Манчестернинг қизил тарафидаги булутлар ранги жамоа либосини эмас, қонни эслата бошлади. Қўшни стадионларда чемпионлик амбициялари барқ ураётган бир пайтда, мавсумнинг атиги 6 тури ўтгани қарамасдан, бу ерда турнир жадвали ёки очколарни эмас, Погба ва Моуриньо можаросини кузатишга маҳкум. Ана энди бу қарама қаршилик расмий тусга кириб боряпти.
Аслида Погба Моуриньо даврида сотиб олинган, режа бўйича у португалиялик мутахассиснинг «ўз футболчиси» бўлиши керак эди. Франциялик ярим ҳимоячи Манчестерда ўзи талаб қилаётган статусга мос ўйинни ҳали намойиш этиб улгурмагани, мураббий билан жанжаллашиш учун ҳеч бўлмаса, захирадан чиқиб «Реал» дарвозасига иккита гол ура олиш кераклигини тушунмаётганини бир четга суриб турайлик. Орадан ўн беш йил ўтди, ҳозир замон бошқа - юқорида эслаётганим Бекҳэм ўз даврида ҳар қанча талантли бўлмасин, ёш футболчилар кийим алмаштириш хонасида овоз чиқаришга қўрқиб ўтиришар эди. Ҳозирги «айфонлар авлоди» эса унақа эмас. Погба ростан ҳам бир жамоани ўз ортидан бошлай оладими йўқми, буни кейинги мураббий даврида билиб олишимиз мумкин, зеро «Ювентус» ҳам эслашга арзимайди: у ерда Погбадан ташқари Пирло ва Видаль ҳам тўп сурарди, эсингиздами?
Аввало, Моуриньонинг одатий учинчи мавсум жанжалларига бу сафар қандай замин тайёрланди, эслашга уриниб кўрайлик:
- Ҳаммаси, шу йилнинг февралида бўлиб ўтган «Тоттенҳэм»га қарши (0:2) ўйиндан бошланди. Моуриньо жамоа етакчисини ўйин пайтида очиқчасига ҳимояга ёрдам бермасликда айблади ва 63-дақиқадаёқ алмаштириб юборди.
- Кейинги ўйинда захирада қолдирилган Погба, навбатдаги сафар ўйинида, Ньюкаслдаги муваффақиятсиз ўйинда (0:1), рақиб ҳисобни очиши ҳамоно яна алмаштирилди. Шу усул билан Моуриньо юлдуз футболчисини тарбиялашни бошлади. «Севилья»га қарши муҳим ўйинда Погба эмас, Феллайни танлангани мана шу тарбиявий ишларнинг давоми эди. Хуллас, мана шу палладан бошлаб, Моуриньо ва Погба зиддияти, футболчи мураббий кўрсатмаларини тўғри бажармаётгани ҳақида мунозаралар бошланиб кетди. Кимдир футболчини тактик интизомга риоя қилмасликда айбласа, бошқалар Моуриньонинг ўзи футболчидан тўғри фойдалана олмаётгани ҳақида айтишарди.
Шу ўринда, танганинг икки томони борлигини эслатиб, ҳар икки фаразни асослашга уринайлик.
Пол Погба
Замонавий футбол юлдузи. Ўйин жиҳатидан анча узоқ бўлса-да, унинг феноменини маълум бир маънода Роналду ва Мессига қиёслаш мумкин. Яъни, у ўзгаришларга дош берадиган систематик мурват эмас, жамоа ўйини унинг атрофига қурилиб, унинг иқтидоридан максимал фойдаланиш йўлини излаш керак бўлади. Шунинг учун ҳам ютқазилган ўйинларда доим у танқид остига олинади, муваффақиятсиз ўйинларнинг барчасида, эътибор берсангиз, унинг ўйини чиқмаган бўлади, худди Роналду ёки Месси каби.
Гап фақат Моуриньо ёки «МЮ»да бўлмаслиги мумкин. Францияда ҳам шу аҳвол. Ҳозир ҳамма Дешамнинг Погбадан қандай фойдаланиш бўйича Моуриньога дарс бергани ҳақида айтмоқда. Аммо эсласангиз, Евро -2016 турнирида аксинча, Дешамнинг Погбадан Конте каби фойдалана олмагани танқид остига олинганди. Ҳатто шу сўнгги мундиалда ҳам, масалан, Франциянинг чемпион бўла олмаганини тасаввур қилиб кўринг - Погбани жуда осонлик билан ёмон ўйнаганликда айблаш мумкин бўларди.
