PEPSI Суперлигасининг 19-тури марказий беллашуви “Локомотив” ўйингоҳида бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистоннинг 2 карра чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси “Бунёдкор” клубини қабул қилади. Ушбу учрашувни тажрибали рефери – Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Ўйин соат 21:00да старт олади.
Шу ўринда ушбу икки жамоанинг ўзаро учрашувлари тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, “Локомотив” шу пайтга қадар “Бунёдкор”га қарши 21та ўйин ўтказган. Ўзаро ўйинларнинг 7тасида “темирйўлчилар” жамоаси зафар қучган. 9та беллашувда эса “қалдирғочлар”нинг “қўли баланд” келган. Яна 5та ўйин эса дуранг билан ниҳоясига етган.
“Локо” футболчилари ушбу рақиб дарвозасини ҳозиргача 24 марта ишғол этишга муваффақ бўлишган. Дарвозамиздан эса 29 бор тўп ўтказиб юборганмиз.
“Локомотив”нинг “Насаф” устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 2015 йилги мавсум биринчи даврасида қайд этилган – 3:0.
“Темирйўлчилар” ўз майдонида “Бунёдкор” билан ўтган 10 баҳснинг 4тасида ғалаба қозонган бўлса, 2 баҳс томонларнинг кучи тенг келган. Қолган 4 ўйин рақибларнинг ғолиблиги билан якунланган.
Биринчи даврадаги баҳсда “Локомотив” сафарда 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, уч очкони қўлга киритганди.
Факт: “Бунёдкор” “Локомотив” майдонидаги сўнгги 3 баҳсда ғалабага эриша олмаган.
“Локомотив” ўз майдонида ўтган сўнгги 10 баҳсда умуман мағлуб бўлмаган.
“Бунёдкор” сафарда ўтган сўнгги 10 учрашувида 4 марта ғалаба қозонган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).