ФИФА кунлари юзага келтирган қисқа танаффусдан кейинги тур кичик «сенсация» билан бошланди.
«Қизилқум»нинг дастлабки 3та ўйини ва натижасини назарда тутсак, унинг «Сўғдиёна» майдонида ғалаба қозонганини «сенсация»га менгзаш мумкин, гарчи Жиззах клуби ҳам мушкул аҳволда бўлсада.
Бу 4-турнинг ягона «сенсацион» натижаси эмас - эртасига «Металлург» Қаршида «Насаф»ни қимматли 2 очкодан маҳрум қилди, кейин АГМК амалдаги чемпионни мавсумдаги иккинчи мағлубиятга «кўндирди».
1-КУН: ИЛК «ХЕТ-ТРИК»
«Сўғдиёна» - «Қизилқум» ўйинининг дастлабки 45 дақиқасида мухлислар айтарли воқелик гувоҳига айланмадилар - сокин бўлим, саноқли вазиятлар... Танаффусдан чиқиш билан эса Элгужа Григалашвили ушбу «жимлик»ка барҳам берди: грузиялик футболчи ўзининг ажойиб рейдига мантиқий нуқта қўйди - 1:0.
Муҳими, шу аснода ўйиндаги асосий воқеалар занжири бир-бирига уланди. Уларнинг бош қаҳрамони - айнан Григалашвилининг ўзи. Аниқроқ айтсак, Элгужа учрашувнинг якуний қисмида, қандайдир 2 дақиқа оралиғида яна 2та гол уриб, Суперлига-2018 «хет-трик»лари ҳисобини очиб берди.
Барчаси ҳал бўлиб улгурган паллада эса Сардор Азимов «Сўғдиёна»нинг жорий мавсумдаги илк голини юзага келтирди. Хуллас, Жиззахда икки жамоа ҳам турнир жадвалидаги баъзи «0»ларни йўқотди - мезбонлар голлар устунига «1» рақамини ёзиб қўйишди, меҳмонлар эса ғалаба қаторига. Дарвоқе, «Қизилқул» сафарда «Сўғдиёна»ни 7 йилдан буён енголмаётганди.
2-КУН: МАҒЛУБ БЎЛМАГАНЛАР ЖАНГИДА МАҒЛУБ ЙЎҚ
«Бухоро»нинг Тошкентда «Бун-ёдкор»ни анча қийнаб қўйиши кутилганди. Бошида тахминлар оқланадигандек кўринди - ҳисобни меҳмонлар вакили - Марко Клисура очди. У 37-дақиқада юзага келган стандарт вазиятдан унумли фойдаланди.
Лекин Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳисобдаги устунликни бўлим якунигача ҳам сақлаб қололмадилар - «Бунёдкор» сардори Жавлон Иброҳимов танаффусга чиқиш олдидан ўртадаги мувозанатни тиклаб, руҳий устунликни жамоадошлари томон оғдирди. Миржалол Қосимов шогирдлари иккинчи бўлимда бу устунлик самарасини амалда ҳам кўришди.
Эътиборлиси, кейинги 2та голда ҳам Хуршид Ғиёсов ва Филипп Райевац бош ролни бажаришди. Аввалига Хуршид серб ҳужумчисининг узатмасидан кейин Асилбек Омоновни ожиз қолдирди, кейин эса унга чалқанча услубда зарба йўллаш имкониятини яратди.
Муҳими, Райевацнинг чиройли уриниши чиройли гол билан тугади. Энди фактларга келсак, «Бухоро» пойтахтдаги ўйинларда «қалдирғочлар» дарвозасини илк марта ишғол қилди. Жамоа бунгача «Бунёдкор» майдонидаги 10та учрашувда нафақат гол урмаган, балки очко ҳам олмаганди.
«Қалдирғочлар»га дахлдор асосий факт анча салмоқли: жамоа Суперлига доирасидаги илк 4та ўйиндан 3тасини ўз майдонида ўтказди ва уларни жами 48032 мухлис стадионда кузатди.
Қисқаси, «Бунёдкор» тақвим туфайли ҳозирча Суперлиганинг энг кўп мухлис йиққан клуби бўлиб турибди. Шунингдек, жамоа ҳали мағлубият кўчасига кирмаган 3та иштирокчидан биридир.
Мағлуб бўлмаганларнинг яна 2таси - «Насаф» ва «Металлург» бу сафар ўзаро тўқнаш келиб, муроса кўчасида тўхтади. Кутилганидек, Рўзиқул Бердиев жамоаси бутун вақт давомида устунлик қилди, бекободликлар эса бунга тартибли ҳимоя ва тезкор қарши ҳужумлар билан жавоб беришди.