Назаримда, Погба ҳали Моуриньо ундан талаб қилган етакчи ролига тайёр эмас. Ёки ана шундай етакчи бўлиш учун унга худди Роналду ёки Месси каби комфорт шароит яратилиши керак. «Ювентус»дан Пирло ва Видаль, Францияда Канте ва Гризманн мана шу оғирликни ўз елкаларига олганлари каби. Юқорида айтилганидек, Погба янги жамоа қурилишида иштирок этадиган мурват бўла олмайди - аввал чиройли қилиб бинони қурасиз ва Погбани байроқ қилиб томига ўрнатасиз. Худдики, Месси Пепнинг тики-така ўйинига, Роналду эса, «Реал»нинг ёввойи тезкор ҳужуми устига ўрнатилгандек. Манчестерда ҳали бундай жамоа йўқ.
Моуриньо фалсафаси
Эътибор берганмисиз, нега Гвардиола иккинчи ёки учинчи таркиблар билан баъзида ярим куч билан пастроқ даражадаги жамоаларни осонлик билан ютади-ю, Моуриньо доим қийналиб юради? «МЮ»да шунчаки класс ҳисобида кучсиз жамоа устидан қозонилган йирик ғалабаларни эслайсизми? Йўқ. Ахир «Оксфорд» ёки «Дерби» тарафдан ўлчанганда, ҳар икки Манчестер ҳам анча узоқдаги юлдузлар каби етиб бўлмас даража эмасми?
Ҳа, аммо услублардаги фарқ шу ерда ўртага чиқади. Гвардиола жамоалари футбол ўйнайди, Моуриньо шогирдлари эса, доим курашишади. Гвардиола жамоалари баъзида майдонда футбол ўйнаб дам олишлари, кайф қилишлари мумкин, аммо Моуриньо шогирдлари жанг қилишади. Теннис ўйнаб мазза қилишни биламан-у, бокс сал бошқача спорт бўлса керак, тўғрими?
Айтмоқчиманки, агар позицион ўйин яхши йўлга қўйилган бўлса, футболчилар камроқ куч сарфлаб, савия фарқи эвазига 2-3 тўп билан ғалаба қозониши мумкин. Аммо Моуриньо жамоалари ғалабаларни юқори мотивация ва бор кучни сарфлаш эвазига қўлга киритиши керак бўлади. Моуриньо фалсафасининг катта фоизи футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабати устига қурилади. «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ёки «Арсенал» билан Моуриньода бу каби муаммолар бўлмайди, футболчилар ҳар томонлама бундай жангларга тайёр ҳолатда бўлади. Рақиб ўрганилиб, кўрсатма ва вазифалар тақсимланса, бўлди. Моуриньо бу ерда беназир.
Кучсизроқ жамоалар билан эса, бундай муносабатни яратиш, жанг муҳитини ҳосил қилиш қийин. Натижада, Моуриньо доим шогирдларини етарлича фаол бўлмаганликда, ўйин тақдири тезда ҳал қилинмаганликда айблайверади. Топ ўйинлардаги консентрацияни «Дерби» ёки «Вулверҳэмптон»га жамлаш осонми? Бой берилган турнирларни қаранг - «Бристол», «Севилья», «Дерби Каунти». Ва «Челси»га қарши кубок финали. Шу ўйинларда айнан «Челси» билан ўйинда «МЮ» яхши ўйнагани, эътироздан холи бўлганига эътибор беринг.
Аксарият ҳолларда футболчилар билан муаммо шу сабаб билан чиқаверади, футболчиларнинг учинчи йилга («Реал», «Интер», «Челси») бориб мураббийдан чарчаб қолишлари табиий. Футболчи, футболчилар футбол ўйнаб дам олиши ҳам керак, завқланиши керак, акс ҳолда руҳан чарчайди, бу шубҳасиз.
