд» лақабли Вагиз Галиулин тўп суради. Вагиз ўтказилган уч турда «Тосно» таркибида 90 дақиқадан тўп сурди. Тўғри, Премьер-лига дебютанти бўлган «Тосно» бу турларда «Уфа», «Краснодар» ва «Зенит» каби рақибларга ютқазди. Лекин, айнан ҳамюртимиз Галиулин кўрсатган ўйинларга футбол мутахассислари юқори баҳо беришган.
Вагиз билан телефон орқали узоқ суҳбатлашдик:
- Вагиз, здраствуйте!
- Ассалому алайкум. Ака, бемалол ўзбекча гапираверинг.
- Вагиз, жамоангиз ўйинини кузатиб боряпман.
- Раҳмат, ўйинларни яхши ўйнаб, ютқаздик. «Тосно» Премьер-лигага мослашиш йўлида ҳаракат қиляпти.
- Айни пайтда жисмоний ҳолатингиз қандай?
- Идеал даражада. Биласиз Премьер-лигада талаб кучли, бу ёқда легионерлар лимити. Майдондаги ҳаракатларим мураббийларни қониқтиряпти. Мен эса тинимсиз ҳаракатдаман.
- МТЖ кейинги ой ЖЧ саралаш баҳсида ўйнайди. Чақирув бўлдими?
- Кутяпман. Лекин, Самвел Бабаян мураббийлар штаби томонидан ҳеч ким алоқага чиқмади. Терма жамоамизнинг барча ўйинларини кузатиб бораман. Агар чақиришса, бор кучимни бериб ўйнаган бўлардим.
- Сизни чақирмасликлари сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Ҳеч қандай сабаб йўқ, менимча... Ўтган йили биринчи дивизионда ўйнаётганим учун чақиришмаяпти, деб ўйлардим. Бу йил кучлилар лигасидаман. Такрорлаш бўлса ҳам айтаман: «Мен МТЖга мундиалга чиқиш учун ёрдам беришга тайёрман!». Мен ҳар доим Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суришни шараф деб билганман.
Майдоннинг исталган ҳудудида тўп суриши мумкин бўлган тажрибали футболчи терма жамоага чақирилмаётгани тушунарсиз ҳолат. Ҳар қандай терма жамоада кучли лигаларда ўйнаётган легионерларга алоҳида эътибор берилади. Сабаби эса аниқ. Чунки, унинг маҳорати бўлмаса, катта маблағ эвазига сотиб олишмаган бўларди.
Не ажабки, айни пайтда Россия Премьер-лигасида ўйнаётган футболчимиз МТЖ учун «ўйиндан ташқари ҳолатда» қолган.
МТЖ мураббийлар штаби Галиулинни термага чақирса, фойдадан холи бўлмаслиги аниқ. Биз эса кутишда давом этамиз. Ишқилиб, кута-кута ЖЧ йўлланмасини қўлдан чиқариб юбормасак бўлгани...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).