Азиз Ғаниевга қойил - «Насаф»нинг ҳамлалари самара беравермагач, ёш ярим ҳимоячи ўзининг «ташриф қоғозчиси»га айланиб улгурган кучли зарбасини ишга солди ва адашмади. Хуллас, Зафар Сафоев ҳам унинг замбарак мисоли «отилган» тўпини қайтаролмади - 1:0.
Қаршиликлар иккинчи бўлимда ҳам ўйин назоратини қўлдан чиқаришмади, аммо уларга вазиятлардан фойдаланолмаслик панд берди. Андрей Шипилов шакллантирган «Металлург» вакиллари эса сабр билан ишлаб, мезбонларнинг хато қилишларини кутишди.
69-дақиқага келиб, улар бунинг мукофотини олишди - Суҳроб Нуруллоев ўз имкониятини кўкка совурмади (бунгача Зоҳид Абдуллаев ва Шаҳзод Шаймановдаҳам имконият туғилганди). Гол ҳаммуаллифи - Шаҳзод Шайманов. Нуроллоев аввалги турда ҳам «Металлург»нинг ягона голини ўз номига ёздириб қўйганини эслатиш жоиз.
Дарвоқе, Ғаниевнинг голи «Насаф» учун «Металлург» дарвозасига киритилган 70-тўп бўлди. Рўзиқул Бердиев эса Қарши клубини чемпионат доирасида 155-марта майдонга бошлаб тушди.
3-КУН: ЧЕМПИОНГА ЯНА «ТАРСАКИ»
Амалдаги чемпион - «Локомотив» 4та турда атиги 4 очко олди ёхуд 8 очко йўқотди. Ким шундай бўлишини кутганди? Эътиборли томони, «темир-йўлчилар» Олмалиқда охирги марта 2012 йили мағлубликни тан олишганди.
Умуман, АГМК нақ 11та ўйиндан буён «Локо»ни енголмаётганди. Мана, Виктор Кумиков жамоаси ниҳоят, ёқимсиз анъанага нуқта қўйди. Ўртадаги 3 очко тақдирини 5-дақиқада урилган тезкор гол ҳал қилди.
Бу вазиятда Игнатий Нестеров жарима майдонига ошириб берилган тўпни қўлидан чиқариб юборди ва сербиялик ҳимоячи Владимир Бубанья «совға»ни рад этмади. Ҳисоб очилгач, меҳмонлар табиийки, ҳужум ҳаракатларини кескинлаштиришди. Бироқ АГМК асосан тартибли ҳимоя эвазига ижобий натижани сақлаб қолди.
Ўйиннинг ўзи нисбатан қўпол кечганини ҳам айтиш ўринли - 6та сариқ ва битта қизил карточка бунга далил. Хусусан, Икром Алибоев асабларини жиловлай олмай, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаровнинг юзига ургани учун майдондан четлатилди. Айтиш жоиз, шу билан АГМКнинг миллий чемпионат олий дивизионидаги ғалабалари сони роппа-роса 100тага етди.
Олмалиқликлар бу маррани 284-ўйинда забт этишди. Яна бир факт: «Локомотив» фахрийси Марат Бикмаев Тошкент вилояти жамоасига қарши охирги 5та ўйинда майдонни голсиз тарк этмаганди. Демак, унинг ажойиб серияси узилди.
Қўқонда ҳам ниҳоят, мавсумнинг очилиш ўйини ўтказилди. «Қўқон-1912» - «Навбаҳор» учрашувидан олдин ташкил этилган маросим чинакам байрам тусини олди. Айниқса, Ўзбекистонга футбол қандай кириб келгани ҳақидаги саҳна кўриниши унутилмас бўлди.
Очилиш маросимида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ва Қўқон шаҳар ҳокими Раҳматали Жалилов иштирок этишди. Ўйиндан олдин «Қўқон-1912» клуби президенти Бахтиёр Толиповга ЎФАнинг махсус соврини топширилди. Учрашув эса яқинда ҳаётдан кўз юмган қанот ҳаками Владлен Лушин хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.
Майдонда илк дақиқалардан шиддатли кураш борди ва етарлича хавфли вазиятлар кузатилди. Аммо мухлислар голни нақ 76 дақиқа кутишди.
Шунда ҳам автогол - Дарко Станоевич ва Томислав Пайович ўртасидаги тушунмовчиликдан сўнг тўп иккинчисига тегиб, Ботирали Эргашев дарвозаси тўрига тушди. Шу тариқа «Навбаҳор» чемпионатдаги илк мағлубиятга дуч келди, «Қўқон-1912» эса очколари сонини 6тага етказиб қўйди.
4-тур «Пахтакор» - «Нефтчи» ўйини билан хотима топди. Учрашув давомида сезиларли ташаббусга эришган «шерлар» буни ҳисобда ҳам акс эттиришди - 3:0. «Пахтакор»га биринчи бўлим охиридаги автогол катта куч бағишлаганини айтиш жоиз.