Футболчиларнинг ҳар ўйинга юксак мотивацияда ушлаб туришнинг иложи бўлмагач, муносабатларда муаммолар юзага чиқади. Жамоа тез-тез ўткинчи ўйинларда натижа кўрсата олмай қолади. Мотивация етарли бўлмай ҳам ютавериш учун эса, жуда юқори позицион тўп назорати керак. Жозенинг ҳақиқий жамоаси айнан нолинчи йиллар бошидаги «Челси» эканига ҳам қаранг. У даврлар бошқа эди, мураббийнинг футболчига бўлган талаби, юкламалари жуда қаттиқ бўларди. Миллионлаб трансфер қийматига эга бўлиб, истаган пайтда шарт қўяётган ёки ўзига янги жамоа қидираётган бугунги авлодни бошқариш осон эмас.
Жозе Моуриньо услуби эскирди деганда, фақат майдондаги тактика ёки схемалар эмас, бу борада Жозеда муаммо борлигига ишонмайман, айнан футболчиларни бошқариш фалсафаси ўзгараётганини тушуниш тўғрироқ. Жозе фалсафаси энди балки ўртамиёнароқ ёки камтарроқ жамоаларда иш бераверар, аммо Европадаги ҳамма топ-клублар ўз фалсафаларини аввало, ФУТБОЛ ЎЙНАШ устига қураётган бу пайтда... Миллионер юлдузларни югуртиришдан кўра ЎЙНАШга ўргатиш самаралироқ энди. «Атлетико» мустасно, «МЮ»ни Мадрид жамоаси билан таққослаб бўлмайди. «МЮ» ишлаши, имконияти муҳити, атрофи, эътибори билан бошдан бармоқ учигача - топ-клуб. «Атлетико» эса, барибир чекланган ресурсга эга - чекланганлик мотивация берадиган жуда муҳим омил. Мисол учун, «Атлетико»дан кейин ҳам қадамлар бор - «Реал», «Барселона»... «МЮ»га келган футболчи эса, энди ўзини орзуга эришган деб ҳисоблайди, шу ерда том маънодаги юлдуз бўлишни ўйлайди. Яъни, энди нима учундир жанг қилиш, ўзини исботлаш эмас, энди ўйнаш керак. Ўйнаш учун шароит керак.
Тактикадаги ноқулайлик
Бу ҳам футболчилардан катта куч талаб қиладиган жиҳат. Моуриньо ҳужумни ташкил қилишда асосан рақиб томонидаги бўш зоналардан фойдаланишни «яхши кўради». Шу туфайлидир балки, рақибнинг ҳам айнан шу қопқонига тушиб қолишдан жуда қўрқади.
Оқибатда, у шогирдларидан доимий равишда тўпга нисбатан ўз томонида жамланишни талаб қилади. Юқори прессинг, юқори ҳимояланишни деярли қўлламайди. Бу нима дегани?
Мисол учун юқори прессингни доимий қўллайдиган Клопп ёки Гвардиолани олайлик. Уларнинг жамоаларидаги сўнгги ҳимоячи рақиб дарвозасига анча яқин жойлашгани учун, энг олдиндаги ҳужумчи ва сўнгги ҳимоячи орасидаги масофа жуда қисқа. Ҳатто Гвардиола «Барселона»да бу масофани 20-25 метргача қисқартира олган. Бунинг натижасида, биринчидан, қисқа масофадаги зонада 10 футболчи жойлашган жамоа прессинг қилганда, тўпни олиб қўйиш осон кечади. Иккинчидан, энг олдинги ҳужумчи ҳам, орқага қайтиб, ҳимоячига айланиш учун узоғи билан ўша 20 метрни босиб ўтса кифоя. Манчестерда эса, жамоа жуда паст ҳимояда ўйнаши туфайли, бу масофа жуда катта, Лукакуни қўйинг, ҳатто ўша Погба орқага қайтиш учун баъзида 50 метр югуришига тўғри келади.
Энди бунга, «МЮ» узоқ вақт тўпни эгаллаб, давомли позицион ҳужум қилмаслигини қўшинг - тез-тез тўп йўқотадиган жамоа ҳар сафар шунча масофага тўпсиз югуриши керак. Конте ҳам «Челси»да худди шундай ҳимояланишни йўлга қўйгани билан, ҳужум қилиш услуби уларда бошқача эди - кучсизроқ жамоалар билан лондонликлар позицион ҳужумларни, тўпни назорат қилишни яхши йўлга қўя олишганди.
Демак, хулоса қилиш мумкинки, Моуриньо услуби билан муваффақият қозониш учун ёки «Интер»даги каби (ёки биринчи «Челси») ҳақиқий «банда» ташкил бўлиб, мураббий учун майдонда «ўладиган», ҳар ўйинда 90 дақиқа тинмай югурадиган жамоа бўлиш керак, ёки «Реал» каби, тўпни назорат қила оладиган юқори маҳоратли футболчилар жамланиши керак. «Манчестер Юнайтед» таркиби икки жамоадан ҳам анча узоқда.
Мундиалдан сўнг
Йил бошидаги воқеалар бироз тиниб, Манчестер дербиси ёки Англия кубогидаги муваффақиятли ўйинлардан сўнг, Погба ва Моуриньо муносабатлари изга тушгандек эди. Аммо Моуриньо ЖЧда қатнашган Поль Погба ҳақида гапира туриб «бомба портлатди». Аслида, мураббий шогирдини мақтамоқчи бўлгандир, аммо ОАВ бу сўзларни бироз ғализ ва салбий шаклда юзага олиб чиқди.
«Поль Погба жуда яхши қатнашди. Мен ундан Манчестерда ҳам худди шундай ўйнашни талаб қилгандим», - деб Моуриньо бошқа нарсани, Полнинг Франция таркибида анча интизомли ўйнаганини назарда тутгандир, лекин бу сўзлар «ҳамма қариндошлариз ўлиб кетар экан, подшоҳим» деб тушни таъбир қилган вазирнинг фожиасини эслатиб юборди - «Моуриньо Погбани «МЮ»да Франция терма жамоасидагидек яхши ўйнамаганини айтди». Ана сизга навбатдаги олов.
Мино Райолани менсимаслик хато бўлади, у шундай агентки, бундай вазиятлардан фойдаланишни билади. Дарров Моуриньонинг Погбага салбий муносабати давом этиши мумкинлигидан «хавотирланиб», футболчини мўмай трансферини амалга оширишни, шу орқали яна даромад қилишни ўйлаб қолди. «Погба кетмоқчи», «Погба «Барселона»ни истаяпти», тарзидаги хабарлар пайдо бўла бошлади.
АПЛда трансфер ойнасининг эрта ёпилиши (Погба ўрнига янги футболчи сотиб олиб бўлмасди) ва сўнгги бир йилда юз миллиондан ортиқ бўлган икки трансферни амалга оширган «Барселона» бу вариантга суст ёндашгани воқеаларни сўндирди. Таътилдан қайтган Погба илк ўйиндаёқ сардорлик боғичи остида ҳаракат қилди. Аммо...
«Баъзи гапларни айтсам, мени жаримага тортишлари мумкин. Шунинг учун мен ўз ишимни қиламан, Моуриньо билан муносабатим эса, мураббий ва футболчи мисоли», - деб Погба яна миш-мишларга уруғ сепди.
«Клубда менинг давримда фақат бир марта Марсиял жаримага тортилган холос, футболчини жаримага тортиш осон эмас», - деб Жозе вазиятга сал сокин ёндашган бўлса-да, шогирдидан қаттиқ норози бўлгани аниқ эди.
Шу пайтгача зиддиятлар матбуотнинг тўқимаси ёки агентнинг режалари, юқоридаги гап отишлар эса, ишдаги оддий вазиятлар деб қараш ҳам мумкин бўлганди, аммо «Вулверҳэмптон»даги дурангдан сўнг ҳаммаси жиддий ва расмий тус олди. Томонлар энди очиқ ҳужумга ўтишди.
«Манчестер Юнайтед» бундай жамоаларга қарши фақат ҳужум ва ҳужум қилиши керак, аммо мен мураббий эмасман», дея Погба очиқчасига мураббий тактикасини танқид қилди. «Дерби» билан ўйинда эса, заявкага киритилмаган футболчи жамоа 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраётган бир пайтда, ўйин тугамасдан трибунани намойишкорона тарк этди.