Фактлар: Шота Арвеладзе жамоаси мавсумдаги иккинчи йирик ҳисобли ғалабани ўз номига расмийлаштирган бўлса, «Нефтчи» 4та турдан кейин гол қувончини туймаган ягона клуб бўлиб турибди.
ТУР ҚАҲРАМОНИ - ЭЛГУЖА ГРИГАЛАШВИЛИ
Суперлига ҳисобидан илк «хет-трик» муаллифи тур қаҳрамони мақомига муносиб эмасми? Агар у чемпионат доирасидаги илк 4та ўйинда лоақал 1 очко олмаган жамоа ғалабасини таъминласа-чи?
Ҳа, «Қизилқум»нинг грузиялик легионери - Элгужа Григалашвили алоҳида эътирофга лойиқ натижага эришди. Боз устига, у «Сўғдиёна»га қарши кечган сафар ўйинининг биринчи бўлимида «сукут» сақлаган ҳолда, танаффусдан кейин ишга жиддий киришиб, барчасини навоийликлар томон буриб юборди.
Григалашвилининг натижаси яна шуниси билан ҳам аҳамиятлики, Суперлига ўйинларида «хет-трик» у ёқда турсин, «дубль» ҳам қайд этилмаганди. Хуллас, грузин футболчиси қайсидир маънода чемпионатимизнинг янги тарихига кирди...
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Биринчи бўлимда ҳимоявий ўйин кўрсатдик, иккинчисида эса ҳужумга кўпроқ ўтдик ва бунинг самараси ўлароқ, 3та гол урдик. Элгужа Григалашвили («Қизилқум» ҳужумчиси).
- «Сўғдиёна»да кичик инқироз бор. Йигитларга охиригача курашишгани учун раҳмат. Жамоанинг салоҳия-ти бор, аммо буни юзага чиқаролмадим. Яна бир бор узр... Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Бугун мағлубиятга учрамаслигимиз керак эди. Аммо гол уролмасанг, ютқазасан... Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).
- Аввал ҳам айтганман, футболчилар қизлар билан бемалол гаплашадилар, шундай экан, ёшликлари қолибдими? Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Айниқса, Ғаниев ва Ҳамробековдан хавфсирагандик. Бежиз эмас экан, Ғаниев дарвозамизга гол урди. Бунда дарвозабонимизни айблаш ноўрин. Шунчаки, Ғаниевнинг маҳоратига тан бериш керак. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).
- Бундай натижага лойиқ ўйин кўрсатмадик, менимча. Ахир тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Шуниси алам қилди... Азиз Ғаниев («Насаф» ярим ҳимоячиси).
- Яна стандарт вазиятдан гол урдик, энди ўйин ҳолатидан ҳам уришни бошласак яхши бўларди. Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи).
- 4та тур ўтдики, ҳали гол уролмадик, бизга балки шижоат, эҳтимол, маҳорат етишмаётгандир... Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» мураббийи).
«СЎҒДИЁНА» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 1:3 (0:0)
29 март. Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 9380 томошабин.
Ҳакамлар: А.Рисқуллаев (Тошкент), Р.Нугманов (Тошкент), Д.Сайлавов (Тошкент).
Голлар: С.Азимов (88) - Э.Григалашвили (46, 85, 87).
«Сўғдиёна»: 23. Д.Ҳамроев, 3. А.Исроилов (9. С.Азимов, 72), 4. Э.Орипов, 5. Ф.Мираҳматов, 7. Д.Одилов (99. Н.Тўхтасинов, 46), 10. Ш.Норхонов, 15. Ш.Холматов, 19. А.Зиёвуддинов, 31. Ж.Абдумўминов, 33. Т.Шамсиддинов, 77. И.Абдуллаев (14. С.Мелиев, 79).
«Қизилқум»: 1. Э.Жабборов, 7. Н.Камолов, 10. А.Саноев (18. С.Шодмонов, 34), 11. Д.Усмонов (9. Ҳ.Абдуалимов, 79), 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 21. М.Убайдуллаев, 23. Ш.Жўраев, 30. Э.Григалашвили, 44. М.Қосимов, 84. Н.Йованович (8. А.Рустамов, 90+2).
Огоҳлантиришлар: Ж.Абдумўминов (11), Т.Шамсиддинов (27), Ф.Мираҳматов (41) - Д.Усмонов (26), А.Геворкян (68).
Назоратчи: Д.Роман (Тошкент). Комиссар: Б.Орипов.
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Бугун ғалаба қозонмасак бўлмасди. Ниҳоятда муҳим 3 очко олдик. Ваҳоланки, Бойдуллаев ва Сидоровда жароҳат бор эди, боз устига, Саноев биринчи бўлимдаёқ сафдан чиқди. Шундай йўқотишларга қарамай, ижобий натажага эришганимиз - қувонарли ҳолат.
Зеро, йигитлар охиригача курашишди. Ўз ўрнида, Навоийдан келиб, бизни қўллаб турган мухлисларга раҳмат. «Сўғдиёна» таркиби ёш футболчилардан иборат ва ўйлайманки, клуб ҳали ўз сўзини айтади. Мақсадимиз ўша-ўша - ҳар бир ўйинда фақат ғалабани кўзлаш, мухлисларни хурсанд қилиш.
Элгужа Григалашвили («Қизилқум» ҳужумчиси): - Барчага раҳмат. Айниқса, мураббийларимиз, футболчилар ва Навоийдан келган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Биринчи бўлимда ҳимоявий ўйин кўрсатдик, иккинчисида эса ҳужумга кўпроқ ўтдик ва бунинг самараси ўлароқ, 3та гол урдик.
Александр Мочинов («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Рақибни табриклайман. Меҳмонлар ғалаба йўлида муносиб ҳаракат қилишди. Одатда бундай ҳолатда бош мураббий истеъфо ҳақида ариза ёзади. Бошқа нима де-йишим мумкин? Қисқаси, мураббий айбдор - у жамоани ўйинга яхши тайёрлай олмаган.
Шогирдларимга ўзаро тушуниб ўйнаш, ишонч ҳисси етишмаяпти. Жамоа натижа учун ўйнаса, футбол чиройли чиқмайди. Бугун чиройли ўйин билан ғалаба қозонишга уриндик. Аммо ўхшамади. Гол уришимиз зарур вазиятда қарши ҳужумни ўтказиб юбордик. Қайтараман, барча айб менда, таркиб танлашда адашдим.
Ўз майдонимизда 1:3 ҳисобида ютқазганимиз учун мухлислардан узр сўрайман. Ўрнимга бошқа мураббий келса, вазият ўзгарадими ёки йўқ - буни билмайман. Лекин янгилик олиб кирса керак.
Умуман, «Сўғдиёна»да кичик инқироз бор. Йигитларга охиригача курашишгани учун раҳмат. Жамоанинг салоҳияти бор, буни юзага чиқаролмадим. Яна бир бор узр...
«НАСАФ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:0)
30 март. Қарши. «Марказий» стадиони. 14300 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), М.Мажидов (Наманган), Р.Фозилов (Наманган).
Голлар: А.Ғаниев (33) - С.Нуруллоев (69).
«Насаф»: 35. С.Қувватов, 4. М.Каримов (14. Ш.Муҳиддинов, 73), 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков (18. Б.Давлатов, 81), 20. И.Кенжабоев, 22. И.Голбан, 27. И.Рашидхонов, 31. С.Раҳматов, 55. С.Лукич, 77. Ж.Ҳасанов (10. Б.Абдухолиқов, 69), 92. У.Эшмуродов.
«Металлург»: 1. З.Сафоев, 5. А.Отахонов, 7. С.Нуруллоев, 8. Ш.Шайманов, 10. И.Исоқжонов, 15. З.Абдуллаев (9. З.Ўринбоев, 53), 16. Ж.Ҳасанов, 37. Ш.Файзиев, 55. А.Исматуллаев, 77. М.Исаев (17. Ж.Соҳибов, 60), 88. А.Ҳусинов (20. Д.Эрматов, 85).
Огоҳлантиришлар: М.Каримов (19), Б.Абдухолиқов (84), И.Рашидхонов (89) - З.Сафоев (90+3).
Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент). Комиссар: С.Қудратуллаев.
Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Аввало, «Насаф» раҳбариятига яхши қабул, кўрсатилган ҳурмат ва яратиб берилган шароитлар учун катта ташаккур изҳор этаман. Ўйин қандай натижа билан тугаган тақдирда ҳам, миннатдорчилик билдирардим, албатта.
Чунки бизга катта эҳтиром кўрсатилди. Муҳими, бу ердаги шароитлар аъло даражада. Ўйинга келсак, қандай рақибга қарши тўп суришимизни олдиндан тасаввур қилгандик. «Насаф» ажойиб мураббийлар, кучли ва таниқли футболчиларга эга. Жамоанинг кўплаб ўйинчилари терма жамоалар сафида тўп суришади.
Хуллас, ўта кучли рақибга қарши ўйнадик. Бундай баҳсларда очиқ футболга таяниш жуда хавфли. Умуман, бугунги дуранг биз учун ғалабага тенг. Тўғри, учрашувнинг дастлабки бўлимида ўз кучимизга ишонч ҳисси етишмади. Лекин илк дақиқаларда яхши ҳимояландик. Тўғриси, айниқса, Ғаниев ва Ҳамробековдан хавфсирагандик.
Бежиз эмас экан, Ғаниев дарвозамизга гол урди. Бу йигит мазмунли ҳаракатлари билан кўзга ташланмоқда. Мана, бугун ҳам усталик билан дарвозамизни нишонга олди. Бунда дарвозабонимизни айблаш ноўрин, шунчаки, Ғаниевнинг маҳоратига тан бериш керак.