Шу ўринда бир жиҳат - Погбанинг қилиқлари ва исёнлари иккинчи мавсумдан бошланганига яна бир сабабни келтириш мумкин. Уэйн Руни ва Ибраҳимовичнинг жамоани тарк этгани. Эски мактаб вакиллари бўлмиш бу шахсиятлар олдида Погба мураббийга қарши чиқиш тугул, жарима тўпини ялиниб тепарди. Ечиниш хонаси етакчиларининг кетиши натижасига ягона юлдуз ва устига устак жаҳон чемпионига айланган Погбани тўхтатиб бўлмай қолди.
Жавобан Моуриньо уни сардорликдан четлатди ва бу ҳақида матбуотда очиқ айтди.
«Уни сиз айтаётганингиздек, «ҳеч қачон сардор бўлмайсан» демадим, уни «иккинчи сардорлик»дан (жамоа сардори - Валенсия) четлатдим. Ўзим уни иккинчи сардор қилиб тайинлагандим, ўзим олиб ташладим. Мен мураббийман ва бу қарорнинг сабабини тушунтиришим шарт эмас сизларга» - бу худди «Погбани ўзим сотиб олгандим, ўзим сотиб юбораман» дегандек эшитилмаяптими?
Футболчи ва мураббий ўртасидаги совуқ муносабат айни кунда ҳақиқат эканини эса, Sky Sports исботлади. Ушбу портал тарқатган видеода «МЮ»нинг кечаги машғулоти ва у ерда Погба ва Моуриньо ўртасидаги зиддиятли лавҳалар акс этганди. Энди барчаси тамомми?
Клуб нима қилиши керак? Жозе ёки Погба?
«Агар футболчилар мураббийни бошқаришни бошласа, машғулотлар ёки тактика ҳақида ўз шартларини қўя бошласа, «Манчестер Юнайтед» ҳозирги даражага чиқмаган бўларди. Гап дунёнинг энг яхши футболчилари ҳақида кетса ҳам, бу қоида ўзгармайди. Клуб келажаги ҳар қандай алоҳида инсондан устун бўлиши ва мураббий жамоада энг муҳим шахс бўлиб қолиши керак. Агар доим ўзимдан «мени футболчилар яхши кўрадиларми?» деб ўйлайверсам, ўзимга қийин қиламан. Ишимни яхши бажарсам, футболчилар мени ҳурмат қилишади, тамом, бошқаси керак эмас. Футболчи жамоага салбий таъсир ўтказаётганини сезсам, ундан тезда қутулишга ҳаракат қилардим. Баъзилар шошилинч қарор чиқараётганимни айтишарди, аммо нега шубҳа ва гумонлар остида ухлаш керак? Мен эртасигаёқ керакли қарорни қабул қилар ва шу тариқа тартибни сақлаб қолардим», - деб ёзганди Фергюсон ўзининг автобиографиясида.
Лекин вазият Фергюсоннинг Бекҳэм ёки Рой Кин билан боғлиқ ҳолатларига ўхшашмикин? Бу ерда Погба туфайли мураббийдан воз кечиш ростан ҳам исёнкор футболчидан қутулиш бўладими ёки муаммо фақат Погба-Моуриньо ўртасида эмасми? Бир пайтлар Погба Фергюсонга исён қилганида, ўз шахсий манфаатларини мураббий қарорларидан устун қўйганди. Сэр ўша ўз формуласи бўйича уни кетишига йўл қўйган. Лекин ҳозир Погбани ҳаракатлантираётган шахсий манфаатлар эмас, балки ростан ҳам «МЮ»нинг ҳужумкор ўйнаши, ютуқларга эришини мухлис сифатида истаётгани бўлсачи? Масалан, худди ўша Фергюсон 2010 йилда Рунига ён босган, шартларини қабул қилган - сабаби, Руни шахсий талабларидан кўра, клубга янги трансферларни, совринларни талаб қилганди. Фергюсон Бекҳэм ва Руни ўртасидаги фарқни билгани учун турлича қарор қабул қилган.
Шунингдек, Погбанинг юлдузлик статуси ва характери вазиятга танқидий қарашга замин яратаётгандир, бошқаларчи?