Муҳими, иккинчи бўлимда фаолликни оширдик, танаффусда йигитларга керакли кўрсатмалар берганимиз самараси кўринди. Ҳа, рақиб бизга нисбатан кучлироқ ўйнади. Биз эса бехато ҳимояландик, қолаверса, кўп вазиятларда дарвозабонимиз маҳоратини ишга солди.
Суҳроб Нуруллоев «Пахтакор»да қўл остимда шуғулланган. Унинг келажагига ишонаман. Шунинг учун ҳам Суҳробга катта ишонч билдиряпман. У «Пахтакор»-даги кучли рақобат сабаб, захирада қолиб кетаётганди.
Суҳроб Нуруллоев («Металлург» ярим ҳимоячиси): - Биринчи навбатда, бугун жамоамизга далда бериб турган мухлисларимизга ташаккур изҳор этаман. Уларнинг кўмаклари билан кучли рақибдан очко олишга эришдик.
Шунингдек, йигитлар ҳам майдонда аҳиллик кўрсатишди. Кейинги ўйинларда ҳам ижобий натижалар билан мухлисларни қувонтиришдан умидвормиз.
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бутун учрашув назоратимиз остида ўтди. Аммо ҳимоядаги биргина хато муҳим очколарни йўқотишимизга олиб келди. Тажрибали ҳимоячиларимиз бундай қўпол хатога йўл қўймасликлари керак эди.
Йўқ, футболчиларга эътирозим йўқ. Аммо очко йўқотганимиз аламли. Умуман олганда, йигитларимиз ёмон ўйнашмади. Яна нима дердим, энди олдимизда турган муҳим ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
Черан ўйинга ҳали тўлиқ тайёр эмас. У сафимизга кечагина қўшилди. Бу футболчининг майдонга тушмагани ҳам сезилди. Ўйлайманки, у навбатдаги ўйинда бизга ёрдам бера олади.
Албатта, «Пирузи»га қарши учрашув ҳақида ўйламаслигимизнинг иложи йўқ. Аммо бугунги таркиб ва тактикани танлашда навбатдаги ўйинни назарда тутмаганмиз. Зеро, ҳар бир учрашув муҳим. Абдухолиқовни бошланғич таркибга киритмаганимизга сабаб шуки, у охирги вақтда умуман дам олмасдан майдонга тушмоқда.
Шунингдек, бошқа йигитларимизда ҳам шу ҳолат - кетма-кет ўйинлар хоҳлаймизми - йўқ, футболчиларни толиқтириб қўяди, барибир. Аммо кейинги ўйинга яхши тайёрланамиз, мухлисларимиз ижобий натижа кутишяпти ахир. Демакки, уларни қувонтириш учун майдонга тушамиз.
Азиз Ғаниев («Насаф» ярим ҳимоячиси): - Ўйинга астойдил шайланган эдик. Бундай натижага лойиқ ўйин кўрсатмадик, менимча. Ахир тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Шуниси алам қилди...
«БУНЁДКОР» - «БУХОРО» - 3:1 (1:1)
30 март. Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 15421 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент), А.Расулов (Тошкент), Ж.Саидов (Тошкент).
Голлар: Ж.Иброҳимов (44), Х.Ғиёсов (72), Ф.Райевац (90+2) - М.Клисура (37).
«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (99. Ф.Райевац, 65), 11. М.Тошматов, 18. С.Собирхўжаев (28. Д.Умиров, 80), 20. М.Сулаймонов, 30. Х.Ғиёсов, 44. М.Қосимов (3. И.Қобилов, 88).
«Бухоро»: 30. А.Омонов, 3. Б.Омонов, 5. М.Клисура, 7. А.Аманов, 8. С.Қутибоев, 9. Н.Умуров (27. Р.Ҳасанов, 46), 10. Ш.Саломов, 11. С.Шихов, 14. Б.Насимов (22. Ш.Эркинов, 70), 16. А.Филипосян, 86. А.Ибрагимов (55. Р.Бердимуродов, 46).
Огоҳлантиришлар: А.Комилов (39), С.Собирхўжаев (59), Х.Ғиёсов (80) - Н.Умуров (5), А.Филипосян (28).
Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент). Комиссар: А.Фролов.
Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Бугун мағлубиятга учрамаслигимиз керак эди. Аммо гол уролмасанг, ютқазасан... Биринчи бўлимда қулай вазиятдан фойдаланолмаганимиз кўп нарсани ҳал қилди.
«Бунёдкор»ни ғалаба билан табриклайман. Эътибор бердингизми, ҳар бир ўйинда таркибимиз ўзгармоқда. Мағлубият муайян бир футболчиники эмас, бутун жамоаники...
Шавкат Саломов («Бухоро» ярим ҳимоячиси): - «Бунёдкор»ни табриклашдан ўзга чорам йўқ. Биринчи бўлимда кўп ҳолатда рақибга имкониятни бой бердик. Ҳа, танаффусдан кейин яхши ўйнадик, аммо 200 фоизли вазиятдан гол уролмадик. Мезбонлар эса йўқ жойдан гол уриб кетишди...
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Йигитлардан миннатдорман. Улар жорий мавсум чиройли ўйин кўрсатишмоқда. Менимча, стадионга келган мухлислар ачинишмади. Биринчи бўлимда жуда фаол ҳаракатландик.
Ҳаттоки, гол қўйиб юборганимиздан кейин ҳам футболчилар шошилишмади ва бу ўз самарасини берди. Иккинчи 45 дақиқаликда икки жамоа ҳам 3 очко учун курашди. Ўйлайманки, ҳақли равишда ғалаба қозондик.
«Бухоро» таркибида тажрибали футболчилар бор, биздаги йигитларда малака камроқдир, аммо улар ҳам ёш эмаслар. Аввал ҳам айтганман, футболчилар қизлар билан бемалол гаплашадилар, шундай экан, ёшликлари қолибдими?
Айтганча, кеча Равшан Эрматовнинг ЖЧ-2018да ишлаши ҳақида расман хабар берилди. Унга жамоамиз номидан омад тилаймиз. Ўзим миллий жамоа билан узоқ сафарга бориб келдим - Сенегал ва Марокаш термалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказдик.
Бундай ўйинлар кўпроқ бўлиши керак. Таркибдаги барча йигитларга имконият берилди. Ишлар шундай давом эттирилса, Осиё кубогига яхши ҳолатда етиб борамиз.
Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси): - Ғалаба қозондик, кайфият зўр. Мураббий танлаган тактикага амал қиляпмиз ва бу натижа бермоқда. Ҳар бир ўйиндан олдин гол уришни ният қиламан, шукрки бунга эришяпман ҳам.
АГМК - «ЛОКОМОТИВ» - 1:0 (1:0)
31 март. Олмалиқ. АГМК стадиони. 8430 томошабин.
Ҳакамлар: А.Шукруллаев (Тошкент), С.Ҳакимов (Самарқанд), Ш.Камаров (Самарқанд).
Гол: В.Бубанья (5).
АГМК: 33. П.Матяш, 3. А.Ҳожиакбаров, 4. Х.Мухторов, 10. Ш.Норбеков (22. А.Абдуллаев, 85), 13. Л.Тўраев (5. Д.Жўраев, 74), 15. В.Бубанья, 19. В.Касминин, 21. Ғ.Ғуломов, 23. Й.Жокич, 24. Ж.Гусейнов, 87. В.Чемиртан (9. З.Полвонов, 70).
«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 6. Нивалдо (14. А.Омонов, 80), 7. С.Абдуллаев, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев, 15. С.Мирзаев (27. С.Рашидов, 88), 19. Ҳ.Ғофуров (77. Д.Туропов, 65), 20. И.Тўхтахўжаев, 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев.
Огоҳлантиришлар: Х.Мухторов (26), Ғ.Ғуломов (55), Ш.Норбеков (62), А.Ҳожиакбаров (90+4) - И.Тўхтахўжаев (54), М.Бикмаев (80).
Четлатиш: И.Алибоев (90+4, Л.).
Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент). Комиссар: Л.Қўчқоров.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Тезкор гол ўйиннинг боришига жиддий таъсир қилди. Ҳа, кейинчалик тўлиқ ташаббусга эришдик, бироқ АГМК бутун жамоа бўлиб ҳимояланди.
Бундай зич ҳимояни ёриб ўтиш эса осон эмас. Аслида йигитлар чакки ўйнашмади, имкон борича курашишди. Аммо омад рақибга кулиб боқди. Афсус, чемпионатда кетма-кет иккинчи марта ютқазиб қўйдик...
Виктор Кумиков (АГМК бош мураббийи): - Ҳар бир ўйинда энг муҳими - натижа. Бугун футболчилар бор кучларини сарфлашди. Айтиш мумкинки, юзага келган кичик танаффус ҳам бизнинг фойдамизга ишлади.
Яъни камчиликлар устида ишладик. Асосийси, бугун ҳимояда хатога йўл қўймадик. Ўйлайманки, ўйинимиз вақт ўтиши билан шаклланиб бораверади. Яна стандарт вазиятдан гол урдик, энди ўйин ҳолатидан ҳам уришни бошласак яхши бўларди.
- Жамоа аввалги ўйинларда қарши ҳужумлардан унумли фойдаланолмаганди...