Агар сўнгги икки йилдаги воқеаларга назар ташласак, Моуриньо биргина Погбадан қутулиб, ўзи учун «жонини берадиган» жамоага эга бўлиб қолишига ишона олмаймиз. Аслида Моуриньо бутунлай жамоа билан алоқани йўқотиб қўйгандек ва эсласак, аксарият футболчилар билан муаммолар содир бўлган:
Люк Шоу. ҳимоячи Моуриньо ишончини оқлаши осон бўлмаяпти. Аввалига, илк мавсумда «Уотфорд»даги мағлубиятда айбдор деб топилиб, мураббий томонидан очиқ танқид остига олинди ва захирага михланди. Ҳатто кейинчалик, Шоу таркибга қайтиб, яхши ўйин кўрсатганда ҳам, Моуриньо унга совуқ муомалада бўлди. «У майдоннинг мен турган томонида ўйнагани учун, қандай ўйнашни ўргатиб турдим», - бу ҳам Жозенинг Шоуга берган баҳоларидан бири. Фақат ушбу мавсумда Люк бутун жамоа ичида ажралиб туриб, ростан ҳам юқори савияни намойиш этаётгани учун мақтов эшитмоқда.
Антони Марсиял. Жозени кўрарга кўзи йўқ бўлса керак. Тўғри, Шоу ва Марсиял мисолида, мураббий шогирдларидан барқарорликни талаб қилаётганини айтиш мумкин. Лекин талаблар ва юкламалар борасида холислик йўқлиги, масалан, Алексис Санчес 8 ойдан бери яхши ўйин кўрсата олмаётган бўлса-да, бетиним имконият берилаётганини айтиш мумкин. Марсиялни Манчестерда олиб қолаётган ягона сабаб - Жозенинг ушбу мавсумдан кейин жамоадан кетиши мумкинлиги.
Крис Смоллинг. У ҳам бир пайтлар Шоу билан биргаликда, мураббий танқиди остида қолганди. Крис жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлмагунча майдонга тушишни истамаган, айни ўша пайтда марказий ҳимоячилардан муаммоси бўлган Жозе уни фидокорлик қилмаётганда айблаганди. Унинг ҳозир майдонга тушаётгани сабаби, бошқа марказий ҳимоячилар, жумладан Жозенинг ўзи олиб келган Линделоф ва Байи ишончни оқлай олмаётганидадир.
Маркус Рэшфорд. Ёш футболчи билан очиқ конфликт юзага келмаётган бўлса-да, ҳужумчининг Луи ван Гаал давридан бери ўйин борасида ўсишга эришмагани, жуда кўп ўйинларда майдонга тушса-да, асосий таркиб ўйинчиси сифатида қаралмаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто, Жозе матбуот анжуманларидан бирида статистикани олиб келиб, Рэшфорднинг майдондаги дақиқалари бўйича ҳисобот берди. Лофтус Чик ёки Соланке билан солиштириб, ёш футболчига етарлича имкон берилаётганини айтди. Лекин эсингизда бўлса, Рэшфорд аслида бу футболчилар билан эмас, Роналду ёки Мбаппе билан таққосланарди бир пайтлар.
Эрик Байи ҳам асосий таркибдан четда қолиб, жамоани тарк этишни ўйлаб юрибди. Бундай зиддиятлар фақат Погба билан эмас, бошқалар билан ҳам бўлган, аммо Погбанинг реакцияси бошқаларникидан ажралиб турибди холос.
Шу ўринда, асосий таркибда кира олмаётган ҳар бир футболчи зиддият яратаверадими, ана, ҳаракат қилиб, ўзини исботласин, мураббийда нима айб дейиш мумкин. Муаммо шунда, Фергюсоннинг асосий ютуғи ҳам шунда эди. У бир пайтда 30га яқин футболчини бошқарар ва уларнинг ҳар бири жамоанинг муҳим ва керакли бўлагидек ҳис қилишарди. Бугун эса, гўёки таркиб мураббий ишонадиганлар ва ишонмайдиганларга ажраб қолгандек. Энг ёмони, бу руйхат фақат Моуриньонинг миясида эмас, кераксиз интервьюлар ва зиддиятлар туфайли нафақат ўша футболчи бу ишончсизликни ҳис қилмоқда, ҳатто бу ерда туриб биз ҳам билиб турамиз.