- Хитойликларда ажойиб нақл бор: «Вақтни ортга қайтариб бўлмайди, бугунги кун билан яшаш керак». Биз ҳам ўша ўйинларни унутдик, лекин хатоларни обдон таҳлил қилдик.
- «Локомотив» асосий таркибини ОЧЛ ўйинига сақлагандек туюлмадими? Ҳар ҳолда, Диёр Туропов ва Сардор Рашидов захирадан ўйинга қўшилишди...
- Менимча, жамоанинг асосий таркиби шу. Мисол учун, Туропов асосан захирадан майдонга тушмоқда, Рашидов ҳам ҳамиша бошланғич таркибда эмас.
Владимир Бубанья (АГМК ҳимоячиси): - Ўйинга яхши тайёрлангандик ва охиригача курашдик. Биринчи бўлимда бироз қийналганимиз рост. Муҳими, ижобий натижани сақлаб қолдик.
«ҚЎҚОН-1912» - «НАВБАҲОР» - 1:0 (0:0)
31 март. Қўқон. «Марказий» стадиони. 12278 томошабин.
Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), О.Абдувосилов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент).
Гол: Т.Пайович (76-авт.).
«Қўқон-1912»: 1. Ў.Юсупов, 5. Ғ.Комилов, 7. Ж.Ҳасанов (96. М.Ҳасанов, 46), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев (9. Н.Отақўзиев, 74), 22. М.Холмуҳаммедов, 23. А.Мерзляков, 29. И.Таран (17. Қ.Рўзиев, 46), 55. Д.Гожкович, 65. М.Милич, 95. М.Спремо.
«Навбаҳор»: 1. Б.Эргашев, 6. О.Ўрунов (15. А.Алланиёзов, 82), 9. Д.Жабборов, 10. А.Турғунбоев, 12. Н.Иньяц (8. А.Нўъмонов, 72), 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 24. Д.Ҳошимов, 32. Ж.Меҳмонов (17. С.Сулаймонов, 78), 33. Т.Пайович, 44. Д.Станоевич.
Огоҳлантиришлар: Ғ.Комилов (90+2) - Ж.Меҳмонов (54), Д.Ҳошимов (86).
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент). Комиссар: М.Саидқосимов.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Жанговар ўйин кўрдик. Ҳар икки жамоа вакиллари шиддатли футбол намойиш этишга ҳаракат қилишди. Афсуски, биринчи бўлимда ҳужумчимиз қулай вазиятдан фойдаланолмади. Учрашув охирларида эса ҳимоядаги тушунарсиз хато қимматга тушди. Бу - футбол.
Ўйин якунланишига 15 дақиқача қолган вақт майдонга яна бир ҳужумчи туширдик. Менимча, Аюбхон Нўъмонов фаолликни оширди. Лекин ҳимоядаги ҳолат... Мураббий қайси пайт айнан кимни майдонга туширишни сезиши керак. Бугунги мағлубиятга ўзимиз сабабчимиз. Айбни бировдан қидириш ярамайди. Умуман, дурангга мос ўйинда очкосиз қолдик...
Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ўйин шундай кечишини олдиндан билиб, жиддий тайёргарлик кўргандик. Хусусан, «Навбаҳор»нинг ҳимояга алоҳида эътибор қаратиши эътиборимни тортганди. Бугун мухлисларимизга чинакам байрам улашганимиздан хурсандман. Йигитларга раҳмат - ўзларини сира аяшмади.
Айниқса, қисқа узатмалар орқали аниқ ўйнашгани ёқди. Тўғри, бунга осонгина эришганимиз йўқ. Футболда захира жуда муҳим. Зеро, муайян паллада тезкорликни ошириш айнан захирачиларга боғлиқ. Бугун ҳам ушбу масалада ўз принципимга содиқ қолдим ва бу самара берди.
Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912» ярим ҳимоячиси): - Ўйин томошабоп чиқди. Мухлисларимиз стадионда ажиб муҳитни юзага келтириб, кучимизга куч қўшишди. Бундай тинимсиз қўллаб-қувватлашга жавобан ғалаба тортиқ этмасак ҳам бўлмасди.
«ПАХТАКОР» - «НЕФТЧИ» - 3:0 (1:0)
31 март. Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 15023 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент), Р.Серазетдинов (Тошкент), А.Усмонов (Тошкент).
Голлар: А.Исроилов (45-авт.). М.Симич (46), Ж.Машарипов (64).
«Пахтакор»: Э.Суюнов, А.Шораҳмедов (Ф.Сайфиев, 66), К.Тожиев, М.Симич, В.Козак, Р.Гриффитс, А.Аҳмедов (Д.Раҳматуллаев, 84), Ж.Яхшибоев, Т.Безерра (Ж.Искандеров, 86), Ж.Машарипов, И.Гонсалвеш.