Майдондаги етакчилар ичида фақат Валенсия, Матич, Лукаку ва Санчес билан муаммо бўлмаган холос. Эррера, Мата, Лингард, Янг, Феллайни каби футболчилар ҳозирча мураббийга қарши эмасдек туюлишса-да, уларнинг бирортаси ҳам ўзини асосий, керакли футболчидек ҳис қилмайди. Ва албатта, савия жиҳатидан ҳам «МЮ»ни олдинга торта оладиган салоҳият соҳиблари эмаслар. «Дерби»га қарши ўйинда айнан мураббий билан яхши алоқада қолаётган футболчилардан иборат таркибни кўрдик деярли - натижа ўртада.
Айтайлик, янги мураббийни алмаштириш клубнинг ривожланиш курсини ўзгаришига ва янги мураббий учун яна янги бир қатор трансферларни амалга оширишга мажбур қиладигандек. Лекин парадокс шундаки, Жозе Моуриньо деярли ўзи йиққан таркиб билан ҳам мукаммал муносабат ярата олмаяпти, яъни энди шу таркибдаги футболчиларни сақлаб қолиш учун ҳам мураббийдан воз кечишга керакка ўхшаб қолмоқда.
Ёзда Вудворд Жозенинг трансфер листидаги талабларни 20 фоизга бажарди холос. Клоппнинг айтганини айтган пулга олиб бераётган «Ливерпуль» раҳбарлари олдида, гўёки Жозе бечорадек кўринар. Аммо бу бошқа нарсани, «Манчестер Юнайтед» Жозе Моуриньога ишонмай қўйганини ҳам ифодалайди.
«Ўзинг айтдинг, ана Байини олиб бердик, Линделофни олиб бердик. Ҳар бирига 40-50 миллиондан тўладик, энди Магуайрми?». Мазмунан шундай эътироз қилган Вудвордни ҳам тушунса бўлади. Тўғри, Гвардиола ўзи сотиб олган Браво устига Эдерсонни, Нолито ўрнига Маҳрезни, Стоунз устига Лапортни олиб беришни талаб қилмоқда ва мақсадига эришмоқда, дейиш мумкин. Лекин «Манчестер Сити» - чемпион, ўйинда ҳам, жадвалда ҳам 20 очколик фарқни намойиш қилиб бермоқда. Вудворднинг рад этиши пулни аяш эмас, ишончсизликдан келиб чиқаётгани шубҳасиз.
Хулоса
Шуни хулоса қилиш мумкинки, гап фақат Погбада эмас. Бошқа сабаблар туфайли ҳам Моуриньо «Манчестер Юнайтед»да сўнгги мавсумини ўтказмоқда. Вазият ўнгланиб, жамоа пешқадамлар қаторига қайтса, ҳатто чемпион бўлса ҳам, истеъфо содир бўлади. Фақатгина мураббий ва футболчилар ўртасида мукаммал муносабатлар ўрнатилиб, бутун жамоа Жозенинг қолишини истаса, балки, акси бўлар, лекин бунга ҳам ишониш қийин. Вазият ўнгланмаса, натижалар янада ёмонлашса, мавсум охири кутилмаслиги ҳам мумкин. Яъни, Моуриньо истеъфосининг асосий сабаби Погба бўлади, деган фараз у қадар тўғри бўлмаса керак. Фақат, Моуриньо «МЮ»даги фаолиятини Погба устига қурмоқчи бўлиб, бу ердаги энг катта хатосини қилди, деб айтиш ўринли холос.
Поль Погбага келсак, билмадим, балки у ўша кутилаётган, ҳамма ўйлаётган савияда эмасдир. Беқарордир. Етакчилик хусусияти «Манчестер Юнайтед»ни аввалги даврига қайтаришга етмас. Очиқчасига жанжал қилиб, яна бир хатога йўл қўяётгандир. Балки Фергюсон бўлганида, аллақачон унга эшикни кўрсатиб қўйган бўларди. Тўғри.
Аммо унинг айнан бугунги беқарорлигида Жозе Моуриньонинг ҳам айби борлигини юқорида айтдик. Погбанинг Манчестерда қолиш ёки қолмаслиги ҳақидаги қарорни Моуриньо эмас, кейинги мураббий берса тўғрироқ. Чунки энди Жозе Погбани сотишни ихтиёр этса, бу асосан шахсий муносабат туфайли бўлиши аниқ.
Шахсий муносабатлар эса, бир пайтлар Фергюсон ёзиб кетганидек, клуб манфаатидан устун бўлмаслиги шарт.
Қаҳрамон Асланов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).