«Нефтчи»: В.Мирний, И.Шойқулов (Ж.Кимсанов, 46), С.Эрматов (Э.Мамасолиев, 76), О.Аҳмаджонов (А.Абдулҳақов, 54), А.Махсталиев, А.Юсупов, Ҳ.Ғофуров, А.Исроилов, Д.Маматов, А.Агалиев, Д.Турсунов.
Огоҳлантиришлар: А.Шораҳмедов (21), Ж.Яхшибоев (89) - Д.Турсунов (19).
Назоратчи: К.Смирнов (Қарши). Комиссар: Р.Черников.
Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» мураббийи): - Ўйинни яхши бошладик. Учрашувга тайёрлаб қўйган режамиз ҳам бор эди. Бироқ имкониятлардан фойдаланолмадик. Биринчи бўлим охиридаги гол эса режамизни бузиб юборди.
Боз устига, танаффусдан чиқишимиз билан рақиб яна битта гол урди. Агар ҳисоб очилмаган вақт вазиятлардан самара чиқара олганимизда, ўйин мутлақо бош-қача кечарди. 4та тур ўтдики, ҳали гол уролмадик, бизга балки шижоат, эҳтимол, маҳорат етишмаётгандир...
Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Ҳозир ҳар бир ўйин мураккаб. Бугун сифатли футбол кўрсатдик, менимча. Янада яхшироқ ўйнай олишимизни ҳам биламиз. 3та гол урган ҳолда, дарвозамизни дахлсиз сақлаб қолдик. Қолаверса, кўплаб вазиятларни юзага келтирдик.
Янги футболчилар секин-аста жамоа ўйинига мослашишмоқда. Бугун Яхшибоев, Безерра, Машарипов ва Гонсалвеш ўзаро тушуниб яхши ҳаракатланишди. Бу йигитлар қанча кўп ўйнашса, ўзаро ишонч ва тушуниш даражаси ортиб боради. Абдураҳимов ва Искандеровни ҳам улар қаторига қўшиш мумкин.
Машғулотни тўхтатиб, футболчиларга ниманидир тушунтириш осон, аммо ўйиндаги ҳолатлар табиий рўй беради. Муҳими, хавфли ҳужумларимиз сони кўпаймоқда. Демак, турдан-турга яхшироқ кўринишга кириб бораверамиз.
ТУР СТАТИСТИКАСИ
Ўйин: 6, Гол: 15 (ўртача: 2,5)
Томошабин: 74832 (ўртача: 12472)
Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бунёдкор» - «Бухоро» (15421)
Мезбонлар ғалабаси: 4, Меҳмонлар ғалабаси: 1, Дуранг: 1
Йирик ҳисобли ғалаба: 1(«Пахтакор» - 3:0)
Энг сермаҳсул ўйинлар: «Сўғдиёна» - «Қизилқум», «Бунёдкор» - «Бухоро» (4тадан гол)
Огоҳлантириш: 26 (ўртача: 4,33...), Четлатиш: 1 (0,16...)
Энг «қўпол» ўйин: АГМК - «Локомотив» (6та «сариқ» + 1та «қизил»)
Пенальти: -, «Дубль»: -, «Хет-трик»: 1(Э.Григалашвили, «Қизилқум»)
Автогол: 2 (Т.Пайович, «Навбаҳор»; А.Исроилов, «Нефтчи»)
1 Бунёдкор 4 3 1 0 6-2 10
2 Пахтакор 4 3 0 1 7-2 9
3 Насаф 4 2 2 0 6-3 8
4 Навбаҳор 4 2 1 1 4-2 7
5 Қўқон-1912 4 2 0 2 3-2 6
6 Металлург 4 1 3 0 3-2 6
7 Бухоро 4 2 0 2 6-6 6
8 Локомотив 4 1 1 2 4-4 4
9 АГМК 4 1 1 2 4-5 4
10 Қизилқум 4 1 0 3 4-8 3
11 Нефтчи 4 0 2 2 0-4 2
12 Сўғдиёна 4 0 1 3 1-8 1
ТЎПУРАРЛАР:
Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 3та
Бобур Абдухолиқов («Насаф») - 2та
Славко Лукич («Насаф») - 2та
Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 2та
Суҳроб Нуроллоев («Металлург») - 2та
Азиз Турғунбоев («Навбаҳор») -2та (1та - пен.)
Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор») - 2та (2та - пен.)
Йован Жокич (АГМК) - 2та (2та - пен.)
КЕЛГУСИ ЎЙИНЛАР. 5-ТУР
5 апрель (пайшанба)
18:00 «Нефтчи» - АГМК
20:00 «ҚизилҚум» - «Бунёдкор»
6 апрель (жума)
18:00 «Бухоро» - «Пахтакор»
20:00 «Металлург» - «СўҒдиёна»
7 апрель (шанба)
18:00 «Локомотив» - «ҚўҚон-1912»
20:00 «Навбаҳор» - «Насаф»
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).